ҚУДРАТНИНГ ЧИНАКАМ ТИМСОЛИ
Бу шаҳарга биринчи марта қадам қўйган одам ҳайратини яширолмайди. Ҳамроҳларимизнинг завқланиб: “Обод ва сўлим маскан экан”, деганларини кўп эшитганмиз. Мезбонларнинг қўлини кўксига қўйиб: “Хуш келибсиз”, дея тавозе билан кутиб олишлари янада файзли. Тарихдан хабари бор кишилар яхши билади: эндиликда мутафаккир бобомиз Алишер Навоий номи билан аталаётган вилоят Буюк Ипак йўли бўйлаб Шарқу ўарбдан келиб-кетадиган савдо карвонлари қатнаган қадим Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари ўрталиғида – бепоён кенгликларда ястаниб ётган, ўзига хос маданияти ва анъаналарига эга, не-не алломаларимиз қадами теккан қутлуғ ва барокатли маскан.
Одамларнинг ҳайратланишида жон бор: вилоят маркази – Навоий шаҳридаги турар жойларнинг бошқа шаҳарларга ўхшамаган, иттифоқо, Европа типидаги замонавий дизайн талаблари даражасидалиги, кўп қаватли бинолар, кенг ва чароғон кўчаларнинг ободлиги, коммуникация тизимларининг бенуқсон ишлаб туриши, ҳатто пойтахт шаҳарларга монанд яшаш учун қулай барча шарт-шароитларнинг муҳайёлиги кишида шундай таассурот уйғотади, албатта.
Энг муҳими, бугунги кунда аҳолининг ўз турмушидан мамнунлиги, ғурур ва ифтихорга тўла қалб билан эзгу ишларга шайлигида тоғни урса талқон қиладиган қудрат мужассам. Дарвоқе, бу ҳудуд қадимдан олтин, уран, мармар, гранит ва бошқа маъданларга бойлиги билан ҳам ном қозонган. Шу боис, ўтмишда Мурунтовнинг бебаҳо бойликлари маъданчиларни ўзига ром этиб, бағрига чорлаб турган бўлса, ажаб эмас.
Мамлакатимиз ўз мустақиллигига эга бўлиб, ер ости ва усти бойликларини тасарруфига олгач, имконият янада кенгайди. Биргина мисол: Ўзбекистон саноатининг фахри “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси ва мамлакатимизнинг ривожланган саноат шаҳарларидан бири бўлган Навоий шаҳри ўтган қисқа давр мобайнида ўзига хос тарзда шаклланди ва ривожланди. Жорий йилнинг 18 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Навоий шаҳри ва “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси ташкил топганлигининг 60 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” қарор қабул қилди. Унда “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозлашда, энг муҳими, кўп миллатли ва аҳил жамоанинг фидокорона меҳнати ҳамда профессионал фаолияти натижасида мураккаб синовларни мардоновор енгиб ўтиб, нафақат мамлакатимиз иқтисодиётида, балки дунё миқёсида ҳам ўзининг муносиб ўрнига эга эканлиги алоҳида таъкидланган. Айни пайтда, Навоий шаҳри аҳолиси ва “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси жамоаси мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги янги юксалиш босқичини белгилаб берган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида
60 йиллик байрам тантаналарига қизғин ҳозирлик кўрмоқда.
Эндиликда мажмуа тизими таркибида олтин бўлган маъданни қазиб олиш бўйича Зарафшондаги Марказий кон бошқармаси, Учқудуқ шаҳридаги Шимолий кон бошқармасининг уран, олтин, мармар, гранит, қурилиш материалларини кон-қайта ишлаш комплекслари, Нуробод шаҳридаги уранни ер остида танлаб эритмага ўтказиш ва мармарни очиқ, таркибида олтин бўлган маъданни қазиб олиш бўйича конлар; полинхлорид ва полиэтилен қувурларни тайёрлашда Жанубий кон бошқармаси, Зафаробод шаҳрида 5-кон бошқармасининг уранни ер остида танлаб эритмага ўтказиш конлари, “1-гидрометаллургия заводи” кон бошқармаси каби маҳобатли корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, Навоий шаҳрида кон-металлургия ишларини илмий асосда ташкил этиш мақсадида, 1995 йилда Навоий давлат кончилик институти ва унинг Зарафшон умумтехник факультети барпо этилган. Албатта, бундай миқёсда фаолият юритиш учун ушбу лавҳамизда таърифи келтирилаётган “Навоий машинасозлик заводи” ишлаб чиқариш бирлашмаси сингари кўп тармоқли муассасага эҳтиёж катта эди. Шу мақсадда ушбу корхонага асос солинган. Келинг, улуғ айём кунларида корхона олдидаги вазифалар, унинг оловқалб ишчи ва хизматчилари матонати ҳақида бир бошдан ҳикоя қилайлик.
