МУТТАҲАМ ҲИКОЯСИ

МУТТАҲАМ ҲИКОЯСИ

 https://t.me/uz_huquqshunos

Ниҳоят, оқшом соат ўнга яқин ўзим таклиф этилган данғиллама уй олдига илгаритдан шунчаки таниш бўлган ва бугун кутилмаганда менга қўшилиб, икки соатдан бери кетимдан кўчама-кўча эргашиб юрган одам билан етиб келдим.

— Хўш! – дедим мен ва хайрлашишимиз зарурлигига ишора қилиб, чапак чалдим. Олдин ҳам бир неча марта шама қилгандим. Йўқ, жуда чарчаб кетдим.
— Ҳозироқ юқорига чиқасизми? – сўради у мендан, бир-бирига урилгандек, тишлари такиллаб.

— Ҳа.

Мен-ку, таклиф этилганман, буни унга аллақачон айтиб эдим. Албатта, ҳозир шу ерда пастда, дарвоза олдида рўпарамдаги манови кишининг қулоқларига тикилиб ва оғзимизга толқон солиб, узоқ қолиб кетгандан кўра, жон деб юқорига чиққан бўлардим. Шу тахлит индамай туришимизга ён-веримиздаги уйлардан тортиб, то улар узра чўккан шом ва юлдузларгача ҳамдардлик билдираётгандек эди гўё. Ҳозир қаёққа боришаётганининг унчалик ҳам аҳамияти бўлмаган кўзга кўринмас сайр қилувчиларнинг қадамлари, қарама-қарши томонда жойлашган кўчанинг пинжига суқилишга уринаётган шамолнинг увиллаши ҳамда аллақаёқдаги хонадон деразалари оша таралаётган граммофон овози, гўё азалдан ва бир умр бу уларнинг мулкидек, жимжитлик қаъридан эшитилиб турарди.

Ҳамроҳим эса, бир илжайди-да, ҳам ўзининг, ҳам менинг қиёфамни бирлаштириб, битта одамга айланди, — ўнг қўлини девор бўйлаб юқорига кўтарди ва кўзларини юмиб, деворга суянди. Унинг бундай қилиғини кўриб, уялиб кетдим. Чунки бу билан унинг бориб турган муттаҳам эканлиги шундоққина фош бўлди-қолди. Бир неча ойдан буён шаҳарда бунақанги фирибгарларни кўравериб, уларнинг кечалари ён кўчалардан чиқиб келиб, худди ресторан, меҳмонхона ёки бўлмасам қовоқхона хўжайинларига ўхшаб, мулозамат қилишларига кўникиб қолгандим. Афишалар ёпиштирилган устунлар олдида турган пайтимизда атрофда айланиб юриб, худди бекинмачоқ ўйнаётгандек, устун панасида туриб, ўғринча кўз қири билан бизни кузатиб, пойлашарди, қолаверса, кўча чорраҳаларидан ўтишимиз билан йўлка четида бирданига пайдо бўлиб қолишлари-чи!

Хуллас, мен уларни яхши билардим, ахир улар шаҳардаги мўъжазгина ресторан, майхона ва меҳмонхоналарда илк бор учратиб, таниганларим эди-да. Улар кўринишдан шунақанги гапга кўнмас одамлар бўлардики, ҳозир буни ҳис қилиб, қаерда турганлигимни ҳам билолмай қолдим. Ўзи улардан қочиб, тутқич бермай юрсанг-у, яна тағин олдингдан лоп этиб чиқиб туришини қаранг! Бирпас тин олишмайди, йиқилиб ҳам қолишмайди, одамга узоқдан бўлса-да, бир қарадими, измига солмай қўймайди! Топган усуллари ҳамиша бир хил: оёқларини кериб, олдингда “мана-ман” деб туриб олади; бирор ёққа бормоқчи бўлиб турсанг, йўлдан уради; эвазига эса сен учун дилида уй (хона) тайёрлаб қўяди, буларни кўргач, одамда ҳиссиёт пайдо бўлади, буни қучоқ очиш деб ўйлаб, сенга ташланишади.

Мана ҳозир бунақа эски ҳазилларни сезиб қолдим. Сир бой бермай, бармоқларим учларини бир-бирига ишқай бошладим.

Бу одам эса, суянганича миқ этмай, ўзини ҳамон фирибгардек тутарди. Ниҳоят, тақдирга тан бердими, бети бирдан қизариб, бўзариб кетди.

— Танидим! — дедим ўзимга ўзим ва унинг елкасига енгил туртиб қўйдим. Сўнгра зинадан тез юқорига чиқдим, қабулхонада турган хизматкорларнинг юз-кўзларидаги асоссиз садоқат ифодасидан кутилмаган совғадек, севиниб кетдим. Уларнинг барчасига бир-бир разм солиб чиқарканман, пальтомни ечиб, этигимнинг чангини ҳам артиб қўйишди. Сўнг енгил нафас олиб ва бўйим чўзилиб, ичкарига – залга кирдим.

 @uz_huquqshunos

https://t.me/uz_huquqshunos