ҲАЛОВАТ (Ҳикоя)

by O'zbekiston adabiyoti va san'ati gazetasi
ҲАЛОВАТ (Ҳикоя)


Туман ҳокими Комил Қаюмов уйқудан бироз ланжроқ уйғонди. Соатга қаради: тўрт бўпти. У ҳали-ҳамон кеча оқшом вилоят ҳокими ўтказган селектор йиғилиши таъсирида эди. Ҳоким жуда куйиниб гапирди. Ҳеч кимни, ёшидан, тажрибаси ва лавозимидан қатъий назар, аямади. Талаб барчага бир хил — натижа керак. Аравани қуруқ олиб қочмоқчи бўлган бир-икки раҳбарни қаттиқ койиди. Шундан кейин йиғилиш руҳи ҳам ўзгарди — бироз асабий тус олди.

Вилоят ҳокими бу лавозимга келганига икки йил бўлди. Дастлаб уни кўрганлар ёш йигит экан, шундай катта вилоятни қандай эплайди, деб бироз шубҳа билан қарашди. Аммо орадан ярим йил ўтар-ўтмас унинг бошқарув маҳоратига, салоҳиятига, муомала маданиятига барча бирдай тан берди. Одамлар вилоят ҳокими билан учрашувни интиқиб кутадиган бўлишди. Чунки ҳоким ҳар бир соҳа вакиллари билан уларнинг ўз тилида гаплашади: деҳқон билан суҳбатлашса, одамлар унинг асли касби қишлоқ хўжалиги соҳаси бўлса керак, дейди. Ўқитувчилар билан суҳбатда дарс ўтиш методикаси, ўқувчиларда ўз фанига қандай қилиб қизиқиш уйғотиш лозимлиги хусусида, шифокорлар суҳбатида беморнинг дардига малҳам бўлиш учун нималарга эътибор бериш кераклиги тўғрисида гапиради. Мутахассислар ўзларининг соҳаси бўйича янгиликларни, унинг нозик сир-асрорларини ҳокимдан эшитиб, ҳанг-манг бўлиб қолади.

Вилоят аҳли, айниқса, оддий одамлар хурсанд: “Вилоятимиз халқининг бахти бор экан, шундай ақлли, инсофли, одамлар тақдирини ўйлайдиган ҳоким келди. У бир йилда одамларнинг кўзини очди, уйғотди, қорнини тўйғизди”, деб таъриф берадиган бўлишди.

Қаюмов бироз бадантарбия билан шуғуллангач, анча тетиклашди. Енгил тамадди қилгач, ишга отланди. 

Дарвоза олдида турган “Каптива” машинасига ўтирди. Шу пайт қўл телефони жиринглади. Мониторда ёрдамчисининг исми кўринди. “Ҳа, Илҳом, тинчликми, нима гап?” деди. “Узр, Комил ака, безовта қилдим... Бугун соат ўнда хорижлик инвесторлар билан учрашувингиз бор, шуни эслатиб қўймоқчи эдим”, деди ёрдамчи. “Эсимда, Давронга айт, мен айтган фикрларни, албатта, киритсин. Ўзи яна бир диққат билан қарасин. Ҳамма қоғозларни тайёрлаб қўйсин. Ўзи қаерда?” “Даврон ака ҳамма ҳужжатларни сиз айтгандай қилди, юрист билан синчиклаб кўрди. Ҳозир идорада. Улайми?” “Йўқ, шарт эмас. Тайинлаб қўй унга, керакли одамларни чақирсин. Мен бир-икки объектларни кўриб, тўққиз яримда идорада бўламан”. “Тушундим”, деди ёрдамчи.

Қаюмов ҳайдовчисига, янги қурилаётган мактабга ҳайда, деди. Атрофга назар солди. “Буғдой ўроққа кеп қопти. Эрта-индин ўримни бошласак бўлади”.

Телефон қўнғироғи хаёлини бўлди. Муовини Даврон Қўлдошев экан.

