October 27, 2025

Суқрот апологияси

Айблов нутқларидан сўнг

Эй, Афина эрлари, айбловчиларим сизга қандай таъсир ўтказганидан хабарим йўқ; ўзимга келсак, улар шунчалар дадил сўзладиларки, ўзимни салкам йўқотиб қўйдим. Шунга қарамай, хафа бўлишмасин-у, бирорта ҳам рост сўз айтишмади. Ўзларининг шунча алдовлари бир томонда қолиб, нотиқлигим билан сизни авраб қўйишимдан огоҳликка чорлаганлари ҳаммадан кўпроқ мени лол қилди; нотиқлик истеъдодим йўқлиги аён бўла бошлаши биланоқ бу айбловларни инкор этишимдан ажабланмасликларини билдирганлари эса уятдан бошқа нарса эмасди (албатта, агар улар нотиқлик истеъдоди деганда ҳақиқатни сўзлашни назарда тутмаган бўлсалар; агар буни назарда тутган бўлсалар, унда мен нотиқ деб аталишга розиман, фақат уларнинг ўлчовида эмас). Қайтараман, улар бир оғиз ҳам рост сўз айтишмади, ростни ҳозир мендан эшитасиз. Зевсга қасамки, эй афиналиклар, улар сўзлагани каби ўраб-чирмаб зеб берилган, баландпарвоз ибораларни эмас, биринчи хаёлга келган, оддий сўзлардан иборат нутқни тинглайсиз. Зотан ишончим комилки, нима десам – ҳақиқат бўлади, орангиздан биров бундан бўлак нарса кутмай қўяверсин; сирасини айтганда менинг ёшимдаги кишига ёш йигитчадай тайёрланган нутқ билан чиқиш ярашмаган бўлур эди. Хулласи калом, сиздан ягона илтимосим, эй Афина эрлари, саррофлик дўконлари қаршисидаги майдонда гапиришга ўрганган сўзларим билан ҳимоялансам, айбга буюрманг ва ҳайрон бўлманг. Гап шундаки, етмишга етиб, умрим бино бўлиб илк бора судга тиркалдим; бу ўриннинг тили менга бегона туюлаётир, сиз бошқа юртдан бўлишимга қарамай, болалигимда суягим қотган услуб ва тилимда сўзлаганимни айбга буюрмаганингиз каби, ҳозир ҳам адолат қилишингизни сўрайман, зотан, фикри ожизимча, яхшими-ёмонми – ўз одатимча сўзлашга имкон бериш ва ҳақиқатни гапираманми-йўқми, фақат шуни эътиборга олиш – ҳакамнинг вазифаси шу эрур, воизнинг иши эса ҳақиқатнигина тилга чиқармоқ. Шунинг боис, эй Афина эрлари, аввало мен олдинроқ ўзимга нисбатан илгари сурилган айбловлардан ҳимоялансам, шундан сўнг ҳозиргиларига тўхталсам, тўғри бўлади. Ахир қаршингизда бундан олдин хам кўплаб қораловчилар бўлган, кўплари энди йўқ, нима бўлганда ҳам улар бирон рост сўз айтмадилар ва мен улардан Анит ва унинг дўстларидан кўра кўпроқ хавфсирайман. Улар ҳам қўрқинчли, аммо булар улардан ҳам даҳшатлироқ! Кўпингизни болалик пайтингиздаёқ менга қарши қилиб қўйдилар, ичингизга зарра ҳақиқат бўлмаган айбловларни сингдирдилар, айтдиларки, ернинг ости ва устидаги ҳамма нарсани тадқиқ қиладиган Суқрот деган одам бор, у ёлғонни ҳақиқатдек кўрсатади. Мана шу миш-мишни тарқатганлар, эй Афина эрлари, менинг қўрқинчли қораловчиларимдир, чунки уларни тингловчилар бундай нарсаларни тадқиқ қилувчилар худоларни ҳам тан олмайди, деб ўйлайдилар. Ундан ташқари, бундай қораловчи жуда кўп ва улар анчадан бери лой чаплашга уринадилар, сизга ҳам оқни қорадан ажратолмаган даврингиздаёқ сингдирганлар, қисқаси, бундай олиб қараса, айбланувчининг иштирокисиз ҳукм қилганлар. Ҳаммасидан қизиғи шуки, уларни исми билан таниёлмайсан ҳам, комедия муаллифлари номидан бошқа ном билан айтолмайсан ҳам. Ичиқоралик ва ҳасад билан ёки ўзлари ҳам бошқалар томонидан қайралгани сабаб сизларни менга қарши қўйганлар барчасидан ҳам мураккаб, чунки улардан бирортасини на буёққа олиб келиб бўлади, на инкор этиб, шунчаки шарпалар билан курашишга, ҳимояланишга, бошқалар қарши чиқмаган пайттагина уларни инкор қилишга тўғри келади. Сиз ҳам шуни тан олинг: менинг, аввал айтганимдек, икки хил айбловчим бор: бири – ҳозир мени айблаётганлар, бошқалари ҳозир айтганим каби қадимдан қоралаб келувчилар. Тан олинг, мен аввал эскилар олдида ўзимни оқлашим лозим, чунки улар қаршингиздагилардан аввалроқ ва кўпроқ қоралаганлар. Яхши. Шундай қилиб, эй Афина эрлари, орангизда узоқ муддатдан буён сақланиб келаётган бўхтонни имкон қадар камроқ вақт ичида инкор этиш ва ҳимояланиш лозим. Албатта, мен учун ҳам, сиз учун ҳам манфаатли бўлса, ҳимоям муваффақиятли чиқишини истардим. Фақат бунинг амалга ошиши қийин деб ўйлайман, ва мен учун бу қандай иш эканлиги мутлақо сир эмас. Майли, алал-оқибат худолар нимани истаган бўлса, шу бўлади, қонун эса бўйсунмоқ ва ҳимояланмоқ учун. Аввалига, келинг, мен ҳақимда аҳмоқона миш-мишнинг келиб чиқишига ҳамда Мелетнинг устимдан арз қилишига сабаб бўлган айблов нимадан иборат эканлигини эслаб ўтайсак. Хўш. Туҳматчилар айнан қандай сўзлар билан менга туҳмат қилдилар? Уларнинг даъволарини, ҳақиқий айбловчилар ўлароқ, келтириш керак: Суқрот ернинг остидаги нарсалар ва осмонлардаги нарсаларни ўрганиб, ёлғонни ҳақиқат деб кўрсатиб ва бошқаларни хам шунга ўргатиб, қонунни бузяпти. Айблов кўриниши айнан шундай. Аристофан комедиясида ўзингиз гувоҳ бўлдингиз, унда аллақандай Суқрот саватчада ётганча, ҳаво бўйлаб сайр қилиб юрганини ва яна менинг умуман хаёлимга келмаган бир қанча сафсаталарни гапиради. Мен буни шундай илмга ва бундай ишларда доноликка етишган инсонларга қарши чиқиб гапирмаяпман (Мелетнинг мени шунда ҳам айблаши етмай турувди!), шунчаки, муҳтарам Афиналиклар, бунинг менга мутлақо алоқаси йўқлигини айтмоқчиман. Бунга ўзингизни гувоҳликка чорлайман ҳамда бу ишни қачондир мени тинглаган кишилар ўзаро ҳал қилишларини сўрайман, зотан орангизда бундайлар кўп. Бир-бирингиздан сўраб кўрингчи, кимдир оғзимдан шундай гаплар чиққани қулоғига чалинганмикин – шунда сиз ҳаммаси нақадар адолатли эканини, мен ҳақимда айтилаётган сўзлар ростми-ёлғонми, билиб олар эдингиз. Агар улардан бошқа яна кимдандир одамларни тарбиялаш ортидан пул топиш илинжида эканимни эшитсангиз, бу ҳам ёлғон; лекин леонтлик Георгий, кеослик Продик, элидлик Гиппий каби тарбияни эплайдиган кишилар шуғулланишида ҳам бирор ёмонлик кўрмайман. Уларнинг бари, эй муҳтарамлар, шаҳарларни кезиб, ватандошларининг билимидан текинга фойдаланиши мумкин бўлган йигитларни ўзлари томонга оғдирадилар, шогирдлик учун пул тўлашга, камига улардан миннатдор бўлишга ҳам ишонтирадилар. Яна билишимча, бу ерда бир парослик муҳтарам олим истиқомат қилади. Йўлимда софистларга ҳамманикини қўшганда ҳам кўпроқ пул тўлаган одам учради – Гиппоникнинг ўғли Каллий, мен унга айтдим (унинг иккита ўғли бор эди): “Каллий! Агар ўғилларинг бузоқ ёки қўзичоқ бўлиб туғилганда, уларнинг зотини такомиллаштирадиган тарбиячи ёллашинг заруриятга айланар ва у, албатта, ё суворийлардан, ёки деҳқонлардан бўларди. Хўш, улар инсон бўлиб дунёга келган экан, тарбиясига кимни ёллаш лозим деб ўйлайсан? Бундай инсоний ҳамда фуқаровий жўмардлиги билан ким танилган бўлса? Фарзанд кўриш олдидан бу ҳақда ўйлаб кўргандирсан, албатта? Шундай одам борми, йўқми?”. “Албатта, бор” – деди у. “Ким у? Қаерлик, ўқитиши учун қанча олади?” “Унинг исми Эвен, – деди у, – парослик, беш минадан олади”. Ва мен бу Эвенни мадҳ қилдим, агар у шундай истеъдодга эга бўлса ва ўқитиш учун шунча арзон ҳақ олса, демак, мадҳ этса арзийдиган киши эди. Агар бу ишда қобилиятим бўлса, бундан керилар ва фахрланардим, аммо, эй Афина эрлари, менинг бунга истеъдодим йўқ!

