Нукус гарнизонида “Наврўз” умумхалқ байрами кенг нишонланди
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан Шарқона янги йил – яшариш ва янгиланиш байрами бўлмиш Наврўз Нукус гарнизонидаги барча ҳарбий қисм ва муассасаларни, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини бир жойга бирлаштириб, ўзгача руҳда нишонланди.
Нукус гарнизони ҳудудида ўтказилган сайлда иштирокчиларни Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Рахматулло Рахмонов қутлади ҳамда Наврўз байрами муносабати билан ўзининг табригини йўллади.
Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази биноси олдида ўтказилган байрам сайлида ҳар бир ҳарбий жамоа маълум ҳудудларни байрамона безаш, шодиёна руҳини янада кўтаришга ҳаракат қилди.
Дошқозонларда байрамнинг бош таоми – сумалак хотин-қизларнинг миллий қўшиқлар садоси остида пиширилди.
Миллий таомлар кўргазмаси ҳақиқий “жанг майдони”га айланди. Зеро, ҳар бир жамоа аёллари нозу-неъматлар билан дастурхонларни безатишда бир-биридан ўзишга ҳаракат қилди.
Таомлар кўргазмасидан ташқари, иштирокчилар ҳар бир вилоятнинг миллий либослари, куй ва қўшиқлари, анъана ва удумлари, тарихий асори-атиқалари билан ҳам барчани лол қолдиришга интилди. Айниқса, ҳар бир ҳарбий қисм жамоаси иштирокида ўтган ош пишириш чемпионати юрт ҳимоячиларининг пазандалик сирларини очиб берди.
Қадимий ва боқий байрам – Наврўзга бағишланган сайл ҳарбий хизматчиларнинг оилалари билан мазмунли дам олишини таъминлаб берди.
Болалар ўртасида ўтказилган расм чизиш, шахмат-шашка, стол тенниси ва бошқа мусобақалар соғлом турмуш тарзини тарғиб этиб, ёш чемпионларни кашф этишга замин яратди.
Нукус гарнизони ҳарбий оркестри томонидан тақдим этилган концерт дастури барчага байрамона кайфият бағишлаб, шодлик улашди.