November 29, 2018

ОҚ ТУН СИРЛАРИ

Пойтахтимиздаги тасвирий санъат галереясида очилган Ўзбекистон халқ рассоми Баҳодир Жалоловнинг “...Ва ўшанда барчаси бошланди” деб номланган кўргазмаси томошабинларда катта таассурот қолдирди. Экспозицияда муаллифнинг дизайн архитектураси, инсталляция, графика ва рангтасвир асарлари намойиш этилмоқда.

Кўргазманинг очилиш маросимида сўзга чиққан Бадиий академия раиси Акмал Нуриддинов, Ўзбекистон халқ рассоми Жавлон Умарбеков, Тасвирий санъат галереяси директори Жаҳонгир Темирхўжаевлар мусаввирни ушбу тақдимот билан табрикладилар. Мусаввир таваллудининг етмиш йиллиги билан ҳамоҳанг бўлган ушбу тадбирда Баҳодир Жалолов Ўзбекистон Бадиий академиясининг фахрий дипломи билан тақдирланди. Рассом кўргазма иштирокчиларига самимий миннатдорлик изҳор этиб, замонавий дунё ва жамият ҳаётини акс эттирадиган янги асарлар яратиш ниятини билдирди.

Дастлаб, Республика рассомлик билим юртида сўнгроқ И.С.Репин номидаги Тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик ва архитектура институтида таҳсил олган мусаввир ўз фаолиятини талабаларга сабоқ бериш билан бошлади ва ўз ижодий услубини яратиш мақсадида тинимсиз изланди. Графика, рангтасвир ва монументал асарлар яратиш, ҳар бирида ўзига хос шакл-шамойиллар, янги ғоя, янги қирралар топишга ҳаракат қилди. Унинг устахонаси ҳамиша ижодкорлар, дўстлари, шогирдлари ва мухлислари билан гавжум. Айни, шу жойда унинг машҳур асарларининг эскизи, яъни ғоялари яратилган.

— Мен Баҳодирни анча олдиндан биламан, — дейди Жавлон Умарбеков. — Ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб, тадқиқотлар ва жамоавий ишлар, ижодий изланишлар, кўргазмалар, саёҳатларда биз бир сафда бўлдик. У Санкт-Петербургда, мен эса Москвада ўқидик. Биз ҳар доим бирга ишладик, ёруғ орзуларга эргашдик. Замонавий санъат қандай бўлиши ҳақида узоқ суҳбатлашар эдик. Бир лаҳзада Баҳодир, коинотдаги каби, олам сирларини англашга интилди, мен учун қадимги шаҳримиз, Тошкент кўчалари, салқин анҳорлари ижодимнинг асосий мавзуси бўлди. Бугунги кунда бизнинг қаҳрамонимиз яна ҳаммани ҳайрон қолдирди. Бу ерда жуда қизиқарли, жуда таъсирли лойиҳаларни кўряпман. Мен Баҳодирга куч ва соғлик тилайман, шунда у келгусида ўзининг ҳашаматли, улкан режаларини амалга ошириши мумкин.

Мусаввир мамлакатимиз ва хорижий давлатларда ўтказиладиган кўргазмаларнинг мунтазам иштирокчиси. Унинг асарлари дунёнинг қатор мамлакатлари музейлари ва шахсий тўпламларидан ўрин олган. Кўргазмага файз бағишлаган ҳайратларга тўла, афсонавий санъат асарлари ўзбек рассомлик мактабининг ривож топишида мусаввирнинг қўшган мислсиз, улкан ҳиссасидир.

С.ҚОСИМОВА