БАҒРИ ҲАМ, ҚЎЛИ ҲАМ ОЧИҚ ИНСОН

Жаҳонга машҳур тадбиркор Алишер Усмонов портретига чизгилар

(Давоми.

Бошланиши ўтган сонларда.)

Ботинида катта мақсад, инсоний хислатлари, ёруғ юксак фазилатлар мужассам бўлган инсонни ҳаёт синовлари, бахтсиз тасодифлар қанчалик сиқувга олмасин, қийнамасин у барибир ўзлигини бўй-басти, асл борича юзага чиқаришга имкон топар экан. Шундай бўлди ҳам. Озодликка чиққандан кейин Алишер ўзи пухта ўрганган, яхши биладиган араб тилидан ўзбек ва рус тилларига матнлар таржима қилиб тирикчилигини юритди, собиқ иттифоқ Фанлар академиясининг Андижондаги Физика институти лабораториясида патентлар бўйича мутахассис бўлиб ишлади. Чет тилларини билгани бу ерда ҳам унга имкон туғдирди: хориждан келган сайёҳларни Фарғона водийси, Республика бўйлаб сайр қилдирарди. Бу ишлар қизиқарли, даромадли бўлса-да, барибир унинг ўзи ўйлаган, ўзига мос иш эмас эди. Шу боис, у изланишда давом этди, Москвага қайтиб бориб, Тинчликни ҳимоя қилиш совет қўмитасининг ташқи иқтисодий алоқалар ассоциациясида ишлай бошлайди. Айни пайтда хусусий тадбиркорлик билан ҳам шуғулланди. Алишер Усмонов ўзининг дастлабки бизнесини полиэтилен пакетларини ишлаб чиқаришдан бошлади. 1987 йили у Россиядаги Раменский пластмасса заводи базасида “Агропласт” кооперативини ташкил қилади. Ўзидан қониқмаслик ҳисси, мақсад сари катта иштиёқ билан интилиши, малакасини муттасил ошириб бориши туфайли у аста-секин лавозимлар пиллапоясидан кўтарила бошлайди. 1990 йили “Интеркосмос” ёпиқ акционерлик жамияти бош директорининг биринчи муовини лавозимида ишлади. Сўнгра “Биринчи мустақил рус банки” директорлари Кенгаши таркибига киради ва 1993 йили МАПО — Москва самолётсозлик ишлаб чиқариш бирлашмаси банкининг ҳаммуассиси бўлади.

Ёшлигида қиличбозлик билан шуғулланган Алишер Усмонов спортни ҳам унутмайди. Таниқли тадбиркор 2007 йилдан бошлаб Англиянинг “Арсенал” футбол командаси акцияларини сотиб ола бошлади. 2009 йилга келиб эса унинг қўлида машҳур инглиз футбол жамоасининг 25 фоиз акцияси тўпланди.

Шубҳасиз, ҳар қандай спортчи ўз устида тинмай шуғулланмаса бирон-бир ютуққа эришиши даргумон. Бизнесда ҳам худди шундай: тадбиркор рақиблари билан курашиши, улардан ақлли, чапдаст ва зўр бўлиши керак. Бу сифатлар Алишер Усмоновнинг бизнесдаги муваффақиятларининг асосий омилларидан бири десак, янглишмаймиз.

Шу ўринда сўнгги янгиликлардан бирига тўхталсак. Шу йил баҳорда Тошкентдаги “Ўзбекистон” халқаро форумлар саройида буюк киноактёр, режиссёр Чарли Чаплиннинг “Катта шаҳар чироқлари” фильми намойиши бўлиб ўтди. Жаҳон кинематографиясининг дурдонаси дея эътироф этилган бу фильм Россия Миллий филармонияси оркестрининг бадиий раҳбари, машҳур дирижёр Владимир Спивак раҳбарлигида янграган жонли мусиқа садолари остида намойиш этилди. Мазкур концерт дастури Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан Алишер Усмоновнинг “Санъат, фан ва спорт” жамғармаси томонидан ҳамкорликда ташкил қилинди. Мазкур фильм-концерт кино ва мусиқа санъатлари мухлисларида катта таассурот уйғотди.     

