УНВОН ҲАЛИ ЧЕГАРА ЭМАС
Жаҳоннинг энг ёш гроссмейстери, ўзбек фарзанди Жавоҳир Синдоров билан суҳбат
— Жавоҳир, яқинда Венгрияда ўтказилган шахмат турнирида учинчи марта гроссмейстерлик талабини бажариб, юксак унвонни қўлга киритган энг ёш шахматчи бўлдингиз. Бундан барча ватандошларимиз жуда суюндилар, фахрландилар. Президентимиз сизни юксак унвонингиз билан муносиб тақдирладилар. Унвон муборак бўлсин!
— Раҳмат! Ҳаммамизга муборак бўлсин! Жаҳондаги энг ёш гроссмейстернинг ўзбекистонлик бўлиши халқимиз учун фахрли, албатта. Президентимизнинг менга йўллаган табрикларида айтилганидек, бу ғалаба биз кимларнинг авлоди эканлигимизни яна бир бор исботлайди.
— Гроссмейстерлик талабини уддалай олишингизга кўзингиз етганмиди? Эндиликда тарихий бўлиб қолган ўша мусобақа ҳақида гапириб берсангиз.
— Мен Будапештга қатъий ишонч билан боргандим. Аммо... биринчи турда украиналик халқаро мастер Эмил Мирзоевга ютқазиб қўйишим бу ишончни йўққа чиқаргандай бўлди. Шу куни менинг ҳам, отамнинг ҳам кайфиятимиз тушиб кетганди. Бир биримизга гап ҳам қотмай, жимгина меҳмонхонага қайтдик, дам олдик...
Турнирда иштирок этаётган энг ёш иштирокчи мен эдим. Қолганлар 18 дан 50 ёшгача бўлган катта ёшли ва маҳоратли шахматчилар. Эртаси куни, ундан кейинги кун япониялик ва вьетнамлик кучли шахматчиларни доғда қолдиргач, юрагимизда яна умид пайдо бўла бошлади. Кейинги 6 турда менинг ютқазишга ҳақим йўқ эди. Фақат камида икки дуранг ва тўртта ғалаба керак эди. Улар орасида уч нафар халқаро гроссмейстер ҳам бор эди. 4-турда чехиялик гроссмейстер Плат Войтечни ютганимдан кейин ўзимга бўлган ишончим ортди. Кейинги турда озарбойжонлик умидли шахматчи Исмоил Шахалиев билан дуранг ўйнашга тўғри келди. Энди қолган 4 турдан 3,5 очко олишим лозим эди. 6-7-турларда икки забардаст гроссмейстер билан майдонга тушдим. Венгриялик Глеб Атиллани ютиш унча қийин кечмади. Аммо кейинги турда сербиялик 50 ёшли Златко Илинич билан ўйинимиз қарийб 6 соатга чўзилди. Тажрибали шахматчи қандай қилиб бўлса-да, дурангга эришиш учун ҳимояда “ётиб” олди. Энг сўнгги дамда унинг ҳимоя деворини бузиб ўтиб, таслим қилишга эришдим. Кейинги икки турда вьетнамлик Тран Мин Танни ютиб, ҳиндистонлик Маниш Шах билан дурангга имзо чекдим. Бугун бу гапларни бир-икки оғиз сўз билан айтаяпман... Аслида ўша пайтда менга, кеча-кундуз тепамда турган отамга қанчалик оғир, ҳаяжонли бўлганини сўз билан тасвирлаш қийин. Хуллас, олис юртдан ғалаба билан қайтдик. Ватанимизда бизни қахрамонлардек кутиб олишди, қийинчиликлар ёддан чиқди-кетди.
— Мухлисларни қизиқтиргани учун энди анъанавий саволларни бермоқчиман: шахмат ўйнашни қачон ўргангансиз? Ким ўргатган? Кимлар устозлик қилган?
— Тўрт ёшимда отам мени шахмат клубига олиб борганини эслайман. У пайтда мен шахматдан кўра компьютерда ўйнашни яхши кўрардим. Биринчи устозим Сабоҳат Зайниддинова менга шахмат сирларини ўргатди. Кейин Сирожиддин Зайниддинов, Акром Тошхўжаев, Владимир Егин каби устозлар қўлида маҳоратимни оширдим. Халқаро гроссмейстер Марат Жумаев уч йилга яқин шахматнинг энг нозик сирлари билан таништирди. Айни пайтда Бобур Сатторовдан сабоқ олмоқдаман. Мен барча устозларимдан мамнунман. Уларни қадрлайман. Уларга ўз миннатдорлигимни билдираман.
— Қачондан бошлаб шахмат ҳаётингиздаги асосий машғулот эканини ҳис қила бошлагансиз? Мусобақалардаги дастлабки натижалар қандай бўлган? Ютуқлар ўз-ўзидан келмагандир?
— 2012 йили илк бор халқаро мусобақа — Ҳиндистонда ўтган мактаб ўқувчилари ўртасидаги Осиё чемпионатида қатнашиб, блицда олтин, стандартда кумуш медални қўлга киритиб, Осиё чемпиони бўлдим. Ота-онам, яқинларим, дўстларимнинг қувончи чексиз эди. Уларнинг хурсандчилиги менга қувонч бахш этарди... ўзимни кучли сеза бошладим. Шу пайтдан шахмат ҳаётимнинг мазмунига айланганини сезганман... Аммо ғалаба ўз-ўзидан келмайди. Ҳар куни 3-4 соатлаб машқ қилишга тўғри келарди. Яна уйга вазифалар... турнирлар, мусобақалар... Умуман, шахматчида бекор вақт бўлмайди. Болалар ёзги таътилда дам олишади, лагерга боришади, меҳмонга боришади. Шахматчи эса йил 12 ой ўрганишда, машғулотда, мусобақада...
