November 29, 2018

“КЎНГИЛ ДУРЖИ ИЧРА...”

Яқинда Низомий номидаги Тошкент давлат Педагогика университети қошидаги Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказида “Ўзбек тили ва адабиёти” йўналиши тингловчиларининг филология фанлари номзоди, доцент Омонулла Мадаев билан учрашуви бўлиб ўтди.

Таниқли педагог-олим мактабларда ўқувчиларга ўзбек тилининг гўзаллиги, бойлиги, софлигини теран сингдириш зарурлигини таъкидлаб, куюнчаклик билан шундай фактни келтирди: сўз бойлиги уч-уч ярим мингтани ташкил этиши зарур бўлган ўсмир ўғил-қизларимизнинг лексик захираси, афсуски, мингтадан ҳам ошмаётир. Бунинг сабабларидан бири – мактабларда ўзбек тили дарслари, асосан, ўқувчиларга назарий маълумотларни етказишдан иборат бўлиб қолаётганидир. Ваҳоланки, назария билан бирга амалиёт ҳам тенг олиб борилиши, ҳар бир ўқувчида соф ўзбек тилида гўзал ва равон сўзлаш кўникмаси ҳосил қилиниши лозим.

Бундай ҳолни, таассуфки, ўзбек адабиёти дарсларида ҳам кузатиш мумкин, деб таъкидлади О.Мадаев. Бу фан бўйича ҳам устозлар асосий диққатни ёшларга адабиёт тарихи ва назариясига доир маълумотлар беришга қаратмоқда. Ҳолбуки, ўқувчидан китобхон яратиш янада муҳимроқ вазифа ҳисобланади. Устозларимиз турли усул ва воситаларни қўллаб, ўқувчилар орасида китобхонлик муҳитини юзага келтириши лозим. Бу ­борада ота-оналар ҳам фарзандларига ибрат кўрсатса, айни муддао бўларди.

Кўнгил дуржи ичра гуҳар сўздурур,

Башар гулшанида самар сўздурур.

Ҳазрат Навоий сўз ва тилни кўнгил қутисидаги гавҳар, башар гулшанидаги самар, дея эъзозлашга даъват этган эди. Таниқли педагог-олим Омонулла Мадаев билан учрашув буюк мутафаккир шоирнинг ана шу боқий даъвати руҳида ўтди.

Моҳира ХУСАНХЎЖАЕВА,

Тошкент шаҳар Учтепа

туманидаги 203-мактаб ўқитувчиси