— Ассалому алайкум, Комил ака, яхши дам олдингизми?

— Раҳмат, ўзингиз яхшимисиз?

— Комил ака, хорижлик инвесторларга ҳамма лойиҳани таклиф этамизми ёки бир-иккитасини ажратиб оламизми?

— Менингча, ҳаммасини кўрсатганимиз тузук.

У хорижлик шериклар билан бўладиган мулоқотни ўйлаб кетди. “Қайси лойиҳани илгари сурганимиз маъқул? Гилам фабрикасиними ёки пиллани қайта ишлайдиган корхонаними? ўишт заводини ўзимиз ҳам қила оламиз. Туманимизга бир нечта ғишт заводи керак. Иморат солувчилар кўпаймоқда. Уларга ёрдам бериш зарур. Одамларимиз қачонгача пахса уйларда яшайди. Етар энди. Бизга шуям бўлаверади, деган тушунчани одамларнинг онгидан чиқариб ташлаш даркор. Узоқ қишлоқлардаги одамлар нима учун бошқалар қатори замонавий уйларда яшамаслиги керак?! Одам боласи қандай шароитда яшашига қараб онгу тафаккури, дунёқараши ҳам ўзгариб бораверади...

“Каптива” янги қурилаётган мактаб ҳовлиси ёнида тўхтади. Қаюмов машинадан тушиб, қурувчилар билан “ҳорманг-бор бўлинг” қилди. Мактаб биноси тикланган, сувоқ-пардозлаш ишлари бошланган эди. Прораб қурилишнинг бориши ҳақида ҳокимга қисқача ахборот берди. Қаюмов атрофни назардан ўтказди.

— Яхши, — деди у. — Ишни бўшаштирманглар. Ён-атрофни ободонлаштириш ишларини ҳам бошланглар. Нима ёрдам керак бўлса, айтинг, фақат вақтида айтинг. Кеч қолмайлик . Болалар янги ўқув йилини янги мактабда бошлаши шарт.

Бошқа зарур топшириқларни берди-да, машинага ўтирди.

— Турклар қураётган қўшма корхонага ҳайда, — деди.

“Ҳамкорликда гап кўп, — яна ўйга толди Қаюмов. — Агар ҳамкорлик тўғри йўлга қўйилса — ҳар томонлама фойда. Корхона қуриб, янги иш ўринлари яратиш билан бирга янги дўстлар орттирилади. Илгари одамларимиз бирон-бир чет элликни кўрса оғзи очилиб термуларди, гўё у ойдан тушгандай. Ҳолбуки, хорижлик ҳам ўзимиз қатори одам, фарқи — тили бошқа, холос. Энди шу ҳуркишлар, анграйиб қарашлар йўқ... Бу ишларда Даврон Қўлдошевнинг хизмати катта бўлаётир. Унинг инглиз тилини билиши жуда қўл келмоқда. Умридан барака топсин, жуда меҳнаткаш, ҳалол, фидойи йигит. Шуни ўринбосар қилиб олиб, хато қилмадим. Ўзида фикр бор, ғоя бор, ташаббус ва ғайрат бор. Айниқса, хориж инвестициясини жалб этишда ёнимга кирди. Кўз тегмасин, экс­порт бўйича вилоятда биринчи ўринга чиқдик. Ишимиз шу зайлда давом этса, худо хоҳласа, ҳали катта ютуқларга эришамиз.”

Қаюмов қўшма корхона қурилиши билан танишди. Қурувчилар билан обдон суҳбатлашди.

— Корхона ишга тушса  ўнлаб одам ишга киради, — деди ҳоким. — Қолаверса, пайпоқ ўзимизда ишлаб чиқарилса, нархи ҳам арзон бўлади. Одамларнинг дуосини оласизлар. Худо қувват берсин сизларга.

Комил ака йўл-йўлакай яна бир-икки объект­га кириб ўтди-да, ҳокимиятга келди.

