Санкт-петербургда ўзбек рассомлари кўргазмаси

Санкт-Петербург шаҳридаги “Дўстлик уйи” кўргазмалар залида ижод услуби бир-биридан кескин фарқланадиган икки ўзбек рассомининг асарлари намойишга қўйилди. Улар ёш жиҳатдан ҳам, ҳаётий тажриба жиҳатидан ҳам, дунёни англаш, воқеликка турлича ёндашиши билан ҳам фарқланади.

Назокат Қосимова Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтини тугатгач, Санкт-Петербург давлат университетида санъат йўналиши бўйича магистратурада ўқиди. Уни битиргач, шу йили университет аспирантурасига қабул қилинди. Назокат магистрлик ишидаёқ дунёга машҳур Эрмитаж хазинасида сақланаётган Шарқий Туркистондан топилган буддавийлар ғор-ибодатхонаси деворларига ишланган суратларни ўрганиб, уларни тиклаш усулларини ишлаб чиқди. Минг йиллар давомида сақланиб бугунги авлодгача етиб келган ноёб чизгилар унинг мўйқалами ёрдамида қайта тикланади. Эрмитаж илмий жамоаси бу ноёб қобилиятни муносиб баҳолаб, ёш ўзбек қизини монументал тасвирларни реставрация қилиш илмий лабораториясига ишга таклиф этди. Бугун Назокат жаҳон санъати дурдоналари, бебаҳо тарихий обидалардаги чизмалар сақланадиган хазинада амалий фаолият билан бирга илмий тадқиқотини ҳам давом эттиряпти.

Н.Қосимова, аввало, иқтидорли рассом. Айниқса, портрет жанрида ишлашни ёқтиради. Инсон ички дунёсини беғубор рангларда, лекин турли руҳий ҳолатлар жараёнида очиб бера олади.

— Мен қаҳрамонимдаги умидворликни ёқтираман, — дейди Назокат. — Умид — бахт ва доимий курашнинг калити. У юракка қувват беради, одамни интилишга, курашишга чорлайди.

Ёш рассомнинг ижодий ишлари бугунгача Ўзбекистон, Россия ва Германиядаги кўргазмаларда намойиш этилиб, муносиб тақдирланган. “Шу кунларда Германиядан бир неча китобларга сурат ишлаб бериш таклифини олдим, — дейди Назокат. — Олдинда Берлинда ўтадиган халқаро китоб кўргазмаси турибди”.

— Назокат оламни тийрак нигоҳ билан кўради. Унинг асарларидаги оддийлик инсонни улуғлашга хизмат қилади, унга берилган умр барча неъматлардан юқори туришини фалсафий нуқтаи назардан ифодалайди, — дейди россиялик журналист ва санъатшунос Нина Новикова.

* * *

Яна бир юртдошимиз Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Муродилло Дониёровнинг намойишга қўйилган 40 та рангтасвир сурати кўргазманинг очилиш маросимида қатнашган рассом ва мутахассисларни ҳайратга солди. Табиат, еру осмон мутлақо янгича ёндашув, жозибали рангларда тасвирланган. Улардаги ҳар бир детал, у хоҳ қуёш нури бўлсин, хоҳ гул барглари ёки мовий осмондаги булут парчасими, рассомнинг ички кечинмалари, руҳияти ҳамда кайфияти инъикоси тарзида акс этган.

Асли самарқандлик бўлган Муродилло Дониёров узоқ йиллардан буён Санкт-Петербургда яшайди. Аммо унинг ўй-хаёли Ватанида. Ижодининг салмоқли қисмида юрт соғинчи туйғуси устун туради.

— Биз ҳаётни тасвирлашда кўпроқ тўқ ранглардан фойдаланамиз, — дейди россиялик машҳур рассом Валерий Илюшкин. — Қора бўёқни ҳар бир картинамиз лейтмотивида учратасиз. Лекин Муродилло ҳаётни ёрқин рангларда, қуёш нурлари ёруғлигида, қувноқ оҳангда, енгил композицияларда тасвирлашни маъқул кўради. Очиғи, мен бу кўргазмадан кейин ранг танлаш услубимни қайта кўриб чиқишга қарор қилдим, шу вақтгача мусаффо қуёш нурига бурканган осмон бунчалар оҳорли тасвирланган картинани учратмагандим.

— Муродилло Дониёров асарларига бундай катта қизиқиш унинг кўргазмасини Россия Президентининг Санкт-Петербургдаги кутубхонасида ҳам намойиш этиш фикрига олиб келди, — дейди “Дўстлик уйи” раҳбари Виктор Михайленко. — Биз бу борада тайёргарликни бошлаб юбордик.

Ҳар икки ўзбек рассоми ижодий кўргазмасининг очилиши Санкт-Петербург маданий ҳаётида воқеа бўлди. Таниқли рассомлар, санъатшунос мутахассислар муаллифлигида уларнинг ижоди юқори баҳоланган мақолалар оммавий ахборот воситаларида чоп этилмоқда.

Муҳаммаджон ОБИДОВ

Санкт-Петербург