— Ота-онангиз ва айниқса, таниқли олим ва адиб бобонгиз Комилжон Синдоровнинг Сизга кўрсатган ғамхўрлиги, фидойилиги ҳар жиҳатдан ибратлидир, десак муболаға бўлмайди. Мавриди келганда мухлисларни муҳим бир маълумотдан хабардор қилиб қўймоқчиман. Сизнинг шажарангиз машҳур бахши Эргаш Жуманбулбул ўғлига боғланади. Маълумки, бахшилар юзлаб достонларни ёддан билганлар ва халқ ичида ижро этганлар. Уларнинг хотирасига ҳайратланмай илож йўқ. Оллоҳ юқтирган хотира неъмати наслдан наслга ўтиб, шахмат ўйинида ҳам Сизга қўл келган бўлса, ажаб эмас.
— Бизнинг авлодимиз бахши-шоирлар авлоди. Эргаш Жуманбулбул ўғли 45 та достонни, у кишининг амакиси, Ёссоқ бахши 90 та достонни ёддан билган экан. Менга ҳам хотиранинг кучлилиги боболаримдан ўтган бўлса, ажаб эмас. Отамнинг айтишича, мендаги хотиранинг кучлилиги мени шахмат тўгарагига беришларига туртки бўлган экан. Мен ҳозир шахмат тахтасига қарамай, кўзимни юмиб, 4 та партияда бемалол ўйнай оламан. Бу мураккаб иш. Ҳатто кучли шахматчилар ҳам буни уддалай олиши қийин. Демак, хотиранинг боболарим қонидан менга ўтгани айни ҳақиқат.
Шахмат билан жиддийроқ шуғулланиш учун кўпчилик имкон тополмайди. Чунки ёш болани ҳар куни дарсга, дарсдан уйга, кейин шахмат клубига, сўнг яна уйга олиб бориш, олиб келиш оғир иш. Кейин мусобақалар... Катталардан сизни кимдир ўша ерда 4-5 соатлаб кутиб туриши лозим. Хорижий сафарлар-чи? Шахматдан ташқари жисмоний тарбия билан шуғулланишимиз, тўғри овқатланишимиз, тўғри дам олишимизни ташкил қилиш... Хуллас, сиз айтгандай, менга бу борада омад кулиб боққан. Отам менинг, укаларим Исломбек ва Хумоюннинг шахмат билан беками кўст шуғулланишимиз учун барча шароитни яратиб берди. Ҳар доим бизнинг ёнимизда бўлди. Отажоним бўлмаганда мен бу ғалабаларга эриша олмаган бўлардим. У кишининг талабчанлиги, мақсад сари тўғри йўналтира олиши, келажагимиз учун тиниб-тинчимаслиги... буларнинг бари ғалабаларимнинг бош омили. Бундан ташқари, дадажоним Санжар Синдоров, аяжоним Ҳафиза Синдорова, бувим Жамила Синдорова, барча яқинларимнинг қўллаб-қувватлаши бўлмаганда мендаги истеъдод ҳам рўёбга чиқмай қолиши мумкин эди.
— Укангиз Исломбек ҳам уста шахматчи. Грециядаги жаҳон чемпионатида ака-уканинг қўшалоқ олтин медаллар олганини мухлислар яхши эслашади. Исломбек пойтахтдаги шахмат академиясида адиблар ўртасидаги шахмат мусобақасида ўтказилган сеансда ҳаммамизни боплаб мағлуб этганида унга қойил қолганмиз. Худо хоҳласа, Исломбек ҳам акасининг йўлидан бориб, юксак марраларни эгаллашига шубҳаланмаймиз. Укангизнинг истеъдодига қандай баҳо берасиз? Бир оиладан иккита зўр шахматчининг чиқиши ноёб воқеа эмасми? Ўзаро беллашиб турасизларми? Ака-укалик ҳалол спорт курашига халақит бермайдими?
— Исломбекда ҳам ноёб қобилият бор. 2013 йили Эронда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ҳали 6 ёшни тўлдирмаган Исломбек шахматнинг блиц, рапид, стандарт турларидан 3 та олтин медални олиб, бир йўла уч карра Осиё чемпиони бўлиб, ўзига хос рекорд ўрнатди, эл оғзига тушди. Ўшанда мен фақат битта кумуш медал олишга муяссар бўлгандим. Кейинги йил Грецияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Исломбек 7 ёшгача, мен 9 ёшгача бўлган болалар ўртасида ҳам блиц, ҳам рапид мусобақасида 4 та олтин медални кўлга киритдик ва икки карра жаҳон чемпиони бўлдик... Ўша йил охирида Бразилияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида мен олтин, Исломбек бронза медалига сазовор бўлдик... Кейинги 2 йилда отам, уйдагиларим менга жиддийроқ аҳамият беришди. Исломбек кўпгина халқаро турнирларда қатнашолмай қолди. Энди, икки-уч кишининг чет элга бориб, ўн беш-йигирма кунлаб юриши каттагина маблағни талаб қилади-да!.. Шу орада укам Ҳумоюн ҳам Осиё чемпиони бўлди. Лекин, отам уни футболга қобилияти борлиги учун футболга берди. Ҳозир яхшигина ўйнаяпти... Мен энди гроссмейстер бўлдим, пулим кўпайса, укаларимга сарфлайман...
Суҳбатдош Ш.ОТАБЕК