ҚАРДОШЛИК БАЙРАМИ
Ўзбекистонда бўлиб ўтган Қирғизистон Республикаси маданияти кунлари икки давлат ва икки қардош халқ ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида муҳим аҳамият касб этгани шубҳасиз. Қирғизистон ва Ўзбекистон Республикалари ўртасида сиёсий, иқтисодий ва маданий муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида вазирликлар, идоралар ҳамда бошқа ташкилотлар орасида ўрнатилган алоқалар бунинг далилидир.
Кўплаб соҳалар бўйича учрашувлар ва келишувларни қамраб олган ушбу тадбир доирасида Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрида бўлиб ўтган тантанали концерт эсда қоларли воқеа бўлди. Қирғизистон санъат усталари ва истеъдодли ёшлар иштирокидаги концертга ташриф буюрган вазирлик ва идоралар, ижодий ташкилотлар, миллий маданий марказлар вакиллари, санъат ихлосмандлари ҳар бир ижрони давомли қарсаклар билан олқишлашди.
— Бу каби тадбирлар халқларимизнинг ажралмас дўстлиги тимсолидир, — деди Ўзбекистондаги Қирғиз маданий маркази директори Раҳматилла Жабборов. — Шуниси эътиборлики, Маданият кунлари бошланмасданоқ Ўзбекистондаги қардош халқ маданияти ва санъати ҳақидаги мулоқотлар қизиб кетганди. Бундай тадбирларнинг аксарияти улуғ ёзувчи ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов ва унинг бебаҳо асарларига бағишланди. Ўзбекистон Маданият вазирлиги қирғиз ҳамкасблари билан ижодий режаларни муҳокама қилишганини мамнуният билан таъкидлашни истардим.
Дастур бўйича Тошкент Фотосуратлар уйида очилган “Чингиз Айтматов фотосуратларда” ва амалий санъат кўргазмалари давомида ҳам икки мамлакат ўртасида дўстона ҳамкорлик муносабатлари тобора кенгаяётгани қайд этиб ўтилди.
Ўзбекистон Миллий кутубхонасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “INFOLIB — 2018” ҳафталигининг навбатдаги тадбири Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижодига бағишланди ва ёзувчининг қирғиз тилидаги, ўзбек ва бошқа халқлар тилларига таржима қилинган асарлари кутубхона фондида сақланиб келинаётгани кўпчиликда қизиқиш уйғотди.
Алишер Навоий номидаги санъат саройида очилган “Қирғиз киноси кунлари”да зал томошабинлар билан тўлди. Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Маданият вазирлиги, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги раҳбарияти, Қирғизистон ахборот ва туризм вазири, Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси, ҳар икки мамлакатнинг таниқли кино намояндалари қатнашди. Уч кун давомида қардошларимиз суратга олган “Саяқбай”, “Қурбонжон Додхо”, “Қизил олма”, “Сўтак” каби фильмларни томошабинлар завқ билан томоша қилишди.
Маданият кунларига бағишланган байрам тадбирлари Самарқандда ҳам бўлиб ўтди. Регистон майдони узра қирғиз қўшиқлари ва “Шарқ тароналари” фестивали иштирокчилари ижросидаги куй-қўшиқлар янгради.
— Ижодий сафаримиз юксак савияда ўтди, — дейишди оммавий ахборот воситалари ходимлари билан суҳбатда Қирғизистон халқ артисти Саломат Содиқова ва “Қамбархон” ансамбли созандаси Қурмонжон Акматова. — Биз ҳайратдамиз. Давомли олқишлар, даста-даста гуллар, истеъдодга бой, моҳир, меҳнатсевар халқингиз қиёфаси хотирамизда қолади. Маданият кунлари давомида ўзбек халқининг бой маданияти билан танишдик, муқаддас қадамжолар ва тарихий жойларда, музейларда бўлдик, санъат вакиллари билан ижодий суҳбатлардан катта таассуротлар олдик, дўстлигимиз абадий эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.
Флора ФАХРУТДИНОВА