August 5, 2019

Ўзбекистонга хорижий инвеститсиялар жалб қилишни жадаллаштириш бўйича Германияда халқаро конференсия ўтказилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасига хорижий инвеститсиялар ва экспертларни жалб қилишни жадаллаштириш бўйича Германия Федератив Республикасида халқаро конференсия ўтказиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Eл-юрт умиди” жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвеститсиялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2019 йил 7-8 ноябр кунлари Ўзбекистон Республикасига хорижий инвеститсиялар ва экспертларни жалб қилишни жадаллаштириш бўйича Германия Федератив Республикасида халқаро конференсия ўтказиш юзасидан таклифига розилик берилиши мумкин.

Қуйидагилар:

Халқаро конференсияга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита;

Халқаро конференсияга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланади.

Ташкилий қўмита (С. Умурзоқов)га:

Халқаро конференсияга ташриф буюрган хорижий тадбиркорлар, инвесторлар ва эксперт-таҳлилчилар, шу жумладан ватандошлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг истиқболли тармоқларига хорижий инвеститсияларни жалб қилиш, мамлакат туризм салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш, соғлиқни сақлаш, олий таълим, илмий-тадқиқотлар ва бошқа турли соҳаларда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан тегишли таклифларни тайёрлаш;

Халқаро конференсияни юқори савияда ўтказиш учун барча зарурий ташкилий ишларни кўриш вазифаси топширилади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги элчихонаси билан биргаликда:

Халқаро конференсия ишини Германия Федератив Республикасининг Берлин шаҳрида хорижий тадбиркорлар, инвесторлар ва эксперт-таҳлилчилар, шу жумладан ватандошлар билан ҳамкорликда юқори савияда ўтказиш;

Германия Федератив Республикаси ва унга яқин бошқа Европа давлатларида истиқомат қилаётган ва фаолият олиб бораётган қимматли тажрибага эга бўлган ватандошларимизнинг Халқаро конференсия ишида фаол қатнашишларини таъминлаш вазифалари юклатилади.

Ўзбекистон Республикаси Инвеститсиялар ва ташқи савдо вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирилиги, Инноватсияни ривожлантириш вазирилиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Eл-юрт умиди” жамғармаси билан биргаликда Халқаро конференсия пленар йиғилишида Ўзбекистоннинг инвеститсион муҳити, туризм салоҳияти, хорижий давлатларда юқори малакали ва замонавий билимли мутахассислар тайёрлаш сиёсати ҳамда ватандошлар билан доимий мулоқотлари юзасидан ўз тақдимотларини ўтказади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Халқаро конференсия давомида миллий урф-одатларимиз ва қадриятларимиз акс этган, махсус тайёрланган дастур асосида маданий тадбирлар ташкил этади.

Manba: kun.uz