April 16, 2025

Ҳарбий хизматчилар оилалари ва хизматчилар учун Хивага саёҳат ташкил этилди

Мамлакатимизда ички туризмни ривожлантириш, оила ва меҳнат жамоалари билан юртимиздаги тарихий обидалар, зиёратгоҳлар ва диққатга сазовор жойларга саёҳат қилиш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар узоқ ўтмишимиз, бой тарихимиз ва қадриятларимизни сақлаш, аҳолийнинг маданий ҳордиқ олишини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан Нукус гарнизони 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчада истиқомат қилаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларнинг оилалари ҳамда ҳарбий қисм ва муассасалардаги Қуролли Кучлар хизматчилари учун қадим ва навқирон Хиванинг Ичан қалъа музей қўриқхонасига экскурсия ташкил этилди. Маданий саёҳатни ташкил этиш учун Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан хизмат микроавтобуслари тақдим этилди.

Хоразмдаги Ичан қалъа меъморий мажмуасини дунёдаги 9 та энг муҳташам деворли қалъа рўйхатига киритилгани ҳақида Буюк Британиянинг нуфузли сайёҳлик нашри – “Wanderlust travel magazine” хабар берган. Дарҳақиқат, Ичан қалъа юртимиздаги энг чиройли ва кўҳна эски шаҳар, шунингдек, “очиқ осмон остидаги музей” сифатида чет эллик меҳмонлар ва юртимиз аҳолисини ҳайратлантириб келмоқда. Қалин, узун деворлар билан ўралган шаҳар ичкарисидаги тарихий бинолар Хоразмнинг узоқ асрлик ўтмиши, очиқ осмон остидаги музейнинг жонли қиёфаси бўлиб, у ерга ташриф буюрганлар учун тарих кўзгуси сифатида хизмат қилади.

Ичан қалъа тўғрибурчак шаклда, умумий майдони 26 гектарни эгаллайди. Қадимда икки қаторли мудофаа девор билан ўраб олинган, девор ўз навбатида айлана шаклдаги кунгуралар билан ўралган, улар ўртасидаги оралиқ эса 30 метрни ташкил этади. Ичан қалъага Боғча, Полвон, Тош ҳамда Ота дарвозалар орқали кирилган. 1961 йилдан Ичан қалъа меъморий ёдгорлик сифатида муҳофазага олинди ва музейга айлантирилди. 1990 йилдан буён Бутунжаҳон ёдгорликлари рўйхатига киритилди.

Ҳарбийларнинг оилалари ва хизматчилар мазмунли ўтган экскурсия давомида нафақат Ичан қалъанинг тарихи билан танишиб, ўтмишдан сўзлаётган меъморчилик санъатидан баҳраманд бўлишди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати