November 29, 2018

Соғинч (ҳикоя)

Каромат буви саксондан ошганига қарамай, ҳамон чаққон эди. Қишлоқ  тўй-маъракаларини батартиб, ортиқча дабдабасиз ўтказар, меҳмонлар ҳам, мезбонлар ҳам ундан рози бўлишарди. Момо асфальт йўлнинг икки томони ёқалаган қишлоқнинг барча ёш-яланг, қари-қартанг, хотин-халажига “олий бош қўмондон”, сўзига итоатда эди.

Кайвони ўзининг катта оиласи, невара-эвараларидан ортиб, улар учун вақт топа оларди. Унинг оёғини узатиб дам олганини ҳеч ким кўрмаган. Нима бўлди-ю, кампир бир куни тоби қочиб, кўрпа-тўшак қилиб ётиб олди.

Яқинлари дарҳол шифокор чақиртиришди.

– Ташвишланадиган ери йўқ, –деди шифокор беморни обдон кўздан кечиргач. – Ҳаммаси қариликдан, мен дори ёзиб бераман, икки-уч кунда тузалиб кетадилар.

У бир варақ қоғозга дорилар рўйхатини эринмай ёзди. Катта ўғилга тутқазар экан, шундай деди:

– Онахонимиз бутун умр эл хизматини қилдилар, энди бизлар бу кишига хизматда бўлайлик. Кўпроқ мева-чева, енгил ҳазмли овқатлар берилади. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади.

Шифокор кузатилгач, тоғдек уч ўғил, тўрт қиз, келин-келват беморнинг тезроқ оёққа туриши учун нималар қилиш кераклигини маслаҳатлаша бошлади. Катта ўғил дорихонага, иккинчи ўғил мева-чева учун бозорга жўнади, учинчи ўғил бостирма томонга ўтди-да, семиз товуқни ҳалоллаб, хотинига элтиб берди.

– Паст оловда милдиратиб, шўрва пишир. Товуқ гўшти даво бўлади.

Шу тахлит бутун оила бувининг атрофида гиргиттон бўлиб, унга ҳали дори ичиришар, ҳали мева-чева, ҳали тансиқ таомлар билан сийлашарди.        Орадан бир ҳафта ўтди. Лекин онахон ўнгланиш ўрнига кун сайин тўшакка қапишиб борар, серажин юзлари сарғайиб, киртайган кўзларида тириклик нури камайиб борарди, гўё.

Орадан яна бир неча кун ўтиб, кампир туз тотмай қўйди. У уззу-кун шифтга тикилганича ётар, алланималар деб пичирлар, уйқусида алаҳларди ҳам. Ҳамма типирчилаб қолди. Вилоят марказидан чақиртирилган шифокор беморни кўздан кечирди, унга бир-икки савол бергандай бўлди. Кампир алланималар деб ғудранди, Унинг сўзлари тушуниксиз эди.

Шифокор бироз тараддудланди, қайта-қайта онахоннинг юрагини текширган бўлди, ниҳоят кўзларини ердан узмай:

– Бу ёғи – Аллоҳнинг иродаси, – деди-да, лаш-лушларини йиғиштириб жўнаб қолди.

Ҳеч кимнинг қўли ишга бормас, ҳамманинг юзида ташвиш-таҳлика. Кечга томон беморнинг аҳволи янада оғирлашиб, бот-бот алаҳлай бошлади. Катта ўғил Қосимжон онасининг ёнидан жилмас, ука-сингиллари, келинларига имо-ишора билан кўрсатмалар берарди.

Эрта тонггача она “ана кетди – мана кетди” бўлиб ётди. Чиқмаган жондан умид, дегандай бир неча марта “тез ёрдам” чақиришга тўғри келди. Ниҳоят тонг оқарганда Каромат буви ором топиб, кўзи илингандай бўлди.

Катта ўғил Қосимжон укаларини ёнига чақириб:

– Ҳамма нарсага тайёр туришимиз керак... Бардам бўлинглар, – деди.

Ака-укалар жиққа ёш кўзларини бир-бирларидан яширишга ҳаракат қилиб, бироз жимиб қолдилар. Буви чошгоҳгача ухлади. Сўнгра ўша ғамли кўзлари “ярқ” этиб очилди. Нигоҳлари билан Қосимжонни ёнига имлади. У дарҳол онасининг тепасига келди.

Онанинг қимтилган лаблари сал қимирлагандек бўлиб, ундан бир сўз учди:

– Комилжон!..