Орангиздан кимдир айтиши мумкин: “Йўқса нима билан шуғулланасан, эй Суқрот? Сен хақингдаги миш-мишлар қаердан? Қандайдир махсус иш билан шуғулланмаганингда сен ҳақингда бунча кўп гапиришмасди. Бундан бизга хабар бер, то-ки кераксиз хаёлга бормайлик”. Мана бу, фикримча, тўғри, ўзим ҳам айнан нима менга машҳурлик келтиргани ҳамда миш-мишга сабаб бўлганини кўрсатишга ҳаракат қиламан. Эшитинг. Агар кимгадир гапим ҳазил бўлиб туюлаётган бўлса, имони комил бўлсинки, айни ҳақиқатни сўзламоқдаман. Эй Афина эрлари, шуҳратни донишмандликдан бўлак йўлдан топмадим. Бу қандай донолик эди? Албатта, инсониятга оид. Бу менда ҳақиқатан бўлса керак, ҳозир сўз юритганим инсонлар эса аллақандай ғайриинсоний доноликка эришганлар, буни яна қандай аташ мумкин, билмадим. Менинг ўзим бундай доноликни тушунмайман, ким бунинг аксини айтса, алдабди ва менга туҳмат қилибди. Эй муҳтарамлар, буни бир мунча кибр билан айтаётгандек кўринсам, жаҳлингиз чиқмасин; мен ўз сўзимни эмас, сиз учун ишончли бўлган сўзларни гапираман. Бу донолигимга гувоҳ сифатида Дельфадаги Худони келтираман. Ахир сиз Херофонтни танийсиз-ку. У ёшлигидан сизнинг ҳам, менинг ҳам тарафдорим бўлган, сизлар билан бирга сургун бўлиб, сизлар билан қайтиб келди. Унинг қандай одам эканидан ҳам бохабарсиз – хаёлига нима келса, қайтмайдиган зот эди. Кунларнинг бирида Дельфа роҳибига шундай савол беришга жазм қилибди. Сизга аччиғингиз чиқмасин дедим, эй муҳтарамлар! У бу дунёда мендан ҳам донороқ одам бор-йўқлигини сўрабди, Пифия унга ҳеч ким йўқлигини айтибди. Мана, унинг ўзи ўлиб кетган бўлса ҳам, акаси бу гапларни тасдиқлайди. Энди нима учун буни айтаётганимга эътибор беринг, зотан менинг мақсадим бу миш-мишлар қаердан пайдо бўлганини англатишдир.

Буни эшитиб, ўзимдан сўрадим: Худо нима демоқчи, нимани назарда тутяпти? Чунки мен ўзимни доно деб билмайман; аммо у мени ҳаммадан доно деб нимани уқтирмоқчи? Узоқ вақт шуни ўйладим, кейин бор кучимни тўплаб, масалани шундай ҳал қилишга киришдим: донолиги билан танилган бир кишининг ҳузурига бордим, бу билан роҳибга учраб, мана мендан ҳам доно одам деб шуни кўрсатишни режа қилдим. Аммо унга назар ташлаганда – унинг исмини келтиришга ҳеч қандай ҳожат йўқ, у давлат кишиларидан бири эди, эй Афина эрлари, шундай қилиб, унга қараб, англадимки, бу зот ўзи ҳамда атрофидагилар наздидагина доно, ҳақиқий донолик эса унда йўқ эди. Сўнг мен унда асл донолик йўқлигини, ўзини шундай ҳисоблашини исботлашга уриниб кўрдим. Шунда у ва ўша ерда бўлганларнинг кўпчилиги мени ёмон кўриб қолдилар. Ўша жойдан чиқиб кетаркан, мен бу одамдан донороқлигимни тушундим, чунки иккимиз бирон нарсани мукаммал билмаймиз, аммо у, билмаган ҳолида, биламан деб ўйлайди, мен эса билмайман ва билмаслигимни биламан. Бу ҳолда, фикримча, мен ундан донороқ ҳисобланаман, чунки билмаганимни биламан демайман. Ундан бошқа кўзимга доно кўринган кишиларнинг ҳам олдига бориб, аввалги ҳолатга гувоҳ бўлдим; шундан бери мендан унинг ўзи ҳам, бошқалар ҳам нафратланадиган бўлиб қолди.

Шундан сўнг навбатма-навбат бора бошладим. Нафратга дучор бўлаётганимни сезардим, бундан хафа бўлар ва қўрқардим, лекин худонинг сўзини баридан устун қўйиш керакдек кўринаверди. илоҳнинг амрини англамоқ учун ниманидир билишини даъво қилган ҳамманинг ҳузурида бўлиш керакдек туюлаверар эди. Ва, итга қасам, эй Афина эрлари, сизга ростини айтишим керак, шуни ҳис қилдим: худонинг иродаси билан бу ишни тадқиқ қилар эканман, шуҳрат осмон кишилар ақлан тубан эканини кўрдим, улардан паст саналадиганлар эса ақлда баланд туюлди. Аммо, яна шуни айтай, сайру-саёҳатим фақатгина худонинг гапи хато бўлиб чиқиши учун эди. Давлат кишиларидан сўнг шоирларнинг ҳузурига бордим, трагикларига ҳам, дифирамбикларига ҳам, бошқаларига ҳам, чунки ўрнида ўзимнинг улардан ақлсизроқ эканимни тасдиқлатиб олишни истардим. Уларнинг устида энг кўп, астойдил ишлангандек кўринган асарларидан парча олардимда, нимани назарда тутганларини сўрардим, мақсадим нимадир ўрганиш эди. Муҳтарам Афина халқи, сизга хақиқатни айтиш уятли бўлса ҳам, айтай: шу ерда ўтирганларнинг исталган биттаси ўша шоирларнинг битикларини ўзларидан яхшироқ тушунтира олишган бўларди. Шундай қилиб, шоирлар борасида қисқа вақт ичида англаганим шу бўлди: уларнинг ёзгани донолик билан эмас, туғма қобилият билан келади, худди фолбин ва коҳинлардек – ахир улар ҳам кўп яхши гаплар айтадилар, аммо нима деяётганларини билмайдилар. Шунга ўхшаш ҳолатни, фикримча, шоирлар ҳам бошдан кечирадилар; шунингдек, яна англадимки, шоирлик истеъдоди боис улар ўзларини бошқа, билимлари бўлмаган масалаларда ҳам инсониятнинг энг донолари деб ўйлар эканлар. Давлат қаноти остидаги зотлардан нима билан устун бўлсам, булардан ҳам худди шу сабаб билан баланд эканман, деб ўйладиму, у ердан кетдим. Охирида ҳунармандлар олдига бордим. Ўзимнинг ҳеч нарсани билмаслигимга ақлим етарди, улар эса кўп яхши илмлардан бохабар, деб ўйлардим. Бунда адашмаган эканман: ҳақиқатан, улар мен билмаган кўплаб нарсани англар эдилар ва бунда мендан донороқ эдилар. Лекин, эй Афина эрлари, менимча, улар ҳам шоирларнинг хатосини такрорлар эдилар: ўз ҳунарларида уста бўлганликлари туфайли уларнинг ҳар бири ўзини бошқа соҳаларда ҳам доно деб ҳисоблашарди ва мана шу хато уларнинг бор донишмандлигига соя соларди. Шундан сўнг мен ўзимдан сўрадимки, мен, уларнинг донолигига кўра доно, уларнинг жоҳиллигига кўра жоҳил бўлмасдан қандай бўлсам шундайлигимча қолсаммикин, ё улар каби бўлсаммикин? Ва ўзимга ва роҳибга қандай бўлсам, шундайлигимча қолиш ўзим учун яхшироқ экан, дея жавоб бердим.

Айнан шу тадқиқот туфайли, эй афиналиклар, кўпчилик мени ёмон кўриб қолди, яна шундай суръатда-ки, бундан кучли ва чуқурроқ нафратланиш имконсиз; шундан кўплаб туҳматлар келиб чиқди, бошқа томондан эса, менга доно рутбасини бера бошлашди, чунки ўтирганлар ҳар сафар бошқанинг донолигини инкор қилган соҳамда ўзим дономан, дея ўйлайдилар. Аслида эса, эй муҳтарамлар, асл донишманд худодир, ва бу билан у айтмоқчи-ки, инсоний донолик жуда кам нарсага арзийди, ёки ҳеч нарсага арзимайди, ва афтидан, бунда у айнан Суқротни назарда тутмайди, балки менинг номимдан мисол ўрнида фойдаланади, гўё “Эй инсонлар, орангизда энг доно – Суқрот каби ўз билимининг аслида ҳеч нарсага арзимаслигини билган кишидир” демоқчига ўхшайди. Менга келсак, мен ҳам турли ерларни кезиб чиқиб, худонинг сўзи ортидан қувмоқдаман: ватандош ёки ажнабийлардан бирортаси доно кўринмасмикин, ҳозир бундай деб ўйламасамда, худони қўллашга ва ўша одамга доно эмаслигини кўрсатишга ҳаракат қиламан. Мана шу иш сабабидан на шаҳар учун, на уй учун айтарли иш қила олмадим, охир-оқибат худога хизматим орқали қашшоқликка дучор бўлдим.

