ЯККАБОҒНИНГ ШИФОБАХШ НЕЪМАТЛАРИ (46 сон)

by O'zbekiston adabiyoti va san'ati gazetasi
ЯККАБОҒНИНГ ШИФОБАХШ НЕЪМАТЛАРИ (46 сон)

Ундан болалик йиллари ҳақида сўрасангиз, юз-кўзида “шуълага интизор гиёҳдай ўсдим”, деган армон акс этади. Ҳаётнинг оғир синовлари уни жуда эрта улғайтирди. Онаси оғир дарддан вафот этгани боис врач бўлмоқчи эди, бироқ “кўрпага қараб оёқ узатиш”га тўғри келди – кичик шифокорликка ўқиди. Бир куни фармакология домласи талабаларни Ботаника боғига олиб бориб, ноёб ўсимликларни кўрсатар экан: “Гинко билоба – доришуносликнинг “тирик хазина”си, деди. Бу дарахт қадим замонлардан ёдгорлик бўлиб, баргидан мевасигача шифобахш экан. Хитой табобатида уч минг йил аввал ҳам ундан қон айланиши бузилиши, хотира, кўриш қобилияти сусайишини тиклашда фойдаланилган ва, ҳатто Гёте ҳам бу дарахтни шарафлаб шеър ёзган...

Анзур негадир японлар таъзим қилиб тақдирдан фол очган, европаликлар ҳайратланган гинко билобани юртимиз боғларининг ноёб неъматларига қиёслагиси келарди. Биргина балх тут ва шотутнинг ўзи неча ўнлаб хасталикларга даво. Оддий ўригу гилос-чи?! Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ-да... Айнан тут билан туршак очарчилик йиллари эл-улусни турли балолардан асраган-ку. Шўро замонида пилла озиғи деб тутларни каллаклаб ташлардик.

Не-не ўрикзор, олмазор, узумзор боғлар пахтага “ем” бўлганди... Ибн Сино қанчадан-қанча хасталикларни оддий мева-чеваю ноёб ўт-гиёҳлар билан  даволаган. Уларнинг турган-битгани табобат хом ашёси экан. Қанийди, минг йил яшайдиган пистазорлар, асрий ёнғоқзорларимизни тиклаб, халқимизни баҳраманд этсак...

* * *

Албатта, орзунинг ўзи билан иш битмайди. Боғ яратиш учун сармоя керак. Сармояни эса, бой бўлишни эплаганлар орттиради... Руҳшунос Харв Экер инсон бой бўлиши учун фикрлаш тарзини ўзгартириши керак, дейди. Фикрлашини ўзгартирган одамнинг ҳаёти ҳам ўзгаради. Шўролар қўлидан иш келадиган, ўзига ва ўзгаларга фойдаси тегадиган тадбиркор, ишбилармон одамларни бой ва қулоққа чиқариб, мол-мулкини тортиб олди. Ҳатто оддий ҳунарманд ҳам ота-бобосидан мерос касбларни унутишга мажбур бўлди. Истиқлол эса, уларга эрк берди. Шу сабабли Анзур илк фаолиятини ўз шифокорлик касбига яқин доричиликдан бошлади. Аёли Гулсанам билан кичкина дорихонада тиним билмади. Дастлаб ташаббусни бўғишга моҳир бюрократия “нағма”ларидан кўп озор чекди. Қонунларни “сув қилиб ичиш”га тўғри келди. Кўнгли тоза, орзулари мусаффо одамнинг дунё эврилишларидан сабоқ ола билиши туфайли йўли очилиб бораверар экан. Бир пайтлар Чехов ҳикоялари билан машҳур бўла бошлагач, “Сиз ўзи врачмисиз ёки ёзувчи” деб сўраганларга “Тиббиёт менинг қонуний рафиқам, адабиёт эса маъшуқамдир”, деган экан. Кейинчалик адабиёт унинг қисматига айланганидек, Анзур ҳам дастлаб шифокор сифатида иш бошлаб, пировард натижада тадбиркорлик асосий фаолиятига айланди. Кўп ёшларни ишли қилди.


