АНДИЖОН ТОМОНЛАРДА

by O'zbekiston adabiyoti va san'ati gazetasi
АНДИЖОН ТОМОНЛАРДА

Бу сафарги йўлим “...ошлиғи вофир, меваси фаровон, қовун ва узуми яхши” (Мирзо Бобур) бўлган табаррук замин – Андижон томонларга тушди.

Довон оша борарканман, бу қадим маскан ва унинг довруқли фарзандлари бирма-бир кўз олдимдан ўтади. ­Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг маш­ҳур “Бобурнома”сида соғинч ва армон билан тилга олинган Андижон ҳақидаги таъриф-тавсифлар ёдимга тушади. Ҳассос шоира Нодирабегим ғазаллари, буюк шоир ва адиб Чўлпоннинг ўтли сатрлари хаёлимга қуюлиб келади. Афсонавий амири лашкар Алимқулнинг чор қўшинига қарши олиб борилган ҳаёт-мамот жанг­ларидаги жасорати, театр ва кино санъатининг бетакрор намояндалари Аббос Бакиров, Сойиб Хўжаев, бас­такор Тўхтасин Жалилов, буюк математик олим Тошмуҳаммад Саримсоқовнинг илм-фан ва маданиятимиз, санъатимиз олдидаги мислсиз хизматлари ҳақида ўйлайман...

О, ота маконим,

Онажон ўлкам,

Ўзбекистон, жоним тўшай соянгга.

Сендай меҳрибон йўқ,

Сенингдек кўркам,

Римни алишмасман бедапоянгга...

Бу содда ва лекин ниҳоятда улкан муҳаббатга йўғрилган сатрлар беихтиёр тилимга кўчади. Унинг муаллифи, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф қиёфаси бот-бот кўз олдимга келади. Шоир бу юксак тоғ йўлларидан неча марталаб ўтиб қайтган ва бу ўтли мисралар айнан шу довон йўлларида туғилган бўлса, не ажаб. Зеро, Ватаннинг бу юксак тоғлари унга ҳамиша суянч бўлгани, таянч бўлгани, олис-олислардан ҳам бўй кўрсатиб, ўзига чорлаб турган аниқ.

Қайга борсам суяб, бошни тик тут деб,

Тоғларинг изимдан эргашиб юрар...

Муҳаммад Юсуф... Дарвоқе, бу галги ижодий сафаримдан мақсадим – айнан Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби фаолияти билан танишиш, мактаб ўқувчилари билан учрашиш, улар билан дилдан суҳбатлашиш ва баҳоли қудрат маҳорат дарсларини ўтиш...

Андижонга, чамаси беш-олти йил муқаддам келган эдим. Таниёлмай қолдим. Кенг ва озода кўчалар, кўпқаватли уйлар, мактаб, коллеж, олий ўқув юртлари бинолари... Ҳаммаси бу гал бош­қача, ҳайратимга ҳайрат қўшаётган эди.

Шаҳарга келиб тушишим билан, бу ерда мени кутиб олган ижодкор дўстларим билан сафар режасини тузиб, келишиб олдик. Мен ишни, аввало, устоз Муҳаммад Юсуф қабрини зиёрат қилишдан бошлаш, шоир туғилган хонадонда бўлиш, унинг болалик кўчаларини, таҳсил олган мактабини кўришни таклиф қилдим. Менга ҳамроҳлик қилаётган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими раҳбари Хуршидабону ва таниқли шоир Баҳодир Андижонийга таклифим маъқул келди. Марҳаматга боргунга қадар атрофга назар ташлаб бордим. Бу томонларда ҳам худди шаҳардагидек, ҳаёт қайнамоқда, кета-кетгунча йўл бўйларида қурилишлар, бунёдкорликлар амалга оширилмоқда. Кўзинг қувонади.

Марҳаматга, Муҳаммад ака туғилган қишлоқ – Эски Қовунчига кириб келдик. Бу ерда шоирга рус тили ва адабиёти фанидан сабоқ берган устози Мадамин Арзиев қабристон зиёратида ҳамроҳлик қилди. Муҳаммад аканинг, унинг ота-онаси – Юсуф ота, Энахон ая қабрларини зиёрат қилдик. Мадамин ака йўл-йўлакай устоз шоиримизнинг болалиги, ўқувчилик йиллари ҳақида сўзлаб борди. У кишининг айниқса, “Қизғалдоқ” шеърининг яралиши ҳақидаги ҳикояси катта таассурот қолдирди.

