ФЕСТИВАЛЬ САДОСИ
Шундай воқеалар бўладики, уларнинг акс-садоси узоқ вақтгача қулоққа чалиниб туради. Ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида бўлиб ўтган V Халқаро симфоник мусиқа фестивали ана шундай ҳис-ҳаяжонга тўла воқеликни қамраб олди.
Айниқса, мусиқа мутахассислари, ижрочилар ва тингловчиларнинг қизғин фикр алмашишлари, композиторларнинг янги асар яратишлари учун илҳом манбаи бўлди. Композиторлик ижодиётида анчадан буён халқаро миқёсда бундай йирик тадбир ўтказилмаган эди. Фестивалда мусиқа санъатининг турли жабҳаларини қамраб олингани, анжуман доирасида бўлиб ўтган концерт дастурлари, ижодий учрашувлар ва маҳорат дарслари бир-бирига узлуксиз боғланиб боргани мутахассислар томонидан алоҳида қайд этилди.
Чет эллик ижодкорлар юртимизда фаолият юритаётган Миллий симфоник оркестр, Халқ чолғулари оркестри, “Сўғдиёна” халқ чолғулари камер оркестри, Консерватория қошидаги симфоник оркестр, В.Успенский номидаги академик лицей симфоник оркестри жамоаларининг ижро маҳоратидан баҳраманд бўлдилар. Айниқса, Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри саҳнасида композиторлар Анвар Эргашевнинг “Ҳумо” балети, Рустам Абдуллаевнинг “Садоқат” операси намойиш этилиши анжуман қатнашчиларида катта таассурот қолдирди. Ўз навбатида юртимиз мусиқа намояндалари ва талабалар Россия, Вьетнам, Испания, Австралия, Чехия, Озарбайжон, Эрон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлардан келган таниқли композиторларнинг асарлари, уларнинг ижодий услуби, мусиқий салоҳияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар. Россиялик Рашид Калимуллин, австралиялик Андриан Петут, тожикистонлик Хуршед Низомов, эронлик Айдин Самимий Мофахам каби етук композитор ва мусиқашунослар билан ўтказилган ижодий учрашувлар ҳамда маҳорат дарслари ўзбекистонлик талабаларда катта таассурот қолдирди.
Фестивалнинг энг катта ютуқларидан бири Ўзбекистон Композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг чет элдаги ижодий уюшмалар билан ҳамкорлик меморандумлари тузишга эришгани бўлди. Мазкур ҳужжатларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, ижодий алоқаларни мустаҳкамлаш, биргаликда турли тадбирлар ўтказиш, маҳорат дарсларини жонлантириш, ўзаро тажриба алмашиш каби масалалар ўз аксини топган. Чет эллик меҳмонларнинг ҳар бир сўзи, муносабатида ўзбекистонликларга ҳурмати намоён бўлиб турди. Қозоғистонлик композитор Артык Токсанбаев шу фестиваль муносабати билан Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрига биринчи марта ташриф буюрганини ҳаяжон билан айтиб, “Ҳумо” балети ҳақида, театр биносининг салобати ҳақида самимий фикрларини билдирди. Шунингдек, озарбайжонлик Азер Дадашовнинг ҳазил-мутойибага бой “Дивертисмент”, чехиялик композитор Ян Мейслнинг “Рапсодия” асари ва аккордеонда муаллифнинг ўзи маҳоратини намоён этганини алоҳида таъкидлади.
Асосийси, Халқаро симфоник мусиқа фестивали мусиқа шинавандаларини жаҳон мусиқаси намояндалари ва уларнинг ижоди билан яқиндан таништирди. Ўзбекистон композиторлари асарларини чет эллик ҳамкасбларга намоён этди ва шу орқали халқаро тарғибот йўлида муҳим қадамларни босди.
Анжуман самараси ўлароқ, юртимиз оркестрлари репертуари Ўзбекистон ва жаҳон композиторларининг янги-янги асарлари билан бойиди. Қолаверса, чет эллик ҳамкасбларимизга бетакрор ва гўзал юртимизни, тарихга бой бўлган мамлакатимизни, халқимиз маданияти, меҳмондўстлиги ва урф-одатларини яна бир бор намоён этдик. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистон маданиятининг чет давлатларда нафақат тарғиб этилишига, балки туризмни кенг ривожлантиришга ҳам омил бўлиб хизмат қилади.
Қуйида фестиваль иштирокчиларининг фикрлари билан танишасиз.