Бундан ташқари, ўз ихтиёри билан ортимдан эргашаётган ёшлар, энг бой ватандошларнинг фарзандлари мен кишиларни сўроққа тутишимни кўришдан хурсанд бўлишади. Менга тақлидан бошқаларни синашга тушиб кетадилар, менимча, улар кўпдан-кўп ҳеч нарсани билмайдиган, лекин биламан деб ўйлайдиган ва сафсата сотадиган одамларга учрасалар керак. Шундан сўнг сўроққа тутилганлар ўзларидан эмас, мендан хафа бўладилар ва “аллақандай Суқрот деган бетамиз ёшларнинг онгини бузяпти экан” дейдилар. У нима иш қиларкан, нимани ўргатаркан, деб сўрасангиз, бирон нима деёлмайдилар, лекин ўз ноқулайликларини яшириш учун шундай гап айтадиларки, буни ҳамма донолик ихлосмандларига нисбатан айтса бўлади: у осмонларда ва замин остидаги нарсаларни ўрганади, худоларни тан олмайди, ёлғонни ҳақиқат деб етказади. Ҳақиқатни айтишни эса, тушунишимча, улар унча ҳам исташмайди, чунки у ҳолда нимадир биладиган одамдек кўринганлари билан ҳеч нарсани билмасликлари очилиб қолар эди. Манман, қудратли ва кўпчилик бўлганлари ҳамда мен ҳақимда якдил ва ишонарли сўзлаганлари боис шаънимга аталган туҳматларни узоқ муддат ва астойдил қулоғингизга қуйдилар, деб ўйлайман. Шундан кейин Мелет ҳам, Анит ҳам, Ликон ҳам ташландилар. Мелет шоирлар учун, Анит – ҳунармандлар учун, Ликон – нотиқлар учун. Шунинг учун, сўзим бошида айтганимдек, бу қадар кам вақт ичида бу қадар буюк туҳматни инкор эта олсам, ўзим ҳам ҳайрон қолардим. Бор ҳақиқат шу, эй афиналиклар, сизга ҳеч нарсани қолдирмай, оқизмай-томизмай етказмоқдаман. Балки бундан сўнг баттар нафратга дучор бўларман, аммо бу ҳам ҳақиқатни айтганимдан, шу маънода номимга туҳматлар бўлганини ва бу туҳматларнинг сабаблари айнан мана шулар эканлигига далил бўлади. Бу ишни қачон ўргансангизлар ҳам, ҳозирми ё кейинми, ҳар доим натижа шундай қолаверади. Хулласи калом, менинг биринчи айбловчиларимга кўра ҳимоямни қоралайдиганлар ҳам етарли бўлади: ана энди ўз таърифи билан айтганда шаҳримизни яхши кўрувчи Мелет ва бошқа айбловчиларга қарши ҳимояланишга уриниб кўрай. Албатта, уларнинг айбловини бошқаларнинг расмий баёноти деб оламиз. Улар шундай дейди: “Суқрот ёшларни бузяпти, шаҳримиз эътиқод қилувчи худоларни қўйиб, аллақандай янги нарсаларга ишонади”. Айблов айнан шундай; бунинг ҳар бир сўзини элакдан ўтказамиз. Мелет айтишича, мен ёшларни айнитиб, қонунни бузар эмишман; мен дейманки, эй Афина эрлари, қонунни айнан Мелет бузмоқда, чунки муҳим масала билан ҳазиллашиб, ўзига мутлақо аҳамиятсиз мавзуда жон куйдирадиган ва қайғуга тушадиган инсон сифатида ўзини кўрсатиб, одамларни енгилтаклик билан судга чорламоқда, мен эса сизларга бор вазиятни кўрсатишга уринмоқдаман.

–      Мелет, айтчи, ёшларнинг имкон қадар яхши бўлиши сен учун шу қадар муҳимми?

–      Албатта.

–      У ҳолда мана бу одамларга сўзлаб бер, айнан нима уларни яхшироқ қилади? Маълумки, киши қайғурадиган нарсаси хақида маълумотга эга бўлади. Ўзинг айтмоқчи, айнитаётган одамни топдинг: буёққа олиб келиб, мени айбламоқдасан; ана энди айт, ким уларни яхшироқ қилар экан? Кўрдингми, Мелет, жимсан ва нима дейишни ҳам билмайсан. Уят эмасми? Бунинг сенга қизиғи йўқ эканига мана шу далил эмасми? Майли, азизим, жавоб бер: ким уларни яхшироқ қилади?

–      Қонунлар.

–      Буни сўрамаяпман, қадрдоним, ўша қонунларни ҳаммадан яхши биладиган киши ким, деяпман.

–      Улар мана, Суқрот, – ҳакамлар.

–      Нималар деяпсан, Мелет! Мана шу одамлар ўспиринларни тарбиялаб, уларни яхшироқ қилар эканми?

–      Албатта.

–      Ҳаммаларими? Ёки айримлари қобилиятли-ю, бошқалари йўқми?

–      Ҳаммалари.

–      Герага қасамки, жуда яхши гапиряпсан. Шаҳарга фойдаси тегадиган одамлар шу қадар кўп экан. Мана бу тингловчилар-чи, улар ҳам ёшларни яхшироқ қила оладиларми?

–      Улар хам.

–      Мажлис аъзоларичи?

–      Мажлис аъзоларининг ҳам қўлидан келади.

–      Мелет, Халқ мажлиси қатнашувчилари ёшларни бузмайдими? Ёки уларнинг ҳам битта қолмай ҳаммаси ёшларни комилликка етаклайдими?

–      Улар ҳам етаклайдилар.

–      Бундан чиқди, мендан бошқа ҳамма афиналиклар ёшларни ривожлантиради, битта мен бузғунчи эканман. Шундай демоқчимисан?

–      Айнан.

–      Бўйнимга жуда катта айб юкладинг. Айт-чи, отларда ҳам шундайми? Яъни уларни ҳамма ривожлантирадию, кимдир биттаси бузадими? Ёки мутлақо тескари – уларни яхшироқ қилишга кимдир битта одам ёки жуда камчилик, айнан моҳир суворийлар қодир бўлиб, ҳамма отларга ғамхўрлик қилиб, улардан фойдаланса отларга зарар етказиб қўярмикин? Бу борада Анитнинг фикрига қўшиласизларми-йўқми, бу ўз-ўзидан маълум, чунки ўспиринлар учун нақадар улкан бахтки, уларни фақат битта одам бузса-ю, бошқа ҳамма уларга фойда келтирса. Умуман, Мелет, сен ҳеч қачон ёшлар учун қайғурмаганингни етарлича намойиш қилдинг, бефарқлигингни ўзинг яхши ҳис қилиб турибсан: мени судга етаклаб келганинг сабаби сен учун мутлақо аҳамиятсиз. Зевс ҳаққи, Мелет, бизга шуни ҳам айт: яхши одамлар қуршовида яшаган маъқулроқми, аҳмоқлар биланми? Жавоб бер, дўстим! Қийин нарса сўрамаяпман-ку. Ўз яқинларига аҳмоқлар қандайдир зиён, яхши одамлар – қандайдир яхшилик келтирадилар, шундайми?

–      Албатта.

–      Яқинларидан яхшилик эмас, зиён олишни истайдиган кимдир топиладими?

–      Йўқ!

–      Мана, кўрдингми. Сен мени буёққа ўз ихтиёри билан ёшларни бузади деган айблов билан келтирдингми, ёки атайин эмасмиди?

–      Атайин, албатта.

–      Қанақасига, Мелет? Навқирон ва доно зотсан, ёмонлар яқинларига ёмонлик етказишини, яхшилар яхшилик қилишини биласан, мен эса оми қарияман, шу қадарки, яқинларимдан кимгадир ёмонлик етказсам, ўзим ҳам ундан зарар кутишим керак эканига ақлим етмайди, шу ҳолимда бу қадар улкан уқубатни ўз ихтиёрим билан бўйнимга оляпман эканда, айтишингга қараганда! Бунга мен ишонмайман, умуман, ҳеч ким ишонмаса керак. Ё мен зарар бермайман, ёки атай зарар бермайман; шунда иккала ҳолда ҳам ноҳақ бўлиб чиқмоқдасан. Агар ўзим билмай зарар бераётган бўлсам, қонунга кўра буёққа олиб келиш эмас, ўзимга мурожаат қилиш, ўргатиш керак эди; негаки, мен англаб етишим билан атай қилмаган ишимни тўхтатишим аниқ. Сен эса мендан қочдинг, ўргатиш ўрнига каминани буёққа, қонунан ўргатишга эмас, жазолашга лойиқлар келтириладиган жойга олиб келдинг.

Очиқ-ойдинки, эй Афина эрлари, айтганимдек, Мелетга бу ишларнинг ҳеч қачон қизиғи бўлмаган; шундай эса-да, Мелет, бизга айт-чи, қандай қилиб мен ёшларни бузяпман экан? Менга қарши илгари сурган айбловингга кўра уларни шаҳар аҳли топинадиган худоларга шак келтиришга, ўрнига бошқа, янги худоларга эътиқод қилишга ўргатар эканман, шундайми? Таълимотим билан зарар келтиришим ҳақида айтганда шуни назарда тутганмидинг?

–      Айнан, шундай.