... Хорижлик инвесторлар билан музокара анча чўзилди. Даврон Қўлдошев лойиҳаларнинг ҳар бири ҳақида батафсил гапирди. Бу лойиҳалар қандай самаралар бериши, сармоя киритувчилар ҳам катта фойда кўриши тўғрисида эринмай тушунтирди.

Қаюмов ўринбосарининг инглиз тилида равон, тутилмай сўзлашига, нутқига мос ҳаракатларига, хорижлик ҳамкорларга ҳар бир лойиҳа бўйича худди ишлаётган, маҳсулот бераётган корхона ҳақида сўзлаётгандек тушунтиришига ич-ичидан ҳаваси келди. Давроннинг олдида бизнинг инглизчамиз ҳеч нарса бўлмай қолди, деб ўйлади. Айни чоғда Даврон ­Қўлдошев ҳақида турли миш-мишлар тарқалгани кўнглига бироз соя солди. Биров уни бошқа туманга ҳоким қилиб жўнатармиш деса, бошқаси вилоятнинг қайсидир ташкилотига раҳбар қилиб олармиш, дейди. Қаюмов ёшларнинг ўсишига қарши эмас, албатта. Аммо Даврон бошқа ишга кетса, у бошлаган хайрли ишларни ким давом эттиради?

Хорижлик шериклар билан музокара иккита лойиҳа бўйича ишни бошлаш ҳақидаги ҳужжатларни имзолаш билан якунланди.

Меҳмонларни кузатгач, Комил ака Давроннинг қўлини олди:

— Раҳмат, Давронжон. Умрингиздан барака топинг. Худо хоҳласа, бу ишлар амалга ошиб, корхоналар ишга тушса, қанча одам ишли бўлади, демак, уларнинг рўзғорига қут-барака киради. Кам бўлманг. Сиздан миннатдорман.

Даврон хижолатомуз ерга қаради.

— Қўйсангиз-чи, Комил ака. Ҳаммаси сизнинг саъй-ҳаракатингиз билан бўляпти-ку. Қолаверса, шунинг учун маош оламиз, — деди кулиб. — Бизга ишониб шу вазифа топширилган экан, демак, ишлашимиз керак-да...

— Тўғри, — деди Қаюмов унинг сўзини бўлиб. — Ҳаммаям маош олади. Лекин, афсуски, ҳаммаям шундай ўйламайди, шундай ишламайди-да. Мен биламан, сиз элга бирон-бир нафим тегсин, деб ишлайсиз. Мени ана шу хурсанд қилади...

...Ҳоким соат тўққизга яқин идорага қайтди. Столда тахланиб турган ҳужжатларни, мурожаатларни бирма-бир синчиклаб кўра бошлади.

Ёрдамчи бош мутахассис Холбой Эшимов келганини айтди. Қаюмов соатга қаради.

— Ўҳу, соат ўн бир бўп қопти-ку. Кеч бўлганда нима иши бор экан Холбойнинг, — деди.

— Билмадим... Менга айтмади, — деди ёрдамчи.

— Майли, кирсин, — деди.

Ҳаво иссиқ бўлишига қарамай, Эшимов ­костюм кийган, галстук тақиб олган эди.

— Ассалому алайкум, Комил Қаюмович. Узр, кеч бўлганда безовта қилдим, — деди Холбой.

— Ҳа, Холбой, куёв болага ўхшаб ясаниб олибсиз... Нима гап?

— Анчадан бери сизга бир нарсани айтмоқчи бўлиб юрибману ҳеч мавриди келмаяпти...

— Мана, мавриди келди. Айтинг, — деди Қаюмов.

— Анчадан бери Даврон Қўлдошевич ...

Ҳоким унга киноямуз қаради:

— Хўш, нима бўпти Даврон Қўлдошевичга?

Комил ака “вич-вич” деб мурожаат қилишни унча хуш кўрмас, оддийгина фалончи ака деб қўя қолмайсанми, дерди. Ҳозир шунга ишора қилган эди. Буни Эшимов англади.

— Узр, Комил ака, тил қурғур кетиб қолаверади-да.

