July 30, 2019

Экоҳаракат уйғонди: экодепутатлар дарахтларни кесишга мораторий жорий этмоқчи

Экологик ҳаракат депутатларининг ташаббускор гуруҳи Экологик партия билан биргаликда Қонунчилик палатаси муҳокамасига мамлакат бўйлаб дарахтларни кесишга уч ойлик мораторий жорий этиш мурожаатини киритмоқчи. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг "Правда Востока" нашри хабар берди.

"Ўзбекистонда дарахтларни кесиш билан боғлиқ вазиятга жамиятнинг оғриқли муносабати узоқ вақтдан бери мавжуд. Бу Тошкент шаҳридаги хиёбоннинг юз йиллик чинорлари беаёв кесилишидан бошланди ва бутун мамлакат бўйлаб давом этди: Тошкентдаги хиёбон, Фарғонадаги Марказий кўча (собиқ Карл Маркс), Урганчдаги қирғоқбўйи ва бошқа кўп жойларда. Давлат органлари аввалига қилаётган ишига бирор жўяли жавоб топишга ҳаракат қилишди, лекин сўнгги йилларда ҳатто огоҳлантиришлару изоҳ беришлар ҳам тўхтади – шунчаки асрга тенгдош дарахтларни кесиб, ўрнига арчалар экишди", – дейилади депутатлар кўриб чиқиши учун топширилган ҳужжатда.

Ҳужжатда айтилишича, ҳокимлар, Давлат экология қўмитаси ва бошқа мутасаддиларнинг мавҳум изоҳлари, расмиятчилик учун ёзилган хатлари, қабул қилинган қарорларда бирор жўяли тушунтириш йўқлиги, жамоатчилик фикрига эътиборсизлик, мулоқот қилишни истамаслик аҳоли ўртасида норозиликнинг кучайишига, ижтимоий тармоқларда салбий ахборотларнинг тарқалишига ва замонавий мансабдор шахснинг салбий қиёфаси шаклланишига олиб келади.

"Дарахтларни кесиш билан боғлиқ кўп ҳолларда аниқ жиноят излари кузатилса ҳам, уларни бости-бости қилиш кузатилади", – дейилади хатда.

Экодепутатларнинг фикрича, тезкор ва профилактик чораларни кўриш вақти келди, улардан бири ҳеч бир истисносиз бутун республика бўйлаб 3 ой муддатга дарахтларни кесишга мораторий эълон қилишдир. Мораторий мансабдорларнинг нотўғри қарорлари оқибатларини камайтирувчи ва ижтимоий кескинликни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар қабул қилингунча давом этиши керак.Давлат экология қўмитаси маълумотларига кўра, олти ой давомида атроф-муҳит қонунчилигининг бузилиши ҳолатлари аниқланган бўлиб, унда ўсимлик дунёсига 2,24 млрд сўмлик зарар етказилган.

1232 та маъмурий иш бўйича 961,9 млн сўмлик жарима ундирилган. Дарахтларни ноқонуний кесганлик учун еттита жиноят иши қўзғатилган. Жиноят ишлари бўйича умумий зарар 1,4 млрд сўмни ташкил этади.

Судларга, прокуратурага ва ички ишлар органларига жарима ва товон пулини ундириш учун жисмоний ҳамда юридик шахсларга нисбатан қўзғатилган 189 та маъмурий ва жиноий иш юборилди.

Manba: minbar.uz