November 9, 2019

ТЎЙ ВА МАРОСИМЛАРНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА ТАРҒИБОТ ТАДБИРЛАРИ ДАВОМ ЭТТИРИЛМОҚДА.

Жорий йилнинг 9-ноябрь куни Узун туман адлия бўлими ҳамда “Оила” илмий-тадқиқот маркази билан биргаликда ёш келин-куёвларга Олий Мажлис палаталари кенгашларининг қўшма қарори (КҚ-592–III/2736–III-сон, 14.09.2019 й.) билан “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом талаблари юзасидан тарғибот тадбири амалга оширилди.

Йиғилганларга, тўйларни ихчам, камхаражат қилиб ўтказиш давлатимиз сиёсати даражасидаги масалага айланганлиги, тўй нафақат ижтимоий ҳодиса, балки миллатимизнинг ўзига хос урф-одати, маданияти, шаъни, обрўси масаласи эканлиги батафсил тушунтирилиб ўтилди.

Бироқ сўнгги йилларда халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттирган тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланаётганлиги таъкидланди.

Узун туман адлия бўлими томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ушбу низомнинг мазмун ва моҳиятини аҳолининг барча қатламлари орасида қолаверса ҳар бир хонадонгача етиб боришини таъминлаш юзасидан доимий манзилли тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Узун туман адлия бўлими