–      Демак, сабаб – шу. Мелет, энди зикр этадиганимиз худолар ҳаққи, мен учун ҳам, мана шу муҳтарамлар учун ҳам аниқ бўлсин учун сўзларингни қайтар. Гап шундаки, нима демоқчи эканингни англолмаяпман: мен баъзи худоларни тан олишга чақираман, табиийки, ўзим ҳам художўйман, демак, мутлақ худосиз эмас эканман, айбим бутунлай бошқа нарсада: шунчаки шаҳар тан оладиган худоларни тан олишга чақирмаслигимдами ёки сен мени мутлақо худоларни тан олмасликда ва бошқаларни ҳам шунга ўргатишда айбламоқдамисан?

–      Мутлақо худоларни тан олмаслигинг ҳақида гапирмоқдаман.

–      Ажойиб одам экансан-да, Мелет! Нега бундай деяпсан? Демак, бошқалар тан оладиган Қуёшни ҳам, Ойни ҳам худо деб билмайманми?

–      Айнан шундай, муҳтарам ҳакамлар, чунки у Қуёш – бу тош, Ой эса ер дейди.

–      Анаксагорни айблашга жазм қилмоқдасан, дўстим Мелет, шу билан бирга ҳакамларни ерга урмоқдасан – уларни адабиётни яхши билмайдир, деб ҳисобламоқдасан! Улар клазоменлик Анаксагорнинг китобларида бундай фикрлар кўп эканини билмайди, деб ўйлайсанми? Ёшлар эса, орхестрда бир драхма эвазига билиб оладиган гапларини мендан ўрганишар экан-да, тағин Суқрот шундай аҳмоқона равишда бу ғояларни ўзиники деб даъво қиляпти, дея устимдан кулмасмидилар? Зевс ҳаққи, айт, мен ҳеч қандай худоларни тан олмайманми сенингча?

–      Биттаям.

–      Ишониш қийин, Мелет, менимча, сенинг ўзинг ҳам бунга ишонмасанг керак. Менга келсак, эй Афина эрлари, фикримча, бу одам – сурбет ва аблаҳ, менинг устимдан ана шу сурбетлиги, аблаҳлиги, яна ҳали ёшлиги сабабли арз қилган. У матал ўйлаган бўлса керак: бизнинг доно Суқрот ҳазиллашаётганимни, ўзимга қарши чиқаётганимни сезармикин, ё уни ҳам, бошқа тингловчиларни ҳам лақиллата олармикинман, деб. Чунки у ўз-ўзига қарши чиқяпти, бу “Суқрот худоларни тан олмай қонунни бузяпти, лекин у художўй” дейишдан бошқа нарса эмас. Ҳазил-ку бу! Ўйлаб кўринг, шундай дедими-йўқми. Ҳурматли Мелет, сен бизга айт, сиз эса аввал сўраганларимни унутманг – ўз услубимга кўра гапира бошласам, шовқин солманглар. Мелет, жаҳонда инсонларнинг ишини тан олиб, ўзини тан олмайдиган киши борми? Муҳтарамлар, унга айтиб қўйингларки, шовқин-сурон қилмасдан жавоб берсин. Жаҳонда отни тан олмай, отдан чиқадиган ҳамма нарсадан фойдаланадиган кимдир борми? Ёки сурнайчиларни қўйиб, мусиқани тан оладиган? Унақаси йўқ, азизим! Гапиришни истамасанг, сенга ва йиғилганларга ўзим айтай. Аммо мана бу саволга жавоб беришинг керак: илоҳларни тан олиб, жинларга кўз юмадиган кимдир борми?

–      Йўқ.

–      Ва ниҳоят! Худолар сени жавоб беришга мажбур қилгани жуда яхши. Шундай қилиб, айтишингга кўра, мен илоҳларни тан оламан ва бошқаларга ҳам тан олишни ўргатаман – янгиларгами, эскиларгами, барибир, ҳар ҳолда мен ўзинг айтганингдек, илоҳларни тан оламан, сен буни қасам ичиб тасдиқладинг; агар мен илоҳларни тан олсам, демак, жинларни ҳам тан олишим керак, шундай эмасми? Албатта, шундай. Сукут аломати – ризо, деб қабул қиламан. Биз жинларни ҳам худолар ёки худоларнинг болалари деб ҳисобламаймизми? Ҳами-йўқми?

–      Албатта, шундай деб ҳисоблаймиз.

–      Демак, сен айтганингдек, агар жинларни тан олсам, жинлар эса ўз моҳиятига кўра худолар бўлса, унда мен айтганимдек, ҳазиллашаётган ва матал тўқиётган бўлиб чиқяпсан: худоларни тан олмасликда айблаб, моҳиятига кўра худо бўлган жинларни тан олишимни айтяпсан. Бошқа томондан, агар жинлар худоларнинг қандайдир чала-ярим, нимфалар ёки яна қандайдир мавжудотлардан бўлган фарзандлари бўлса, урфга кўра ўйласак, унда қайси одам худонинг болаларига ишона туриб, худоларни тан олмаслиги мумкин? Бу хачирлар – от ва эшакларнинг зурриёди мавжудлигини айтиб, от ва эшакларнинг ўзини рад қилишдек мантиқсиз эмасми? Мелет, бизни синашдан бўлак мақсад йўқ бу айбловингда, ё аввал-бошдан мени қандай жиноят билан айблашга ақлинг етмаган кўринади. Лекин озгина фаҳм-фаросати бор одамни бир киши ҳам руҳий, ҳам илоҳий ҳодисотларни тан олиб, ўша оннинг ўзида руҳларни ҳам, илоҳларни ҳам рад қилишига ишонтира олмайсан. Хулласи калом, эй Афина эрлари, Мелет айблаётган бирон нарсада айбдор эмасман, фикри ожизимча, бу ҳақда яна баҳслашиш ҳожатсиз – шунча айтилганларнинг ўзи кифоя. Менга нисбатан кўпчиликда катта нафрат борлиги эса, бошида айтганимдек, асл ҳақиқат. Мени нимадир ўлдирса, айнан шу ўлдиради; Мелет ёки Анит эмас, туҳмат ва кўпчиликнинг нафрати – бу кўплаб софдил кишиларни ҳалок қилди, ва, ўйлашимча, яна ҳалок қилажак. Иш мен билан тўхтаб қолади деб ўйламанг!

Лекин кимдир: Суқрот, охир-оқибатда ўлимга олиб келиши мумкин бўлган иш билан шуғулланишга уялмайсанми, дейиши мумкин. Бунга мен адолат билан шундай жавоб бераман: яхши гап айтмаяпсан, дўстим, гўё озгина бўлса ҳам фойда келтираётган киши доим адолатли ишлар қиляптими, адолатсизми, фазилатли ишлар қиляптими, ёки ёвузми, буни эмас, ўлимни ҳисобга олиши керакдек. Сенингча, Троя остонасида қулаган яримхудолар, хусусан, қандайдир уятли иш қилиб қўйишдан қўрққан Фетиданинг ўғли ҳам ёмонми? У Гекторни ўлдириш истагида ёнаркан, буни кўрган маъбуда онаси шундай деганди: “Болам, дўстинг Патроклнинг ўлими учун қасос олсанг ва Гекторни ўлдирсанг, унда сенинг ўзинг ер тишлайсан: Приамнинг ўлимидан сўнг сенга ҳам навбат келади” – у буни эшитиб, ўлим ва хавф-хатарга қарамади, қайтага қўрқоқ, дўстларининг қасдини ерда қолдирадиган бўлиб яшашдан қўрқди. “Золимни енгиб ўлсам, майли – фақат халқнинг кулгисига қолиб, ерга юк бўлиб юрмасам бас”. Бунда у ўлим ва хавф ҳақида ўйлаган деб ўйлайсанми? Ҳақиқат шу, эй Афина эрлари: ким ўзи учун энг яхши жой деб ўйлаган жойига ўзини қўйган бўлса, ёки раҳбари томонидан қўйилган бўлса, у ана ўша ерда хавфни ўтказиши лозим, бунда шармандаликдан бошқа хеч нарсани – ўлимни ҳам, бошқа нарсаларни ҳам ҳисобга олмаслиги керак. Эй Афина эрлари, сизлар томонингиздан менга белгиланган раҳбарлар – Потидей, Амфипол ва Делий қўл остида эканлигимда улар мени қўйган жойларида ҳамма каби қаторда қолган ва ҳаётимни хавф остига қўйган бўлсам-да, энди, мени худоларнинг ўзи шу вазиятга қўйганда, фалсафа билан шуғулланиб ўзим ва бошқаларни синаб яшаш учун ўлимдан ёки яна нимадандир қўрқиб, қатордан қочганимда, бу бориб турган шармандалик бўлмасмиди? Ўтакетган расволикни бўйнимга олган, шунда рости билан мени худоларни тан олмасликда айбласа бўларди, чунки мен руҳонийнинг сўзига кирмаган, ўлимдан қўрққан ва билмаган ҳолимда ўзимни доно ҳисоблаган бўлардим, чунки ўлимдан қўрқиш билмаган нарсангни биламан дейишдир. Ахир биронрта одам ўлим нималигини, у инсон учун буюк неъматлигини билмайди, лекин барча гўё у улкан разолатлигини биладигандек, ундан қўрқади. Энг шармандали жаҳолат – билмаганингни биламан, деб ўйлаш эмасмикин? Менга келсак, эй муҳтарамлар, бундаги кўпдан фақат битта нарсам билан ажралиб тураман: агар мен кимгадир бошқалардан кўра донороқ кўринсам, фақатгина шунинг учунки, мен Аида ҳақида билмасам, шундай, билмайман деб ҳисоблайман. Қонунни бузиш ва ўзимдан яхшироқ зотнинг, у одам бўладими ё худоми, унинг гапига кирмаслик нотўғри ва уятли иш. Шунинг учун яхшилик бўлиб чиқиши мумкин бўлган ҳеч нарсадан ёмонлиги аниқ бўлган нарсачалик қўрқмайман ва қочмайман. Шундай экан, менинг бу ерга келмаслигим лозимлигини, келтиргач, қатл қилмай бўлмаслигини, агар жазодан қутилсам, сизнинг ўғилларингиз Суқрот қилган иш билан шуғулланиб, ҳар бирлари бузилиб кетишларига ишонтирган Анитнинг сўзига кирмай, мени қўйиб юборсангиз ва менга: бу гал, Суқрот, Анитнинг айтганини қилмаймиз ва сени қўйиб юборамиз, фақат бундан кейин тақдқиқот ва фалсафани тарк этасан, агар яна қайтарсанг, қатл этиласан десангизлар, айтаманки: “Толеъ ёр бўлсин, эй Афина эрлари, сизни яхшисиз, аммо сиздан кўра худонинг гапи мен учун аълороқ, токи нафас оларканман, токи қодир эканман – фалсафадан воз кечмайман, йўлимда ким учраса, одатий гапимни айтишдан чарчамайман: эй шаҳарларнинг энг буюги, донолик ва қудрат бешиги бўлган Афина ватандошларининг энг яхшиси, пул дардида, шон-шуҳрат илинжида югуриб, ақл, ҳақиқат ва ўз қалбинг билан шуғулланишдан қочишингдан уялмайсанми?” Агар кимдир менга қарши чиқиб, бундан қочмаётганини айтса, мен унинг олдидан кетмайман, балки уни синов қилиб, сўроқ қилиб, инкор қила бошлайман ва агар унда кўринмаса-ю, у ўзида фазилат борлигини қайтараверса, мен уни энг қимматли нарсани қадрламаётганликда ва энг арзимас нарсани ҳаммадан азиз кўришда айблайман. Мен йўлда учратганим барча билан – ёш билан ҳам, қари билан ҳам, ажнабийлар билан ҳам, сизлар билан ҳам – айниқса сизлар билан, чунки сиз қондошимсиз – суҳбатлашсам, шу ишларни қилардим. Ишонтириб айтаманки, бу худонинг иродаси ва фикри ожизимча, бутун бир шаҳарда менинг худога хизмат қилишимдек улкан яхшилик йўқ. Ахир бор қилар ишим кўчада юриб, ёш-у қарини аввало танангизга қарашдан ёки пул топишдан кўра қалбга, уни яхшироқ қилишга тарғиб қилиш бўлса: мардлик пул билан келмайди, балки мардлиги учун кишиларда пул ва бошқа фазилатлар бўлади, хоҳ у шахсий ҳаётда бўлсин, хоҳ ижтимоий. Агар бу гапларим ёшларни йўлдан уриш бўлса, тарғиб қилаётганим жуда ёмон гаплар экан. Бундан бошқа нимадир деганимни ким даъво қилса, ёлғон гапиряпти. Шунинг учун ҳам, эй афиналиклар, Анитга қулоқ соласизми-йўқми, мени қўйиб юборасизми-йўқми, ҳозир тутган йўлимдан бошқача иш қилмайман, минг бор бошим кундага қўйилса ҳам.

