November 29, 2018

ХАРАКТЕРЛАР МУСАВВИРИ

Абдуқаҳҳор Иброҳимов кенг қамровли ва мураккаб жанр бўлмиш драматургияда самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Унинг турли жанрларда ёзилган пьесаларини бир умумийлик, яъни қаҳрамонлар характерининг ёрқинлиги ва ўзига хослиги бирлаштириб туради. Ижтимоий мавқеи ва нуфузидан қатъи назар, ким бўлмасин – ҳамма учун ҳалоллик, тўғрилик бир хилда меъёр бўлиши зарурлиги ҳақидаги ғоя драматург пьесалари негизини ташкил этади.

Ўтган асрнинг 70-йилларида ёзувчиликда бирмунча ном чиқариб улгурган Абдуқаҳҳор Иброҳимов “Биринчи бўса” пьесаси билан драматургияга кириб келди. Маънавий баркамолликка чорловчи замонавий мавзудаги ушбу асарда ёшлар ҳаёти тасвирланган. Пьесада бир-бирлари билан дўст бўлган Шокир, Роҳат, Қосим, Ферузалар ҳаётининг икки даври акс этади: мактабни битириш арафасида қалбларида муҳаббат эндигина куртак ёзаётган ва ҳаёт суронлари билан илк дарға юзма-юз келган паллалари.

Асарнинг бош ғояси шуки, инсон севгисиз яшай олмайди. У ҳар доим муҳаббатга ташна, интиқ. Бироқ инсон чинни пиёладек нозик ва покиза кўнгилни фақат ишончли, мард қўлларга бермоғи керак. Ахир, биринчи бўса ким учундир кўнгилхушлик бўлса, ким учундир кўнгилнинг битмас изтиробига айланиши мумкин. Лирик драма жанридаги ушбу пьесада баъзи бир ёшлар орасида ҳаётга енгил қараш кайфияти ва унинг салбий оқибатлари таъсирчан очиб берилган. Шокирнинг кўнгилхушлик учун Роҳатдан олган бўсаси ва ёлғон севги ваъдалари қизнинг бутун ҳаётини остин-устун қилиб юборади.

Драматург маҳорати ёшлар кечинмаларини ҳаққоний очиб беришга эришганида кўринади. Зеро, ёшлик бу — қон қайнаб жўшган, орзуларга лиммо-лим давр. Бу фаслда жуда камдан-кам инсон ўз қилмишлари оқибатини ўйлаб иш кўради. Ёшликда ҳиссиёт устун келиб қилинган хатти-ҳаракатлар кейинчалик қанчадан-қанча надоматларга сабаб бўлади. Пьесанинг барча даврлар учун долзарблигини таъминлаган фазилат инсон ўз қилмишлари оқибатини ўйлашга масъуллиги, акс ҳолда бутун умр пушаймон қилиб яшашига маҳкумлиги ҳақидаги умрбоқий ғоядадир.

А.Иброҳимовнинг “Зўлдир” сатирик комедияси — ижтимоий қимматга эга асар. Драматург асар қаҳрамони Ворисов мисолида жамиятда бирор ишни дурустроқ эпламасдан, турли мансабларда “сайр” этиб юрувчи кишилар қиёфасини тасвирлаган. Комедияда кўтарилган муаммо кишилик жамиятининг ҳар бир босқичида мавжуд ва, таассуфки, ҳеч ҳам йўқолмайдиган иллатдир. Худди шу жиҳат пьесанинг комик жанрда туғилишига сабаб бўлган. Асарда салбий ҳолатларни фош қилувчи кулги воситасида иллатларни тузатишга даъват янграб туради.

Ворисов мутахассислигидан қатъи назар, ҳар қандай ташкилотга раҳбарлик қилиб кетаверади. Табиийки, кўпинча рисоладагидек иш юритишнинг уддасидан чиқмайди. Аммо, шунга қарамай, унинг мансаб пиллапояларидан кўтарилиши ва алмашиб туриши сира тинмайди. Хўш, бунга сабаб нима, деган оғриқли савол туғилади. Гап шундаки, Ворисов каби нопрофессионал, савиясиз, маънавиятсиз одамлар кимларгадир асқотади. Зеро, ворисовлар “юқори”да ўтирган ўзи кабиларга ёқиш ҳадисини олган, бундайлар бир меҳрибонлик, хайрихоҳлик ниқобида тепадагилар кўнглини мудом овлаб туради-да...

