«ОТА ҚАРҒИШИ ЎҚ, ОНАНИНГ ҚАРҒИШИ... ЙЎҚ»
“Ажойиб хаёлпараст” жияним дала ҳовлида қуён боқади. Бу ишнинг сир-асрорини тегишли адабиётлардан, айниқса, интернетни “ковлаб” билиб олгани билан мақтаниб қўяди. Симтўрлар ичида алоҳида катакчаларда яшаётган қуёнчаларни томоша қилишнинг ҳам завқи бор. Ҳайвонот олами, тириклик дунёси ростдан ҳам ғаройиб. Бошқаларни билмадим-у, мен ишдан ҳориб қайтган пайтларим уйда телевизор орқали янгиликлар билан танишгач, аксарият ҳолларда “Дунё бўйлаб” каналидан ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсига доир кўрсатувларни кўраман. Бундан дам оламан, хаёл сураман.
...Жонзот борки, ўзидан насл қолдиришга ҳаракат қилади, шу ташвишда яшайди. Тирик жонзотлар зурриёди сақланиб қолиши учун курашади. Ҳатто ҳар бир бута ва дарахт ҳам мева тугмагунча гуллашда, ўсишда давом этади. Ҳайратланарлиси шундаки, улар дунёга келтирган авлодидан ҳеч қачон манфаат кўрмайди. Узвий жараён ҳалқа-ҳалқа, тизим-тизим бўлиб давом этаверади.
* * *
Бир она қуён тўсатдан кўксидаги жунлари – майин тукларини юла бошлади. Шунчалик юлдики, териси қип-қизил бўлиб қолди. Касал бўлса керак, деган ўй кечди хаёлимдан. Бир пайт тўда бўлиб қолган жунларини катакчанинг тўрига томон таший бошлади.
– Бу, шу кеча болалайди, – дея тушунтирди жиян, – катакнинг таги тупроқли оддий ер бўлиши керак-да. Бетонни кавлай олмасдан ўзининг жунидан фойдаланаяпти. Шундай қилмаса, болалари нобуд бўлади. То кўзлари очилгунча, юрадиган бўлгунча тупроқ ичида сақланиши керак. Энди ўзининг ўша жунига ўраб, боласини совуқдан ва бегона кўзлардан асрайди...
Воҳ, она-я! Бу жимитдай этчалар ўсиб улғайганда сенинг қайси кунингга ярарди. Туғиб, боқиб, қўриқлаб ўзинг ўлиб кетаверасан, эсиз...
Телевизорда кўрганман: она чаён уруғини ўзининг устига – елкасига қўйиб кўтариб юраркан. Тухумини ёриб чиққан юзлаб чаёнваччалар онасининг эти билан озиқланиб, яъни онасини еб ўсар экан. Ҳар бир она чаённинг тақдири шундай кечармиш. Ҳамма бирдай ёмон кўрадиган газанда чаённинг – Она чаёндаги ҳокисорлик, жасоратга қаранг.
Мавжудотлар гултожи ҳисобланмиш Инсон эса бутунлай бошқа хилқат. Бу ҳодиса – туғилиш, меҳр-оқибат, жон сақлаш бутунлай ўзига хосликда бўй кўрсатади. Бирда мавҳум, бирда мубҳам, гоҳ чигал, гоҳ мукаммал...
* * *
Суд жараёни кетмоқда. Профилактика нозири томонидан тузилган баённомага кўра, 24 ёшли қиз ўз онасини уриб тан жароҳат етказганликда, яъни безориликда айбланмоқда. Кассация шикоятини ўқиб, ўзини саволга тутаман.
“Мен Шоумирова Гулсанам 1994 йил Тошкент шаҳрида туғилганман, миллатим ўзбек, Ўзбекистон фуқаросиман, маълумотим 9-синф. Турмушга чиқмаганман. Отам билан онам ажрашганда 9 ёшда эдим. Онамиз икки укам билан мени отамга қолдириб, бошқа кишига турмушга чиқиб кетган. Отам бизни деб уйланмади. У киши оламдан ўтгач, мактабда ўқишни ҳам давом эттира олмадим. Укаларимни боқиш учун бировларнинг уйида хизмат қилдим. Ўзига тўқ қўшниларимиз тўйми-тадбирми ўтказса, идиш-товоғини ювиб, қолган-қутган овқатларни уйга олиб келиб, супур-сидир учун берган озгина пулларини эплаб укаларимни одам қилдим. Ҳозир тикувчилик қиляпман, укамни кўчада болалар уриб кетишган экан, “Тез ёрдам” олиб кетибди. Ҳушига келганида биринчи бўлиб онамнинг отини айтибди. Дўхтирлар ва ички ишлар ходимлари онамни топиб келишган... Профилактика нозирининг хонасида безориларнинг қариндошлари билан мунозара қилиб турган пайтимиз, бирдан аюҳаннос солиб онамиз пайдо бўлдилар. Нега укангга қарамадинг, деб менга ёпишиб кетдилар. Ўзимни тутиб туролмадим, “15 йилдан бери қай гўрда эдинг”, деб тарсаки тортиб юбордим. Йиқилиб тушиб жароҳат олибди...”