Устозимиз Абдулла Орипов ҳар бир шеърнинг ўз тарихи, ўз тақдири бўлиши керак, асарнинг ҳаққонийлиги ва ҳаётийлиги ана шу омиллар билан боғлиқ, дер эдилар. Назаримда, Муҳаммад ака шеърларининг халқ қалбига яқинлиги ҳикмати шунда бўлса керак. Муҳаммад Юсуф туғилган ҳовлига ­Хизрариқ деган кичкина сойдан ўтиб борилар экан. Дарвозахона. Икки томонда Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижодига оид сурат-лавҳалар ўрин олган. Чап томондаги уч хонали уй яқинда қурилган экан. Шоирнинг укаси Мурод ака, бу ерда келажакда шоир билан боғлиқ жиҳозлар қўйилиши режалаштирилаётганини айтди. Шоир ўсиб-улғайган хонадон ўзи каби содда ва оддийлиги билан ҳар қандай кишининг эътиборини тортади. Ҳа, шоир ана шу ҳовлида, дарахтлар тагида югуриб-елиб улғайган. Хизрариқ сувларида мириқиб чўмилган, кулча оқизоқлар қилиб еган. Атрофни ҳавасу ҳайрат билан томоша қиларканман, шоира Хуршидабону, “ўайратбек, бунақа жойларда туғилган одам шоир бўлмаса бўлмайди-да”, дея лутф қилди. Улар ҳақ эди.

Муҳаммад Юсуф 47 ёшида оламни тарк этди. Шоир ибораси билан айтадиган бўлсак, Бобур ёшида ўтди. Аммо инсон умрини бардавом қиладиган бошқа мезонлар ҳам бор. Бу Аллоҳ берган истеъдодни юзага чиқариш билан бўлади. Муҳаммад ака оламдан ўтганида онамнинг онаси Зулфия момом: “Фарзандимдан айрилиб қолдим. Ўлим унга эмас, менга лозим эди, мен ёшини яшаган, ошини ошаган одам эдим”, дея бўзлаганлари ёдимда. Ўзбекистондаги барча ота-оналар ана шундай қаттиқ изтироб чекишган. Аммо Худонинг белгилаб қўйган тақдирини ўзгартириш бандасининг қўлидан келармиди. Муҳаммад Юсуф жисман орамизда бўлмаса-да, унинг шеърлари, қўшиқлари биз билан яшамоқда.

Шу ўринда Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг шу сўзлари ёдга келаётир: “Муҳаммад Юсуф покиза инсон эди. У одамларнинг эсини оғдирган, ўйлатган, кулдирган, йиғлатган, топган-тутганини одамлар устидан сочган сахийлик тимсоли эди. Муҳаммад ҳаммани ўзига дўст деб биларди. Ҳеч кимни бегона қилмасди. Қўлида борини дўстларига тарқатмагунча, чўнтаги бўшаб қолмагунча кўнгли тўлмасди. Муҳаммад Юсуф тез оғизга тушди. Бирорта шоир унингдек тез ном чиқармаган, номдор бўлмаган. Очиғини айтсам, Муҳаммадга кўз тегди. Аслини олганда асл шоирлар узоқ яшамайдилар. Аммо ортидан абадий яшайдиган мерос қолдириб кетадилар. У мана шундай ўлмас мерос қолдирди. Муҳаммад шеър мухлисларининг юрагини ўртаб кетди. Энди шоирнинг ўзи йўқ. Аммо Муҳаммад Юсуф деб аталмиш Шеърият бор. Бу шеърият асло завол билмайди”.

Бир вақтлар Муҳаммад Юсуфнинг ўзи шундай мисралар тизган эди:

Ҳақиқий шоирнинг қабри бўлмайди,

Юракка кўмилар асл шоирлар.

Ҳа, Муҳаммад ака ўзи айтгани каби ўзбекнинг асл шоиридир.

Марҳаматдан, шоирнинг қишлоғидан то Андижонга, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабига боргунга қадар шундай ўйу хаёллар оғушида бўлдим. Шаҳар марказидаги бу хиёбонда устоз шоиримизнинг бюсти ўрнатилган. Қўлида китоб. Гўё келажак авлодга китоблар дўстинг бўлса, манзилинг ёруғ бўлади, деяётгандек таассурот беради кишига. Ижод мактаби ўқитувчи-устозлари, толиблари билан биргаликда ҳайкал пойига гуллар қўйдик. Мактаб саҳнига қадам қўйишимиз билан ўқувчилар бирин-кетин шеър ўқий бошлади. Уларнинг ғайрату шижоати, адабиётга меҳри қалбимга илиқлик берди. Ахир, Президентимиз ҳам ижод мактабларида таҳсил олаётган ёшлар орасидан улуғ шоирларимизнинг издошлари чиқишига катта умид боғламоқдалар.

