Нукусда 400 нафардан зиёд ёшлар Ватанга қасамёд қабул қилди
Нукус гарнизонидаги Сафарбарлик чақируви резерви (СЧР) батальонида бир ойлик бошланғич ҳарбий тайёргарликни ўтаган қорақалпоғистонлик 400 нафардан зиёд ёшлар Ватанга қасамёд қабул қилди.
Ҳарбийча анъаналарга асосланиб ўтказилган маросимда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда Қуролли Кучлар фахрийлари, чақирилувчиларнинг яқинлари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар йигит киши ҳаётида бир маротаба бўладиган мана шундай маросимда турган барчани муборакбод этиб, Ватанга қасамёд қилганларни юртга содиқ, ватанпарвар, юртсевар, келажаги учун жонкуяр инсон бўлишларини тилади.
Ватанга қасамёд қилган ўғлонларга ҳарбий гувоҳномалар тантанали тарзда топширилди.
Ҳарбий оркестр томонидан Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат мадҳиялари янгради.
Таъкидлаш жоизки, мамлакат аҳолисига ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олинадиган фуқаролар томонидан тўланадиган пул бадаллари ҳажмини камайтириш, сафарбарлик чақируви резерви хизматига ўтказилаётган фуқаролар учун енгиллик ва қулайликлар яратиш мақсадида 2018 йилнинг 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонига мувофиқ, сафарбарлик чақируви резерви хизматига қабул қилинган фуқаролар томонидан махсус ҳисоб рақамига тўланадиган пул бадали энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баробари миқдорида этиб камайтирилган.