Буларнинг эвазига, Ворисов чигал аҳволга тушиб қолганида валинеъматлар уни “қўллаб” юборади. Бу тўранинг мансаб курсилари шу қадар тез алмашиниб турадики, уни излаб келган ўғли йиллаб топа олмай юради. Бирга яшайдиган ёш хотини ҳам уни излагани-излаган. Албатта, драматург бу ҳолатни бироз бўрттириб тасвирлайди. Лекин қаҳрамоннинг маънавий қиёфасини очиб беришда бундай услубни қўллаш ўзини оқлайди.

Муаллиф Ворисов мисолида жамиятдаги кўплаб норасоликларга “ойна тутади”. Типик сатирик комедияларда бўлганидек, “Зўлдир”­да ижобий қаҳрамон кўринмайди. Ворисов атрофидаги бошқа салбий персонажлар ҳам жамиятдаги “қусур”лар умумлашмаси сифатида гавдаланади. Муаллифнинг маҳорати — пьесадаги образларнинг барчаси гарчи ўзини жамиятдаги бообрў, йирик шахслар қилиб кўрсатса-да, аслида, умрини кўзбўямачилик, фириб ва алдов билан ўтказиб юрган нокаслар эканини ёрқин тасвирлаб бера олганидадир.

“Зўлдир” пьесасига, мавзу ва кўлам жиҳатидан, “Пуч” трагикомедияси яқин туради. Ушбу пьесанинг жанри трагикомедия деб белгиланган бўлса-да, моҳиятан у психологик драма унсурларини ўзида намоён этган. Буни қайсидир маънода Антон Чеховнинг “Чайка” пьесасига қиёслаш мумкин. Комедия деб белгиланган “Чайка” ўткир психологик вазиятлари, тагмаъноли киноялари билан мураккаб хусусият акс этса, улфатчиликка йиғилган дўстларнинг некролог баҳона фаразий ўлим саҳнасидаги тилаклари ҳам аста-секин уларнинг характерини очиб боради. Турли соҳаларда катта лавозимларда хизмат қилаётган дўстларнинг қадрдон, ҳожатбарор Тўлаган ҳақида унинг валинеъматига қараб фикр-мулоҳазалар билдириши орқали жамиятдаги иккиюзламачилик, ошна-оғайнигарчилик, коррупция иллатлари беаёв фош қилинади. Тўлаганга ўзини қиёматли дўст кўрсатиб юрганлар, аслида, унинг суянган тоғи Келган Ўтаровичнинг соясига салом беришаётгани, суянч тоғи қулагач эса Тўлаганни бадном қилишга ўтиб олишгани пьеса кульминациясини ташкил этади.

А.Иброҳимовнинг сўнгги йилларда яратилган пьесаларида ижтимоий муаммоларнинг туб илдизлари инсоннинг ўзи билан, унинг шахсий хусусиятлари билан боғлиқ ҳолда талқин этилиши кузатилмоқда. Биргина “Тусмол ёхуд сенга бир гап айтаман” пьесасида бугунги жамиятнинг кўплаб муаммолари илдизи инсонларнинг бир-бирини тушунмаслиги, тушунишни истамаслиги, инсоннинг руҳий ёлғизлигида экани кўрсатиб берилган.

Пьеса бош қаҳрамони Эргашнинг дилини қандайдир ғам эзади. У шу дардини ким биландир бўлишишга, унга чора топишга интилади. Шу мақсадда яқинлари, қариндошлари олдига бирма-бир бориб, дил ёрмоқчи бўлади. Бироқ уни ҳеч ким эшитмайди, эшитишни хоҳламайди. Уни эшитиш учун шайланадилар-у, бир неча сонияга ҳам сабрлари етмай, ўз дардларини достон қила бошлайдилар. Ҳатто дардини айтолмай, ҳафсаласи пир бўлган Эргаш чиқиб кетса-да, айрим “дардкашлар” ҳаволарга сўзлайверади. Эргаш эса ҳеч қаердан ўзига дардкаш, ҳеч кимдан ўзига юпанч тополмай, бу оламдан ўтади. У айтмоқчи бўлган гап мавҳумлигича қолади. Бутун асар кулгига йўғрилган, бироқ унинг замирида кўзёш ётибди.

