October 18, 2018

Ҳикматнинг улуғлиги

АКFА: «Дўстлар клуби»да учрашувлар

Дўстлар билан уйимиз доим обод, кўнгилларимиз шоддир. Президентимиз ташаббуси билан “Дўстлар клублари” ташкил этилиб, бугунги кунда юртимиздаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари, компаниялар ва банкларнинг  адабиёт, санъат ва маданиятга дахлдор муассасалар билан қўлни қўлга бериб, бақамти ҳамкорлик қилаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Шу ўринда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси билан “AKFA” компанияси ўртасида тузилган “Дўстлар клуби” нинг ҳамкорлиги алоҳида эътиборга лойиқ. Асосийси, ушбу дўстлик алоқалари шунчаки номига бўлмай, балки қизғин учрашувлар, фикр алмашувлар доирасида кечяптики, бу ҳар икки тарафга ҳам наф келтирмоқда.

Таъкидлаш керакки, “Дўстлар клуби”нинг шарофати билан ўтган қисқа вақт ичида “АКFА” компанияси ходимлари  ҳамда газета жамоаси ўртасида мустаҳкам ва самимий алоқа ўрнатилди. Айни кунда газета ижодий жамоаси билан компания ходимларининг учрашув ва мулоқотлари мунтазам тус олди. Албатта, унумли меҳнатдан кейин ташкил этилаётган бундай маданий-маърифий тадбирлар компания ходимларини, айниқса, жамоанинг кўпчилигини ташкил этадиган ёшларни бефарқ қолдирмаяпти.

Хусусан, бир неча ой аввал Сергели туманидаги “Imzo siti” шаҳарчасида бўлиб ўтган тадбирда компания ишчилари шоир Ҳумоюн Акбар, таниқли сўз устаси Валижон Шамшиев, “Ниҳол “ мукофоти соҳиби, хонанда Илёс Арабовлар билан учрашиб, улар ижодидан баҳраманд бўлишган эди.

Яқинда “Imzo siti”да бўлиб ўтган яна бир тадбирда компания ривожига ҳисса қўшган бир гуруҳ ишчилар фахрий ёрлиқлар ва эсдалик нишонлари билан тақдирланишди. Тадбирда иштирок этган таҳририят ходимлари ҳамда уларга ҳамроҳ бўлиб борган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова, Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқий театри актрисаси Муқаддас Мамадалиева ҳам мукофотланганларни самимий қутлаб, дилтортар тароналар ижро этишди.

Шундай анжуман компаниянинг Юнусобод туманидаги корхонасида ҳам бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулла Шомаърупов кеча меҳмони бўлди.

Куни кеча Чилонзор туманида жойлашган АКFА компанияси бош офисида ҳам компания ўзининг бир гуруҳ ходимларини фахрий ёрлиқлар билан тақдирлаш маросимини «Дўстлар клуби» аъзолари билан ҳамкорликда ўтказди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо ҳамда шоир Абдумажид Азим учрашув қатнашчиларига ўзларининг янги шеърларидан ўқиб беришди. Тадбирда компания жамоасига таниқли ўзбек адиб ва шоирларининг янги чоп этилган ўндан зиёд китоблари тақдим этилди. Шунингдек, Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқий театри актрисаси Муқаддас Мамадалиева ва актёр Аброр Маллабоевнинг чиқишлари учрашувга янада файз бағишлади.

Меҳр кўзда, дейди халқимиз. Дарҳақиқат, бундай учрашувлар ижодкорлар билан ишлаб чиқарувчиларни бир-бирига яқинлаштириш баробарида ҳар икки тарафни фаол мулоқотга ундайди. Ушбу мулоқотлар эса  ижодкорларимизга бугунги кун қаҳрамонлари қиёфасини бадиий ижод намуналарида яратишга туртки берса, ажаб эмас.

А.АБДУЛЛАЕВ