Шовқин солманг, эй муҳтарамлар, тилагимни бажо келтиринг – сўзларимни сурон солмай эшитинг; тинглаш сизга фойда, деб ўйлайман.

Сизга яна шуни айтишим керак-ки, ундан сўнг қичқиргингиз келар, лекин сиз ҳеч ҳам бундай қилманг. Хотиржам бўлинг, агарда мени ўлдирсангиз, мендан кўра кўпроқ ўзингизга зарар. Менга на Мелетдан, на Анитдан ҳеч қандай ёмонлик етмайди, улар менга зарар етказолмайдилар ҳам, чунки ёмонлар яхшиларга зарар етказа олади деб ўйламайман. Улар ўлдириши, ватандан ҳайдаши, ҳуқуқларни олиб қўйиши мумкин. Буни улар ёки яна кимдир катта ёмонлик деб ҳисоблаши мумкин, мен эса бундай деб ўйламайман; кишини адолатсизлик билан ўлимга ҳукм қилишни мўлжаллаш – мана нима ҳақиқий ёвузлик. Шундай қилиб, эй Афина эрлари, мен энди умуман ўзим учун эмас, балки сиз учун ҳимояланмоқдаман, мени ўлимга ҳукм қилиб, худо берган неъматдан қуруқ қолманглар, деяпман.

Сирасини айтганда, агар сиз мени ўлдирсангиз, сизларга менингдек, кулгили эшитилсада, отга ёпишган, катта ва олийжаноб, лекин семизликдан дангасалашган ва ҳайдашларига муҳтож бўлган сўна каби шаҳарга боғланган бошқа кишини топиш осон бўлмайди. Аслида худо мени шаҳарда кун бўйи, ҳар бирингизнинг олдингизга ўтириб, ҳар бирингизни уйғотиш, ўнглаш, огоҳ этиш учун юборганга ўхшайди. Бундай кишини яна топишингиз амри маҳол, эй муҳтарамлар, мени сақлаб қолишингиз учун эса менга ишонмоғингиз даркор. Лекин сиз худди дафъатан уйқудан уйғотилган одам каби менга тарсаки уришингиз ва Анитнинг сўзига кириб, ўлимга ҳукм қилишингиз эҳтимоли ҳам жуда катта, у ҳолда худо сизга раҳм қилиб, бошқа кишини юбормаса, бутун умрингиз ғафлатда ўтажак. Мени шаҳарга худо туҳфа этганини шундан билишингиз мумкин: барча юмушимни ташлаб, неча йилдан буён уй хўжалигимдаги парокандаликка сабр қилиб келяпман, сизларнинг масалаларингизга эса, отангиз ёки акангиз каби ҳар бирингизга шахсан ёндашиб, фазилат ва олийжанобликка ишонтириб бормоқдаман. Агар менга бундан қандайдир манфаат бўлганида ёки булар учун ҳақ олганимда, ҳисобимиз қайсидир маънода тенг бўларди, аммо, кўриб турганингиздек, юзсизларча ҳар нарсада мени айблаган айбловчиларим бунда юзсизликка ҳам қодир бўлмадилар ва қачондир қандайдир ҳақ олганим ёки сўраганимни тасдиқлайдиган бирорта гувоҳ келтирмадилар; шу сабабдан, ўйлайманки, ўз сўзларимнинг исботи сифатида асл гувоҳни ўзим келтираман – бу менинг камбағаллигимдир. Балки бу ҳолда менинг бу каби маслаҳатларни хусусий кўринишда, ҳамма ерни айланиб юриб ва ҳар нарсага аралашиб беришим, сизларнинг мажлисингизда оммавий ҳолатда маслаҳат бермаслигим ғалати кўринар. Бунинг боисини сизлар ҳар ерда кўп бора мендан эшитгансиз: ўз шикоятида Мелет истеҳзо қилганидек, мен қандайдир илоҳий белгиларни ҳис қиламан. Бу менда болаликдан бошланган: аллақандай овоз тўсатдан қилмоқчи бўлган ишимдан қайтариб, мутлақо хаёлимга келмаган бошқа юмушни қилишга ундайди. Мана шу овоз давлат ишлари билан шуғулланишдан мени қайтарди. Менимча, жуда тўғриям қилган. Ишончингиз комил бўлсин, эй Афина муҳтарамлари, агар камина давлат ишлари билан шуғулланишга уриниб кўрганимда, аллақачон ҳалок бўлган ва на сизга, на ўзимга бирор фойда келтирмаган бўлардим. Сизга ҳақиқатни айтаман, мендан хафа бўлманг: агар мен сизга ёки бошқа кўпчиликка очиқ қаршилик кўрсатсам ва давлатда содир бўлаётган ана шу кўплаб адолатсизликлар ҳамда қонунбузарликларни тўхтатмоқчи бўлсам, мени ўлимдан халос этгувчи бирор киши топилмаган бўларди. Йўқ, кимда-ким ҳақиқатан адолат учун ҳаракат қилса, ҳатто бироз муддат тирик қолса ҳам, жамоавий ишга қўшилмаслиги ва хусусий шахс ўлароқ қолмоғи лозим. Бунинг учун энг кучли далилларни келтирман, фикрлар эмас, балки сиз кўпроқ қадрлайдиган – ишларни. Демак, мен билан содир бўлган ҳодисани тингланг, шунда ўлим қаршисида ҳам адолатга терс бирор гапга қўшилолмаслигимни ва алал-оқибат бундан ҳалок бўлишим мумкинлигини англайсиз. Сизга айтмоқчи бўлганим ҳикоя зерикарли, аммо асл ҳақиқатдир. Эй афиналиклар, мен ҳеч қачон шаҳарда қандайдир мансабни эгалламаганман, лекин Мажлисда бўлганман. Қабиламизга Антиохида раислик қилган пайтлар денгиз жангида жабрланганларни сақлаб қололмаган ўнта стратегни, кейинчалик ўзингиз тан олгандек, ноқонуний суд қилишга тўғри келди. Шунда мен, раислик қилувчилар орасида якка ўзим қонуннинг бузилишига қарши чиқдим, ҳамда нотиқлар мени айблашга ва қамоққа олишга уринишганда, ўзларингиз шуни талаб қилиб, қичқирганда шуни тушундимки, қамоқдан ёки ўлимдан қўрқиб сизлардек адолатсизлик тарафдорлари билан бир бўлгандан, хавф-у хатарларга қарамасдан қонун ва адолат томонда бўлганим маъқул экан. Ҳали бу шаҳарни халқ бошқарган даврларда эди, олигархия юзага келгач эса, Ўттизлар ўз навбатида мени ва яна тўртта фуқарони Думалоқ палатага чақиришди ва бизга Саламиндан Леонтни қатл қилиш учун олиб келишни буюришди. Шунга ўхшаш кўп нарсани бошқа кўпчиликка ҳам буюрганлар, иложи борича кўпроқ айбдорларни топишга интилганлар. Фақат шу сафар ҳам сўзим билан эмас, амалим билан мен учун ўлим, қўпол қилиб айтганда, энг бўлмағур нарса эканини исботладим, барча ноқонуний ва худога терс ишлардан сақланиш – мана шу мен учун энг муҳими эди. Шундай қилиб, бу ҳукумат қанчалик қудратли бўлмасин, мени қандайдир адолатсизликка мажбурлай оладиган даражада қўрқита олгани йўқ, лекин биз Думалоқ палатадан чиққанимиздан сўнг мен уйимга, қолган тўртовлон эса Саламинга, Леонтни олиб келишга кетди. Агарда бу ҳукумат тез орада парчаланиб кетмаганида, катта эҳтимол билан мен ўлиб кетган бўлар эдим. Буларнинг барчаси учун сизда етарли гувоҳлар топилади.

