УНУТИЛМАС УЧРАШУВЛАР
Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги олдидан
Менга тақдир буюк қирғиз адиби Чингиз Айтматов билан икки марта ҳамсуҳбат бўлиш бахтини насиб этди. Бу учрашувларнинг дастлабкиси 1984 йили Тошкент аэропортининг депутатларга ажратилган залида бўлиб ўтган эди. Ўшанда мен Тошкентдан ҳозирги Бишкекка парвоз олдидан Чингиз оға билан бир неча дақиқа суҳбат қуришга муяссар бўлган эдим. Бу гал турмуш ўртоғи Марьям опа ҳам адиб билан бирга экан. Мен Чингиз оғага нашрдан эндигина чиққан “Адабиёт ва кино” номли китобимни тутдим. У киши миннатдорлик маъносида бир-икки оғиз илиқ сўз айтдиларда:
– Марьям опангизга ҳадя этинг китобингизни. Бу кишим – кино ишқибози, – деб қолди табассум билан. – “Кино оламида” кўрсатувингиз Қирғизистонда ҳам қўйилади. Кеннойингиз уни битта қўймай кўради.
Бу сўзларни эшитиб, бошим осмонга етди-да, Марьям опага китобни қўшқўллаб узатдим. Чингиз оға гарчи “жомадон кайфияти”да бўлса ҳам, суҳбатга рози бўлди. Адиб гурунгни ибратли бир ҳикоя билан бошлади:
– Кекса бир ёзувчи билан ёнма-ён ўтирибмиз-у, аммо икковимиз ҳам ўз хаёлимиз билан бандмиз. Бир пайт ўша ҳамкасбим нигоҳим қадалган ёққа ишора қилиб:
– Четга суриб қўй кўзгуни! – деб қолса бўладими! На олдим, на ён-веримда... кўзгу йўқ. Бир зум ҳайрон туриб қолдим.
– Суриб қўй кўзгуни! – деб такрорлади яна у. – Шундан кейин гаплашсак ҳам бўлар.
Шунда мен ҳам унинг сўз оҳангида:
– Мана, суриб қўйдим, – деб жавоб бердим.
– Ростдан ҳам сурдингми? Кимни кўряпсан энди?
– Отамни!
– Яна кимни?
– Бобомни. Бобокалонимни ҳам...
– Энди гаплашсак ҳам бўлади,– деган эди ўшанда у. Дарвоқе, биз ҳам энди гаплашсак бўлади.
Бугун ўша суҳбатни эсласам, кичик бир тафсил ёдимга келади. Мен бу суҳбат чоғида кўплаб ҳаётий масала, воқеа-ҳодисаларга санъатга ретроспектив ёндашиш ва ёритиш зарурлигини ҳам назария, ҳам амалиёт баб-баравар тасдиқлашига амин бўлганман.
Орадан бир мучал – ўн икки йил ўтиб, Чингиз оға билан Брюсселдаги резиденцияда яна бир бор суҳбат қуришга муяссар бўлдим. Ўшанда Чингиз оға Қирғизистоннинг Бенилюкс мамлакатлари – Бельгия, Люксембург, Голландия ва Франциядаги элчиси эди. Ёзувчи салом-аликдан кейин қўққис:
– Ўн километр баландликда олти ярим соат парвоз қилиб келдингиз-а! Нималар ҳақида ўйладингиз ўша ўн минг метр баландликда? – деб савол бериб қолди. Бу – бир риторик савол, унга жавоб бериш шарт эмас, деган фикр кечди хаёлимдан. Ҳар ким ҳам ўз ўйлари билан банд бўлади-да, демоқчи ҳам бўлдим-у, лекин индамадим.
Чингиз оға андак сукут сақлаб турди-да, вазмин ва мулойим оҳангда:
– Мана бу – пирог, аслида, баркашдек нон, мева солиб пиширилган. Уни бир ҳамюртингиз ўз қўли билан ёпиб олиб келибди. Самолётда ҳам фикри-хаёли ширинликларда бўлибди. Тотиб кўринг, – дея таклиф қилди самимият билан. Сўнгра бирдан маъюс тортиб, дардли оҳангда сўз қотди:
– Англияга учадиган лайнер анча вақт денгиз устида парвоз қилади. Самолёт деразасидан пастга қараб, “Нега шундай кенгликларда яйраб сузиб юрган китлар дафъатан ўзини қирғоққа отади, жонига қасд қилади?”, деб ўйга ботаман, ўзимни саволга тутаман...