Эргашнинг оиласи, қариндошларидан кўпчилиги турли масъул лавозимларда ишлайди. Демак, асосий фаолияти инсонлар ҳаёти, уларнинг тақдири билан боғлиқ. Бу кишилар минбардан туриб буюк ғоялар ҳақида ваъз ўқийди-ю, аммо ўзлари инсонни тинглашни, унинг дардига шерик бўлишни билмайди, хоҳламайди. Муаллифнинг бундай бефарқликдан қийналиши, одамлар шулар ҳақида ўйлашини хоҳлаши яққол акс этиб турибди. Пьеса қаҳрамонлари сиртдан ҳеч қандай ками йўқ, бахтли кўринса-да, бироқ, аслида, руҳан нотинч кишилардир.

А.Иброҳимов муаммони очиб бериш учун асосий қурол сифатида бекорга кулгини танламайди. Ўзини “олий зот”лар деб билган бу тоифа бачки муаммоларни ҳал қилиш жазавасида шунчалар жиддийки, ҳатто бу носоғ интилишлари билан нақадар кулгили кўринишини ҳам пайқамайди. Уларнинг бундай кулгили кўриниши, ташқаридан қаралганда, ҳам завқли, ҳам азоблидир. Зеро, саҳнадаги мазкур персонажлар хатти-ҳар��кати томошабинга ҳам ойна тутгандек бўлади. Ахир, бу ўткинчи ҳаётда одамлар нималар учун талашадилар? Оддий манфаатлар учун эмасми? Томошабин саҳнада намойиш этилаётган инсоний муаммоларни кўриб кулади, аммо онгининг бир буржида ўз ҳаётини ҳам ўзгартириши лозимлиги ҳақида таҳлиллар кечади. Таҳлилки, бу театрдан олинган сабоқдир, таҳлилки, бу комедиянинг катарсисидир.

Драматург пьесаларида жаҳонга машҳур абсурд театри хусусиятлари кўзга ташланади. Яъни бемаъниликдан маъни излаш, ҳеч нарса ҳақида кўп фикрларни айтиш шу театр­даги ўзига хосликдир. Айни сабабга кўра, А.Иброҳимов пьесаларида характерлар ёрқин, хилма-хил, ўта ҳаётийдир. Улар ўз ҳаётийлиги билан томошабинни янада ўйга толдиради, янада изтиробга солади. Зеро, драматург сизу биз яшаб турган жамиятдаги аччиқ маънисизликлардан баҳс очади. Аламлиси, бу бемаъниликларни ўзини маънили сановчи кишилар амалга оширади. Бундай иллатлар кулги усули билан очиб берилганки, шу боис уларнинг тарбиявий хусусияти юқори. А.Иброҳимовнинг барча пьесалари “Арра”, “Майли, майли”, “Мени айтди деманг”, “Олқиш”, “Сочқи”, “Бир ўликка – бир тирик”, “Товушсиз қарсаклар”, “Шайтоннинг йўли ёхуд Сохта никоҳ” ҳақида ҳам ана шундай дейиш мумкин.

Муборак 80 ёшни қарши олаётган драматургнинг энг катта ютуғи, у қайси жанр ва қайси мавзуда ижод қилмасин, барчасининг замирида нафақат ҳозирги давр, балки барча замонлар учун долзарб муаммолар ётади. Улар томошабинга қанчалик мароқли бўлса, саҳналаштирувчи режиссёрга ҳам шу қадар завқлидир. Зеро, ҳар бир режиссёр улардан янгича бадиий талқинга имкон берувчи кўпдан-кўп жиҳатларни топа олади.

 Ҳамиджон ИКРОМОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси,

санъатшунослик фанлари номзоди, профессор,

Бахтиёр ЯҚУБОВ, театршунос