ТЕМИР ҚАЙНОҚЛИГИДА ҚУЙИЛАДИ
Қуюв участкаси “НМЗ” ишлаб чиқариш бирлашмасининг асосий тармоқларидан биридир. Бу ерда минглаб турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун электропечларда суюлтирилган темир эритмасидан ғўлалар қуйиб тайёрланади. Уларнинг ҳажми ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг турига қараб ҳар хил. Айтайлик, Навоий кон-металлургия комбинати карьерларида ишлатилаётган, юз тоннагача оғирликдаги тошларни суришга қодир КОТ–Д10 русумли қудратли бульдозерни ҳаракатлантирадиган, одамлар орасида “гусеница” деб аталадиган занжир зўриққанидан узилиб кетди. Аввал бу занжирнинг зарур ҳалқалари валютага четдан келтириларди. Ҳозир эса, корхонанинг зеҳни ўткир конструктор ва технологлари, меҳнат жамоасининг маҳаллийлаштириш дастурини якдиллик билан амалга оширишлари натижасида шундай маҳсулотларни заводнинг ўзида тайёрлашмоқда. Ана энди ҳар бир бўлагининг оғирлиги 25 килограмм келадиган, қарийб 100 дона ҳалқадан иборат занжирни ҳаракатга келтирадиган бульдозернинг ҳайбатини кўз ўнгингизга келтириб кўринг.
– Мен дастлаб, бу корхонага оддий ишчи бўлиб келганман, – дейди 2016 йилда “Фидокорона хизматлари учун” орденига сазовор бўлган Фахриддин Ҳамдамов. — Айни пайтда уста темирчиман. Буюртмаларга шакл бериш, маҳсулотларни ярим тайёр ҳолга олиб келиш асосий машғулотимиз ҳисобланади. Жамоамиз билан корхонамизни янада тараққий эттиришга ҳисса қўшаётганимиздан мамнунмиз.
Ф.Ҳамдамов билан у бошқараётган бўйи том баравар болғалаш дастгоҳи қаршисида бир зум суҳбатлашдик. Ҳозиргина печдан чиққан, оташланиб турган темир ғўлалар бир неча дақиқада худди хамир зуваласидек, айлантирила-айлантирила режаланган кўринишга солинди.
– Бу ёғи пардозловчиларнинг иши, – дейди у пешона терини артаркан.
Қойил, демасдан иложингиз йўқ. Ишлаб чиқариш техникалари учун зарур бўладиган ҳар хил бичимдаги, ишчилар лаҳжасида “шайба” деб аталадиган эҳтиёт қисмларни тайёрлаш цехида ҳам иш қизғин. Корхонада бирор-бир ходимнинг беҳуда ўтирганини кўрмайсиз. Иш режалар аниқ, буюртмалар кўп. Барча шарт-шароитлар муҳайё.
Ҳамроҳимиз, НМЗ маҳаллийлаштириш бюроси бошлиғи Ботирали Юсупов олтинни ажратиб оладиган “ММС” русумли тегирмоннинг баҳайбат тишли ғилдирагини кўрсатиб: “Аввал мана шу матоҳ қарийб 800 минг АҚШ долларига четдан сотиб олинарди. Ҳозир эса ўзимиз ишлаб чиқаряпмиз”, деди фахр билан.
Бу тишли ғилдирак тўрт қисмга бўлакланиб тайёрланар экан. Диаметри 7 метр келадиган бу эҳтиёт қисмнинг ҳайбати шу бўлса, тегирмоннинг ўзи қандай экан?
Дарҳақиқат, мана шундай саъй-ҳаракатлар туфайли корхона маҳаллийлаштириш дастурига амал қилиб, йилига 50 миллион АҚШ доллари миқдорида валюта тежаб қоляпти. Яна бир, Марказий Осиёда тенгсиз бўлган, юқори аниқликда ишлайдиган “Айланма йўниш дастгоҳи” қаршисида тўхтаймиз. Унга ҳамроҳимиз диаметри 8000 миллиметргача бўлган, оғирлиги 40 тонна келадиган металл ускуналарни ҳам йўнувчи “Карусел” дастгоҳи, деб таъриф берди.
Корхонанинг цех ва участкаларидаги иш жараёнлари билан танишар экансиз, бу ерда халқ хўжалиги учун зарур бўладиган игнадай эҳтиёт қисмдан тортиб, юқорида таърифи келтирилган дастгоҳларгача ишлаб чиқарилаётганига гувоҳ бўласиз.
Навоий кон-металлургия комбинатининг иш кўлами, тасарруфидаги конларда ишлатиладиган техника воситаларининг номлари, баҳайбат экскаватор ва бульдозерлар, БеЛАЗ ва КаМАЗ русумли турфа автотранспорт воситалари, тоғ-кон шахта техникалари, юк вагонларининг остки, устки жиҳозлари ва бошқа бизга маълум, номаълум техникаларнинг эҳтиёт қисмлари – барча-барчасини кўз ўнгингизга келтириб кўринг. Энди уларнинг иш жараёнида муддатидан олдин ишдан чиқиши, бузилиши ва синиши, натижада янчиш, бурғулаш ёки саралаш тегирмонларининг бир кун тўхтаб қолиши қандай кўнгилсизликларга олиб келишини ҳам тасаввур эта оласизми?
– Йўқ, Навоий кон-металлургия комбинатида бундай ҳолнинг юз бериши асло мумкин эмас, – дейди саволимизга заводнинг 2-дастгоҳ ясаш цехи бошлиғи Эркин Рўзиев, – шунинг учун ҳам корхонанинг таянчи – НМЗда иш юқори аниқликда ишлайдиган дастгоҳлар каби ташкил этилган. Бу ерда бундай эҳтиёт қисмларнинг барчасини таъмирлаш ва айниқса, халқ хўжалигида зарур бўлган янги асбоб-ускуналарни аниқ режа асосида ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Келинг, фактларга мурожаат қилайлик. Ёғ-мой саноатида ишлатиладиган МPSh-1 шникли мойни сиқиб чиқарадиган дастгоҳ, икки томонлама шилиш-силлиқлаш, моделли махсус столли-пармалаш дастгоҳларидан тортиб, НТ-250 М63 русумли, НФ-630М фрезерлаш дастгоҳларигача мана шу корхонада ишлаб чиқарилмоқда. Инновацион технологияларга асосланган рақамли дастур ёрдамида бошқариладиган 16А20ФЗN русумли замонавий патронли марказлаш токарлик дастгоҳи – корхонамизда хизмат қилаётган лойиҳачиларнинг, конструкторлар ва технологларнинг ақл-заковати мевасидир.
Эркин ака ўз ишини миридан-сиригача биладиган инсон экан. У ҳар бир дастгоҳ олдида тўхтаб, унинг нима мақсадда ишлаб чиқарилаётгани-ю, қаерларда уларга эҳтиёж борлиги, такомиллаштириб борилишининг сабабларигача шошилмай маълумот берди. Эндиликда бундай дастгоҳларнинг, улар учун зарур бўлган эҳтиёт қисмларнинг харидорлари кўпаймоқда. Буюртмачиларнинг аксарияти нафақат ўзимиздаги корхоналар, балки Россиядан эканлигини ҳам ҳисобга олсак, Марказий Осиёда ўхшаши йўқ Навоий машинасозлик заводи ишлаб чиқариш бирлашмаси халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётганига амин бўласиз.
Фақат буларгина эмас. Айни пайтда Германияда ишлаб чиқарилган шу каби замонавий дастгоҳларни, уларнинг жиҳозларини ўзимизда йиғиш устида ишлар олиб борилмоқда. Бу ерда микронлар аниқлигида йўниш, жилвирлаш ишларини бажарадиган, Америкада ишлаб чиқарилган, беш йўналишда ишлов берадиган ЕС-1600ZT дастгоҳлардан ҳам фойдаланилаётгани ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифатига кафолатдир.
2016-2019 йилларга мўлжалланган маҳаллийлаштириш дастури асосида биргина 2018 йилда 61 та лойиҳа бўйича 65 миллиард 691 миллион сўмлик 573 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилган. Шундан 30 таси янги лойиҳалар маҳсули ҳисобланади. 2015 йилга солиштирганда, маҳаллий шароитда асбоб-ускуналар ясаш суръати нақд 280,8 фоизга ўсган. 2019-2020 йилларда яна 64 та лойиҳа асосида 600 турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришга ҳозирлик кўрилмоқда. Кутилаётган сумма 71 миллиардни қоралаб турибди. Корхонада 3600 киши ишлайди. Улар ўз вазифасига масъулият билан ёндашишга одатланган. Айни пайтда бу ерда НФ1200 русумли ўта ноёб универсал – фрезерлаш, НВТ-1600 русумли тик усулда йўниш токарлик дастгоҳи ҳамда WARMAN русумли насос учун зарур бўлган эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқаришга ҳозирлик кўрилган.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Албатта, биргина мақолада НМЗ фаолиятини бор кўлами билан қамраб олиш қийин. Аммо шуниси маълумки, мамлакатимиз қудратининг чинакам тимсоли сифатида “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси ва унинг тизимидаги барча корхоналар саноатимизнинг ривожига катта ҳисса қўшиб келмоқда.