Мен ҳам самолётда бошдан кечирган бир воқеаларни айтиб бердим.
– Андерлехтга ҳам бордим дея сўзида давом этди. Навоийнинг замондоши – Роттердамлик Эразм яшаган, ҳозир музейга айлантирилган қўшқават уйда бўлиб, кўп маълумотлар йиғдим. Навоий ва Эразмнинг устоз-шогирд муносабатлари, таълим-тарбия усулларига доир фикрлари бир-бирига жуда яқин. Улар гўё ўзаро мулоқотда бўлгандек. Эразмнинг уйи ва жиҳозлари сақланиб қолганидан ҳайратга тушдим. Ҳазрат Навоийнинг салласи, жойнамози сақланиб қолмаганидан афсус чекдим.
– Европада илм-фанга, маданиятга оид ҳамма нарса сақлаб қолинган, – деди Чингиз оға яна лўнда қилиб. Мен эса бир саволни беришдан ўзимни зўрға тийиб турардим: “Шарқда-чи? Марҳумга тегишли буюмлар улашилганми, йўқ қилинганми?”.
– Брюссель – файзли шаҳар. Фазогирлар ҳам самодан бу шаҳарни дарров ажратиб олар экан. Ҳеч қаерда бу ердагидек кўп тунги чироқлар ёниб турмас экан-да. Брюсселдан Европанинг бошқа шаҳарларига чўзилган автомобил йўллари ҳам чароғон. Юрган – дарё, дейдилар... Фақат бу узоқ йўлларда автомобил тезлигига ўрганиш оғир. Соатига 120-150 километр тезликда елади-да ўзиям машиналар.
– Яқинда шу йўллардан Голландиянинг Лейден шаҳрига бордим, – дея ҳикоя қилдим мен. – Лейденда тарихий ёдгорликлар кўп экан, уларни мириқиб томоша қилдим, баъзиларини баҳолиқудрат ўргандим ҳам. Сўлим анҳор бўйида жойлашган, талабалар билан доим гавжум бўладиган бир қаватли Ислом университети кутубхонасида ҳамюртимиз Аҳмад Фарғоний асарининг кўҳна нусхасини учратдим. Самовий жисмлар ҳаракатига оид асарнинг бу лотинча нусхаси ҳошиясига турли давр олим-у фузалоларининг ҳайратомуз сўзлари, илмий мушоҳадалари битилган. Демак, китобни мутолаа қилган киши бир йўла у ҳақдаги таассуротлардан ҳам воқиф бўлади.
Чингиз оға ҳам бу ҳақда ўйлаб юрган бир фикрини айтди:
– Аҳмад Фарғонийни Европада Алфраганус дейишади. Аллома исмининг лотинлашган шакли бу. Ҳозир бўлажак гуманитар соҳа мутахассисларига ҳам назарий физика ўқитилмоқда экан. Бунда қандай наф борлигини адабиёт мисолида ҳам кўрса бўлади. Назарий физика ёзувчи дунёқарашини бойитиш орқали адабиёт ривожига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Менингча, Берунию Форобийлар сингари Фарғонийнинг математика соҳасидаги ихтиролари ҳам адабиётга беқиёс хизмат кўрсатса ажабмас. Гуманитар соҳаларнинг физика ёки математикага ижобий таъсир кўрсатишини ҳам инкор этиб бўлмайди. Эҳтимоллик назариясини кашф этган Алберт Эйнштейн Фёдор Достоевский ва Вольфганг Моцартдан илҳом олган, ахир!
