Шимоли-ғарбий ҳарбий округ сафларига янги чақирилувчилар етиб келди
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларига 2025 йилда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ёш ва навқирон ўғлонлар Нукус шаҳрига етиб келди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига асосан, чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган Ўзбекистон Республикасининг чақирув ёшидаги фуқаролари шу йилнинг март-апрель ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун Нукус шаҳрига темир йўл транспорти билан етиб келган ўғлонларни Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Қуролли Кучлар фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари “Нукус” темир йўл вокзалида кутиб олишди.
Дарвоқе, мамлакатимизнинг турли вилоятларидан саралаб олинган мана шундай мард ва забардаст ўғлонлар жойларда тантана билан кутиб олиняпти. Зеро, юрт қўришдек масъулиятли вазифага киришаётган йигитлар халқимиз, мамлакатимиз томонидан юксак қадрланади.
Шу муносабат билан ҳарбий қисмда ўтказилган тадбирда округ қўшинлари қўмондони полковник Рахматулло Рахмонов сўзга чиқиб, Ватан олдидаги муқаддас ва шарафли бурчни бажариш учун келган юртимизнинг мард ўғлонларига букилмас ирода ва матонат тилади. Қорақалпоғистон заминига етиб келган азаматларни қутлаб, бу юртнинг бой тарихий мероси, маданияти ва урф-одатлари бир йил давомида муддатли ҳарбий хизматни ўтайдиган аскарларда катта таассуротлар қолдиришига ишонч билдирди. Ватанимизни кўз қорачиғидек асраб, ёруғ юз билан уйларига қайтишларини тилади.
Нукус гарнизони ҳарбий оркестри ижросидаги дилтортар наволар остида қарши олинган янги чақирилувчиларга тантанали кутиб олиш маросими ўзгача кайфият ва шижоат бағишлади.
Ҳарбий қисмга етиб келган элимизнинг забардаст ўғлонлар бўлинмаларга бўлиниб, улар билан бир ойлик йиғин машғулоти ўтказилиши белгиланган. Йиғинга бириктирилган малакали офицер ва сержантлар эндигина армия ҳаётига кириб келаётган чақирилувчиларга ҳарбийча ҳаёт тарзига тез ва осон мослашишлари учун кўмак беришади.