Хориждаги сармоядор юртдошларимизнинг бу каби эзгу ишлари барчамизнинг кўнглимизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади. Уларнинг ишбилармонлиги, уддабуронлиги, мақсадни аниқ қилиб унга, албатта, эришиши, айни пайтда, қўлининг очиқлигию бағрикенглигига ҳавас қилсак арзийди. Гап шундаки, бугун улар ватани — Ўзбекистонга инвестиция киритишни хоҳлашаётир, она диёримизнинг янада обод ва кўркам бўлишига ўз ҳиссаларини қўшишга интилишаётир. Хусусан, Тошкентдаги   Ислом маданияти маркази қурилишига маблағ ажратиш нияти борлигини билдирган. Алишер Усмоновнинг моддий қўллаб-қувватлаши туфайли Бухоро шаҳри ва унинг атрофидаги ўн гектардан зиёдроқ майдонда бутун бир замонавий сайёҳлик мажмуаси — сайилгоҳ қурилиши бошлаб юборилди. Янги туристик комплекс шаҳарнинг ўиждувон кўчаси ва “Кўҳна ва боқий Бухоро” мажмуаси оралиғида барпо этилади. Унда миллий меъморчилик андозаларига хос меҳмонхоналар, маданий, соғломлаштириш ва савдо-кўнгилочар марказлар қуриш режалаштирилган. Сайилгоҳда хорижлик сайёҳларга узлуксиз хизмат кўрсатиш, уларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришини тўла-тўкис таъминлаш кўзда тутилган. Мажмуа саҳнида турли шоулар, ўтмиш воқеалари акс эттирилган театрлаштирилган томошалар, фольклор ансамбллари, замонавий эстрада хонандалари чиқишлари, миллий либослар намойиши ва бошқа томошабоп тадбирлар ташкиллаштирилади. Шунингдек, турли тоифадаги сайёҳларга мўлжалланган меҳмонхоналар, ресторанлар, миллий совғалар дўконлари қурилиши режалаштирилган.

Ҳа, ҳиммати баланд, бағри ҳам қўлидек очиқ инсонларнинг мамлакатимиз фаровонлигига қўшаётган ҳиссалари уларнинг мол-мулкига қут-барака олиб киришига чин дилдан ишонамиз. Зеро, ота-боболаримиз бағрикенг одамнинг йўли ҳамиша очиқ, ойдин бўлишини бежиз таъкидлашмаган. Бунга ҳаётда мисоллар кўплаб топилади. Шу ўринда ўзим гувоҳ бўлган бир воқеа ёдимга тушди.

...Телевидениеда бош муҳаррир бўлиб ишлаётган пайтим эди. Ходимимиз бир тўйдаги воқеани тасвирга туширган экан, кўрдик. Қишлоқдаги тўйхонанинг тўрида ўтирган келин билан куёвга, уларни чеҳралари очиқлигига, бахтиёрлигига, хурсандлигига қараб тўймайсан киши. Бир маҳал куёвжўралардан бири уларнинг ёнига келиб осмонга қараб мушак отади. Қийқириқ, ҳамма хурсанд. Лекин шу лаҳзада куёв ўтирган жойидан ағдарилиб тушади. Кейин маълум бўлишича, тепадаги электр симёғочнинг темир фонусига урилган мушак қайтиб, куёвнинг юзига урилиб портлаган экан. Оғир жароҳат олган куёвни касалхонага олиб кетишади. Шифокорларнинг хулосасига кўра, беморни шошилинч операция қилиш, сўнгра лат еган юзини, лабини, танглайини тиклаш, сунъий жағ ўрнатиш лозим экан. Операция учун эса катта маблағ керак. 90-йилларнинг боши, моддий қийинчиликлар пайти. Бирон нарса қилишга ожизмиз... Хуллас, ўша тасвирни эфирга бердик. Эртаси куни телефон қўнғироқларига жавоб беришдан қўлим бўшамади. Бир маҳал телефон гўшагини кўтарган эдим, нотаниш кишининг йўғон, сал хириллаган овози баралла эшитилди. Салом-алик қилдими, йўқми, эслолмайман. “Кечаги кўрсатувни сизнинг редакциянгиз берганмиди?”, деб сўради у ва тасдиқ жавобини олгач: “Бизга куёвнинг ҳисоб рақамини беринг, қанча маблағ кераклигини айтинг”, деди. “Ҳозирча ҳисоб рақами очганимиз йўқ, очилиши билан сизга маълум қиламиз. Телефонингизни берсангиз, хабар қиламиз, раҳмат сизга. Айтгандек, кимсиз, ўзингизни таништиринг”, дедим мен. “Эртага ўзим қўнғироқ қиламан. Менга куёвнинг банкдаги ҳисоб рақами билан операцияга қанча маблағ кераклигини айтсангиз бас, хайр”, деди нотаниш киши. Мен ҳеч нима дея олмай қолдим. Бу кутилмаган телефон қўнғироғидан кўнглим зил кетди. Нотаниш кишининг ҳамдардлиги менда меҳр ва яна сўз билан тушунтириб бўлмайдиган ҳисларни уйғотди. Юракда кечирганим эса қалби уйғоқ, бедор бу ватандошимдан туйган ғурур ва фахр туйғулари бўлди.