Салоҳият

Бу воқеага ўн йиллар бўлиб қолди. Кунларнинг бирида уни туман ҳокими йўқлаётганини айтишди. Ҳоким унинг бошловчи тадбиркор сифатидаги ишларини суриштириб:

– Ўзингиз асли яккабоғликсиз. Туманимизни обод қилишга ҳам ҳисса қўшсангиз дегандим, – дея синовчан назар солди.

– Бажонидил. Агар қўлимдан келса, бош устига, – деди Анзур.

– Эсат қишлоғини биласиз. Катта йўл ёқасида бир оз қаровсиз майдон бор. Шу жойда бир гузар қуриб берсангиз. Майли, дорихонаси ҳам бўлсин. Сўнг сартарошхона, тикувчилик цехи, қиз-жувонлар учун гўзаллик салони...

Бу таклиф унинг орзуларига қанот бўлди. Аксарият қишлоқларда маиший хизмат тармоқлари кўримсиз қурилган. Улар Анзурга ёқмайди. Унинг фикрича, ҳар бир бино кўркам бўлиши, одамларнинг дид ва савиясини ўстиришга хизмат қилиши зарур.

Анзурнинг лойиҳасини кўздан кечирган меъморлар: “Сиз ўзи тадбиркормисиз ёки архитектор?” деб савол беришди. “Мен-ку, асли шифокорман, бироқ меъморлик жону дилим”, деб жавоб берди у... Мўъжаз жойда қўш қаватли маиший хизмат гузари қад кўтарганда хаёлида янги ниятлар туғила бошлади. У мажмуа атрофини гўзал боққа буркаш ҳаракатига тушди. Шу жойда корхона офиси учун ҳам бир иморат қуриб, орадаги тўрт   сотих ерни ландшафт-меъморлигига мослаб безади. Манзарали ўсимликлар ўрнига балх тутлару гилос кўчатлари экилди. Икки-уч йилда улар ҳосилга кириб, кўзни қувонтирди.

* * *

У асли шифокор бўлганлиги учун ҳам табиий шарбатларнинг малҳамлик хусусиятини бениҳоя қадрларди. Шу боис таркибига ёт модда қўшмасдан саноат усулида шарбат олиш мумкинми, деган савол устида кўп ўйларди. Ўғли Козимбекнинг чет тилларини яхши билиши қўл келди. У интернет билан “тиллашиб”, хорижда шундай технология борлигини аниқлади. Анзур Европага сафар қилиб, мевалардан шарбат оладиган завод учун шартнома тузиб қайтди. Хусусий корхонасини “Darmon Farm” деб номлаб, шифобахш неъматлар тайёрловчи тадбиркорга айланишга жазм этди.

...Ўшанда мезон насимлари эсаётган, она юртимизнинг бор зеб-зийнати боғ-бўстонлар жамолида намоён бўлган олтин куз эди. Унинг севинчи чексиз. Кам ҳосилли экинзор ўрнидан йигирма гектар ер ажратиб берилди. У катта йўлнинг шундоқ ёқасидаги бўлғуси боғнинг ҳар буржини қадамлаб кезиб юрарди. Далани бир меъёрда ағдариб бораётган трактор ортидан юриб, ғўзапоя илдизлари, ўт-ажриқларни битта қўймай тераётган ҳамқишлоқларига қарата: “Сингилларим, бўш келманглар. Ҳали шундай боғлар яратайликки, сизлар ўт-ажриқ териб юришни буткул унутиб юборасизлар”, дерди.

– Наҳотки, шундай бўлса, Анзур ака?! Теливизорда интенсив боғларни кўрувдик. Сиз ҳам шундай боғ қиласизми?

– Фақат боғ эмас, ёнида завод ҳам бўлади. Сизлар оппоқ халат кийиб, олмаю ўрикдан шарбат олаётган ускуналарни бошқарасизлар...

Хаёлида эса янги боққа экиладиган дарахтлар нави, сув таъминоти масалалари ғужғон ўйнарди. Томчилатиб суғориш тизимини йўлга қўйиш обиҳаёт муаммосини ҳал қилади. Интенсив боғ яратган агрофирмалар тажрибаси ҳам қўл келди. Янги боғ ҳосилга кириб, унинг меваларидан шарбат тайёрлаш корхонаси қурилгунча, Қарши шаҳрида аҳолига тиббий хизмат кўрсатадиган диагностика маркази, дорихона мажмуи фойдаланишга топширилди. Лизинг асосида замонавий техникалар олинди.

Янги боғ шиғил ҳосилга кирганда ташаббусга қанот бўлган Келдиёр, Толибжон каби йигитларнинг севинчи дарёдай тошди. Ҳар гектардан неча тонналаб мева териб олинди. Боғ ҳудудида қурилган оппоқ бинога Австриянинг “VORAN Maschinen GmbH” ва Польшанинг “Mega Sp.z o.o” компанияларида ишлаб чиқарилган умумий қиймати 253 минг евро турадиган технология ускуналари ўрнатилди. Турфа нав олмалар, экспорт учун мўлжаллаб экилган олхўри, олча, узум, анор ва яна сабзи, лавлаги, ошқовоқ каби сабзавот-полиз экинлари шарбат тайёрлаш заводини хомашё, ширин-шакар неъматлар билан таъминлай бошлади. Анзурнинг чеҳраси ёришди: “Ахир, бу боғнинг “гинко-билоба”дан нимаси кам? Европаликлар унинг мевасини “олтин ўрик”, ўзини “умрзоқлик дарахти” деган бўлсалар, биз тайёрлаган табиий шарбатни ичиб кўрганда “Ўзбекистон дунёнинг жаннати экан”, дейишлари тайин...”.

2017 йил 27 август куни корхонанинг тантанали очилиш маросими бўлди. Яна бир эзгу ният рўёбга чиқиб, яккабоғлик олтмиш киши иш билан таъминланди. Ҳамманинг қувончи чексиз. Биронта ёт модда аралашмаган “Darmon sharbati”ни ичган одамнинг кучига-куч, қувватига-қувват қўшилади. Табиий шарбатни гўё жаннат неъмати дейсиз. Агрофирма олмазор боғдан биринчи йилдаёқ 227 тонна ҳосил олиб, 208 миллион сўм даромад қилди. Россия Федерациясига 2017 йил август-декабрь ва 2018 йилнинг ярим йили мобайнида 679,5 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди.


Унутилмас воқеа

2018 йилнинг 28 январи. Шу куни Анзурнинг ҳаётида унутилмас воқеа рўй берди. Бир-икки кун аввал вилоят ҳокимлигидан қўнғироқ қилишиб, уни хабардор этишди: давлатимиз раҳбарининг Қашқадарё вилоятига ташрифи муносабати билан инновацион лойиҳаларни дадил қўллаётган фаол тадбиркор сифатида Анзур Нормуродов раҳбарлик қилаётган завод фаолияти билан танишиш ҳам режага киритилибди. Бу хушхабарни эшитиб, Анзур анча ҳушёр тортди. Ахир, мамлакат раҳбарининг оддий тадбиркор фаолиятига қизиқиб, у амалга ошираётган ишларни кўздан кечириши тарихий воқеа эмасми? Шунинг учун у учрашувга шошилмасдан пухта тараддуд кўрди. Заводга бориб, жараённи яна бир бор кўздан кечирди. Ўша кунлари ҳаво совуб кетган эди. Лекин агрофирма ходимлари ишонч ва эътибордан совуқни ҳам писанд қилмай ўз ўринларида собит туриб, одатдаги ишини давом эттиришарди.

Мамлакат иқтисодиёти барқарор ривожланиши, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспорт салоҳиятини ошириш йўлида ҳалол иш юритаётган тадбиркорлар қўллаб-қувватланиб, уларга кенг имконият яратиб берилаётгани Анзурнинг ҳам янги режаларига қанот бағишлаган эди. Бундан мамнун ҳолда давлатимиз раҳбарини қизиқтирган барча саволларга аниқ ва лўнда жавоб бериб, корхона фаолияти, уни кенгайтириш истиқболлари, янги режалар ҳисоб-китобини далиллар билан асослашга ҳаракат қилди.