Энди айтингчи, жамоат ишлари билан шуғулланиб, шу билан бирга ҳақ тарафида турганларга кўмак беришни муҳим десам, шунча умр кўрардим, деб ўйлайсизми? Ҳеч қанақасига, эй Афина муҳтарамлари! Бошқалар ҳам бунинг уддасидан чиқа олмайди. Мен эса бутун умр жамоат ишларида ҳам, хусусий вазиятларда ҳам бўҳтончилар менинг ўқувчиларим деб атайдиганлар билан ҳам, бошқалар билан ҳам адолатга қарши келишмадим. Ҳа, мен ҳеч қачон ҳеч кимнинг ўқитувчиси бўлмаганман, ёш-у қари менинг ишимни кузатишни истаганда қаршилик қилмаганман, холос. Пул учун суҳбат қилмадим, бойга ҳам, камбағалга ҳам сўраш имконини бердим, истаганларга менга жавоб бериш ва сўзларимни тинглашга ҳам йўл бердим. Бу одамлар яхши-ю ёмонлигига адолат билан жавоб бера олмайман, чунки уларнинг ҳеч бирини бирон илмга ўргатмаганман ва бунга ваъда ҳам бермадим. Агар биров мендан хусусий равишда ниманидир ўргангани, бошқалар эшитмаган ниманидир эшитганини сўзласа, билингки, у ёлғон гапиряпти. Унда нега баъзилар мен билан узоқроқ вақт ўтказишни ёқтирадилар? Бунинг жавобини, эй Афина муҳтарамлари, сиз эшитгансиз; ўзим сизга бор ҳақиқатни айтдим: чунки улар ўзларини доно деб атайдиган доно бўлмаган кишиларга берадиган қалтис саволларимни тинглашни хуш кўрадилар. Бунинг ўзига хос лаззати бор, албатта. Бу иш эса менга худо томонидан башоратлар билан ҳам, тушларимда ҳам, умуман, қачондир илоҳий илҳом келган ва инсонга қандайдир олий вазифа топширилганда кузатилган ҳар қандай йўллар билан аён этилди. Бу нафақат ҳақиқат, Афина аҳли, балки исботлашга ҳам осон. Аслида, баъзи ёшларни бузаётган, баъзиларини бузиб бўлган бўлсам, уларнинг ёшлари катта бўлганлари ва қачондир, ёшликларида мен уларга қандайдир аҳмоқона нарсани маслаҳат берганимни англаб қолганлар ҳозир келишлари ва мени айблаб, қасос олишлари керак эди. Агарда уларнинг ўзлари буни истамасалар, уйидагилардан кимдир – оталари, акалари, бошқа қариндошлари бу ҳақда ҳозир эслатар эдилар. Уларнинг кўпини шу ерда кўриб турибман: мана, масалан, оғайним ва ҳамюртим Критон, мана унинг отаси Критобула; кейин сфеттлик Лисаний, унинг отаси Эсхина; яна Эпигеннинг отаси, кефислик Антифон; мана ака-укалари менинг ортимдан юрган яна бошқалар – Феозотиднинг ўғли ва Феодотнинг акаси Никострат, Феодотнинг ўзи дунёдан ўтиб кетди, шундай экан, у ҳар ҳолда акасидан менга қарши гапирмасликни сўрай олмаган бўларди; мана Демодокнинг ўғли, Феагнинг укаси Парад; мана Аристоннинг ўғли Адимант, яна Платоннинг акаси Эантадор, мана бу Аполлодорнинг акаси. Яна қанча одамни келтиришим мумкин, Мелет эса ўз нутқида шулардан бирортасини гувоҳ сифатида кўрсатиши керак эди; агар ўшанда бундай қилишни унутган бўлса, ҳозир қилсин, бунга ижозат бераман – шундай арзлари бўлса, марҳамат, баён қилсинлар. Лекин сизлар мутлақо тескари гувоҳ бўласизлар, эй муҳтарамлар, Мелет ва Анит айтган менингдек бузғунчига барча ёрдамга тайёр эканига гувоҳ бўласизлар. Энг фикри бузиқлар каминага ёрдам беришлари тушунарлидир, лекин уларнинг қариндошларида, ёши улуғ одамлар-да мени ҳимоя қилишга қандай асос бор, Мелет ёлғон гапираётгани, менинг ҳақ эканим борасидаги адолатли ишончдан бошқа? Етар бу ҳақда энди, эй муҳтарамлар! Ўзимни оқлашим учун қуйидаги асосларни келтираман. Балки қайсидир бирингиз ўзи ҳақида эслаб, иши меникичалик муҳим бўлмаса ҳам, ҳакамлардан яхшилик сўраб, йиғлаб-ёлвориб, уларнинг раҳмини яна-да келтириш учун ўз зурриёдлари ва яна кўплаб қариндош-у дўстларини келтирганини эслаб, хафа бўлар. Мен эса, жиддий хавф рўпарамда турганига қарамай, бундай қилмайман. Бу ҳақда ўйлаб кўриб, балки сизлардан кимдир менга нисбатан бешафқат бўлиш керак деб ҳисоблаб, овоз бериши мумкин. Айнан шундай ўйлашяпти, демоқчи эмасман, агар ўйлаётган бўлса, менимча, шундай жавоб берсам тўғри бўлади: дўстим, менинг ҳам дўст-у биродарим бор; Ҳомер айтганидек, дарахтданми, тоғданми тушган эмасман, одам боласиман; қариндошларим, ўғилларим бор, эй Афина эрлари, нақ учта, каттаси вояга етди, иккитаси ҳали гўдак; шундай бўлса ҳам, улардан ҳеч кимни бу ерга келтирмайман ва сизлардан раҳм тиланмайман. Нега бундай қилишни истамайман? Сизларга нисбатан нафрат эмас бу, эй Афина халқи, ҳурматсизлик ҳам эмас. Ўлимдан қўрқаманми-йўқми, қўя турайлик, лекин ўзимнинг ҳамда сизнинг шаънингиз учун ҳам, бутун шаҳарнинг шаъни учун ҳам, шу ёшимда, боз устига тўғрими-йўқми, менга берилган лақаб билан бундай иш қилишим яхши бўлмас эди. Нима бўлса ҳам, Суқрот кўпчиликдан нимаси биландир фарқ қилади, деган гап бор, донолиги ёки жасурлиги, ёки яна қандайдир фазилати билан ажралиб турадиган сизлардан кимдир ўзини бундай тутиши шармандали бўлар эди. Туппа-тузук, обрўли дейиладиган одамларнинг суд вақтида ҳайратланарли ишларни қилишларини кўп кўрдим. Гўё ўлсалар қандайдир даҳшатли ҳодиса бўлади-ю, ўлдирилмасалар абадий яшайдигандек! Менимча, бундайлар шаҳарни шарманда қиладилар: бирор ажнабий Афинанинг танланган жасури ўзини катта лавозимга сайласа – хотиндан фарқи йўқ экан, деб ўйлаши мумкин. Шундай қилиб, эй муҳтарамлар, нафақат биз – обрў-эътиборли кишилар бундай қилмаслигим зарур, балки сиз ҳам буни қилишимизга йўл қўймаслигингиз керак. Қайтага, ким шундай йиғи-сиғи намойишларини кўрсатадиганларни ва шаҳар устидан мазахлар пайдо бўлишига сабаб бўлаётганларни айблашга яқин бўлишларингиз керак, ўзини хотиржам кўрсатадиганларни эмас. Шараф уёқда турсин, менимча, эй афиналиклар, вазиятни аниқлаштириб, ишонтириш ўрнига ҳакамдан илтимос қилиб, жазодан илтимос билан қутулиб қолиш нотўғри, деб ҳисоблайман. Ҳакам раҳм-шафқат кўрсатгани эмас, суд қилиш учун ўтқазилган; қасамни ҳам истаганига раҳм кўрсатишга эмас, қонун бўйича суд қилишга ичган. Шунинг учун ҳам сизни қасамни бузишга чорламаслигимиз, сиз ҳам бу чақириқларга рози бўлмасликларингиз керак, йўқса ноҳақликка йўл қўйганимиз шу бўламиз. Шундай экан, эй Афина эрлари, менга на яхши, на тўғри, на худонинг хоҳиши деб билмаган ишимни қилишим кераклигини айтманг. Айниқса, мана бу Мелет мени ноҳақ айблаб турганида. Зотан, агарда мен сизни йўлдан уриб, илтимосим билан қасамингизни бузишни сўраганимда, сизни худо йўқ, деб ўйлашга ундаган ва ҳимояланиш ўрнига ўзимнинг худоларни тан олмаслигимни исботлаган бўлар эдим. Аслида эса ундай эмас; мен уларни, эй Афина муҳтарамлари, ўз айбловчиларимдан кўра кўпроқ тан оламан ва мен учун ҳам, ўзингиз учун ҳам тўғри қарорни қабул қилишингизни сиз ва худонинг иродасига қолдираман.

Айблов ҳукмидан сўнг

Кўп нарса, эй Афина эрлари, ҳозир содир бўлган ҳодисадан – мени айбдор деб топганингиздан ажабланишга йўл бермайди, зотан, бу мен учун кутилмаган ҳодиса бўлмади. Мени кўпроқ у ва бу томондаги овозлар сони ҳайратлантирмоқда. Бунча кам овоз билан судланаман деб ўйламаган эдим, овозлар кўпроқ бўлади, деб кутгандим. Энди кўриб турибманки, ўттиз битта тош у томондан бу томонга ўтса, оқланиб кетар эканман. Мелетдан эса, ўйлашимча, қоча олдим; қоча олдим ҳам эмас, балки Анит ва Ликон бу ерга мени айблаш учун келмаганларида, у овозларнинг бешдан бирини ололмагани учун минг драхма тўлашга мажбур бўларди.

Бу одам менга ўлим жазоси қўлланилишини сўраяпти. Яхши. Эй Афина муҳтарамлари, мен ўзимга қандай жазо танлай? Муносиб жазони, шундай эмасми? Хўш, қандай экан у? Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, бутун ҳаётим давомида ўзимга тинчлик бермай яшаганим ва кўпчилик кўз тикадиган нарсалар: на пул йиғиш, на хўжалигимни яшнатиш, на стратег бўлишга уриниш, на халқни бошқаришга интилмаганим учун; на бошқарувда, на шаҳримизда бўладиган фитна ва қўзғолонларда асло қатнашмаганим, ўзимни бу ишларда қатнашиб, омон чиқишга жуда ҳақгўй ҳисоблаганим учун; на сизларга, на ўзимга фойда келтирмайдиган жойга бормаганим, ўрнига ҳаммага шахсий суратда улкан, қайтараман, олийжаноблик кўрсата оладиганим ишга киришганим учун, ҳар бирингизни бошқа ишларга киришишдан аввал ўз-ўзингизни камолотга етказиш, яхши ва доно бўлишингиз учун ҳаракат қилишга ундаганим учун қандай адолатли жазога дучор бўлишим лозим? Қандайдир яхшиликка, эй Афина муҳтарамлари, агар ҳақиқатан ҳам ҳамма хизматига ярашасини топадиган бўлса, ўзимга тўғри келадиган яхшиликка муносиб эдим. Ўзингизнинг ахлоқингиз учун зарур бўлган марҳаматингизга муҳтож, хизмат кўрсатган ва камбағал кишига қандай жазо ёки мукофот тўғри келади? Бундай одам учун, эй Афина муҳтарамлари, Пританеядаги текин тушликдан ҳам кўра муносиброқ мукофот йўқ, ҳар ҳолда бунга сиздан – Олимпияда отда, қўш аравада ғалаба қозонган одамдан кўра кўпроқ муносиб, чунки бундай одам сизни бахтли қилишга эмас, бахтлиман деб ўйлашингизга интилади, мен сизни бахтли қилишга интиламан, ва у текин таомга муҳтож эмас, мен эса муҳтожман. Шундай қилиб, агар ўзимга муносиб жазо беришим зарур бўлса, мен Пританеяда текин тушлик танлайман. Балки сиз бу гапни кибрдан айтяпти деб ўйларсиз, худди ёш тўкишлар ва тизза чўкишларда гапирганим каби, аммо ундай эмас, афиналиклар, гап шундаки: менинг ўзим ҳеч кимни онгли равишда хафа қилмаганимга ишонаман, аммо сизни бунга ишонтиролмадим, чунки биз жуда кам суҳбат қурдик; менимча, агар қатл қарорини бир эмас, бир неча кунда кўриб чиқиш имконияти бўлганда ишонган бўлар эдингиз; аммо энди иш у қадар ҳам осон эмас – оз вақт ичида буюк бўҳтонларни ўзидан соқит қилиш. Шундай қилиб, ҳеч кимни хафа қилмаганимга ишонар эканман, ҳеч қачон ўз-ўзимни ҳафа қилиб, ўзимга жазо тайинламайман. Нега? Чунки Мелет мен учун талаб қилаётган жазодан қўрқмайман ва унинг яхши ёки ёмон эканлигини ҳам билмайман. Демак, унинг ўрнига ёмонлик эканлигини аниқ билганим бирор жазони беришим керакдир? Умрбод қамоқми? Мунтазам ўзгариб борадиган ҳокимиятнинг Ўн бирлар қули бўлиб қамоқда яшаш нега керак? Жарима ҳамда уни тўламагунимча қамоқми? Бу умрбод қамоқ, деган гап, чунки тўлагани ҳеч вақойим йўқ.

У ҳолда ўзимни сургун қилишга ҳукм қилсаммикин? Бу қарорни жон деб қўллаб-қувватласангизр керак. Сиз, ўз ҳамюртларим ораларингда бўлишимни қабул қила олмадингиз, сўзларим сиз учун оғир, кўтариб бўлмас кўринди-ки, эндиликда улардан қутулишни истайсиз, хўш, қолганлар буни кўтарармиди? Ҳеч қачон. Йўқса мен учун бу ҳаёт жаннат бўларди – қариганда ватанимдан ҳайдалиб, шаҳардан-шаҳарга ўтиб яшамасдим. Аниқ биламанки, қаерга бормай, ҳар ерда ёшлар сўзимни бу ерда тинглагандек эшитадилар; агар уларни ҳайдасам, уларнинг ўзи мени катталарнинг қўли билан ҳайдаттириб юборади, уларни ҳайдамасам, оталари ва уйидагилари айни шу сабаб ҳам ҳайдайдилар. Ўшанда кимдир: “Суқрот, наҳот биздан кетиб ҳам тинч ва осуда яшай олмаган бўлсанг?” дейди. Айни мана шунга баъзиларингизни ишонтириш қийин. Аслида, бу худога қулоқ солмаслик бўларди, деб айтсам, сиз менга ишонмайсиз ва ҳазиллашяпти, деб ўйлайсиз; бошқа томондан, ҳар куни сиз билан суҳбатлашадиганим мавзуларда – жасорат, мардлик ва ҳоказолар ҳақида гапириб, ўзимни ҳам, бошқаларни ҳам синов остига олсам, инсон учун энг буюк яхшилик шунда, деб айтсам – бунга ишонишингиз ундан ҳам қийин. Аслида эса айнан шундай, эй муҳтарамлар, аммо бунга сизларни ишонтириш қийин. Боз устига мен ўзимни қандайдир аҳмоқона нарсага муносиб деб ўйламайман. Пулим бўлганида, бунинг бадалини тўлардим, менга ҳеч қандай зарари бўлмасди, аммо пул – йўқ. Сизга бир кумуш мина беришга қурбим етади, ўзимга шуни белгилай қоламан. Аммо мана булар, эй Афина муҳтарамлари, – Платон, Критон, Критобул, Аполлодор – улар менга ўттиз мина белгилашимни, тўловни эса ўзлари бўйинларига олишларини айтишяпти, демак, шуни белгилайман, тўловчилар эса шу сизларга ишончли инсонлар бўлади.

Ўлим ҳукмидан сўнг

Бироз кутмадингизлар-да, эй Афина муҳтарамлари, мана энди сиз ҳақингизда шаҳримизни бадном қилмоқчи бўлганлар орасида ёмон гап-сўз тарқайди, улар таниқли донишманд Суқротни ўлдирганингиз учун сизни айблайдилар. Албатта, сизни бадном қилмоқчи бўлганлар мени донишманд деб атайди, гарчи ундай бўлмаса ҳам. Агар бироз кутганингизда, шундоқ ҳам ўша иш ўз-ўзидан содир бўларди; ёшимни эсланг – ҳаётда қанча яшадим-у, ўлимим қанчалик яқин. Бу гапим ҳаммангизга эмас, қатлимга рози бўлганларга айтмоқдаман. Яна ўша одамларга айтмоқчиман-ки, балки, эй муҳтарамлар, сизни ўз томонимга оғдирувчи сўзлар етишмагани учун қатл қилиняпти, деб ўйларсизлар. Ундай эмас. Етмасликка-ку, етмади, аммо сўзлар эмас, балки сурбетлик ва юзсизлик етмади, шунингдек, сизларга хуш ёқувчи сўзларни йиғи-сиғи билан айтишни истамадим. Ҳаётим хавф остида бўлганида қулларга хос нимадир қилишни лозим топмадим, ҳозир ҳам бошқача ҳимояланиб, омон қолгандан кўра, тик туриб ҳимояланиб, ўлим топишни афзал кўраман. Чунки на судда, на урушда, на менга, на бошқа бировга ўлимдан ҳар хил баҳона билан қочиб юриш тўғри келмайди. Чунки жангларда кўпинча маълум бўладики, ўлимдан минг хил усулда қочиш мумкин, қуролни ташлаш, душманга таслим бўлиш, ялиниш... Фақат буларни қила олиш керак. Ўлимдан қочиш осон, эй муҳтарамлар, ахлоқий бузилишдан эса қочиш анча қийинроқ, чунки у ўлимдан тезроқ содир бўлади. Мен эса сокин қарияман, хотиржамлик менга хос, айбловчиларим эса кучли ва забардаст, улар кучли келадиган нарса билан – ахлоқий бузилиш билан хосланган. Мана мен, сизлар томондан суд қилиниб, ўлим томон қадам ташлаб бормоқдаман, уларни эса ҳақиқат суд қилади, улар ёмонлик ва ноҳақлик томон қадам ташлайдилар; мен ўз йўлимда қоламан, улар ўз йўлида. Шундай бўлиши ҳам керак ва менингча, бу тўғри ҳам.

