April 4, 2025

«Коррупция – жамият танасидаги саратон!»

Давлатимиз раҳбари иштирокида шу йилнинг 5 март куни ўтган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов экани таъкидланган эди. Президентимиз ўз нутқида: “Ҳаммамиз ягона куч бўлиб ҳаракат қилсак, албатта, катта ижобий самарага эришамиз. Шу боис маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, санъат ва маданият ходимлари, тадбиркорлар, таниқли шахслар, раҳбарлар, депутат ва сенаторлар – умуман бутун жамоатчилик бирлашиб, коррупцияга “жамият танасидаги саратон” сифатида қараши керак”, – деяган эзгу ғояни илгари сурди.

Президентимиз ташаббуси билан ҳар бир соҳада коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиниши ҳамда жамиятнинг иллатига барҳам берилиши бўйича берган топшириқларига мувофиқ Мудофаа вазирлиги қўшинларида қатор профилактик тадбир ва суҳбатлар олиб борилмоқда. Тадбирларнинг барчаси соҳада коррупция ва унга олиб борувчи омилларни йўқотиш, ҳарбий хизмат нуфузи ва мавқеини юксалтириш, хавфсиз хизмат шароитларини яратишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Урганч ҳарбий прокуратураси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза этиш органлари вакиллари иштирокида гарнизондаги ҳарбий қисмларнинг бирида ўтказилди. «Коррупция – жамият танасидаги саратон!» мавзусида ташкил этилган профилактик тадбирдан соҳа вакиллари ҳарбий хизматчилар ҳамда Қуролли Кучлар ишчи-хизматчиларга мавзу юзасидан ҳуқуқий билимлари бойитилиб, қизиқтирган саволларига батафсил маълумотлар берилди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги глобаллашув замони, минтақалар ва давлатлараро интеграция жадаллашиб бораётган мураккаб бир шароитда коррупция барча мамлакатларда ҳам қатор муаммоларни келтириб, жамиятни ич-ичидан емириб, пароканда қилиб ташлаш хавфини вужудга келтиряпти. Жамият кушандасига айланиб бораётган коррупция, таъмагирлик, товламачилик, фирибгарлик каби жиноятларнинг турли усул ва воситалари кўпайиб, мамлакатимизда уларга қарши кураш жадал олиб борилмоқда.

Тадбирда таъкидланганидек, коррупция, таъмагирлик, товламачилик, фирибгарлик – бу ҳар бир жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини издан чиқарувчи энг хавфли жиноятлардир. Уларга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўлмиш аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятимизда бу иллатларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш – энг долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Учрашув якунида мавзу юзасидан ҳужжатли видео фильм намойиш этилди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати