СЎЗЛАР ОЛАМИГА САФАР
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди ҳомийлигида жорий йилда “Адиб ва жамият” рукнида бир қатор китоблар нашр этилди. Жумладан, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзонинг “Зарб” қиссасида қатъиятли, мард инсон Рустам Мажидов ва унинг шогирдлари ҳаётидан ҳикоя қилинса, Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқованинг “Барханларда унган гул” ҳужжатли қиссасида жасоратли меҳнати билан юртга довруқ таратган Лолахон Муротованинг ибратли ҳаёт йўли атрофлича очиб берилади.
Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджоннинг “Фарғоналиклар” эссе-сафарномасида кейинги йилларда Фарғона вилоятида юз берган ижобий ўзгаришлар ҳақида завқ билан сўйланса, истеъдодли шоир Шодмонқул Саломнинг “Кўнгил обидасига йўл” публицистик мақолалар тўпламида Сурхоннинг бетимсол манзаралари, элдошларимизнинг ўй-орзулари ҳамда адабиётимизнинг бугуни ва эртаси ҳақидаги фикр-мулоҳазалар ўрин олган.
Шунингдек, мазкур рукнда “Халқ қалбига йўл” ва “Мен Ўзбекистон фуқаросиман” номли бадиий-публицистик мақолалар тўпламлари ҳам чоп этилдики, уларда ҳам бугунги куннинг қайноқ нафаси уфуриб туради. Гарчи улар мавзу ва қамровига кўра ранг-баранг бўлса-да, бир муҳим жиҳатидан ўхшаш. Бу китобларни, аввало, Ватан туйғуси, жамиятдаги ва одамлар онгидаги эврилишлар, давр шиддати бирлаштириб туради. Юқорида номлари зикр этилган барча китобларнинг ҳар бири алоҳида тадқиқотга арзийди, десак асло муболаға бўлмайди.
Қуйида айнан шу рукнда чоп этилган таниқли шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Эшқобил Шукур қаламига мансуб “Бобо сўз изидан” китоби хусусида сўз юритмоқчимиз. Номиданоқ англашиладики, китоб миллатни миллат қилиб турган тилимиз ҳақида. Янаям аниқроғи, истеъмолда бўлган ёки истеъмолдан чиқиб кетаётган сўзлар, минг йиллардан буён ишлатилиб келинаётган турли иборалар, мақоллар шарҳига бағишланган.
Хўш, бир кеча-кундузда нечта сўз ишлатамиз? Уларнинг асл мазмунини биламизми? Агар ҳар куни ўзимиз ишлатаётган бу сўзларнинг маъно-моҳиятини билганимизда эди, ўзимизни, ўзлигимизни янада чуқурроқ англаган бўлардик. Тилга, элга, қолаверса, бизни улғайтирган шу заминга меҳру ихлосимиз янада ортарди.
Тилимиз ҳақида гапирар эканмиз, аввало, бу тилда улуғ боболаримиз “Алпомиш”дек достонларни ярата олганини, Маҳмуд Қошғарийдек даҳолар ўз девонларини тузганини айтмай бўлмайди. Бу тилнинг мўътабарлиги шуки, у бизга улуғ Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Қодирий,Чўлпондан мерос. Шундай даражада ёндашадиган бўлсак, шоиримиз қандай масъулиятли ишни зиммасига олгани аён. Ҳар бир сўзнинг дунёга келиши, истеъмолга кириши ўзига хос ноёб ҳодиса. Ушбу китобни ўқир эканмиз, ўттиз уч миллион нуфусли Ўзбекистон халқининг бир-бири билан мулоқот воситаси саналган ўзбек тилидаги ҳар бир сўз таг-замирида теран маънолар борлигини англаб етамиз. Айтишим керакки, муаллиф бу китоб устида узоқ йиллар давомида иш олиб борди. Инчунун, шу ўринда унга кирган сўзлар талқини билан дастлаб “Оила ва жамият” ҳамда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газеталарида танишганимни айтиб ўтишим лозим.
Муаллиф сўзларнинг ич-ичига, маъно-моҳиятига бизни етаклар экан, мутлақо бир-биридан фарқланувчи сўзларнинг бир-бирига яқинлигини кўриб ҳайратга тушамиз. Хусусан, муаллиф “кичик” сўзи “кучук” сўзидан келиб чиққанлигига етарлича исбот-далиллар келтирадики, бунга инонмай иложингиз йўқ. Гарчи бу сўзлар бир-биридан бутунлай фарқ қилса-да, уларнинг асл ўзаги битта. Ёки “сўқоқ”, яъни қадимги “суқақ” сўзининг “оқ кийик” маъносини бериши ҳам шунга ўхшаш.Кошғарийнинг айтишича , “юк” сўзи “қуш пати” деган маънони берар экан. Айнан “юк” сўзига “-сак” қўшимчаси қўшилиб , “юксак” сўзи ҳосил бўлган экан.
Шу пайтгача Наврўзнинг тансиқ таоми номи бўлган “сумалак” сўзини форсийдаги “ўттиз малак” маъносидаги “сий малак” сўзидан келиб чиққан деб ўйлардик. Муаллиф таъкидича, “Ўзбек тилининг этимологик луғати”да қадимги тилимизда “сума” деган сўз бўлиб, бу сўз “ивитилган буғдой” деган маънони берар экан. Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит-турк”да шундай изоҳ беради: “Сума — ивитилган буғдой номи. Уни қуритиб туйилади. Сўнг ундан угра ош ва нон қилинади. Шарбат учун қилинган, ундирилган арпа учун ҳам бу сўз қўлланилади”.
Китоб муаллифи юқоридаги далиллар билан қаноатланмай, балки, қор эриб, қайта музлаб, осилиб турган чўзинчоқ муз ҳам тилимизда сумалак дейилишини маълум қилади. Муз сумалак билан сумалак таоми бир-бирига алоқаси йўқлигини қайд этган ҳолда муаллиф яна бир талқинни илгари суради: “Туркий тиллар этимологик луғати” да айтилишича, эски милтиқларга ўқ ва дорилар оғзидан солинган ва ингичка шомпол билан жойланган. Шомпол тилимизда “сумба” дейилган. “Сумба” сўзининг илдизи “сума” сўзидир. Сумба сўзининг шомполдан ташқари яна шундай маъноси бор: “Тешик тешиш ёки белги солиш учун хизмат қиладиган учи найза пўлат асбоб”. Муз сумалаги ҳам ўткир учли ва сумбага ўхшаш бўлади.
Тилимизда пул маъносини берувчи “ақча” сўзининг асл маъноси ҳам қизиқ. Ўтмишда Туркистонда савдо-сотиқ, тўлов муомаласида қиймат ўлчови бўлган пул бирлиги “ақча” деб аталган. Аксарият ҳолларда ақча кумушдан зарб этилган. Кумушнинг ранги оқ бўлгани учун мазкур пул бирлигининг номи “оқ” сўзига “-ча” қўшимчасининг қўшилишидан ҳосил бўлган. Китобда отларнинг ёшига, рангига қараб турлича номлар билан аталиши ҳам зукко ўқувчини қизиқтириши табиий.
Муаллиф ҳар бир сўз ва ибора устида ишлар экан, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону-луғотит турк” , Алишер Навоий асарлари, “Ўзбек тилининг этимологик луғати”, “Туркий тилнинг этимологик луғати”, Л.Будаговнинг қиёсий луғати, “Олтой-Олатоғ луғати”, ў.Абдураҳмонов ва А. Рустамовнинг “Қадимги туркий тил” китоби, Э.Севортяннинг “Туркий тиллар этимологик луғати” ва бошқа кўплаб манбалардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилган. Аксарият сўзларнинг келиб чиқиши, маъноси юқоридаги манбалар асосида изоҳлангани ҳолда, муаллиф ўқувчига ўз фикрини мутлақ тўғри деб тиқиштирмайди.
Сўзлар ҳақидаги бу китоб — чинакам йирик илмий иш даражасида, десак муболаға бўлмайди. Ҳали зукко олимларимиз, тилшунос ва адабиётшуносларимиз бу ҳақда ўз қимматли фикрларини билдиради. Энг муҳими, бу китоб бугунги давр учун жуда зарур ва керакли китоб. Муаллифнинг сўзлар оламига сафари яна давом этади, деб умид қиламиз.
Абдумажид АЗИМ