March 28, 2025

Қорақалпоғистонлик ўғлонлар муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетди

Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармасининг йиғин пунктида Ватан олдидаги муқаддас бурчини бажаришга отланган йигитларни Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси сафларида муддатли ҳарбий хизматни ўташга тантанали кузатишга бағишланган маросими бўлиб ўтди.

Унда Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари, Қуролли Кучлар фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуроний ва оқсоқоллар ҳамда чақирилувчиларнинг яқинлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Ватанни ҳимоя қилишдек муқаддас ва шарафли бурчни бажаришга шай турган ўғлонларга букилмас ирода, сўнмас матонат ва куч-ғайрат тилашди. Она юртни ҳимоя қилиш, унинг сарҳадларини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш масъулияти фақат сара ўғлонларга насиб этишини эътироф этишди.

Кузатув маросимида Нукус гарнизони ҳарбий окрестри ҳамда маданият бошқармаси томонидан куйланган куй ва қўшиқлар юрт ҳимоясига отланган йигитларга хушкайфият улашди. Миллий гвардиянинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига қарашли батальон ҳарбий хизматчилари томонидан намойиш этилган кўл жанги ҳамда хизмат итлари билан кўргазмали чиқишлар барчанинг олқишига сазовор бўлди.

Ватанни ишончли ҳимоя қилишга ваъда берган ўғлонлар ҳарбий хизматни ўташ учун “Нукус” темир йўл вокзалидан жўнаб кетишди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати