Нукусда наркомания, алкоголизм ҳамда ОИВ касаллигининг олдини олиш бўйича давра суҳбати ўтказилди
Маълумки, зарарли одатлар орасида инсон саломатлиги ва унинг тақдири учун ҳам, жамият учун ҳам энг ҳавфлиси бу – гиёҳвандликдир! Гиёҳвандликнинг инсон ўзига ва атрофдагиларга салбий оқибатларни олиб келиши, турли хил касалликлар келтириб чиқариши ҳамда охир-оқибат бу иллатга чалинган одамнинг умри завол бўлиши ҳақида жуда кўп исботланган маълумотлар. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон шахсининг емирилишига олиб келади, шахснинг жамият билан алоқаси бузилиб, турмушда ва жамиятда ахлоқий нопокликларга йўл беради, жиноятларнинг ўсишига сабабчи бўлади.
Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида “Гиёҳвандлик, токсикомания, алкоголизм ҳамда орттирилган иммун танқислиги (ОИВ) синдроми тарқалишининг олдини олиш” бўйича давра суҳбати ўтказилди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этган тадбирда Мудофаа вазирлиги тиббий таъминот бошқармаси бўлим бошлиғи, тиббий хизмат подполковниги Аҳроржон Исмоилов, Қорақалпоғистон Республикаси Наркология диспансери нарколог шифокори Аброр Жалилов оғуни истеъмол қилувчиларнинг кўпчилигини ўсмирлар ташкил қилиши, улар орасидагиёҳвандлик ва психотроп моддаларига рўжў қўйиш оқибатида турли касалликлар орттириши, жиноятларга қўл уриши ташвишли ҳол экани таъкидланди. Ёшларнинг бўш вақтларини кимлар ва қандай ўтказаётганлигини назорат қилинмаслиги, қўлида ортиқча пулларнинг пайдо бўлиши гиёҳванд истеъмол қилиш хавфини ошириши, бунда ота-оналар фарзандларининг ўқишини назорат қилиб, бўш вақтларида фойдали ишлар билан шуғулланишини таъминлаши зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, тадбир давомида гиёҳвандлар ўта ҳавфли касаллик бўлган ОИТС ҳамда ОИВ касаллигини тарқатувчи асосий манбага айланиб қолиши мумкинлиги ҳақида мутахассисларнинг маърузалари тингланди.
Таъкидлаш жоизки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйлаб тахминан 38,5 миллион бемор ОИВ билан касалланган. Уларнинг йиллик ўсиши 1,5 млн кишини ташкил этмоқда. Ушбу касалликдан ҳар йили 600 000 дан ортиқ одам вафот этмоқда. 2022 йил июль ойи охиридаги ҳисоб-китобларга кўра, ОИВ сабаб 40 миллиондан ортиқ одам вафот этган.
Ўзбекистонда ОИВ инфекциясининг биринчи ҳолати 1987 йилда қайд этилган. Шу пайтдан бошлаб 2022 йилнинг 1 январигача 71 мингга яқин ҳолат қайд этилган, ОИВ инфекцияси билан касалланиб ўлганлар сони 23 мингдан ортиқ одамни ташкил этган. Суҳбат давомида мутахассислар бугунги кунда ОИВ инфекцияси ер юзининг барча мамлакатларига тарқалгани, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам бу касаллик 1987 йилдан бошлаб, дастлаб хорижлик фуқаролар орасида, кейинчалик эса маҳаллий аҳолида қайд қилинганини таъкидлади. Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекциясининг тарқалишига қарши ўтказилаётган тадбирларнинг самарадорлигини ошириш бўйича қабул қилинган қонун ва қарорлар нафақат тиббиёт ходимлари, балки жамиятимизнинг бошқа соҳа вакилларига ҳам маъсулиятли вазифаларни юклаши, республикамиз аҳолиси, хусусан ёш авлод саломатлиги тўғрисида ғамхўрлик қилишга чорлашини айтиб ўтди.
Давра суҳбати давомида мутахассислар йиғилганларни огоҳлик ва хушёрликка чорлаб, уларга ҳарбий хизматчиларга белгиланган тиббий таъминот меъёрлари, даволаниш-профилактика муассасалари ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтишди.
Тадбир якунида мавзу юзасидан ҳужжатли фильм намойиш этилди.