Қўғирчоқ театри: Самарали ижод шавқи

Таниқли режиссёр Динара Йўлдошева кўп йиллардан буён Ўзбекистон давлат қўғирчоқ театрида турли мавзудаги спектаклларни муваффақиятли саҳналаштириб келмоқда. Ўзбек қўғирчоқ театрининг “Гугурт сотувчи қиз”, “Яна Андерсон” каби спектакллари Халқаро фестивалларда муваффақият билан намойиш қилинган.

Москва шаҳридаги С.Образцов номидаги театрда бўлиб ўтган қўғирчоқ театрларининг IX Халқаро фестивали Ўзбекистон давлат қўғирчоқ театри жамоасининг “Соя” спектакли билан очилди. Е.Шварц асари асосидаги мазкур спектаклни таниқли режиссёр Динара Йўлдошева саҳналаштирган. “Соя” қўғирчоқ спектакли халқаро UNIМA вакиллари, фестиваль қатнашчилари, мутахассислар, турли мамлакатлардан ташриф буюрган журналистлар, Россия Федерацияси Маданият вазирлиги ҳамда бошқа расмий идоралар ва томошабинларнинг давомли олқишларига сазовор бўлди. Россиянинг қатор телеканалларида ушбу спектаклдан лавҳалар режиссёрнинг интервьюси билан бирга намойиш этилди. “Соя” жаҳон қўғирчоқ театрлари ҳаётида катталар учун саҳналаштирилган иккинчи спектакль бўлиб, юртимизда икки йилдан буён томошабинлар эътиборидан тушмай келмоқда.

М.МирзахЎжаева