December 5, 2018

Азим дарёлардан баҳраманд боғлар

Умрини адабиётга бахшида этган, халқ меҳрини қозонган ва адабий мероси билан миллий адабиёт хазинасини бойитган улкан адибларни пурвиқор тоғларга, азим дарёларга қиёслаймиз. Адабиётимизнинг атоқли намояндаларидан бўлган Исҳоқхон тўра ­Ибрат, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва Муҳаммад Юсуфни ана шундай азим дарёлар деб атагимиз келади...

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан атоқли адибларимиз номида ижод мактаблари ташкил этилиши адабиётимиз келажаги йўлидаги муҳим қадам бўлди.­ ­Бу даргоҳларда таълим олаётган ўқувчиларнинг эртага азим дарёлар каби жўш уришига, осмонўпар тоғлар сингари ижодий юксалишига умид қиламиз.

Устозлар билан Ижод мактабларида маҳорат сабоқлари ўтар эканмиз, завқ-шавққа тўлган кўплаб ёш қаламкашларни кашф этдик ва улар қандай улуғ ғоя меваси эканлигини янада теранроқ англадик. Таълим жараёнида олган тааcсуротларимиз асосида “Бунда булбул ­китоб ўқийди” номли рисолани нашрга тайёрладик. Яқин кунларда ўқувчилар қўлига етиб борадиган ушбу китобга Ижод мактабларида ўқиётган иқтидорли ёшларнинг ижодидан ҳам намуналар киритилган. Улардан айримларини муҳтарам газетхонлар эътиборига ҳавола этишни ният қилдик.

Ғайрат МАЖИД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари

-------------------------------------------------------------------

Исҳоқхон тўра Ибрат номидаги ижод мактаби

Нозима ҚозоҚжонова

Фахрия

Бетакрорим, ягонам Ватан,

Онамдайин меҳрибон, суюк.

Сен қалбимнинг жўшқин илҳоми,

Суянчиғим, залворинг буюк.

Истиқлолнинг қуёши балқди,

Ортда қолди зулматли кунлар.

Ҳар бир ўзбек юракларида

Энди умид дарахти гуллар.

Шу юрт учун фидо бу жоним,

Кипригимда асрайин уни.

Шодликларга, қувончга тўлсин,

Ўзбегимнинг ҳар битта куни.

Бетакрорим, ягонам Ватан,

Сени ўйлай, куйлайин фақат.

Юртим бахту иқболи учун

Хизмат қилмоқ – олий саодат.

Моҳидил ОЛИМОВА

Ошхонада

Бир куни ошхонада,

Бўлибди катта жанжал.

Ўртага олиб тузни,

Қилибдилар хўп ўсал.

Асал ўзин мақтабди:

“Мендан ширин нарса йўқ,

Одамлар севишади

Болим шириндир, гап йўқ”.

Шакар ҳам қўшилибди,

“Мен асалдан тотлиман.

Сендек таъмим шўр эмас,

Шакарқамиш зотлиман”.

Туз дебди: “Тўғри, сиздек

Тотли, ширин эмасман,

Аммо шу ошхонада

Ҳеч ўрним йўқ, демасман.

Мен бўлмасам агарда,

Одам кўнгли тўлмайди.

Ҳар қандай ширин таом

Асло тузсиз бўлмайди”.

Дўстларим, бировларни

Ранжитишдан қилинг ор.

Ҳар нарсанинг ҳаётда

Ўз ўрни, ўз изи бор.

Дилшода ҲАКИМОВА

Она тилим

Кўҳна тарих қаъридан

Қулоқ тутсам бир замон

Бил деган садо берди,

Навоий бу, бобожон:

“Жон болам, болаларим,

Озор чекар тилимиз.

Бўлибди минг-минг тилим.

Оғримасми дилингиз?

Тилни эъзоз этмаса,

Қадриятлар қадрсиз.

Қолмаса деб нотинчман,

Меҳрибонлар меҳрсиз.

Сўзларни бой берганча,

Куюнмайсиз, куймайсиз.

Наҳот айрим сўзларнинг

Ўзбекчасин билмайсиз?

Қиёфангиз, қалбингиз,

Сизга ташвиш бермасми?

Аждодингиз тилида

Сўзласангиз бўлмасми?

Ўз уйига талпинган

Қушдай бўлинг беором.

Бу тарзда айриларсиз,

Она тилидан тамом”.

Шу садони тинглаб мен

Безовтаман, тинчим йўқ.

Лекин китоб бор экан

Тилимиздан кўнглим тўқ.

Ўзимиздай камтарин,

Ўзимиздай пурвиқор,

Қалбимиздай бойдан бой

Онажон тилимиз бор.

Мен ўн тилни ўрганай,

Мен ўн тилни билайин.

Маъно изласам тилсиз,

Эҳ, нима ҳам қилайин.

Ўзбек тили – бобо тил,

Худди чинордир азим.

Илдизларин тутгувчи.

Она халқимга таъзим.