November 28, 2018

ЎЗБЕК “БРЕНДИ”

Вақтнинг учқурлигини қаранг, пойтахтдаги Марказий универсал магазин (МУМ)га кирмаганимга ҳам йигирма йилдан ошибди. Яқинда йўлим ўша томонга тушди. Очиғи, бунчалик чуқур таассурот оламан, деб сира ўйламагандим. Турфа моллар билан тўла қаторларни айланар эканман, чорак асрлик “жўшқин ривожланишимиз” кўз олдимдан худди кино тасмаси мисол ўтгандек бўлди. Олис хотиралар қайта уйғонди. 

Талабалик давримиз, 90-йилларнинг бошида хориждан турли хил моллар келтириш эндигина бошланганди. Ўшанда видеомагнитофон бизнинг назаримизда катта бойлик саналарди. Баъзан чет элнинг антиқа матоҳларини кўриш учун МУМга кирардик. Япониянинг машҳур компанияларида ишлаб чиқарилган маиший буюмлар, “Sony”, “Panasonik”, “Sharp”, “Aywa” каби техника мўъжизаларини томоша қилиш жуда завқли эди. Уларни фақат томоша қилардик, чунки нархлар “кўзни тиндирар” даражада қиммат бўларди.

“Мана, юртимиз мустақил бўлди. Дунёга йўллар очиляпти. Ҳадемай мана шуларга ўхшаган ўз маҳсулотларимиз бирин-кетин чиқа бошлайди, ўшанда нархлар ҳам арзон бўлади”, дея самимий орзу қилардик. Бу орзулар жудаям хомхаёл эмас, чунки пойтахтнинг ўзида бир қанча улкан корхоналар ишлаб турарди. Демак, юртимизда техник тараққиётни “нолдан бошлаш” шарт эмас, мавжуд ишлаб чиқариш базаси бироз ривожлантирилса бас, дея соддагина фикрда эдик.

Чорак аср берисидамиз. Биз ҳавас қилган “видеоиккилик”, “мусиқа маркази” каби хориж матоҳлари аллақачон урфдан қолди. МУМнинг шинам пештахталари эса ҳануз чет элларда ишлаб чиқарилган энг замонавий маҳсулотлар билан тўла.

Бу гал ҳам уларни ҳавас билан томоша қилдим-у, лекин негадир аввалгидек завқ ҳиссини туймадим. Аксинча, “Ўзимизнинг маҳсулотлар қани? Қачонгача хориждан мол ташиймиз? Майли, замонавий юксак технологиялар – ўз йўлига. Аммо наҳотки мана шулар каби оддий матоҳларни ҳам ўзимизда ясай олмасак?” деган қайсар саволлар туғилди.

Тасаввур қилинг, вазифаси бор-йўғи ўт ёқишдан иборат матоҳ (одамлар ҳазил аралаш “ёндиргалка” дейди) ҳам беш, ўн... миллион сўм бўладими?!

– Ахир, бу “Zippo” фирмасининг маҳсулоти, – деди ҳамроҳим билағонлик қилиб. – Америка ковбойларини кўрганмисиз? Ўшалар ишлатади, буни...

– Тилладан ясалганми? Битта гугурт чўпи билан ҳам ўт ёқса бўлади-ку?

– Тилла эмас, аммо бу “тоза мол”. Оригинал. Бунинг ўзидан кўра, “Zippo” фирмасининг довруғи, обрўси қиммат туради. Буни “бренд” дейдилар...

Замонавий технологиялар катта маблағ эвазига яратилишини биламиз. Аммо оддийгина буюмлар нега бунчалик қиммат? Бунинг сири нимада? Ҳамроҳимнинг гапи рост, ҳақиқатан ҳам, товарнинг ўзи қиммат турмас. Сифат, Тажриба, Ишонч, Қадр, Меҳр, Фахр-ғурур каби ижобий таъриф-тавсифлар жамланмаси (бренд) юксак баҳоланади! Булар – дунёда эътироф қозонган товарлар саналади.

“Бренд” моллар жуда кўп. “Casio”, “Versace”, “Balmain”, “Calvin Klein”, “Baume & Mercier”, “Sviss Militari” қўл соатлари. Нархлари бир неча ўн миллион сўм, ҳатто ундан ҳам қиммат туради. Миттигина “Michael kors” соатининг 40 фоиз арзонлаштирилган нархи – 16 миллион сўм! Булар ҳам тилладан ясалмаган, дўстим айтганидек, шунчаки бренд. Айниқса, “Rolex”, “Tissot” каби соатлар дунёга машҳур, улар ўз эгасининг ҳаётда катта нуфуз ва муваффақиятга эришганидан дарак беради.

“Буюклик – соддаликдадир”, деган гап бор. Нархи ўн миллион сўмлик оддийгина сиёҳли ручкани кўриб, негадир шу ибора эсга тушади. Бор-йўқ “ҳунари” ёзиш бўлган матоҳнинг нархи шунча бўлса-я?!

