МИЛЛИЙ ҲУНАРМАНДЛИК ЭЪЗОЗИ

by O'zbekiston adabiyoti va san'ati gazetasi
МИЛЛИЙ ҲУНАРМАНДЛИК ЭЪЗОЗИ

Маълумки, юртимизда ҳунарманд­чилик қадимдан тараққий этган, аждодларимиз ушбу соҳанинг кўплаб турлари билан фаол шуғулланган. Халқимиз ҳунар ўрганиб, турли бежирим буюмлар яратиш, кундалик ҳаётда асқотадиган жиҳозлар тайёрлаш, шу орқали ўз меҳнати билан одамларга наф келтиришни қадрият даражасига кўтарган. Ҳунармандчиликнинг у ёки бу йўналиши бир оила вакилларининг асосий машғулотига айланиши натижасида моҳир ҳунармандлар сулоласи юзага келган. Жойларда ўзига хос мактаблар шаклланган. Бугунги кунда мамлакатимизда ҳунармандчиликнинг ўттиздан ортиқ йўналиши мавжуд. Ушбу йўналишларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар юртимизда ва ундан ташқарида ташкил этилаётган кўргазмаларда муваффақият қозонаётгани сир эмас.

Давлатимиз раҳбарининг “Хал­қаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори ана шу миллий ҳунармандчилик турларини, халқ бадиий-амалий санъатини ривожлантириш, қўлигул ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг меҳнати маҳсулларини кенг ­тарғиб этишда долзарб аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Мазкур фестивалнинг ҳар икки йилда бир марта Қўқон шаҳрида ўтказилиши замирида ўзига хос маъно бор. Зеро, Фарғона водийси уста ҳунармандлар юрти. Бугун вилоятда ҳунармандчиликнинг барча йўналишлари бўйича тўрт минг нафарга яқин ҳунарманд фаолият олиб бормоқда. Улар орасида ўз мактабига эга, турли халқаро ва мамлакатимиз миқёсида ўтказиладиган кўргазмалар, фестиваллар иштирокчилари, давлат мукофотлари соҳиблари бор. Вилоятнинг Риштон туманида кулолчилик, Марғилон шаҳрида ипак матолар ишлаб чиқариш, Қўқонда кандакорлик, пичоқчилик йўналишлари кенг ривож­ланган. 

Шуниси эътиборлики, фестиваль доирасида фақат ҳунармандчилик санъатига оид турли кўргазмалар уюштирилиб қолмай, тасвирий ва амалий санъат асарлари, қадимий ҳунармандчилик дастгоҳлари ва маҳсулотларини яратиш жараёнлари, соҳага оид бадиий ва ҳужжатли фильмлар, китоб­лар, альбомлар, фотосуратлар намойиши ҳам ташкил этилади. Бу юртдошларимиз ҳамда юртимиз меҳмонлари ва сайёҳларнинг миллий ҳунармандлик турларига меҳр-эътиборини кучайтиради, одамлар ҳунарнинг аҳамияти, ривожи хусусида кўпроқ маълумотга эга бўлиши учун хизмат қилади, деб ўйлаймиз.

Анжуманнинг сентябрь ойида ўтказилиши ҳар томонлама — иқлимий, сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан қулай вақтга тўғри келади. Жумладан, сентябрь ойининг ўрталари хорижлик меҳмон ва сайёҳларнинг ташрифи учун энг қулай пайт бўлиб, водийда мева ва сабзавотларнинг айни пишиқчилик вақти ҳамда мўътадил об-ҳаво анжуманнинг муваффақиятли ўтишида қўл келади. Энг муҳими, юртимизнинг ривожланган маданий ва тарихий шаҳарлари Бухоро, Самарқанд, Хива, Тошкент, Шаҳрисабз каби Қўқонда ҳам ҳунармандчиликнинг ноёб турлари сақланиб қолинишига, усталар меҳнати халқаро миқёсида эътироф топишига мазкур фестиваль шароит яратади. Бундан ташқари, Қўқон шаҳри инфратузилмасини такомиллаштириш учун замин ҳозирланиб, бу ҳолат кейинчалик анъанавий тус олади. Таъкидлаш жоизки, қарорга кўра, мазкур фестиваль туризм календарь режасига киритилади ҳамда хорижий сайёҳлар анжуманга жалб этилади. Бу, ўз навбатида, юртимиз туризм салоҳиятининг янада ошишига, мамлакатимизга сайёҳлар ташрифининг кенгайишига хизмат қилади. Шунингдек, ушбу халқаро тадбир авлоддан авлодга ўтиб келаётган миллий ҳунармандлик соҳасида таж­риба алмашиш, касбий ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш каби эзгу мақсадлар йўлидаги қутлуғ қадам бўлади.

Шу ўринда фестивалнинг тарбиявий аҳамиятига алоҳида тўхталиш лозим. Чунки Қўқон шаҳридаги марказий майдоннинг ён атрофида ташкил этиладиган турли кўргазмалар, қадимий ҳунармандчилик дастгоҳлари ва маҳсулотларини яратиш жараёнларининг намойиши, ҳунармандчиликка оид бадиий ва ҳужжатли фильмлар кўриги, китоблар, альбомлар, фотосуратлар сотувининг уюштирилиши, шубҳасиз, тадбирга келадиган ота-оналар, уларнинг фарзандлари учун амалий тарғибот воситаси бўлиб хизмат қилишига шубҳа йўқ. Фестиваль ёш авлодда ота-боболари ҳунаридан фахрланиш, уларнинг ишларини давом эттиришга рағбат туйғусини уйғотади, деган умиддамиз. Фестиваль доирасида миллий либослар кўргазмаси ўтказилиши, аския ва қизиқчилар, фольклор ва дорбозлик жамоаларининг томоша дастурлари байрам шукуҳини янада оширади.

Бир сўз билан айтганда, бу халқаро анжуман ҳунармандларимизнинг сеҳрли бармоқлари эвазига яратилаётган ҳунармандчилик ва амалий санъатимизни кўз қорачиғидек асраш, уларни келгуси авлодларга бешикаст етказиш, ёшларга ўргатиш орқали авлодларимизнинг эстетик дидини ўстириш ҳамда уларни юксак маданиятли кишилар қилиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.


Улуғбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси «Ҳунарманд» уюшмаси раиси

November 15, 2018
by Jasurbek TOJIBOYEV