До Хонг КУАН,
Вьетнам Композиторлар ассоциацияси раиси:
— Ўзбекистонга иккинчи марта келишим. Биринчи бор 2005 йили, IV Халқаро симфоник мусиқа фестивалида бўлган эдим. Ўша давр билан ҳозирги Ўзбекистон, ҳозирги Композиторлар ва бастакорлар уюшмаси жудаям фарқланади. Бугун уюшмага кирар эканман, бошқа бир муҳитга қадам қўйгандай бўлдим. Қисқа тарихий давр мобайнида шунчалик катта ўзгаришларни бошдан кечирган мамлакатингиз чиройидан лолман. Уюшмага Президент томонидан кўрсатилган бунчалик катта эътибор ва эҳтиромни мен ҳеч қайси мамлакатда учратмадим. Бу сизлар учун ҳам, биз учун ҳам катта бахт. Юртингизда мусиқа санъатига, композиторлар ва ижодкорларга давлат миқёсида кўрсатилаётган эътибор келажакда юқори натижаларни беришига ишонаман.
Андриан ПЕТУТ,
Австралия Конфедерацияси раиси:
— Ўзбекистонга, қолаверса, Марказий Осиёга биринчи бор келишим. Ажойиб, гўзал мамлакатингиз бор экан. Фестиваль доирасида янграган мусиқий асарлар, уларнинг ранг-баранг услубий қирраларга эга экани мени қувонтирди. Симфоник мусиқа қаторида халқ чолғулари оркестри ижросини кўриб янада қувондим. “Omnibus” ансамбли ижросида янграган асарлар, композиторларнинг “топқирлиги”, ансамбль чолғулари хусусиятларидан моҳирона фойдаланишлари менда катта таассурот қолдирди. Айниқса, ёш композитор Виктор Хандамяннинг “Implicative order” асарида Тибет жомини қўллаши, сув товушидан ўзига хос эффект ҳосил қилгани менга жуда ёқди. Бундай ижодий экспериментлар композиторларнинг дунёқараши ва фантазиясининг бойлигини яққол кўрсатиб туради.
Самарқанд ажойиб ва бетакрор шаҳар экан. Амир Темур, Бибихоним ҳақидаги тарихий фактларни эшитиб лол қолдим. Гўзал Регистон майдони, Тиллақори мадрасасининг бетакрорлигини айтмайсизми. Фестиваль ташкилотчиларига юқори даражада анжуман ташкил этганлари учун алоҳида миннатдорлик билдираман. Рустам Абдуллаев нафақат етук композитор, балки фестивалларни халқаро миқёсда ташкил этадиган моҳир раҳбар эканлигини эътироф этишни истардим. Тадбирларнинг аудио ва видео тасмаларга муҳрлангани, оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилгани ҳам таҳсинга лойиқ. Ўзбекистон мусиқа маданиятининг дунёга кенг тарғиб этилишида, маданий алоқаларнинг мустаҳкамланиши йўлида мазкур фестивалнинг ўрни катта.
Рашид КАЛИМУЛЛИН,
Россия Композиторлар уюшмаси раиси:
— Фестиваль юқори даражада ташкил этилганини алоҳида қайд этмоқчиман. Ўзбекистон композиторларининг нафақат симфоник, балки халқ чолғулари оркестрлари учун яратган асарларини тинглаганимдан хурсандман. Юртингизда ижро мактаби кучли эканини, Миллий симфоник оркестр жамоаси Ўзбекистон ва жаҳон композиторлари асарларини юқори савияда ижро қилганини эътироф этиш жоиз. Дирижёрлар — Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор Феруза Абдураҳимова, Халқаро танловлар совриндори Алибек Кабдураҳманов ўз касбининг устаси эканликларини намоён қилишди.
Уюшма залида бўлиб ўтган камер мусиқа концерти ранг-баранг дастури билан диққатни тортди. Анвар Эргашев, Ойдин Абдуллаева, қорақалпоғистонлик Нажимаддин Муҳамеддиновларнинг асарлари драматургик ривожи, чолғулар тембри ва ижро имкониятлари кенг қамраб олингани билан қизиқарли бўлди. Умуман, Ўзбекистон мусиқа маданияти жадал ривожланиб бораётгани мени қувонтирди. Фестиваль ташкилотчиларига шундай нуфузли фестивалга таклиф этганлари учун миннатдорлик билдираман.
Хуршед НИЗОМОВ,
Тожикистон Бастакорлар уюшмаси раиси:
— Юқори даражада ташкил этилган мазкур фестивалда қатнашганимдан бағоят хурсандман. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида Тошкент давлат консерваториясида таҳсил олганман. Ўша давр билан ҳозирги Ўзбекистонни қиёслаш жуда қийин. Бу фестиваль турли маданиятга эга бўлган халқларни бирлаштирувчи ижодий учрашувдир. Халқаро фестивалларни ўтказишдек хайрли анъаналарнинг тикланаётганидан мамнунман. Мазкур фестиваль бизни ҳам мана шундай йирик халқаро лойиҳаларни ўз юртимизда ўтказишга илҳомлантирди. Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси билан тузилган ҳамкорлик Меморандуми тез орада ўз самарасини беришига ишонаман.
Ўзбекистон Композиторлари ва бастакорлари уюшмаси бош мутахассиси
Муҳайё НАБИЕВА тайёрлади.