Ака-укалар ҳушёр тортиб, бир-бирларига қарадилар. Комилжон Каромат бувининг тўртинчи – кенжа ўғли бўлиб, хорижга ишга кетганига беш йил бўлган, икки йилдан бери ундан мутлақо хат-хабар йўқ эди.

Қишлоқ кайвониси ҳеч кимга билдирмай, кенжа ўғил ғамини чекарди. У тунлари пинҳона кўз ёш тўкар, лекин тонгда ўрнидан туриб яна ўзининг ўша хушчақчақ ҳолига қайтарди. Атрофдагилар у Комилжонни беҳад соғинганини билсалар-да, онанинг ичини тўхтовсиз кемираётган дард нақадар оғирлигини ҳис этишмасди.

Ўғилларининг калласига ярқ этиб нур урилгандай бўлди. Хонадан чиқиб қаердалиги номаълум Комилжонни дараклашга тушдилар. Учаласи ҳам қўл телефонига ёпишиб, хориждаги таниш-билиш, ёр-биродарлар, ҳамқишлоқларига бир бошдан қўнғироқ қила бошлашди.

Лекин кичик ўғилнинг шунча йил топилмаган дарагини бир-икки соат ёки бир-икки кунда топиб бўлмайди-ку!

Каромат буви эса ҳамон таом тотмас, қизлари дам-бадам пахтани ҳўллаб кампирнинг қонсиз лабларига босишар, у эса зўрға тамшаниб қўярди, холос. Онда-сонда онанинг бўғзидан кучли хўрсиниш, ингроқ отилиб чиқар, жони узилиб кетгандай бўларди. Ҳамманинг умиди кенжа ўғилни излаётган ака-укаларда эди. Ака-укалар эса шунча йиллар оналари дардига бепарво бўлиб, укаларини тузукроқ изламаганларига пушаймон бўлиб, тўрт томонга зир югуришарди.

Умидли дунё деганлари рост экан! Серташвиш ўтган ҳафта охирида бемор яна пичирлагандек бўлиб, “Комилжон, ўғлим” деди. Онанинг пичирлаши яқинлари кўнглида андаккина умид уйғотган, ҳамма Комилжондан бир хабар кутарди.

Қидир-қидирларнинг еттинчи куни катта ўғилнинг қўл телефонига хорижда ишлаётган ҳамқишлоғи Умардан хабар келди:

– “Қосимжон ака! Мен Комилжон билан биргаман, дарахт кесувчилар бригадасида ишлаяпмиз, соғ-саломатмиз. Унга қидираётганларингизни айтдим. Ҳозир сизларга қўнғироқ қилади”.

Нурланган сатрларни ўқиётган ака ўзини тута олмади, йиғлаб юборди.

У хабарни такрор-такрор ўқир, кўз ёшлари ўз-ўзидан қўшилиб келар, ҳаяжонини боса олмасди.

– Она! Онажон! Эркатойингиз топилди! Ҳозир қўн­ғироқ қилади! – Қосимжон ўзини йиғидан зўрға тутиб турарди. Ўғли жуда секин гапирган бўлса-да, онаизор уни эшитди, кўзларини катта очди.

– Комилжон... Келдингми, болам?..

Қосимжон онасининг ёнида баралла йиғлаб юбормаслик учун тишларини қаттиқ қисди.

– Ҳа, онажон, Комилжонингиз эрта-индин келади!

Хонада тўпланганларнинг барчаси ҳозир мўъжиза рўй беради, деб ўйлашарди. Худди шу аснода Қосимжоннинг қўл телефони қаттиқ жиринглади, мўъжиза рўй берди!

Қосимжон телефон тугмачасини босиб, овозни баландлатди. Бемор тирсагига таяниб турмоқчи эди, бўлмади. Зум ўтмай хонани кенжа ўғилнинг бепарво, хийла лоқайд овози тўлдирди!

– Ассалому алайкум, акажон! Яхши юрибсизларми? Онамнинг соғлиқлари яхшими?

Қосимжон укаси билан гаплаша бошлади:

– Ваалайкум ассалом! Ҳаммамиз яхшимиз, онам ҳам яхши. Сени жуда соғинибдилар, тезроқ кел! Мана, онам билан ўзинг гаплаш!

Қосимжон телефонни онасининг қулоғига яқинлаштирди.

Каромат бувининг кўзларида аллақандай нур пайдо бўлган, у бир текис нафас оларди. Қосимжоннинг укаси билан сўзлашувини элас-элас эшитмоқда эди. У яна ўрнидан турмоқчи бўлди. Катта қизи онасини суяб орқасига пар ёстиқ қўйди.

– Ассалому алайкум, онажон! Яхшимисиз?

Неча кунлардан буён ўлим билан мардона олишаётган она қайта жонлангандек бўлди, бирдан бурро-бурро гапира бошлади.

– Дарду балонгни олай, болажоним! Мен яхшиман, тузалиб кетдим. Тезроқ кел, сени жуда соғиндим!

– Икки-уч кунда етиб бораман онажон. Хотиржам бўлинг! Хўп, ҳозирча хайр!

Шу билан она-ўғил ўртасидаги қисқа суҳбат тугади.

Онаизорнинг аҳволи ўнгланди. Кўзидаги юракни тилка-пора қилувчи мунг йўқолди. Атрофга синчиклаб боқиб таниш чеҳраларни излай бошлади.

Энди пар ёстиққа бемалол суяниб ўтирган Каромат буви овқат егиси келганини айтди. Қизларидан бири дарҳол дастшў олиб келиб, онасининг қўл-бетини ювди. Дастурхон қайтадан тузалиб, беморга 3-4 қошиқ шўрва ичирдилар.

Кечга томон беморнинг тоза ҳавога чиққиси келиб қолди. Уни икки кишилаб суяб, ташқарига олиб чиқиб, ишком тагидаги сўрига ўтирғиздилар. Кампир бироз нафас ростлагач, чор атрофга суқланиб, ташналик билан назар ташлай бошлади. Ҳосили мўллигидан шохлари ерга эгилган олма дарахтига нигоҳи тушди. Ярми қизил, ярми оқ олмалар кўзни қувонтирарди. Каромат буви ютиниб қўйди, сўнгра тепасидаги ишкомда каҳрабодай товланаётган ҳусайнининг ҳар бири нақ “бўрикалладай” келадиган йирик-йирик бошлари унинг диққатини тортди.

Ўғил-қизлари оналарининг ҳар бир хатти-ҳаракатини диққат билан кузатиб турар эдилар.

Сўрига дарҳол дастурхон ёзилди, унга бўрсилдоқ “амири нон”лар, узум, олма қўйилди.

Каромат буви ўзи қўл чўзиб нондан озгина ушатиб, қўлига бир шингил узум ҳам олди. Пичирлаб, нонни ўпиб, кўзларига суртди.

Эртасига у барвақт уйғонди. Аввалги одатича оила аъзолари билан биргаликда нонушта қилди. Дастурхонга фотиҳа ўқилгач, ўз қўли билан чучвара пиширмоқчи эканини айтди. Оила аъзоларидан икки киши унга ёрдамчи бўлиш истагини билдирди.

“Комилжоним чучварага қатиқ солиб ейишни яхши кўрарди. Мабодо ризқи қўшилган бўлса, келиб қолар...” ўйларди она.

Орадан икки кун ўтди. Тушлик пайти бўлиб қолган эди. Ярим очиқ дарвозадан кичик нимдош жомадон кўтарган Комилжон кириб келди. Йигитнинг барваста қадди бироз букчайган, кўзлари киртайган, ёноқлари ­салқи эди.

У жонсарак нигоҳлари билан супани тўлдирган яқинлари орасидан онасини изларди.

Онаизор бир зумда ўғлининг қаршисида пайдо бўлиб қолди. Ака-укалар, опа-сингиллар оналари қандай қилиб ҳаммадан олдинга ўтиб қолганини билмай ҳам қолишди. Бунинг сабаби ёлғиз Аллоҳга ва онаизорнинг ўзигагина маълум эди.

Она-бола қучоқлашганларича хун бўлиб йиғлашар, уларни қуршаб олган қариндош-уруғ ҳам кўз ёшларини тия олмасдилар.

– Оҳ, бўйларингга жоним садаға, болам! – дерди Каромат буви,– сени кутавериб кўзларим кўр бўлаёзди-ку! Бунчалар соғинтирмасанг!

– Бўлди, бўлди, онажон! Йиғламанг! Энди ҳеч қаёққа кетмайман.

Ҳаммалари бошлашиб, кенг меҳмонхонага кирдилар. Оила аъзолари жамулжам бўлишгач, она фотиҳага қўл очиб, дуо қилди. Акалари кенжа ўғил оёғи остига икки йилдан буён боқилаётган қўчқорни сўйдилар. Нўхат шўрва пиширилди, ош дамланди. Неча кунлар давомида азага ҳозирланган хонадонда тўй бошланиб кетди.

Жўра ФОЗИЛ