“ЎҚУВ ДАФТАРИ”МИ, “ЁЗУВ ДАФТАРИ”? (45 сон)
Ҳар йили янги ўқув йили бошланиши билан китоб-дафтар савдоси авжига чиқади. Истаган дўкондан турли-туман муқовадаги ва сифатдаги дафтарларни харид қилиш мумкин. Дафтарлар муқоваларини кўриб ҳам қувонасиз, ҳам турли саволлар туғилади. Таниқли футболчи Рональдодан тортиб, халқ артистигача суратлари акс этган муқовали дафтарлар турини санаб охирига етолмайсиз. Аслида 2014 йилда мамлакатимизда дафтарларга нисбатан Ўзбекистон Давлат стандарти (2851-сонли) ўрнатилган. Аммо... Негадир дафтарларнинг юзига “Ўқув дафтари”, деб ёзилган. Одатда, янги дафтарнинг варақлари топ-тоза бўлади. Шундай экан “Ўқув дафтари” ўрнига “Ёзув дафтари” деб ёзилса тўғри бўлмайдими? Ёки “Ўқувчи дафтари”, деб ёзиб қўйилса бўлади-ку.
Кейинги вақтларда истаган тадбиркор дафтар ишлаб чиқаришга ҳаракат қилмоқда. Қонун талабларига мувофиқ дафтар ишлаб чиқарувчи унда ўзининг юридик номи, жойлашган манзили ва бошқа далилларни кўрсатиши шарт. “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа уйи бу талабларга тўла амал қилиб келяпти. Бироқ бир қатор ишлаб чиқарувчилар давлат стандарти талабига итоат этмаяпти. Хусусан, муқовасида буюк аждодларимиз Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур суратлари акс этган дафтарларда “O‘zbekistonda ishlab chiqarilgan” деган ёзувдан бошқа бирон-бир маълумот йўқ.
Сўнгги пайтда ишлаб чиқарувчилар томонидан дафтар муқовасида тарихий шахслар ва таниқли адабиёт, санъат намояндаларининг суратларини акс эттириш урфга айланди. Бу аслида яхши, албатта. Дафтар муқовасидаги суратлар ва битиклар (шеърлар, мақолалар) ҳамда сурати акс этган буюк шахслар ҳаёти ва фаолияти тўғрисидаги материаллар ўқувчи маънавиятини шакллантиришда қўл келади. Аммо айрим номи қайд этилмаган тадбиркорлар ишлаб чиқараётган дафтарларда жиддий ғализликларга йўл қўйилмоқда.
Менингча, агар дафтар муқовасида сурати акс этган буюк аждодларимиз ҳаёти ва ижоди ҳақида энг муҳим маълумотлар берилмаса, бундай суратларни қўймаслик керак. “Абдумаликов” хусусий корхонасида ишлаб чиқарилган дафтар муқовасида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи акс этган, унинг устида эса Мирзо Улуғбек сурати турибди. Бу тасвирлар қандай маънони англатади, деган савол пайдо бўлади. Ахир, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун билан Давлат байроғидан фойдаланишнинг тартиби қатъий белгилаб қўйилган-ку!
Шу дафтар муқовасида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби ҳам акс эттирилган. Ўқувчи ўзининг қайси мактабда, нечанчи синфда ўқиши, исм-фамилиясини дафтар муқовасидаги айнан герб тасвири устига ёзишига тўғри келади.
Хуллас, ўқувчиларнинг ёзув дафтари билан боғлиқ бу каби муаммолар масъуллар томонидан жиддий кўриб чиқилса, ёш авлод тарбияси йўлида жуда фойдали иш бўларди.
Йўлдош СУЮНОВ,
меҳнат фахрийси, ҳуқуқшунос
Самарқанд шаҳри