— Тўғри айтдингиз, — деди Қаюмов. — Бошқарилмаса суяксиз тил нималар демайди. Хўш, давом этинг.

— Даврон Қўлдошев ҳақида турли гаплар юрибди. — Нима деркин, деган маънода у ҳокимга қаради. Аммо ҳоким унга жим қараб турарди. — Бошқа ишга кетармишмией. Буям майли, — Эшимов жойлашиброқ ўтирди. — Тумандаги ишларни асосан мен қиляпман, хорижлик инвесторлар билан фақат мен гаплаша оламан. Мана, қанча сармоя кирди туманимизга. Бир нечта қўшма корхоналар очдик. Юзлаб иш ўринлари яратдик. Буларнинг бари менинг меҳнатим туфайли, деб юрганмиш.

Қаюмовнинг юзида ҳеч қандай ўзгариш сезилмади, гўё суҳбатдошининг гапларини эшитмаётгандай бамайлихотир ўтирарди. Эшимов давом этди:

— Ахир, бу инсофсизлик-ку, Комил ака. Туманимизда нима иш, қандай янгилик бўлса ҳаммаси сизнинг ташаббусингиз билан амалга ошириляпти-ку.

Қаюмов индамади. Яна нима гапинг бор дегандек Холбойга қаради. У ростданам мавриди келди, деб отини баттар қамчилади.

— Ўзини замонавий, ташаббускор раҳбар қилиб кўрсатмоқчи шекилли. Ҳойнаҳой, сизнинг жойингизга кўз тикканга ўхшайди, Комил ака.

Қаюмов тугмачани босиб ёрдамчисини чақирди.

— Лаббай, Комил ака, — деди Илҳом эшикни очиб.

—- Давронни чақир. Шу ердами ўзи, кетиб қолгани йўқми?

— Шу ерда, компьютерда ишлаб ўтирувди.

Эшимов аввалига бир мамнунлик ҳис қилди. “Ҳозир боплайди, таъзирини беради”, деб ўйлади. Аммо бошқа жиҳатдан менинг олдимда гапирмагани маъқул эди, мен айтганимни билиб қолади, деган хавотир чулғади бутун вужудини.

Иш дафтарини кўтариб Даврон Қўлдошев кириб келди.

— Чақиртирган экансиз, Комил ака.

— Ҳа, чақирдим. Ўтиринг, — деб Эшимовнинг рўпарасидаги стулни кўрсатди. Эшимов ҳокимнинг юзига, кўзига қанча термулмасин, ичидагини била олмади. Унинг бутун вужуди музлаб, пешонасидан совуқ тер чиқди.

Ҳоким Эшимовга юзланди:

— Ҳозир менга айтган гапларингизни бир бошидан битта қолдирмай қайтаринг, — деди.

У қўлга тушган ўғридай довдираб қолди.

Қаюмов қотма гавдасини бироз эгиб, икки тирсагини столга қўйди. Эшимов томонга бироз энгашди ва паст, аммо кескин овозда деди:

— Қайтаринг бояги гапларингизни... Мабодо айтишга улгурмай қолган гапларингиз бўлса, уларни ҳам айтинг. Эшитамиз...

Даврон Қўлдошев нима гаплигини билолмай ҳайрон — гоҳ ҳокимга, гоҳ Эшимовга   қарайди. Холбойнинг ранги оқариб кетган, боши хам, кўзини столдан узолмасди.

Оғир, жуда оғир сукунат чўкди. Эҳтимол, бу сукунат уч дақиқа ё беш дақиқа давом этгандир, аммо Эшимовга бир соатдай, балки бир кундай туюлди. “Ундан кўра уришгани, сўккани, ҳатто ургани афзал эди... Бундай бўлиши хаёлимга ҳам келмаганди...”

Ҳамма ўз хаёли билан банд. Ҳоким номаълум томонга қараганча дардли бир овозда сукунатни бузди:

— Сизларга рухсат...

Қаюмов бир нуқтага термулганча узоқ ўтирди.

