Н. Йўлдошев прокурорларни битта-битта «эзғилади»
Бир неча кун Сардобадаги фалокат сабаб Сирдарёга «танда қўйган» Бош прокурор Ниғматулла Йўлдошев бугун тизим ходимлари билан видеоселектор ўтказди. Унда карантин чекловларини енгиллаштириш, аҳолини ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда иқтисодиётни тиклашга оид Давлат раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижроси муҳокама қилинди.
Хабар қилишинича, кун тартибидаги масалалар бўйича жойлардаги прокурорларнинг ахборотини эшитиш билан чекланилгани йўқ. Балки улар жиддий равишда танқидий таҳилил қилиниб, анча-мунча прокурорлар «обориб-опкелинди».
Пандемиянинг таъсирини юмшатишга қаратилган ишларда прокуратура органларининг ҳам ўзига яраша ҳиссаси бор. Эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса зарурий озиқ-овқат маҳсулотларининг доимий таъминоти айни орган зиммасига юклатилган. Шундан келиб чиқиб, бош қонун посбони прокурорлар масъул бўлган секторларда камхарж оилаларни қўллаб-қувватлаш ишларини аниқ кундалик режалар асосида, ҳар бир оила кесимида амалга оширишни талабини қўйди.
Маълумотларни махсус дафтарга қайд этиш орқали бирорта хонадон эътибордан четда қолмаслигига эришиш лозимлиги таъкидланди. Бундай механизм эҳтиёжмандларга кўрсатилаётган моддий ва бошқа турдаги ёрдамнинг тўлиқ, ўз вақтида манзилга етиб бориши, бу борада турли суиистеъмолчилик, талон-торож, сохтакорлик ва кўзбўямачиликларнинг олдини олишга хизмат қилиши айтилди.
Шу кунга қадар прокурорлар секторларидаги 80 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилага бевосита уларнинг хонадонига кириб, моддий, ҳуқуқий ва бошқа тарздаги амалий ёрдам кўрсатилиши таъминланди. Бу яхши, албатта. Бироқ бугунги вазият олиб борилаётган ишлар туман ва шаҳарлар кесимида ҳам таҳлил қилиниб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, амалга оширилаётган чора-тадбирлар кўламини янада кенгайтиришни талаб қилмоқда.
Демакки, прокурорларга қўйилаётган талаблар ҳам шунга яраша. Шундан келиб чиқиб, қанчалар оғир бўлмасин, бугуннинг талабларига жавоб бераолмайдиган ходимлар тизимдан бутунлай четлатишгача бўлган таъсир чоралари қўлланиши ҳақида яна бир бор огоҳлантирилди.
Видеоселектор йиғилишда Бош прокурор ўринбосарлари (тизим раҳбари ёнида) савлат тўкиб ўтиргани йўқ. Уларнинг барчаси жойларга чиқарилган бўлиб, ҳудудлар кесимида амалга оширилаётган ишлар устида турибди.
manba: https://xabar.uz/g7pu
@uz_huquqshunos