Осиё давлатларида ўрмонларнинг бугунги ҳолати, истиқболдаги режалар ва ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Анъанавий тарзда ўтказиладиган мазкур ҳафталикда илк марта юртимиз вакиллари ҳам иштирок этишди. Тадбирнинг моҳияти, мамлакатимиз ҳаёти учун аҳамияти ва умуман юртимиздаги ўрмончилик соҳаси аҳволи бўйича ҳозирда Инчеонда бўлиб турган, Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари Абдушукур Ҳамзаев Kun.uz учун қисқача маълумот берди. «Ҳафталик давомида Корея Ўрмон хўжалиги миллий институти (NiFoS), Осиё Ўрмончилик институти (AFI), Вьетнам Ўрмон тадқиқотлари академияси ҳамда Индонезия Ўрмон хўжалиги раҳбарлари билан Ўзбекистоннинг қурғоқчил ҳудудлари, жумладан, Орол денгизининг қуриган тубида инновацион усулларда ўрмон барпо этиш, илмий ҳамкорлик каби масалалар бўйича музокаралар олиб бордик, — дейди Абдушукур Ҳамзаев. — Шунингдек, учрашувлар давомида Корея ўрмон хўжалиги миллий илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорлик меморандуми имзолаш келишилди.
Ўзбекистон делегациясининг тақдимотига халқаро экспертлар, Осиёдаги ўрмон хўжалигини юритишга масъул ташкилотлар раҳбарлари томонидан илиқ муносабатлар билдирилди. Қатор келишувларга эришилди. Айниқса, 2018–2019 йиллардаги ўрмон барпо этиш бўйича ишлар ва янги норматив ҳужжатлар, Орол денгизидаги ишларга катта баҳо берилди. Орол бўйича қилинаётган ишлардан кўпчилик Осиё давлатлари тегишли ташкилотлари хабардор.
Ҳафталикда таъкидланганидек, сайёрамизда киши бошига 0,5 гектар ўрмон тўғри келади. Ўзбекистонда эса бу кўрсатгич 0,1 гектарга тўғри келади. Йирик ўрмонларга эга давлатлар, масалан, Канадада бу кўрсаткич — 8,9, Австралияда — 6,7, Россияда — 5,6 гектарга тенг.
Осиёда ўрмон билан қопланганлик даражаси 20 фоиз. Энг кўп ўрмон билан қопланиш эса Жанубий Кореяда – 73 фоиз, шунингдек, бу кўрсаткич Лаосда — 71, Японияда — 67, Бутанда — 64, Мянмада ва Шимолий Кореяда — 63 фоизни ташкил этади. Ўрмон билан қопланиши энг кам давлатлар эса Яман (0,9 гектар), Баҳрайн (0,7 гектар), Кувайт (0,3 гектар), Афғонистон (0,5 гектар), Миср ва БАА (1 гектар) дир. Ўзбекистон ҳудудининг 7 фоизи ўрмон билан қопланган. Яқин уч-тўрт йилда ўрмонларни яна камида 14 фоизга етказиш бўйича концепция ишлаб чиқилган. Биргина Орол денгизи мисолида айтадиган бўлсак, мазкур денгиз қуриган ҳудудида жорий йилнинг ўзида 461 минг гектар ўрмон барпо қилинди.
Ўрмон билан қопланиш даражаси мамлакат учун жуда муҳим кўрсаткич ҳисобланади. Бу даража қаерда юқори бўлса, тоза ҳаво, кислород кўп дегани, сув ва бошқа табиий ресурслар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси бой дегани. Буларнинг ҳаммаси инсоннинг яхши яшаши ва узоқ ва соғлом ҳаёт кечириши учун муҳим омил.
Шаҳар ҳудудида барпо этилган бир гектар дарахтзор бир соатда саккиз килограмм заҳарли газлар ва карбонат ангидридни ютади. Бу миқдордаги углекислоталар, карбонат ангидридни бир соатда 200 киши атмосферага чиқаради. Тошкент шаҳри шароитидан келиб чиқадиган бўлсак, ҳар бир инсон нормал шароитда яшаши учун 50 метр квадрат кўкаламзорлаштириш керак. Кейинги йилларда Тошкент, Самарқанд ва бошқа қатор шаҳарларда кўкаламзорлаштириш анча кенгайди. Аммо бу ишларни нафақат давлат идоралари балки ҳар бир хўжалик ташкилоти амалга ошириши лозим», — дейди Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари А.Ҳамзаев.