Бу ҳам “бренд” шарофати.

“Бренд”ларнинг таърифу-тавсифлари ҳайратомуз. Масалан, “максимал нарх – максимал сифат” – “Rolex” компаниясининг шиори. Сифат бўлганида ҳам қандоқ – улар ўз маҳсулотига... умрбод кафолат беради!

Мана, Швейцариянинг машҳур “Victorinox” ва “Wenger” йиғма пичоқлари! Бундай йиғма пичоқчалар бизда қаламтарош, чопқи, корча деб ҳам аталади. Нархи унчалик қиммат эмас. Лекин немисларнинг машҳур “Victorinox” ҳарбий пичоғи (армейский нож) – миллионлар билан баҳоланади! Ўзи, кафтга бемалол сиғадиган бир парча темир буюм. “Википедия” виртуал қомусида бу пичоқ гўё Дамашқ пўлатидан ишлангандек таърифланган. Беихтиёр қойил, дейсиз. Бундан ташқари, “Victorinox”да соат, йўл қопчиғи (сумка), ҳамёнлар, турли ғилофлар, соябон, ошхона-рўзғор буюмлари ҳам ишлаб чиқарилади. Содда ва оддийгинаку-я, лекин нархлари жудаям баланд!

Ойна ортидаги турфа хил “тоза” моллар гўё: “мени устаси фаранг ясаган, тартибли япон ўйлаб топган, иши пишиқ немис ясаган...” деяётгандек йилтираб, ҳавасли нигоҳларни ўзига тортиб турибди…

Қайтишда “МУМ таассуротлари” баҳона суҳбатимиз қўр олди. Савол ўша – “нега ўз маҳсулотларимиз, “бренд”ларимиз кўринмайди?!

“Ўзбек мардум “бош қотириб”, янгиликлар ихтиро қилишдан кўра, тайёр андозалардан фойдаланиш, савдо-сотиқдан фойда олишни кўпроқ хуш кўради”, дейди бир дўстимиз. Сўнгра бу “фалсафа”сини асослашга уринади: “Ўтган йиллар ичида республикамиз иқтисодиётини шакллантирувчи ва бюджет даромадларининг катта қисмини бераётган завод ва фабрикалар фаолияти аста-секин тўхтади. Бир пайтлар минг­лаб одамлар ишлаган “Фотон”, “Алгоритм”, “РЭТ”, “Зенит”, “Миконд”, “ТАПОиЧ” сингари корхоналар эсингдами? Балки “кепак нархида” хусусийлаштирилгандир, аммо бу асосийси эмас. Негадир ўша пайтда уларни борича сақлаб қолиш, модернизация қилиш, янги маҳсулот чиқариш... каби ҳаракатлар қилинмади. Оқибатда иш ўринлари тугатилди, фуқароларимиз иш ахтариб, республикадан ташқарига мардикорликка чиқиб кетишга мажбур бўлди...”

Нима ҳам дердик, унинг фикри мантиқли. Бугун шаҳарларимизда катта-катта савдо марказлари ишлаб турибди. Уларнинг олдида бурунги довруқли “МУМ” дўкони анчайин ихчам бўлиб қолди. Афсуски, бу “технопарк”лар асосан хорижда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан тўла. 2000 йилларнинг ўрталарида юртимизда ички ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, импортни камайтириб, экспорт улушини ошириш мақсадида машҳур “154-сонли қарор” чиққан эди. Унинг шарофати ила инновациялар жорий этилиб, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ўтилиши керак эди. Афсуски, ички имкониятларимиздан унумли фойдаланиш, маҳаллий хом ашёлардан янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш, янги ихтиролар, кашфиётлар қилиш, уларни амалиётга жорий этиш каби кутилган ўзгаришлар юз бермади. Аксинча, четдан олиб кирилаётган молларнинг нархи ошди, холос.

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу масалани яна бир марта эсга олиб, “Асосий мақсадларимиздан бири – ташқи бозорга сифатли ва сертификатланган маҳсулотларни “ўзбек бренди” номи остида олиб чиқишдан иборат”, дея таъкидлади.

Очиғини айтганда, антиқа хориж моллари ва баланд нархлар биз учун янгилик эмас. Чорак асрдан буён таниш ҳолат, бу. Аммо шунча вақт ичида “ўзбекнинг асл “бренди” дея ҳамма тан оладиган маҳсулот ярата олдикми? “ЎзДЕУ”, “ЎзGM” автомобиллари ёки “Artel” маҳсулотларини “ўзбек бренди”, дея оламизми? Бу техникалар бизда йиғилгани билан, афсуски, уларнинг асл яратувчилари бошқа. Биз фақат “доя” мақомидамиз, ҳатто маҳсулотларга ном ҳам қўя олмаймиз! Боз устига, бу автомобиллар ва рўзғор жиҳозлари ўзимизда қиммат, четда эса икки баробар арзон баҳоларга сотилишининг сабаби нимада? Масалан, Россияда Lacetti Gentra 6-8 минг, Nexia-2 4000$, Nexia-3 5000$ АҚШ долларига сотилаётгани юзасидан ижтимоий тармоқларда жуда кўп мунозарали фикрлар билдирилди. Бунга мутасаддилар томонидан тайинли ва ишончлироқ изоҳ берилмагани устига, “ўзимизнинг” автомобиллар савдосида турли “ўйинлар”нинг ҳануз давом этаётгани янада таассуфли.