КАДРЛАР — КОРХОНАНИНГ ОЛТИН ФОНДИ
НМЗ ишлаб чиқариш бирлашмаси фаолияти билан танишиш асносида корхона майдончасида Навоий давлат кончилик институтининг энергия-механика факультети учинчи курси талабалари билан учрашиб қолиб, суҳбатлашдик. Талаба Аббос Жамоловнинг айтишича, у курсдошлари билан уч йилдан буён шу ерда амалиёт ўтаётган экан. Биринчи курсда дастгоҳлар, уларнинг ишлаш жараёнлари, асбоб-ускуналарнинг вазифалари билан танишув, иккинчи ва учинчи курсларда бевосита амалий машғулотларни бажариш йўлга қўйилган. Корхона ҳудудида ёш кадрларни касбга тайёрлаш бўйича ўқув маркази ташкил этилган бўлиб, айрим сабоқлар бевосита малакали устозлар иштирокида ўтилади. Талабаларнинг дастгоҳларга кўникмаси синаб кўрилади. Бу ерда “Кадрлар – ХХI асрнинг асосий манбаи”, “Одамлар – корхонанинг олтин фонди” шиорлари остида мунтазам машғулотлар ташкил этилиб, амалиёт жараёнида “Энг яхши ёш мутахассис”, “Энг яхши амалиётчи”, “Энг яхши устоз” номинациялари бўйича танловлар ўтказилади.
— Биз корхонамиз учун ёш кадрларни пухта тайёрлашга жиддий эътибор қаратамиз. Бу ишни ташкил этиш учун узоқ изландик. Ўқув маркази фаолиятини йўлга қўйганимиздан сўнг мақсадларимиз янада ойдинлашди, – дейди Навоий машинасозлик заводи ишлаб чиқариш бирлашмаси бош муҳандиси Ўктам Раҳматов. – Бола – бошидан деганларидек, талабаларнинг ишга лаёқати бирдан кўзга ташланади. Дастгоҳ қаршисида ўзини тутиши, берилган топшириқларни аниқ бажариши шундай хулоса чиқаришимизга асос бўлади. Уларни ўқишни битиргунича пишитиб борамиз. Кейин ишга таклиф қиламиз. Малакали ишчиларимизни уларга устоз сифатида бириктирамиз. Малакали кадрлар олтин фондимиз эканлигини амалда кўряпмиз.
Дарҳақиқат, бу корхонада ёш ходимлардан тортиб, жамоада фидокорона ишлаб кетган нуронийларгача эъзозу эътиборда. Узоқ йиллик самарали меҳнати натижасида оддий ишчидан Навоий машинасозлик заводининг директори даражасига кўтарилган Николай Лаккийнинг 2003 йилда мамлакатимизнинг юксак мукофотларидан бири — “Дўстлик” ордени билан тақдирлангани, 1978 йилдан бери корхонада фидокорона хизмат қилиб келаётган Абдусалом Раҳмоновнинг “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими” фахрий унвонига лойиқ кўрилгани, ёшларга ҳормай-толмай устозлик қилиб келаётган Рашид Қудратов, Йўлдош ўаниевнинг “Шуҳрат” медалига сазовор бўлгани корхонада инсон омилининг эъзозу ардоғда эканидан далолатдир.
– Сизни ходимларимиз учун яратилган шарт-шароитларнинг яна бир йўналиши билан таништирайлик, – дея бизни корхона ҳудудидаги “Маданият ва спорт мажмуаси”га бошлади ахборот билан таъминлаш ишларига масъул этиб белгиланган муҳандис Гулнозахон Зокирова. – Отам ҳам мана шу корхонада ишлаган. Бу ерда мен у кишининг изларини қалб кўзларим билан кўриб, ғурурланаман.
Гулнозахон ҳамроҳлигида ишчи ва хизматчиларнинг саломатлигини муҳофаза қилишга ихтисослашган тиббий бирлашма жойлашган бинодан ўтиб, мажмуа ичкарисига кирамиз. Сауна, сузиш ҳовузлари, ҳар хил турдаги тренажёр зали, шахмат-шашка хонаси, 300 ўринли маданият саройи, ошхонадан тортиб, нон ишлаб чиқариш цехларигача мавжуд. Уларнинг бариси гавжум. Айниқса, мароқли меҳнатдан сўнг ишчиларнинг спорт машғулотларидан ҳузурланиб оиласи бағрига шодон тарқалиши эртанги меҳнат жараёнига завқу шавқ бағишлайди.
Ҳа, Навоий шаҳри улуғ бобомизнинг буюк ва оламга машҳур асарлари каби табаррук гўша. Қучоғида ҳаёт қайнайди. Қутлуғ байрам арафасида бу тароватли шаҳар аҳли, ўз қўллари билан келажагини бунёд этиб, мўъжизалар яратаётган фидойи одамлари ҳайратимизга янада ҳайрат қўшди. Устоз ўафур ўуломнинг “Тақдирин қўл билан яратур инсон, ғойибдан келажак бахт, бир афсона” деганини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.
Ўктам МИРЗАЁР