Хуллас, аламзада қиз чангалидан бир замонлар жазмани билан оиласини ташлаб кетган онани ички ишлар ходими ажратиб олган. Суд қизни ҳуқуқбузар, деб топди. Барибир уни оқлай олмади. Жамоатчилик олдида онасини ҳақоратлаб, майда безорилик қилди, онага қўл кўтарди, ахир.
Бошқа бир иш. 1986 йили туғилган олий маълумотли Шомаҳмудова Ҳанифани 11 ёшли ўғли Умиджон судга берган. Яъни она ўғлини қасддан уриб, енгил тан жароҳати етказган. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 52-моддаси 2-қисми билан жарима жазоси тайинланган. “Гап жаримада эмас”, деб йиғлайди она. Унда гап нимада?
Ўша куни Умиджон ўртоқлари билан паркка айланиш учун онасидан пул сўраган. Кеч бўлиб қолди, деб она рухсат бермаган. Ўртоқлари олдида изза бўлган “йигитча” жанжал-тўполон кўтарган. Анча пайт ўтгач, бир ёш кичик синглиси “Акам билагини ёзмайдиган ручка билан тирнаб қонатаяпти”, дейди онасига. Она: “Бу нима қилганинг?” деб уни бир шапалоқ уради. Бола эса уйдан чиқиб қочади. Эртаси куни у бир-икки йил аввал турмуш қуриб кетган отасининг уйига қочиб боргани маълум бўлади.
Отаси боланинг қўлидаги тирналган жойни кўрсатиб ички ишлар идорасига мурожаат қилади ва собиқ хотинини қаматмоқчи бўлади.
Кассация инстанция суди Х.Шомаҳмудованинг шикоятини ўрганиб чиқиб уни қаноатлантирди, яъни ҳаракатида ҳуқуқбузарлик аломати мавжуд эмас, деган тўхтамга келди. Суд музокарасида она ўз ўғлига ҳеч қачон ёмонлик тиламаслигини, тан жароҳати тугул совуқ шамолни ҳам раво кўрмаслигини йиғлаб гапирди. Алимент тўлашдан бўйин товлаб юрган отага юқорида тилга олинган вазият ниҳоятда қўл келган. “Агар суддан ҳуқуқбузар деган қарор чиқариб олса, келажакда “Сени онанг бир вақтлар ўлдирмоқчи бўлган”, деб кўрсатишга дастак-дадил бўлади, деб ўйлаган”, дея фикрини изоҳлайди она.
Яна бошқа бир маъмурий ишдан мисол. Қирқ ёшли, кап-катта, бола-чақали киши хотини билан уришиб қолган ўз онасининг устидан шикоят қилиб келган. Онасини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси билан, яъни “ҳақорат” айб аломати билан жавобгарликка тортишни сўрайди.
“Хотинимни уради, мени косанг оқармасин, гадой бўлиб кўчаларда нон тилаб юрганингни кўрай, деб қарғайди”, дейди.
Эй, Ҳазрати инсон!
Ношукур банда!
Суд одамларга маслаҳат берадиган ёки насиҳат ўқийдиган маҳкама эмас. Йўқса, мана бу она безорига “Отанинг қарғиши ўқ, онанинг қарғиши... йўқ” деган нақлни эслатиб қўйиш жуда ўринли бўлар эди.
* * *
Ҳар бир қарорга муҳр босишдан олдин негадир она қуён ва она чаён ҳолати кўз олдимда турди. Уларни Она Одам билан қиёслашга ички бир туйғу йўл бермади. Ушбу туйғу адолат йўлидан ҳеч қачон адаштирмасин, деб имзо чекдим.
Х.ҲАСАНОВ, судья
P.S: Исм-фамилиялар ўзгартириб берилди.