Ҳозирги суҳбатдан дили ранжиди. Холбойни бамаъни, мулоҳазали одам, деб ўйларди. У ҳақда яхши ниятлари бор эди. Олдин ҳам бир-икки шунга ўхшаш гапларни гапирганда насиҳат қилган, бундай ишлар яхшиликка олиб келмаслигини мисоллар билан тушунтирган эди. Афсуски, одам боласини ўзгартириш қийин экан. Нима етмайди унга? Мансабми? Муовин бўлмоқчими? Бунинг учун ғийбат, иғво билан шуғулланиш керакми? Дардини очиқ айта қолмайдими... Аслида бунга ўхшаганларга мансаб ҳам бериб бўлмайди, ҳамма нарсани шахсий манфаатига буради, фақат ўзини ўйлайди, одамлар тақдири заррача қизиқтирмайди уларни... Бўлмаса, ёнида юрган, кўз ўнгида ўсиб-улғайган ёш йигит шу даражага етганидан қувонмайдими. Дўстнинг дўстлиги оғир кунлардан кўра қувончли кунларда кўпроқ билинади, деган гап рост экан-да. Эссиз... Ҳасад, кўролмаслик, ёшларнинг йўлига ғов бўлиш... Қачон қутиламиз бундай иллатлардан?.. Бунақа одамлар, бу каби суҳбатлар киши дилини хуфтон, ҳафсаласини пир қилади.

Комил ака ўрнидан оғир қўзғалди. Жавон олдига бориб Навоий “Девон”ини олди. Бирон нарсадан сиқилса, Навоийни ўқийди, бундан дардига малҳам топгандай бўлади, кўнгли бироз ёзилади. Тўғри келган саҳифани очди:

Нокасу ножинс авлодин

киши бўлсин дебон,

Чекма меҳнатким,

латиф ўлмас касофат олами.

Кўзини юмиб ўйга толди. “Эй, ожиз банда, бунчалар тубан бўлмасанг. ўийбату фисқу фасодга, худбинлик балосига бунчалар гирифтор бўлмасанг... Бир эшикдан кириб чиқасан, бир дастурхонда овқатланасан... Қайси юз билан гапирдинг шу гапларни? Эртага унинг, менинг юзимга қандай қарайсан...”

Китобни жойига қўйди. Сўнг ўрнига келиб ўтирди-да, ён дафтарига ушбу сўзларни ёзди. “Мажидиддинлар ҳали батамом йўқ бўлмаган... Йўқ бўлармикан? Билмадим-ов... Демак, доимо ҳушёр ва сергак бўлмоқ керак...”

Эшик қия очилиб, Илҳом кўринди.

— Нима гап? — деди Қаюмов.

— Кечирасиз, Комил ака... Соат ўн иккидан ошди...

Ҳоким девордаги соатга кўз ташлади.

— Ҳа-а, ўн иккидан ошди дегин... Бўпти, машинани чақир.

— Хўп бўлади. — Ёрдамчининг овози бироз дадил, хурсанд эшитилди.

Бундан ҳокимнинг юзига майин табассум югурди. Гўё ёрдамчиси олдида ўтиргандай секин гапирди: “Менку ишни, одамлар дардини эшитишни, иложи борича уларга ёрдам беришни ўзим учун ҳаловат, умрим мазмуни, деб биламан... Сен-чи, Илҳом? Сен ҳам бунга кўника олармикансан. Шу тахлит ишлаб кета оласанми?... Ўрганасан. Ахир, неча йилдан бери ёнимдасан-ку. Мана, Даврон эплаб кетди-ку. Кутганимдан ҳам зиёда қилиб бажараяпти ишларни. У ҳам бир пайтлар сенга ўхшаган ёрдамчи эди... Фақат ҳалол, виждонан ишласанг бас... Анави Холбойларга ўхшаб қолмасанг бўлди... Худо асрасин...”.

Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ

2018 йил, июнь

November 8, 2018
by Jasurbek TOJIBOYEV