СУВ КЕЛТИРГАН ЭЛДА АЗИЗ (Манзума)

by O'zbekiston adabiyoti va san'ati gazetasi
СУВ КЕЛТИРГАН ЭЛДА АЗИЗ (Манзума)

Сув келтирган элда азиз,

               Сув келтиргай мард киши,

Ўз халқини рози қилмоқ

               матонатли мард иши.

Сув келтирмоқ — мард ишидир,

               экин экар ҳар киши,

Халқ иши – давлат ишидир,

               Давлат иши – халқ иши.

Сув йўли ҳам сўз йўлидай

               меҳнатлари оғирдир,

Сувсиз ерлар меҳрга зор

               бағирлардай яғирдир.

Донишманд халқ оқар сувнинг

               оқишига қара дер,

Шунга қараб элнинг

               истак-хоҳишига қара дер.

Минг йиллардир гарчи асру

               замонларнинг ораси,

От чопса гар гумбурлайди

               ҳамон тоғлар дараси.

Инсоният ибтидосин

               Тешиктошга қаратган,

Мард элимсан, ор-номуснинг

               қўрғонларин яратган.

Неандертал одамнинг ҳам

               кўзлари чақнаб келгай,

Асрларнинг қаъридан у

               шўрлик ҳам чанқаб келгай.

“Сув!..” дегандай теграсида

               хазон боғлар “увв...” дейди,

Минг йилларким Бойсун эли

               “Сув!..” дейди-ё, “Сув!..” дейди.

ўаддорлигу ғирромликка

               ҳуши йўқ, уқуви йўқ,

Меҳридарё элдир ўзи,

               лек ичмоққа суви йўқ.

Ойбалдоғим, Ойсулувим,

               Ойсанамим, Ойсинглим,

Юз йилларким қўлда челак,

               кўзёшлари сой, синглим.

Сув келтирган элда азиз,

               Сув келтирмоқ – мард иши,

Давлат иши – халқ ишидир,

               Халқ иши – давлат иши.

Минг асрлик соғинчлардан

               жимирлар жону таним,

Менинг жисму жоним сенсан,

               жисму жоним Ватаним!

Улуғларинг умрларин

               тупроғингга қорганлар,

Бир ариқ сув сўраб

               ҳатто Масковгача борганлар.

Гапдон, эпчил элчиларинг

               пойтахтларга юбориб,

Ўз сувингни ололмадинг

               минг йиғлаб, минг ёлбориб.

Келдилар сўнг ўхшаб бир қоп

               шалвираган хашакка –

Тоғдай-тоғдай райисларинг

               михландилар тўшакка...

Элдошларим, жонингизга

               Оллоҳ бермиш тўзимлар –

Емирилди Сизни эзган

               у мустабид тузумлар.

... Бу бир мунглуғ ривоятдир.

               Бу бир ғамгин ҳикоят:

“Бойсунга сув келтиринг...” деб

               жон бердингиз ниҳоят.

Қуруқшаган боғларингиз

               кечалари зирқирар,

Руҳингизнинг қушларидир:

               “Сув...”, “Сув...” дея чирқирар.

Чирқирайди улар ҳали

               чорак аср тинмайин,

То бу элнинг шон-шавкатли

               Раҳнамоси келмайин.

Сув келтирмоқ – мард ишидир,

               баҳра олгай ҳар киши,

Халқ иши – давлат ишидир,

               Давлат иши – халқ иши.

Сув келса гар – нур келгайдир,

               яшнар кенту қишлоқлар,

Юз минг қалбда гўё бирдан

               порлар минг-минг чироқлар.

Тешиктоғим – бешиктоғим,

               мен нечун бўлмай мафтун,

Қатлам-қатлам ҳикматдирсан,

               қатлам-қатлам тамаддун.

Термизийлар айвонидан

               боқсам агар оламга –

Ҳам отамга ўхшайдирсан,

               ҳам ўхшайсан онамга.

Дўмбиранинг қўш тори ё

               Ойбарчин кокиллари –

Қирларингнинг кифтларидан

               тушган темир йўллари.

Баланд-баланд тоғларингдан

               ғурур олмиш, қалб олмиш,

Ҳар қизинг бир Ойбарчиндир,

               ҳар ўғлинг – бир Алпомиш.

Қиш ўртаси – бодомлару

               олчаларим гуллаган,

Бутун воҳа, боғу роғлар

               мисли хушбўй гуллаган.

Она юртим, сен бир йилда

               топган нашъу намолар

Минг йилда ҳам бўлмаган, дер

               юздан ошган момолар.

Шу замоннинг шаштларига

               мен мослай қадамимни,

Қайроқсойнинг тошларига

               чархлайин қаламимни.

Қаён боқсам – ҳар қадамда

               боғ пайдо, чаман пайдо,

Янги уйлар, янги тўйлар,

               юрт пайдо, Ватан пайдо.

“Баҳр ун-нажот”, “Наҳр ул-ҳаёт”

               деган қутлуғ каломлар –

Сўз мулкининг султонидан

               авлодларга саломлар.

Сув дегани нажот демак,

               Сув – бу обиҳаётдир,

Сув – бу гўзал турмуш демак,

               Сув келган жой – ободдир.

Аслида-ку, сел дуч келса,

               сен симирган халқдирсан,

Тоғ келса ҳам мардонавор

               сен емирган халқдирсан.

Эй ёронлар, халқни кўринг,

               кўринг орзу-ҳавасин,

Биз ёзмасак ким ёзгайдир

               бу кунларнинг “Хамса”син?!.

Эл шод бўлиб, мамлакат ҳам

               обод бўлмоғи керак,

Ҳар бир фарзанд энг камида

               Фарҳод бўлмоғи керак!

Бойсундан то Зомин қадар,

               Урганчдан то Андижон,

Она юртим, дурахшонсан,

               Ота юртим – нурафшон.

Мен ҳам сенинг қирларингда

               ўсган майса-лолангман,

Бир бойчечак висолига

               чанқоқ шоир болангман.

Жамолингни кўз-кўз айлаб

               кўз ўйнатгим келади,

Бойчиборни ўйнатгандай

               сўз ўйнатгим келади.

Сув йўли – бу нур йўлидир,

               Сув келтиргай мард киши,

Давлат иши – халқ ишидир,

               Халқ иши – давлат иши.

Сув келгайдир Бойсун томон

               Хўжамаҳихонадан,

Ўн саккиз минг уй ва эшик,

               ўн саккиз минг хонадон –

Менинг яхлит кўнглим янглиғ

               ёришгайдир бир зумда,

Элдошларим кўзидаги

               ёшлар – менинг юзимда.

Дуога қўл очинг демак,

               Ҳожи Бобо, оқсоқол:

Токи шу эл, шу халқ, Ватан

               асло топмасин завол.

Дунё тургунча бор бўлсин,

               Парвардигор ёр бўлсин,

Сув келтирган мардларининг

               Давлати пойдор бўлсин!

2018 й.

Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон халқ шоири

November 8, 2018
by Jasurbek TOJIBOYEV