September 6

Навоий давлат педагогика институтида ОАВ учун матбуот анжумани бўлиб ўтди

Навоий Давлат педагогика институти ташаббуси билан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилоят бўлими, вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида “Институтда 2024/2025 ўқув йили учун қабул жараёнлари, янги ўқув йилига тайёргарлик ҳамда талабаларни турар жой билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар” мавзусида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди. Унда муассаса масъул раҳбарлари, журналист ва блогерлар иштирок этди.

Анжуманда сўзга чиққан НДПИ ректори М. Калонов таълим даргоҳида олиб борилаётган тизимли ишлар, жорий қилинаётган янгиликлар, талабалар учун яратилаётган имкониятлар билан оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ва блогерларни кенгроқ таништириш мақсадида йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик натижалари ҳақида тўхталиб ўтди.

—Юртимизда мустақиллик йилларида баркамол авлод камолоти, ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, орзу-умидларини рўёбга чиқариш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда, —дейди муассаса раҳбари Муҳиддин Калонов. — Ўғил-қизларни ҳар томонлама етук, билимли, салоҳиятли шахс, комил инсон сифатида тарбиялаш масаласига ўзига хос тарзда, замонавий усуллар асосида ёндашилмоқда. Уларнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари тизимли равишда такомиллашиб бормоқда. Шу ўринда институтимизда 2024/2025 янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати ҳақида тўхталадиган бўлсак, бугунги кунда таълим масканимизда 18790 нафар талабаларга, шундан 305 нафари магистрлар бўлиб, 5 тилда ўзбек, рус, қозоқ, қорақалпоқ ва инглиз тилларида таҳсил олмоқда. Жорий ўқув йилида бакалавриат таълим йўналишининг кундузги таълим шаклида янги йўналишлар, жумладан, Махсус педагогика: логопедия, Астрономия, Амалий математика ва Спорт фаолияти: дзю-до, футбол, баскетбол, волейбол ва қўл тўпи йўналишлари очилди. Навоий давлат педагогика институтида жами 7 та ўқув биносида 205 та ўқув аудиторияси, шу жумладан 70 та маъруза, 22 та лаборатория, 113 семинар ҳамда амалиёт аудиториялари мавжуд бўлиб, улар талабаларни ўқув йилига қабул қилиш учун тайёр ҳолатга келтирилди. 2023/2024 ўқув йилидан бугунги кунга қадар ўқув аудиториялари учун жами 2 миллиард 67 миллион 984 минг сўмлик компьютер қурилмалари, принтер, проекторлар, интерактив сенсорли доскалар, мебель жиҳозлари ва мусиқа асбоблари харид қилинган ҳамда фойдаланишга топширилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2024/2025-ўқув йилига 3 та талабалар турар жойлари тўлиқ жорий таъмирланди. Талабалар яшаши учун барча қулайликлар яратилди, ҳар бир хона, ошхоналар, қўшимча хоналар тўлиқ таъмирланди, фасадлар рангланди.

Талабаларни ётоқхона ҳамда ижара хонадонлари билан таъминлаш марказлари ишга туширилди. Ҳар бир талабалар турар жойларида ушбу марказларнинг филиаллари ташкил қилиниб, келаётган талабаларимиз учун зарур шароитлар яратиб берилди. Умуман олганда институтимиз юксалиш сари, ривожланиш сари дадил қадам қўймоқда. Бунда албатта, ОАВ вакилларининг ўрни, меҳнати, фидойилигини алоҳида тилга олиш лозим.

Шундан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари ва журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

Тадбир сўнгида НДПИ ректори томонидан таълим муассасаси билан намунали ҳамкорлиги учун бир гуруҳ ОАВ ходимлари Ташаккурномалар билан рағбатлантирилди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

Навоий вилояти бўлими.