МАҚОМ ҚАДИМИЙ МАНБАЛАРДА
Улуғ аждодларимизнинг юксак интеллектуал ва ижодий салоҳияти ила яралган, асрлар давомида оғзаки касбий мусиқа ижодиётининг бебаҳо тимсоли ва миллий санъатимиз ифтихори бўлган ўзбек мақомлари бугунги кунга келиб бутун башарият эътирофига сазовор бўлмоқда. ЮНЕСКО халқаро ташкилоти томонидан инсоният номоддий маданий меросининг дурдонаси сифатида баҳоланган ҳамда номоддий маданий мерос репрезентатив рўйхатидан муносиб ўрин олган “Шашмақом” эндиликда жаҳон саҳналари узра янада юксак оҳангларда янграй бошлади.
“Шашмақом”, бошқа мақом турлари (Хоразм мақомлари, Фарғона-Тошкент мақом йўллари ва бошқа) қатори, аввало, асл ватани — Ўзбекистон диёрида қадр-қиммат топаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва “Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида”ги тарихий қарорлари халқимиз маданий-маънавий ҳаётини янада юксалтиришга хизмат қилиши баробарида жаҳон ҳамжамиятининг мумтоз санъатимизга бўлган эътиборини кучайтирди.
Бугунги кунда нафақат республикамизда, балки яқин ва узоқ хорижий мамлакатларда ҳам мақомларга эътибор ва маънавий эҳтиёж ортиб бораётганини инобатга олиб, янги “Мақомлар олами” рукни остида мазкур санъатнинг тарихий, назарий ва бошқа масалаларига бағишланган туркум мақолалар бериб боришни ният қилдик. Қуйидаги мақола ана шу туркумнинг дебочасидир.
Мақом санъати тарихини ўзаро фарқли икки йирик даврга ажратиш мумкин. Биринчи даврни мақомларнинг макон-замон нуқтаи назаридан дастлаб келиб чиқиш илдизлари, илк оҳанг манбалари ташкил этади. Табиийки, бу даврда ҳозир бизга маълум бўлган, том маънодаги мақом туркумлари бўлмаган, албатта. Чунки бундай салобатли, кўп қисмли куй ва айтим туркумларининг шаклланиш жараёнлари ижтимоий-маданий тараққиётнинг маълум босқичи билан шартланган бўлиб, эрамизнинг VIII-IX асрларига тўғри келади. Мақом санъатининг тарихи ҳам аслида айнан шу даврдан бошланади. Бу тарихни кейинги мақолаларда ёритишни ният қилган ҳолда, ҳозир эътиборимизни мақомлар учун пойдевор янглиғ аҳамият касб этган асос-манбаларга, таъбир жоиз бўлса, ўқ илдизларга қаратамиз. Мутахассислар бундай мустаҳкам манбалар қаторида икки асосий қатламни эътироф этишади. Шулардан бирини улуғ пайғамбарлардан келаётган маънавий мерос намуналари ташкил этса, яна бири Шарқ халқлари мусиқа ижодиётининг қадимий қадриятларига бориб боғланади.
Дастлабки қатлам сифатида қайд этилган меросни ўрганишимизда бизгача етиб келган ривоятларнинг алоҳида ўрни бор. Бу борада XVI аср иккинчи ярми – XVII аср биринчи чорагида яшаб ижод этган бухоролик мусиқачи ва мусиқашунос олим Дарвиш Али Чангийнинг “Туҳфат ус-сурур” номли рисоласи эътиборни тортади. Дарвиш Али ўтмишдаги улуғ салафлари Ҳожа Абдулқодир ибн Абдураҳмон Мароғий, Ҳожа Сафиуддин ибн Абдулмўмин ва Султон Увайс Жалойирнинг хабарларига таяниб ёзишича, аввалига етти пайғамбар номлари билан боғлиқ еттита мақом бўлган.
Мавжуд ривоятларнинг қисқача мазмуни шундай: “Рост” мақомининг келиб чиқиш тарихи ҳазрати Одам алайҳиссаломга нисбат берилган бўлиб, унинг мазмунида жаннатдан қувилган Одам Атонинг ўз гуноҳига тавбаси ва шу йўлда чеккан нолаю афғони англашилади; “Ушшоқ”нинг юзага келиши эса ўзгача тарихга эга. Нуҳ алайҳиссаломнинг асл исмлари Йошкар бўлиб, “Нуҳ” “йиғи” маъносини англатувчи “навҳа” сўзидан олинган, дейилади ривоятда. Сабаби, қалби муҳаббат нури билан зийнатланган Нуҳ пайғамбар кўп йиғлар ва унинг йиғиси “Ушшоқ” куйида ўз аксини топган эди; “Наво” мақомининг келиб чиқиш тарихи мафтункор овоз соҳиби бўлган Довуд алайҳиссаломга нисбат берилади. Довуд пайғамбар ҳамду сано айтган вақтлари гўзал овози таъсиридан, ҳатто ҳайвону қушлар ҳам мутаассир бўлган ҳолда ҳушини йўқотаёзар экан. “Ҳижоз” мақоми эса ҳукмдорлик мартабаси ва кўплаб мулк меросига эга бўлган Сулаймон алайҳиссаломнинг Яратганга келтирган шодлик шукронасининг ифодаси сифатида зуҳур этган; “Ироқ” оҳангларининг юзага келиши сабр-матонатли Аюб алайҳиссалом ҳаётида дуч келган оғир синовларнинг ижобий хотимаси билан боғлиқ. Оғир хасталикка мубтало бўлган Аюб пайғамбарнинг баданларини қуртлар кемирар ва шу зайлда ўн саккиз йил ўтиб, соғайиш вақти келган маҳал бир қурт муборак баданларидан ерга тушиб кетади. Аюб алайҳиссалом уни қўлига олиб яна қайта баданига қўйган чоғда қурт қаттиқ чақиб олади ва шу онда беихтиёр юзага келган пайғамбар фиғони “Ироқ” мақомида бўлган экан; “Ҳусайний” мақоми Ёқуб алайҳиссаломнинг севимли зурриёти бўлмиш Юсуф алайҳиссаломни кўп йиллик айрилиқдан сўнг илк бор кўрган чоғида “ҳой-ҳой” деб йиғлаб юборган нидоларидан зуҳурланган; “Роҳавий” мақоми севимли пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)га нозил этилган Қуръони карим сураларини гўзал овоз бирла қироат қилган пайтларида жилваланган экан.
Мақомларнинг келиб чиқиш тарихига доир бошқа ривоятлар ҳам бор, лекин биз мазмуни мухтасар келтирилган ва кўпчилик мутахассислар томонидан эътироф этилган ривоятлар билан кифояланамиз. Иттифоқо, пайғамбарларнинг самоъ меросида одамлар учун ибратомуз намуналар кўпдир ва шу сабабдан ҳам улар тарих силсиласида изсиз йўқ бўлиб кетмади, балки Буюк Яратувчининг қудрати билан сақлаб қўйилди. Масалан, Одам Атонинг ўз гуноҳига йиғлаб (яъни самимий дилдан) тавба қилгани Аллоҳга хуш келди ва У келажак одамлар ўзларининг содир этган гуноҳларига шу тариқа тавба қилсалар, уларни ҳам мағфират қилишини билдирди. Бу каби ривоятлар санъат аҳли учун ахлоқ-одобдан сабоқ берувчи ўзига хос тарбия мактаби вазифасини ҳам бажариб келган. Устоз-шогирд анъанасига боғланган мақомчилар ҳар бир ижро аввалида манба соҳиби ёки соҳиблари(пайғамбарлар)ни эслаб, уларнинг ҳаққига дуо йўллайдиларки, бу ҳам мақомчилардан мерос бўлиб келаётган гўзал одоб намуналаридандир.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, пайғамбарлар самоъси турли қабила, жамоа-қавмлар орасида муқаддас туйғу янглиғ эъзозланиб, авайлаб-асралган ҳолда авлоддан-авлодга ўтиб келган, ўрта асрларга келиб ўарбда (Европада) насронийларнинг черков касбий мусиқаси(“Григориан айтимлари”)га, Шарқда эса салобатли мусиқа тизимларига муҳим асос бўлган.
Пайғамбарлар мероси мусулмон оламида ўзгача қадр-қиммат топди. Алалхусус, Пифагорнинг математик таълимотини мерос сифатида ўзлаштирган Шарқ алломалари руҳан ёқимли самоъ намуналари мукаммал товушлар уюшмасига асосланишини илмий жиҳатдан аниқлашга эришганлар. Шунга кўра, октава миқёсини қамраган бундай уюшмалар таркибидаги ўзаро уйғун товушлар нисбати муқаддас самоъ намуналари сифатига мувофиқ бўлган. Эътиборлиси шундаки, мукаммал товушлар уюшмасига оид дастлаб “йўл” маъносини англатувчи “роҳ”, “равиш”, “равашин”, “тариқа”, “тароиқ” каби форсий-арабий атамалар қўлланган эди. Бу бежиз эмас, албатта. Пайғамбарлар халқларга чинакам бахтга эришишнинг энг тўғри йўлларини кўрсатганлари каби, мусиқада ҳам “тўғри йўл” (мукаммал парда) тушунчаси муҳим аҳамият касб этган. Зотан, самоъ намуналарида ҳол тили ила тингловчини эзгуликка, покликка, маънавий тўғри йўлга “даъват этувчи” соҳир оҳанглар бор. XIII-XIV асрларга келиб “мусиқий йўллар”га нисбатан арабча “мақом” атамаси қўллана бошланган. Шундай бўлса-да, “йўл” тушунчаси ҳозирга қадар ўз аҳамиятини йўқотган эмас, балки Фарғона-Тошкент мақом йўллари, Хоразм мақомларининг “айтим йўли”, “чертим йўли”, шунингдек, “сурнай йўли”, “дутор йўли” каби ибораларда ўз кучини сақлаб келмоқда.
Энди мақомларнинг қадимий манбалари қаторида яна бир муҳим қатламни ташкил этган Шарқ халқлари мусиқа ижодиёти хусусида сўз юритсак. Жаҳон халқлари маданиятида бўлганидек Шарқ халқлари (туркий, форсий, сомий ва бошқа)нинг узоқ ўтмиши давомида турли маросим, оммавий сайил, байрам ва турфа урф-одатлар шакллангани ва уларга бевосита ёки билвосита боғлиқ ҳолда халқ оғзаки ижодиёти ҳам тадрижий келгани тарихдан аён. Муқим анъана тусини олган оммавий байрам ва бошқа тадбирларда қарор топган ҳар бир халқнинг ўзига қадрдон мусиқий қадриятлари асрлар давомида эл-улуснинг хотирасига муҳрлангани ҳолда авлоддан-авлодга бекаму кўст ўтиб келишини ҳам таъминлаган. Хусусан, Наврўз байрами кунлари ижро этилган “Наврўзи Араб”, “Наврўзи Баётий”, “Наврўзи Хоро”, “Наврўзи Ажам” номли намуналар ёки дастлаб “Авесто” китобидаги “гот” мадҳияларидан унум олган “Дугоҳ”, “Сегоҳ”, “Чоргоҳ”, “Панжгоҳ” каби муқаддас куйлар шундай асрий қадриятлар жумласидандир.
Бизнинг даврга қадар, асосан, мақомот таркибида етиб келган бу намуналар, Ўрта асрларда битилган рисолалардан маълум бўлишича, аслида содда шакл ва тор овоз доирасида (диапазонида) бўлган. Айни вақтда уларнинг таркибидаги товушлар сони, пайғамбарлар самоъсидан фарқли ўлароқ, жуда оз (2–5) миқдорда бўлгани кенг омма куйлаши учун қулайлик туғдирган. Таъкидлаш жоизки, шу каби куй-айтимларининг ижодкори ва ёрқин ижрочилари бўлган халқ орасидан етишиб чиққан истеъдодлар ҳукмдорларнинг (амалдорларнинг) саройларига мусиқачи сифатида жалб этилганлар. Демак, ўтмишда мусиқа санъати билан махсус шуғулланиб, шу тарзда ҳаёт кечирувчи мусиқачи(ижодкор-хонанда, созанда)лар юзага келган даврлардан бошлаб касбий мусиқа қатлами ҳам қарор топа бошлаган.
Қадимги давр мусиқачиларининг “сарой эстетикаси”га мувофиқ мусиқа асарларини ижод этишларида халқ оғзаки ижодида тўпланган бадиий тажриба ва мусиқа бойликлари асқотган бўлиши табиий. Бунда улар эл орасида ёйилган маълум куй ва айтимларни ижодий қайта ишлаган ҳолда, уларнинг янада мураккаб ва мукаммал кўринишларини зуҳур этишга интилганлари мантиқий мулоҳазаларга тўғри келади. Шу тарзда шакллана бошлаган бастакорлик анъаналари эса “устоз-шогирд” воситасида кейинги авлод мусиқачи(ижодкор-хонанда ва созанда)лари томонидан ижодий ўзлаштириб борилган.
Шунингдек, сарой мусиқачилари мусиқий йўллардан ижодий фойдаланган бўлишлари ҳақиқатга яқиндир. Бунга, масалан, Сосонийлар саройида шоҳ Хусрав Парвиз даврида (590-628) хизмат қилган машҳур мусиқачи Борбаднинг кенг кўламли фаолияти ва унга нисбат бериладиган “7 Хусравоний” туркуми мисол бўлиши мумкин. Лекин мақом тизимлари асосидаги туркумларнинг яратилишини бир шахс фаолияти билан боғлаб қараш тўғри эмас. Зотан, мақомларнинг юзага келиши пайғамбарлар мероси, халқ мусиқаси ва шу асосда униб-ўсган бастакорлик ижодиёти каби муҳим манбалар баробарида яна бир қатор объектив омиллар билан ҳам шартланган эдики, бу ҳақда кейинги мақолаларда сўз юритилади.
Оқилхон ИБРОҲИМОВ