Энди эса, қадрли айбловчиларим, бундан кейин сизга нималар бўлиши ҳақида гап очишга изн берсангиз. Зотан, умрим шу нуқтага етдики, бу пайтда одамлар, айниқса, қачон ўлиши ҳақида башорат қилишга мойил бўлади. Мен айтаманки, эй мени ўлдирган муҳтарамлар, ўлишим билан сизга ўлимимдан-да оғирроқ қасос келади. Чунки бу билан ўз ҳаётингизга ҳисоб беришдан халос бўлмоқчи эдингиз, энди эса бунинг мутлақо тескариси юз беради – энди юзларингизни очувчи кўпаяди. Аввал сиз уларни сезмас эдингиз, мен эса уларни тутиб турардим. Улар қанча ёш бўлса, шунча тоқатсиз бўлади, сиз эса ҳеч нарсани тушунмай қоласиз. Аслини олганда, одамни ўлдириш орқали нотўғри яшаётганингиз ҳақидаги иддаолардан халос бўла олмайсиз. Ахир бундай ҳимояланишнинг на бир тўлиқ имкони бор, на бу яхши йўл, яхши ва имконли йўлини эса сизларга мен айтаман: бошқаларнинг оғзини ёпиш ўрнига, яхшироқ бўлишга ҳаракат қилинг. Мана энди, шуни айтиб, сизни тарк этаман. Мени оқлаганларга эса то қатл жойи тайёр бўлгунча мазкур ҳодиса ҳақида бажонудил суҳбатлашиш ниятим борлигини билдираман. Ҳозирча ёнимда бўлинг, муҳтарамлар! Вақтимиз бор экан, суҳбатимизга ҳеч нарса халақит бермайди. Сиздек дўстларимга бугунгидек вазият аслида нимани англатишини айтиб берай. Эй муҳтарам ҳакамлар – сизни бемалол ҳакам деб айта оламан – қизиқ иш содир бўлди. Аслида, бутун ўтган вақт давомида менга таниш бўлган илоҳий овоз доимо эшитилиб турди ва энг кераксиз вақтларда, нимадирни нотўғри қилмоқчи бўлганимда мени тўхтатиб турди; энди эса, ўзингиз кўриб тургандек, энг ёмон ёвузликдек кўринадиган бир ишга дучор бўлдим; ҳар ҳолда, шундай тушунилади; лекин илоҳий овоз на эрталаб бу ерга йўлга чиқар эканман, на судга кирар эканман, на нутқ сўзлар эканман, мени тўхтатмади. Аввалари нимадир десам, кўпинча сўзимнинг ўртасида у овоз мени тўхтатиб қўяр, бу ишда эса бирор маротаба тўхтатмади. Буни қандай тушунмоқ керак? Сизга айтай: тушунишимча, бунинг ҳаммаси фойдамга бўлди, биз эса ўлимни ёвузлик, деб ҳисоблаб адашдик. Бунинг учун энди буюк далилим бор, чунки қилмоқчи бўлган ишим яхшиликка бўлмаганда, илоҳий овоз мени албатта тўхтатган бўлар эди.

Келинглар, мушоҳадада давом этамиз: ўлим яхшилик эканлиги қанчалик тўғри бўлиши мумкин? Ўлим, очиғини айтганда, икки нарсадан бирини англатади: ёки гап-сўзлардан келиб чиқсак, бор нарсанинг йўқ бўлиши бўлиб, у ҳолда марҳум ҳеч нарсани ҳис қилмайди, ёки бу руҳ учун қандайдир кўчиш нуқтаси, бу ердан бошқа жойга ўтиш даври. Агарда бу ҳар қандай ҳиснинг йўқ бўлиши бўлиб, гўё уйқуга кетгандек иш бўлса, бу жуда ҳайратланарли неъмат бўларди. Менимча, бундай, ҳатто туш ҳам кўрмасдан ухлаб ўтказилган тунни ҳаётидаги бошқа кунлар билан солиштириб, бундан яхшироқ ва ёқимлироқ кунни топиш айтилганда, наинки ҳар қандай оддий одам, балки Олий Зотнинг ўзи ҳам бундай кунларни бошқа кунлар билан таққослашнинг мутлақо ҳожати йўқлигини айтган бўларди. Демак, ўлим шундоқ экан, мен буни ўзим учун неъмат деб биламан, чунки унда бутун ҳаёт бир тундан ҳеч қанақасига яхшироқ эмас, бўлиб чиқяпти. Бошқа томондан, агар ўлим бу ердан бошқа ерга кўчиш бўлса ва барча ўлганлар ўша ердадир, деган гаплари тўғри бўлса, бундан ҳам яхшироқ нарса борми, эй муҳтарамлар? Аслида, мана бу “ҳакам”лардан қутулиб, Аид ҳузурига бориб, у ерда ҳақиқий ҳакамларни топсанг, Аид ҳузурида суд қилиши айтиладиган Миносни, Радамантни, Эакни, Тритолемни ва адолати билан ном қозонган ҳамма яримхудоларни топсанг, – буни ёмон нарса деб айтиб бўладими?! Ҳар бирингиз Орфей, Мусей, Гесиод, Гомерлар билан бирга бўлиш учун нималарга рози бўлмас эдингиз! Менга келсак, агар буларнинг барчаси ҳақиқат бўлса, минг бора ўлишга тайёрман, ўзим учун эса, у ерда Паламед билан, ёки Теламоннинг ўғли Аякс билан ёки яна қадимгилардан суднинг ноҳақ қарори билан ҳалок бўлган кимдир билан суҳбатлашиш ва ўз тақдиримни уларники билан қиёслаб кўриш қизиқ бўлар эди. Ва ниҳоят, энг асосийси – у ердаги одамларни худди бу ердагидек таниб олиш учун вақт сарфлаш, яъни ким доно, ким эса доно эмас, аммо ўзини доно деб ўйлайди; эй муҳтарам ҳакамлар, буюк қўшинни Троя остонасига келтирганлардан ҳақиқатни тинглаш, Одиссей, Сизиф ва кўплаб бошқа эркак ва аёлларни таниш, суҳбатлашиш ва бирга яшаш таърифлаб бўлмас неъмат бўларди. Шубҳа йўқ-ки, у ерларда бунинг учун ўлдиришмайди, чунки, аввало, у ердаги одамлар, гап-сўзларга ишонилса, абадий ўлмас эканликлари учун буёқдагилардан фазилатлидирлар.

Лекин сиз учун ҳам, эй муҳтарам ҳакамлар, ўлим ҳақида ҳеч қандай ёмон хаёл қилиш тўғри келмайди, сирасини айтганда, яхши одам билан на тириклигида, на ўлгандан сўнг ёмон иш содир бўлади, чунки худолар унинг ишини доимо ўнглайдилар; мана ҳаётим ҳам ўз-ўзидан ўнгланмади, қайтага, очиқ-ойдинки, ўлиб, бу заҳматлардан халос бўлиш мен учун аълороқ. Шунинг боис ўша овоз мени ушлаб турмади, ўзим ҳам на бу ҳукмни чиқарганларга, на айбловчиларимга таъна қилмайман. Айтайлик, улар менга ҳукм ўқиб, зарар етказиш мақсадида айблашгани нафратга сазовордир. Лекин барибир уларга бир кичик илтимос билан юзланмоқчиман: эй муҳтарамлар, агар бир кун ўғилларим катта бўлиб, мардлик ва жасорат ўрнига пул ёки яна бошқа нимадирнинг дардига тушишса, мен сизларга қилган ишни уларга қилиб, қасос олинглар; агар ўзлари ҳеч нарса бўлмаган ҳолларида ўз ҳақларида кўп ўйлай бошласалар, мен сизларга қилган каби керакли нарса устида бош қотирмаганликлари ва ўзлари ҳеч ким бўлмасдан туриб ўз ҳақларида бир нарсаларни ўйлаб олганликларини айтинглар. Шундай қилар экансиз, ўғилларимнигина эмас, менинг ўзимни ҳам адолат билан жазолаган бўласиз. Кетар пайти етди, мен – ўлимга, сиз – ҳаётга борасиз, аммо қайси биримиз аъло йўлга кетаётганимиз ёлғиз Худога аён.

ТАМОМ

02.06.2023

Таржимон: Одилхон Орифжонов