Туркиялик режиссёр юртимизда
Туркиялик таниқли режиссёр ва сценарийнавис Меҳмет Бўздағнинг номи ўзбек томошабинларига айни кунларда юртимиз телеэкранларида муваффақият билан намойиш этилаётган “Эртўғрул” тарихий сериали орқали яхши таниш. Бугунги кунда дунё бўйича икки ярим миллиарддан ортиқ томошабинни экран қаршисига михлаган мазкур сериалдан ташқари Меҳмет Бўздағнинг “Аскарнинг қутлуғ зафари”, “Юнус Эмро, ишқнинг йўли”, “Қалб ўғриси”, “Усталар, олимлар ва султонлар” каби қатор фильмлари ҳам мухлислар орасида машҳур. Бунинг асосий сабабларидан бири ижодкорнинг тарихни яхши билиши ва уни қадрлашида.
Куни-кеча Маданият вазирлигининг мажлислар залида вазирлик ва Халқаро пресс-клуб ҳамкорлигида ташкил этилган матбуот анжумани “Текден фильм” ва “Бўздағ фильм” бошқарув кенгаши раиси Меҳмет Бўздағ билан “Жалолиддин Мангуберди” фильмини суратга олиш масалаларига бағишланди. Халқаро пресс-клуб раҳбари Шерзод Қудратхўжаев олиб борган тадбирда Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори Фурқат Зокиров ва бошқа масъул ходимлар, Туркиядан М.Бўздағдан ташқари “Simit Sarayi” бренди соҳиби, йирик тадбиркор-инвестор Холуқ Ўқутур, ресторанлар соҳасида тадбиркор-инвестор Умар Сайфи Актулун, Стратегик тафаккур институти Васийлик кенгаши аъзоси Синан Товуқчи ва бошқалар қатнашди. Мазкур делегациянинг юртимизга ташриф буюришидан асосий мақсад “Жалолиддин Мангуберди” тарихий фильмини тасвирга олиш ишларида ҳамкорлик борасида музокара олиб боришдир.
Меҳмет Бўздағ журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, жумладан, шундай деди: — Тарих инсоннинг дунёқарашини белгилайди. Асрлардан асрларга ўтиб келаётган аждодлар тажрибаси биз учун жуда муҳим. Ўзбекларда айнан шундай тажриба бор. Сиз Самарқанд ва Бухородек дурдоналарга эгасиз. Ўзим ҳам шу ерларни кўришни орзу қилиб юргандим. Юртингиз тарихини бутун дунёга тушунтириб бериш керак. Мен ёзувчи Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” асарини яхши кўраман. Бу роман бутун ҳаётимни ўзгартириб юборди. Улуғбек ва Али Қушчи образлари менда катта таассурот қолдирган. Бизга тарихий фильмлар борасида кўп таклифлар бўлди. Лекин ҳеч қайсиси бизни Жалолиддинчалик ҳаяжонлантирмади. Ҳозирча танишиб, маслаҳатлашгани келдик. Бу дунёни забт этадиган фильмлардан бири бўлишини истаб қоламан.
Ўз ахборотимиз