Яқинда “Малика” савдо мажмуасида ноқонуний савдо билан шуғулланаётган фуқаролардан кўп миқдорда маиший техника, мобил ускуна ва аксессуарлар мусодара этилиб, дўконлари ёпиб қўйилгани ҳақида хабар тарқалди. Чунки “улар тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан, чет элда ишлаб чиқарилган ва республикамизга яширин йўллар орқали олиб кирилиб, ҳеч қандай ҳужжатларсиз маиший техника савдоси билан шуғулланаётганлиги аниқланган”. Бу каби хабарларга аллақачон кўникиб, ажабланмайдиган бўлиб кетганмиз. Шунинг ўрнида дейлик, қуйидагича хабар берилса, қанийди: “Тошкентда ўзбек мутахассислари томонидан янги авлод iPhone телефони дастури яратилди. Бу телефон, шу каби хориж аналогларига қараганда ишончли, мустаҳкам ва функцияларининг кўплиги жиҳатидан анча афзалликларга эга...”

Бу каби орзуларимиз айни вақтда хаёлий бўлиб туюлса-да, аммо рўёбга чиқишидан умидвормиз. Зеро, бугун илм-фан тараққиёти учун кенг имкониятлар очилмоқда. Давлатимиз раҳбари Мирзо Улуғбек шаҳарчасига ташрифи чоғида илм-фаннинг бугунги аҳволи ҳақида таассуф билан шундай деди: “Биз 25 йил илм билан шуғулланмадик, бор илмни йўқ қилдик. Бирорта илм-фан йўналиши бўйича бизда ўзгариш йўқ, бирорта фан йўналиши бўйича мактаб ярата олмадик. Агар биз илмга асосланмасак, ҳақиқий ривожланиш бўлмайди!”

“Бренд” – илм, фаровон ҳаётга ҳам илм орқали эришилади. Савдо-сотиқ керак, аммо бугунги кунда замонавий билим ва инновациялар (билимлар асосида яратилган қиймат) нақадар даражада ҳал қилувчи кучга эгалигини кўриб турибмиз. Whatsapp иловаси Фейсбук томонидан 19 миллиард долларга сотиб олинди. Ўзбекистоннинг бир йиллик пахтаси, айтишларича, 1 миллиард 200 миллион даромад келтиради. Patek Philippe фирмаси бир дона “бренд” қўл соатини 20 минг доллардан 500 минг долларгача пуллаяпти. Бу пулга ўзимизнинг Lacetti Gentra машинасидан неча дона олса бўлади! 200 долларлик таннархдаги iPhone телефонини қарз-ҳавола қилиб бўлса ҳам, 1200 долларга оғринмай сотиб олаяпмиз...

Бугун муаммо ва камчиликларни очиқ эътироф этиш, ютуқларни “фоизлар”да кўрсатиб мақтаниш ўрнига, рақамларнинг реал ҳолатини ўрганиш кераклиги таъкидланмоқда. Энди дўппини ёнбошга қўйиб, бир ўйлаб кўрайлик: бутун ўзбек халқи тер тўкиб бир йил мобайнида етиштирган пахтаси неча пул бўлаяпти-ю, беш-олти ёки нари борса, ўн кишилик жамоадан иборат Whatsapp иловаси кашфиётчиларининг ихтироси қанчага сотилаяпти?

Ўзбекни дунёга танитган бойликларимиз кўп. Бойсун маданий мероси, Наврўз, Шашмақом, Катта ашула, аския, ош, атлас ва адрас ишлаб чиқариш технологиялари ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатидан жой олган. Булар – бобомерос маънавий бойликларимиз. Холис тан олиш ҳам – мардлик, дейдилар. Ҳозирча “мега ош” дамлаш бўйича рекорд қўйдик. Чунки орамизда моҳир ошпазлар, иштаҳаси карнай ошхўрлар, томошабоп “шоу мухлислари” кўп. Айни вақтда китобхонлик ва илмга даъватлар бўлаётгани юракларда умид уйғотмоқда. Илм-маърифатга интилишимиз кучайса, ана шунда жиддий соҳаларда ҳам рекордлар ўрнатсак, ажаб эмас.

МУМни томоша қилиш давомида хаёлимдан шундай ўйлар кечди. Сиз нима дейсиз, азиз газетхон?

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси