October 24, 2018

ҚУЁШ КАБИ БОРСАН

Юрак товуши

Фалаклардан тушган маъбудсан,

Илоҳий рўй сен – эгасида.

Қуёш каби борсан, мавжудсан

Ер шарининг у чеккасида.

Эслайсанми, менга – ёмонга

Эшикларни ёпишларингни?

Сени излаб тўртта томонга

Юрагимнинг чопишларини?

Яхшиямки, кечалар олис,

Тирсаклайман ҳижрон болишин.

Томирингда этасанми ҳис

Юрагимнинг нафас олишин?

Сен эсларсан, балки эрта-кеч

Муҳаббатнинг совушларини.

Томирингда эшитдингми ҳеч

Юрагимнинг товушларини?

Фалаклардан тушган маъбудсан,

Бир чандиқ бор дил чегасида.

Қуёш каби борсан, мавжудсан

Ер шарининг у чеккасида.

Иккимиз

Бахтим шу: бир осмон иккимизники,

Яшаймиз иккимиз битта заминда.

Такрорлар, такрорлар дилим исмингни

Ҳар бир «бисмилло»да, ҳар бир «омин»да.

Сен қуёш, мен эса ой бўлсам мумкин,

ўойибдан биламиз йўқ-боримизни.

Бир ёққа юрсак-да муттасил, секин,

Ҳеч қачон кўрмаймиз дийдоримизни.

Қандай бахт, масофа соғинчга тўлган,

Бу бўм-бўш борлиқда жон яқинимсан.

Ҳаётимни нондек иккига бўлган,

Умримга ўт қўйган зўр чақинимсан.

Тақдир

Рассом Рўзи Чориев хотирасига

Қуёш ва ой жамиятида

Юлдузлар бир сафга терилди.

Бек, зотларнинг оқ ниятида

Унга ғалат тақдир берилди.

Қайдан олди шўр қисматни у,

Қайдан – қилдек ингичка йўлни,

Тутилмаган ор, исматни у,

Ранг тўла кўз, зиёли қўлни?

Мусичадек мушфиқ тақдирни

Олиб ўтди ёмғирдан, қордан.

Аввал бола, сўнг чол сағирни

Асролмади оҳ билан зордан.

Тақдир жуда осон яшади,

Наҳорларда қолса ҳамки оч,

Ўз умрига олов ташлади,

Суяклари куйди яланғоч.

Сир едирди жом ва майларга,

Унга қанча ёлворишмасин,

Кетиб қолди аллақайларга

Соч-соқол ва нур қоришмаси.

Ранг, жамолга кўчган нидони

Умрларга зарралаб сочди.

Танисин деб Буюк Худони

Ҳаётнинг кўр кўзини очди.

Жилдираган бу ширин ранглар –

Кўзларининг аччиқ ёшлари.

Ҳалок этди жон билан жанглар

Ва тақдири яшай бошлади.

* * *

Ёмғир ёғади хаста,

Қадам ташлайман аста.

Кўча сувда тўлғанар,

Баргдек узилар қамар.

Дарз кетгандилга ямоқ —

Шарра йиртилган япроқ.

Томчиларнинг товуши,

Суякларнинг совуши...

Дилдирайди мусича,

Кўзи — қалам учича.

Сен чопиб ўтдинг уйга,

Урилдинг майин куйга.

Лат емадими бетинг,

Жуда бахтиёр эдинг.

Оғридими сочларинг,

Деразангни очмадинг.

Сочларинг шикастами,

Севгига пайвастами.

Бунча эзилди ёмғир,

Нигоҳингдан ҳам оғир.

Ўзни қўлга олсамми,

Кетсамми ё қолсамми...

Эски тоғлар

Шоир Матназар Абдулҳаким вафотига

Эски тоғлар – она замин илдизлари,

Ер остига сиғмай ташга тошиб кетган.

Кечалари қордай эриб, кундузлари

Саҳарларнинг қирғоғидан ошиб кетган.

Мангу мерос қоялар ҳам, чўққилар ҳам –

Аждодларнинг оқ соқолли болалари.

Ўксиклари айтилар ҳам, ўқилар ҳам,

Айтганлари минг йилларнинг жолалари.

Эски тоғлар – ота замин томирлари,

Ватанларни улғайтирар қучоғида.

Сўз сачратар адабиёт ёмғирлари,

Акслар титрар абадият булоғида.

Эски тоғлар – қари ҳаёт ажинлари,

Асрларнинг юзларини ёриб чиққан.

Биздан кетган у дунёнинг мажнунлари

Ўз кўнглидан ўзин туққан.

Зирқирайди бу дунёнинг суяклари,

Тўлғонади дарё ҳаёт тўлғоғида.

Бу тоғларнинг тизма-тизма жўяклари,

Ёрилади дарду алам ингроғида.

Кетар бир-бир, карвон каби, лекин чўкмас,

Оҳ денгизга соя солар янги боғлар.

Муҳаббатга кўмилган юракларда...

Юракларда ўсаверар эски тоғлар.

Салим АШУР