Бинога киришимиз билан бизни мўъжаз музей сари бошлашди. У ердан шоирнинг суратлари, ўқувчилик йилларида тутган дафтар-китоблари, ёзув машинкаси ва бошқа экспонатлар ўрин олган. Назаримда, бу музейни яна ҳам бойитиш имкони бор, масалан, шоирнинг яқинлари, дўстлари ва мухлисларида у киши билан боғлиқ бирор-бир ноёб буюмми, китобми бўлса, уни ҳам бу ерга олиб келиб тақдим қилишса, айни муддао бўларди.

Маҳорат дарсларини ўтиш жараёнида ўқувчи-ёшлар билан дилдан суҳбатлашдик. Ижодкор ўқувчилар Одина Эгамбердиева, Машҳура Ботирова, Хуршида Султонова, Ирода Орифжонова, Моҳизода Туробова, Сирожиддин Ҳожирасулов, Гулчирой Давронбекова, Шафоат Ўлмасова, Эгамберди Ортиқбоев ва бошқалар ўз машқларини ўқидилар. Уларнинг қалбидан қайнаб чиқаётган дилбар шеърлар кўнглимизга шодлик бағишлади. Ёш ижодкор Одина Эгамбердиева: “Мен Президентимиз ташаббуси билан очилган, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф номидаги мактаб ўқувчиси бўлганимдан ҳар доим ғурурланаман. Мактабимизда таниқли шоир-ёзувчилар, олимлар, рассомлар билан тез-тез учрашувлар, ижодий кечалар бўлиб туради. Бу ҳам биз ёшларга ўзига хос ибрат бўлаётир”, деган сўзларни тўлиб-тошиб айтди.

Бу ерда таҳсил олаётган ҳар бир ёшнинг кўнглида ана шундай илиқ гаплар бор. Маҳорат дарсларидан сўнг ўтказилган мушоирага ўқувчиларнинг ота-оналари, шу яқин атрофда яшаётган адабиётсевар кишиларнинг ҳам келишгани кўнглимизни осмон қадар юксалтирди.

– Мактабимизда 30 нафар олий маълумотли ўқитувчи ёшларга сабоқ бермоқда, – дейди мактаб-интернат директори Шоҳиста Нурматова. – Она тили ва адабиёт фанлари гуруҳларга бўлиб, малакали ўқитувчилар томонидан ўқитилади. Нутқ маданияти, ифодали ўқиш, нотиқлик санъати фанлари қўшимча тарзда ўқитилади. Мактабда 13 та фан тўгарагидан ташқари “Ёш мутафаккирлар”, “Шеърият шайдолари”, “Сухандонлар”, “Нотиқлар” ва “Ёш драматург­лар” тўгараклари фаолият юритмоқда.

Ижод мактабида таҳсил олаётган 240 нафар иқтидорли ўқувчи учун барча шароитлар яратилган. Бу илм масканида нафақат Андижон вилояти ёшлари, балки Наманган, Фарғона, Самарқанд вилоятларидан ҳам келиб таҳсил олишаётгани мактабнинг нуфузи тобора ортиб бораётгани белгисидир. Ўқувчилар иссиқ овқат билан таъминланади. Барча қулайликларга эга 100 ўринли ётоқхона мавжуд. Ёзги ва қишки спорт майдонлари ёшларнинг энг севимли масканига айланган. Ўқув биноси ҳамда ётоқхонадаги кутубхоналарга янги китоблар ва даврий матбуот нашрлари мунтазам равишда келиб туради. Бу эса ёшларнинг замон билан ҳамнафас руҳда ўсиб-улғайишларида муҳим омил бўлаётир.

Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими раҳбари, шоира Хуршидабону мактаб ва уюшма ҳамкорлигини йўлга қўйгани, бу ерда турли учрашувлар, адабий кечалар, маҳорат дарслари мунтазам ўтиб туришини айтди.

Президентимиз юртимиздаги барча ижод мактабларида таҳсил олаётган ўқувчи-ёшларни бир-бири билан яқиндан таништириш борасида мунтазам иш олиб бориш зарурлигини таъкидлаган эди. Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабида республикамиздаги бошқа ижод мактаблари билан ҳам яхши алоқалар йўлга қўйилган. Вақт-вақти билан видеомулоқотлар ўтказиб турилади. Педагог кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан ижодий ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Назаримизда, бошқа ижод мактаблари ҳам ушбу тажрибани қўлласалар, мақсадга мувофиқ бўларди.

Андижон сафари бир ижодкор сифатида менга кўп фикрлар, туйғулар берди. Буларнинг барчасини сўзлаб адоғига етиб бўлмайди.


Ғайрат МАЖИД

November 8, 2018
by Jasurbek TOJIBOYEV