Суҳбатни ўзимни қизиқтирган мавзуга буриш учун Чингиз оғага “Бўтакўз” қиссасидан бир парчани эслатдим:
– Даштнинг озод жониворлари – жайронлар янги шудгор қилинган пайкалга келганда бирдан тўхтаб қолади. Бу лавҳадаги мажозий маънони экранда аслидагидек ифодалаш нақадар завқли! Сиз сўз билан чизган манзара, ифодалаган ҳолатни кинога кўчиришда динамик тасвир ва овоз воситалари, ракурсли композиция ва ҳаракатдаги камера иштирок этади. Бунда янги эстетик шакл пайдо бўлади, лекин бадиий сўз билан китобхонга етказилган мазмун сақлаб қолинади. Демак, адабиёт қоидаларига мувофиқ яратилган асарда ҳам кинога хос композиция эпизодлари, талқин йўллари, мажозий ифодалар бўлар экан-да?
Жавоб қисқагина бўлди:
– Бу ёғига фақат китобхонни эмас, томошабинни ҳам назарда тутиб ёзаман шекилли.
Чиндан ҳам жавоб – изоҳга муҳтож эмас. Фақат бир фикрни айтай: наинки бадиий ижод, балки бадиий идрок психологиясига ҳам тегишли бу мушоҳада...
– Бадиий асардаги сўзга тенг қимматли қадр изланганида, эҳтимол, асарнинг экран талқинида кемтиклар бўлар... “Момо ер” қиссасини экранлаштирган кинорежиссёр Геннадий Базаров Тўлғонойнинг Момо ер билан дардлашувини экранда кўрсатишни тасаввур этолмаган. Шу сабаб кинофильмни суратга олишда мазкур эпизоддан воз кечган. Оқибатда фронтдан қайтмаган эри ва ўғлининг дардида эзилган аёл образи қиссадагидек теран ва таъсирчан чиқмаган. Ахир, адабий асар асосида кинофильм яратганда унга мос кўчим, мажоз, рамзлар излаш зарур эмасми? Акс ҳолда адабий асарнинг киноталқинида бўшлиқ пайдо бўлиши муқаррар-ку!
Каминанинг саволига жавобан Чингиз оға:
– Бу режиссёр ҳозирча ўз мавзусини топганича йўқ, – деб гап бошладики, буюк адиб ёш режиссёрни асраб-авайлаётгани, ҳимоя қилаётгани кўриниб турарди. Шунда ўзим ҳам Геннадий Базаровнинг “ўзбошимчалиги”ни сал кескинроқ танқид қилиб юборганимдан хижолат тортдим. Қиссани фильмдан устун қўйиб, муаллифни ҳам ноқулай аҳволга солдим, шекилли, Чингиз оға кино санъатининг уч машҳур дарғасини мақтаб қўйди:
– Кино ҳам адабиётдан қолишаётгани йўқ. Куросава, Бергман, Феллини асарларининг кучи мумтоз адабиёт намуналаридан сира кам эмас...
– Кинодраматургия ҳам айни шу режиссура юксаклигига кўтарилса, қани эди. Ҳозирча кинонинг ўз Шекспири йўқ-да. Дарвоқе, ҳалигача баҳс давом этади: Шекспир театрга хизмат қилганми ёки театр Шекспиргами?
Суҳбатимиз шу жойда ниҳоясига етди. Чингиз оға қўлимни сиқиб қўйди-да, кутубхонаси сари бошлади. Бу ерда ўндан ортиқ китобни жавондан олиб, олдимга қўйди. Турли мамлакатларда, турли тилларда чоп этилган бу китобларни варақлаб, буюк адибни қутлаган бўлдим. Чингиз оға мени ижодхонасига ҳам таклиф этди. Кенг-мўл ёзув столи, унинг устида оппоқ қоғоз, ручка ва қаламлар. Улар гўё янги-янги бадиий образларни кашф этишга илҳақ тургандек. Мен Чингиз оғанинг ижод столига яқинроқ боришга журъат этолмадим. Бу гўшани макон тутган илҳом парисини ҳуркитишдан чўчидим...
Чингиз Айтматов китобларини ҳар гал қўлга олганда, буюк наср устаси, мутафаккир санъаткор билан 20-30- йиллар аввалги ўша учрашувларнинг шоирона, ёруғ кайфияти дарров вужудимни қайта эгаллайди. Бу кайфият мени бир умр тарк этмаса эди, деб орзу қиламан шундай пайтларда...
Ҳамидулла АКБАРОВ,
филология фанлари доктори, профессор