October 18, 2018

Муваффақиятлар тарихи ва таърифи

Жаҳонга машҳур тадбиркор

Алишер Усмонов портретига чизгилар

(Давоми. Бошланиши ўтган сонда.)

“Виждон пулга қул бўлиб қолмаслиги керак, янада муҳими, пул виждонни сўндирмаслиги, ўлдирмаслиги лозим. Ўзим виждон амрига бўйсуниб иш тутаман, яшайман. Бу ҳаётдаги бош шиорим. Мен доим бир гапни такрорлашдан чарчамайман: хоҳиш-ихтиёрим билан эмас, ҳаёт таъсири, тақазоси билан деймизми, тасодиф туфайли бизнесмен бўлиб ­қолганман».

«Гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, пул, даромад топиш ҳаётимнинг бош мақсади эмас”, дейди Алишер Усмонов. Қуйидаги иқрорида ҳам у ўзининг ҳаётий аъмолини шундай эътироф этади: “Маблағларим мени янги ишларга, янги лойиҳаларни амалга оширишга илҳомлантиради. Йирик ижтимоий лойиҳаларни рўёбга чиқаришга имкон туғдиради. Яқин орада “Санъат ва спорт” хайрия фондим асосий ташкилотимга айланса керак”.

Хорижлик тадбиркорларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ишбилармонлик, тадбиркорлик билан кенг кўламда шуғулланиш имкониятлари, мана, энди рўёбга чиқа бошлади. Мамлакат иқтисодиётини равнақ топтириб, халқ турмуш шароитини кўтаришга хизмат қиладиган, айниқса, жаҳондаги иқтисодий жараёнларга мувофиқ келадиган қонун-қоидалар яратилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Ҳа, ўтган йиллар мобайнида қанчадан-қанча имкониятларни қўлдан бой бердик, аччиқ бўлса ҳам бу борадаги эътирозу танқидларни тан олмай иложимиз йўқ. Ахир, раҳбариятимизнинг халқ дардига қулоқ тутиб, камчиликларни эътироф этишга қодирлиги боис, шунингдек, ер ости ва ер усти бойликларимиз, айниқса, халқимизнинг меҳнаткашлиги туфайли жаҳон аҳли Ўзбекистонда кечаётган бугунги ўзгаришларга фавқулодда катта қизиқиш билан қарамоқда. Юртимизга инвестициялар кириб келаяпти, янги турар жойлар қурилаяпти, улкан саноат корхоналари қад кўтараяпти, халқаро бизнес-марказлар барпо этилмоқда. Тадбиркорлик учун янги муҳит, қулай шароит яратилаётгани сабабли хорижда яшаб ишлаётган ўзбек фарзандларининг ўз ватанига меҳри янада ортиб бормоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Москвага ташрифи чоғида имзоланган битимлар бўйича Ўзбекистонга 12 миллиард долларли инвестиция киритилгани, фақат савдо бўйича имзоланган шартномалар 3,8 миллиард долларни ташкил қилиши юқоридаги фикримизга биргина далил. Хуллас, катта суръатлар билан ривожланаётган бугунги Ўзбекистонга хориждаги ишбилармон ҳамюртларимизнинг қизиқиши катта. Улар бу ўзгаришларда иштирок этиш истагини билдиришмоқда. Москва ОАВларида Алишер Усмонов Россия билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилган хатти-ҳаракатларини фаоллаштирган.

Алишер Усмонов зиёли, ўзига тўқ оилада вояга етган. Отаси Тошкент шаҳар прокурори лавозимида ишлаган. Болалигида унга истаган нарсасини муҳайё этишарди. Айни пайтда оила бошлиғи Бурҳон ота Усмонов қаттиққўл, болаларига нисбатан талабчан киши бўлган, ўғлининг ўқишга ва спортга қизиқишини кўриб уни қўллаб-қувватлаган. Алишернинг ёғочдан йўнилган “қилич” билан “жанг” қилаётганини кўриб, унга керакли барча спорт асбоб-анжомларини олиб берган.

