Хор санъатигага эътибор керак
Халқимиз азалдан халқ ва классик мақомларни яккахон ва кўпчилик (икки, уч, тўрт киши) бўлиб ижро этиб келган. Халқ ижрочилик санъатида аралаш (эркаклар ва аёллар) хорлар деярли бўлмаса-да, алоҳида эркаклар, аёллар ва болалар томонидан қўшиқ айтиш анъаналари бўлган. Масалан, турли диний маросимларда, мавсумий сайлларда, рамазон ойида болалар томонидан қўшиқ ёки катталарнинг марсия қўшиқлари ҳам жамоавий ижронинг бир туридир. Шунингдек, Наврўзда, лола сайлларида йигит ва қизларнинг қўшиқ айтиши, қадим замонлардан буён тўйларда айтиладиган ёр-ёр, ўлан, яллалар хор (ва яккахон) бўлиб ижро этилган. Асрлар давомида “Шашмақом”нинг вокал қисмидаги тароналар ҳам уч-тўрт (ва ундан кўп) хонандалар томонидан жамоа бўлиб айтилган. Халқимиз ичида кенг тарқалган (айниқса, Фарғона водийсида) “Катта ашула”лар ҳам икки-уч, ҳатто тўрт кишилаб ижро қилинган. Ана шу омиллар айрим халқ қўшиқлари ва мақом тароналарини жамоа (хор) бўлиб ижро қилиш имконини беради.
Бинобарин, халқ қўшиқчилик анъаналарига таянган ҳолда миллий хор ансамблларини кўпайтириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Масалан, халқ ансамбллари орасида кичик-кичик вокал гуруҳлари ташкил қилиб, бир, икки, ҳатто уч овозда куйлаш мумкин. Аминмизки, бундай ижро халқимизга манзур бўлади. Шундай экан, нега бугун жамоа (хор) бўлиб куйлаш санъатини, яъни анъанавий миллий хор ҳаваскорлигини ривожлантирмаймиз? Бу муаммо, аввало миллий кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ. Шу пайтгача Тошкент давлат Консерваториясида, Тошкент давлат маданият институтида, мусиқа ва маданият коллежларида кўплаб академик хор раҳбарлари тайёрланди. Хорлар эса жуда кам. Ҳаваскорлик миллий хор жамоалари умуман йўқ.
Фикримизча, республика олий ва ўрта мусиқа билим юртларида академик хор раҳбарлари тайёрлаш билан бирга, миллий хор раҳбарлари тайёрлаш бўлимларини очиш вақти келди. Албатта, бу иш санъат ва маданият соҳаларига масъул раҳбарларнинг эътиборига ҳам боғлиқ. Ахир, Республикамизда миллий опера, мусиқали театрлар, ўзбек чолғу асбоблари оркестри ва Республикада хизмат кўрсатган ягона касбий миллий хор жамоамиз мавжуд. Ушбу хор жамоаси Ўзбекистон халқ артисти Ботир Умиджонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Жўра Шукуров раҳбарлигида катта ижодий ютуқларга эришди. Ҳозирги кунда бу жамоа радио ва телевидениеда камдан-кам куйлайди. Ваҳоланки, ягона касбий миллий хоримизни ташвиқот-тарғибот қилиш лозим. Миллий хор санъатимизни (касбий ва ҳаваскорлик) ривожлантириш миллий руҳда яратилган репертуарга ҳам боғлиқ. М.Насимовнинг “Дилбарим” вокал сюитаси, М.Бурҳоновнинг “Алишер Навоий” қасидаси, Б.Умиджоновнинг кўплаб халқ қўшиқлари, “Чоргоҳ”, “Сегоҳ” мақом асарлари, М.Бафоевнинг “Абу Али Ибн Сино рубоийлари” каби ажойиб асарлари касбий миллий хоримиз томонидан ижро этилган ва халқимизга манзур бўлган. Нега шундай асарлар радио ва телевидениеда тез-тез янграмайди?
Юқорида миллий хор санъатини ривожлантириш, аввало, миллий кадрлар тайёрлаш билан боғлиқлигини таъкидлаган эдик. Бунинг учун олий ва ўрта мусиқа билим юртларида миллий хор раҳбарлари тайёрлаш бўлимларини очиш зарур. Ана шундагина миллий ҳаваскорлик ва касбий хор санъати ҳамда ижрочилиги замонга мос ривожланади.
Шамсиддин РЎЗИЕВ,
доцент