November 11, 2018

ЯНА ОММАВИЙ САВОДХОНЛИК ҲАҚИДА (45 сон)

Пойтахтимизнинг файзли кўчаларидан бирида шинам ошхона очилди. Янги масканга хўрандаларни кўпроқ жалб этиш мақсадида, йўл четида реклама пайдо бўлди: каттакон баннерда тандир кабоб ва гўштли таомлар акс этган иштаҳани қитиқловчи суратлар, тепасида эса ўқловдек ҳарфларда “Шаҳри Киш таомлари” деган ёзув.

Ошхона ва ундаги таомлар ҳақиқатдан ҳам зўр. Лекин Шаҳрисабзнинг тарихий номи хато ёзилган-да! Бу реклама анчадан бери турибди. Ўтган-қайтганда кўзинг тушса, кўнгилни хира қилади. Ошхона мутасаддиларига буни қандай қилиб айтса бўлади? Улар “бизнесни синдириб қўядиган”, фойда-ю даромадни қойиллатадиган чаққон йигитлар, лекин “оддий бир хўранда”нинг гапини қандай қабул қилади? “Ака, енг-ичинг, бош­қаси билан ишингиз бўлмасин”, дейиши ҳеч гап эмас.

Ўзимча, “эзгулик йўлида ҳийла” ишлатмоқчи бўлдим. Жиддий қиёфада кириб бордим-да, ошхона хўжайинини чақиртирдим.

— Анави хато ёзувни алмаштир­санг­лар яхши бўларди, йўлдан ўтган-қайтганлар ўқиб, “Бу қайси шаҳар”, деб ажабланишяпти, — дедим.

— Нимаси хато экан? — деди хўжа­йин ҳайрон бўлиб.

— “Киш” деб товуқни қувишади. Ҳеч бўлмаса, “Кеш шаҳри” деб ёздириб қўйинг, — дедим. — Буни кўриб, баъзилар кулиб ­кетишяпти...

Хўжайин бироз иккилангандек бўлди. Одамлар шундай “майда-чуйда” нарсаларга ҳам эътибор бераркан-да. Ҳайтовур, йўл четидаги “киш”­ни дарров олдириб қўйди...

Албатта, бундай “арзимаган” хатолар атай қилинмайди. Лекин бу нарса, бир пайтлар “Илму адаб қуббаси” деб таърифланган Шаҳрисабзга ярашмайди-да!

Андишали халқмиз. Бировга айбини кўрсатиб, танбеҳ беришни унчалик хушламаймиз. Кўриб-кўрмаганга, билиб-билмаганга оламиз, ўзимизни. Оқибатда, бугун чаласаводлик салкам одатий ҳолга айланиб қоляпти...

Интернетда, бир электрон кутубхона бисотидаги маълумотларда “Тамерлан” деган сарлавҳага кўзим тушди. Ахир, улуғ бобокалонимизнинг муборак номи оқланиб, аслидагидек айтиб-ёза бошлаганимизга чорак асрдан ошди-ку? Миллати ўзбек бўлмаган айрим ҳамюртларимизнинг улуғ зот исми шарифини ҳақоратомуз тарзда ёзиши тўғрими?! Бугун дунёдаги айрим халқлар ўзларининг бундайроқ қаҳрамонлари ҳақида ошириб-тошириб, муболағали кинолар ишлаб, оламга достон қилишмоқда. Биз эса, буюк аждодимизни ғаразгўйлар қўйган лақаб билан атаймизми? Кутубхона электрон манзилини топиб, ўша хатони тузатиб қўйишларини сўраб хат ёздим.

Кўп ўтмай, электрон почтамга жавоб хати келди:

“Бизнинг Тошкент саноат ва сервис касб-ҳунар коллежи Ахборот-ресурс марказининг www.infocenter.uz Web-сайтидан фойдаланганингиздан жуда мамнун бўлдим. Сиз: “Миллатимизнинг буюк вакили – Амир Темур ҳазратларининг муборак исм-шарифларини очиқ-ойдин “Тамерлан” деб ҳақоратомуз ёзиб қўйишганига асло муроса қилиб бўлмайди, деб ёзибсиз. Биз эътирозингизни эътиборга олиб, сайтимиздаги хатоларни бартараф қилдик. Аммо биз сайтимиз учун материалларни асосан Ziyonet.uz сайтидан олишимизни маълум қилишни лозим топдим. Амир Темур хақидаги материал билан: http://old.ziyonet.uz/ru/people/amir-temur ҳавола (ссылка) орқали танишиб чиқишингизни ҳам маслаҳат берардим. У ерда ҳам Амир Темурни “Тамерлан” деб аташган.

Келгусида, Сиз бизнинг сайтимиздан фойдаланишни давом эттирсангиз ва ўз фикрларингизни билдирсангиз, мен жуда ҳам мамнун бўлар эдим…”.

Очиғи, бу жавобдан хурсанд бўлдим. Шунисига ҳам раҳмат. Хатда кўрсатилган манзилга кирдим, у жойда ҳам “Тамерлан” деган сарлавҳали матн бор. Ҳатто “феодал”, “захватнические походи”... каби иборалардан шўро даврининг ғаразли руҳи сезилиб турибди.

Демак, жамиятимиздаги ҳар бир фуқаронинг, касби ва миллатидан қатъи назар, ҳали биргаликда қиладиган ишларимиз кўп, улуғларимиз айтганларидек, “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш керак”.

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