Алишер спорт билан шунчаки ҳавасга эмас, балки чинакам иштиёқ билан шуғулланиб, тез орада яхши натижаларни қўлга кирита бошлайди. Чустлик ўспирин кўп китоб ўқийдиган романтик характердаги бола эди. Француз ёзувчиси Александр Дюманинг машҳур “Уч мушкетёр” романини ўқигач, спортнинг қиличбозлик тури билан жиддий шуғулланишга қарор қилади. Ярим йил ўтар-ўтмай у Республика ўсмирлар терма жамоаси таркибига олинади. Бир неча жиддий рақиблар устидан қозонган ғалабаларидан сўнг собиқ иттифоқ терма жамоаси сафидан жой олади.

Спортда иродаси, зеҳни тобланган Алишер Усмонов бугунги кунга келиб маданият, санъат ва спортнинг йирик ҳомийси, қўли очиқ, бағрикенг ва обрўли бизнесменлардан. Аслида бундай юксак эзгу фазилатлар бизнинг халқимизга хосдир. “Яхшилик қил, сувга ташла балиқ билар, балиқ билмаса Холиқ билар”, дейди халқимиз. Бундай теран ҳикматлар, ибратли ривоятлар руҳида тарбия топган инсон ҳеч қачон ҳеч нарсадан кам бўлмайди.

Алишер Усмонов Москвадаги халқаро муносабатлар институти — МГИМОнинг “Халқаро ҳуқуқ” ­мутахассислиги бўйича бўлажак жаҳонга машҳур ўзбек бизнесмени Искандар Маҳмудов, Россиянинг собиқ президенти Б. Ельциннинг матбуот котиби бўлиб ишлаган С. Ястржембскийлар билан бирга бир курсда таҳсил олади ва 1976 йили институтни битиради. Лекин бу ерда олган билимини янада ошириш мақсадида Россия Федерацияси Ҳукумати қошидаги Молия академиясига кириб ўқийди. Бу ерда у рус тили билан бирга инглиз, француз тилларини ҳам пухта ўрганади, бу тилларда бемалол гаплаша оладиган, банк иши бўйича малакали мутахассис бўлиб етишади.

Албатта, инсон тақдири бир маромда кечмайди, ҳаётда оғир синовларга ҳам дуч келинади. Бундай синовларни бизнинг қаҳрамонимиз ҳам бошдан кечирган. Воқеа бундай бўлган. Алишер Усмонов 1980 йили тўсатдан ДХК(КГБ)нинг юқори лавозимдаги раҳбарларидан бирининг ўғли билан бирга ҳибсга олинади ва таъмагирликда айбланади. Бу вазиятни кейинчалик унинг ўзи шундай эслайди: “Қўлим орқамда, миршаблар назорати остида қамоқхона камерасига кириб борарканман, ичкарида ўтирганларга хавотирланиб бир-бир қараб: “Отам қамаганлар билан бир камерада ўтириш осон бўлмаса керак”, деб ўйлаган эдим”.

Тошкент шаҳар прокурори лавозимида ишлаган ота ўғлини қамоқдан олиб қололмайди. Боз устига, ўзи ҳам эгаллаб турган лавозимидан бўшашга мажбур бўлди. Саккиз йилга қамалган Алишер Усмонов олти йил ўтиб озодликка чиқади. Қамоқдан чиққандан кейин Алишер ота-онасига, оиласига, қариндош-уруғларига ўзининг жиноятчи эмаслигини, ҳақиқатдан ҳам билиб-билмай нотўғри иш қилганини, адашганини, лекин ўзига нисбатан ортиқча жазо қўлланилганини исботлашга қаттиқ туриб ҳаракат қилади. Ниҳоят... 2000 йили Республика Олий суди қарори билан Алишер Усмоновдан барча айбловлар расман олиб ташланади ва у тўла оқланади.

Ирисмат АБДУХОЛИҚОВ

(Давоми бор.)