November 8, 2018

ИЛҲОМБАХШ ВА СУРУРЛИ

Куни кеча пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги Иқтисодиёт коллежида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида, “Юртобод” маҳалла фуқаролари иштирокида катта адабий анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққанлар яқинда давлатимиз раҳбарининг мазкур туманда бўлиб, жамоатчилик билан самимий суҳбат қурганлари ва бу ҳар бир фуқаро қалбидан жой олиб, эзгу ниятларга йўлдош этгани ҳақида тўлқинланиб гапирдилар.

—     Мен, — деди “Юртобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси, шоир Нажод Ниёз биз билан суҳбатда, — ҳамон ҳаяжондаман. Юртбошимизнинг жойларда бўлиб, фуқаролар билан шахсан учрашаётгани, одамларнинг кўнглига йўл топаётгани, турмушимизни янада фаровонлаштириш билан боғлиқ масалаларда ўз фикр ва мулоҳазаларини айтиб, йўл-йўриқ кўрсатаётгани кучимизга куч, ғайратимизга-ғайрат қўшаётир. Ўша учрашувда ўзим ҳам илҳомланиб шеърларимдан намуналар ўқидим. Айни пайтда маҳалламиз аҳли билан бир тан-бир жон бўлиб, зиммамиздаги вазифаларимизни сидқидилдан бажаришга бел боғлаганмиз. Бугунги тадбирда Ёзувчилар уюшмаси ўндан зиёд номдаги бадиий китобларни, юртимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ўз аксини топган публицистик тўпламларни маҳалламиз кутубхонасига ҳадя этди. Бундан биз жуда хурсандмиз. Бу, албатта, омма орасида китобхонликни кенг тарғиб қилишимизда бизга жуда қўл келади.

Анжуман қатнашчилари шоир ва ёзувчиларнинг ижодий намуналаридан баҳраманд бўлдилар. Тадбир сўнгида шоир Нажод Ниёзга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолик билети тантанали суратда топширилди. Қуйида шоир ижодидан намуналар ўқийсиз. Шоирнинг айни пайтгача “Шукрона”, “Ўзбегу уйғурим”, “Ҳикматли бақрикенг юртда ижод қилганлар” номли китоблари нашр этилган.

Таҳририят

Ватан севгиси

Меҳринг қайноқ она Ватан,

Азиз юртим, жоним, Ватан.

Аждодларнинг маконисан,

Бахтим учун паноҳ Ватан.

Асло сенинг меҳринг сўлмас,

Сендек қутлуғ макон бўлмас.

Куйласам мен наволарда,

Дил хуморим, кўнглим тўлмас.

Ишқинг дилда жўшиб қайнар,

Севгинг билан бағрим яйрар.

Гул васлингга мафтун бўлиб,

Боғларингда булбул сайрар.

Она Ватан — гулим менинг,

Бўғилмас шўх уним менинг.

Нажодийнинг толеига,

Порлаб тургай куним менинг.

Айтмоққа сўзинг бўлсин

Қўлга қалам олибсан, айтмоққа сўзинг бўлсин,

Ҳақиқатнинг юзига тик боқар кўзинг бўлсин.

Дунё сирин тубига етган эмас ҳеч бир зот,

Дунёларга арзирлик сўзингда маъно бўлсин,

Кўксингдаги имонинг қуёшдек танҳо бўлсин.

Юрт юкидан ҳеч қачон эгилмасин мағрур бош,

Нажот йўлин топишга ҳамиша имкон бўлсин.

Ҳар икки дунёсига юзланар юзинг бўлсин,

Улуғ мақсад, режалар келмаса гар қўлингдан,

Ортингда йиғлаб қолар ўғилу қизинг бўлсин.

Ўзгаларга эргашиб хато қилма, эй ўғлон,

Йигитсан, одамларга айтарга сўзинг бўлсин.

Ватан ишқида ёнар қалбингда ўтинг бўлсин,

Ватансевар ўғлонлар ҳамиша омон бўлсин,

Юртбошимиз нияти – юрт дориломон бўлсин!

Нажод НИЁЗ

Йиллар хотираси

Йиллар ўтди. Серқатновман қишлоққа,

Болалигим кечган тепа йўқ энди.

Қайдасан, Гулмомо! Қичқирдим тоққа,

Овозим тошларга урилиб синди.

Чоштепа, Мингтепа, Бўрилик, Оқтош,

Ҳали ҳам ўшандай туришибдими?

Ошнам Абдушукур кўзларида ёш,

Ўгай волидаси уришибдими?

Қани чангли йўллар, тупроқлар кечсак,

Кўчага олмалар тўкилар дув-дув.

Ерга ётиб олиб чашмадан ичсак,

Қани қайнар булоқ, қани ўша сув?

Баҳорда майсалар ниш урган томда,

Қўшни қиз не деса, шунга кўнардим.

Бирга субҳидамда, сўлим оқшомда,

Елкамда обкашим — сувга жўнардим.

Битта партадамиз, ўртада сиёҳдон,

“Яхши қизсан” дея ёздим дафтарга.

Қўшни қиз қизарди...ва боқиб осмон,

Маҳзун имо қилди уч кабутарга...

Қўшни қиз намозшом атласни кийиб,

Кўчамдан ўтарди, ҳарир рўмолда.

Юрардим мен уни ўзимча суйиб,

Шеърлар битар эдим ширин хаёлда.

Йиллар аста ўтди... Биз кетдик йироқ,

Сийраклашиб борар гавжум сафимиз.

Ўша-ўша кўча, ўша тоғ, булоқ,

Фақат кўринмайди ўша қўшни қиз.

Тенгсиз мўъжиза

Истанбул лавашин жойида едим,

Деҳли чаватиси ҳам чакки эмас.

Кимки нима айтсин — ўзимча дедим,

Ҳар ким ўз таомин ҳеч ёмон демас.

Аллоҳ неъмати кўп — олам ғоят кенг,

Бугун бориш мумкин ҳамма томонга.

Лек ҳеч бир мўъжиза келолмайди тенг,

Ўзбек тандиридан узилган нонга.

Гўдак йиғламасин

Гўдак ўксиб йиғлар — эзилар юрак,

Ниманидир истар, айтишга тил йўқ.

Она беғам юрар, йиғлайди мурғак,

Уни англамоққа меҳрибон дил йўқ.

Боладан азиз не бордир жаҳонда,

Қуш ҳам полапонин суяр қияда.

Тилагим шу эрур, бирор-бир онда,

Гўдак йиғламасин асло дунёда.

Озод ХУШНАЗАРЗОДА