Ўша нотаниш инсон энди турмуш қурмоқчи бўлиб турган ва кутилмаганда, айни тўй пайтида бахтсиз ходисага учраб оғир жароҳат олган куёвни ўз шахсий жамғармасидан маблағ ўтказиб ҳаётини, қолаверса, икки ёш ўртасидаги муҳаббатни сақлаб қолди.    Менинг қайта-қайта сўрашимга қарамай у кимлигини айтмади, “яхшилик қилиб сувга ташлади”... Ўша телефондаги қисқа суҳбатимизга ҳам, мана, чорак аср бўлаяпти.

Фурсатдан фойдаланиб айтадиган гапим шу: азиз нотаниш ҳамюрт, Сиз ўзингизнинг феълу атворингиз билан эзгу ишларга бош қўшадиган чинакам мўмин-мусулмон, юксак ҳимматли одам экансиз. Сиз қилган катта хайрияни ҳамма ҳам қила олмайди. Имкони бор қилади. Лекин имкони борларнинг ҳам ҳар қандайи эмас, балки Сиздек қўли очиқ, нияти холис, меҳри баланд инсонларга хос эзгу амал бу. Ҳа, хайр қилганни Аллоҳ ҳам хуш кўради, дейдилар. Катта хайрларга жазм этган инсонга етадиган савоб ҳам катта бўлади, деган гап бор.

Ҳар бир даврнинг ўз қаҳрамонлари бўлади. Мен юқорида ҳикоя қилган нотаниш кишини, ҳеч иккиланмай, замонамиз қаҳрамонлари сирасидан, дегим келади. Бугунги кун қаҳрамонлари орасида ўшандай ишбилармон, тадбиркор, бизнесменлар йўқ дейсизми? Қанийди, адабиётда, публицис­тикада, ҳужжатли, бадиий кино ва телесериалларда шундай инсонларнинг ҳаёти, фаолияти, ҳимматию эзгу амаллари ҳақида ҳикоя қиладиган асарлар яратилса.

Хосиятли инсонлар элга, юртга яхшилик, тўкинчилик, бахт келтиради, дейди ҳамюртимиз. Бунга ҳаётимиздан кўплаб далиллар келтириш мумкин. Мана, энг сўнгги маълумот. Ўзбекистон 2018 йилнинг иккинчи чорагида жалб қилинган сармоялар ҳажми бўйича МДҲ давлатлари орасида биринчи ўринни эгаллади. Евроосиё тараққиёт банкининг маълумотига қараганда, бу муддатда Республикамиз иқтисодиётига 1,24 миллиард доллар ёки 51 фоиз сармоя жалб этилган. Сармоя ҳажми бўйича Россия иккинчи ўринда. Унинг умумий молияланиши 33 фоиз. Қолган МДҲ давлатларининг молияланиш ҳажми 16 фоизни ташкил этади. Бундай ютуқлар Ватан истиқболи порлоқ эканидан далолат беради. Бизга ватандош, замондош бўлган жаҳонга машҳур ишбилармон, тадбиркор инсонларнинг мамлакатимиз тараққиётининг ойдан йўлидаги ҳамкор, ҳамқадамлиги ишончимизга ишонч, кучимизга куч қўшади.

  

Ирисмат АБДУХОЛИҚОВ

Муҳтарам ўқувчи, жаҳонга машҳур тадбиркор, ҳамюртимиз Алишер Усмонов ҳаёти ва фаолиятидан, қисқа бўлса-да, ибратли лавҳалардан баҳраманд бўлдингиз. Албатта, бундай олижаноб инсонлар ҳақида йирик полотнолик асарлар ҳам яратилади, фильмлар суратга олинади. Энг муҳими, шундай инсонларнинг борлиги, уларнинг аксарияти юртдошларимиз орасидан чиққанлигидир. Ана шуниси биз учун қадрли.


Таҳририят