Президентимизга қуёш нурига тўйинган, баҳаво ҳудудларда пишиб етилган сархил ноз-неъматлар юртимизда ҳам, хорижда ҳам харидоргир эканлиги ҳақида ахборот берилди. Замонавий энергия тежамкор ускуналар билан жиҳозланган корхона бир кеча-кундузда 20 тоннагача мева-сабзавотни қайта ишлаш қувватига эгалиги, келгусида узум, анор ва турли сабзавотлардан ҳам шарбат тайёрлаш кўзда тутилгани, корхона ишчилари асосан ёшлардан иборат эканлиги эътиборли бўлди. Анзур табиий шарбатлар чет эллик харидорларда ҳам қизиқиш уйғотаётгани ҳақида маълумот берди. Давлатимиз раҳбари бундай корхоналарни кўпайтириш, замонавий технологияларни ўзлаштирган ёшларни тарбиялаш лозимлигини, бунинг учун имконият ҳам, ишчи кучи ҳам етарли эканини таъкидлади. Корхона фаолиятини кенгайтириш учун яна минг гектардан зиёд янги боғлар яратиш тўғрисида кўрсатма ва йўл-йўриқлар берди. Сўнг унинг қўлини астойдил қисиб, “Энди буёғига бўш келманг, Анзурбой”, деб елкасига қоқиб қўйди.

Ушбу мулоқотдан сўнг кўп ўтмай интенсив боғлар майдонини кенгайтириш учун агрофирма ихтиёрига 1048 гектар янги ер берилди. Боғ тўкис ҳосилга киргач, 250 нафар доимий ва 500 дан зиёд мавсумий ишчи иш билан таъминланади. Боғдорчилик маҳсулотларини қишин-ёзин сархил ҳолда сақлаш мақсадида Италия, Германия ва Голландия технологиялари асосида беш минг тонна сиғимга эга инновацион совутиш камералари қурилмоқда. Янги иншоот бозорларимизда нарх-наво барқарор бўлишини таъминлашдан ташқари мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишга ҳам ҳисса қўшади. Бу борадаги ишларни жадаллатиш учун Анзур яна Европа мамлакатларига сафар қилди, энди АҚШга боришга тараддуд кўрмоқда. У раҳбарлик қилаётган агрофирма Юртбошимиз даъвати билан ёш болалар учун 90 дан 200 граммликкача бўлган мева-сабзавотлар бўтқаси,    кетчуп ҳамда мураббо ишлаб чиқаришни ўзлаштириш учун ҳам қизғин ҳаракат бошлади. Шу мақсадда Италиянинг “Guala Pack group” ва “Navatta group” компаниялари билан қиймати 1,250 миллион евро миқдоридаги шартнома имзоланди. Ҳозир ана шу инновацион технология   ускуналари олиб келинаётир.

Шу йил март ойида Германиянинг Кёльн шаҳрида ўтказилган халқаро инновацион технологиялар кўргазмасида иштирок этгани унинг учун яна бир янги уфқлар очди. У италиялик ҳамкорларнинг янги технологияларига қизиқиб қолди. Мевалардан олинадиган шарбатларни 120 даража ҳароратда стерилизация қилиш усули ва шу жараённи амалга оширадиган технологик қурилмалар Анзурнинг диққатини жалб этди. Бу технологияларни агрофирмага келтириш юзасидан шартнома имзоланди. “Миллий банк” томонидан шу мақсадда тадбиркорга кредит ажратилди.

Ҳозир минг гектарли супер интенсив боғни барпо этиш учун ер текислаш, томчилатиб суғориш ускуналарини ўрнатиш ишлари қизғин давом этмоқда. Бу жараённинг ҳар бир бўғини масъулиятли. Электр тармоғи бормаган жойларга дизель генераторлар ўрнатиляпти. Эрта баҳорда қадаладиган бир неча турдаги олма навлари кўчатига аллақачон буюртма берилган. Аслида боғнинг даромади сифатли кўчатга боғлиқ. Кўчатлари хорижда етиштирилиб, Самарқанд боғларида пайванд қилинган 200 гектарли олмазорнинг униб-ўсиши, суғорилиши, зараркунандаларга қарши кураш битта хонадаги компьютерлар орқали кузатилади. Мевалар пишиб етилганда тез йиғиштирилиб, омборга жойланади. Голландиянинг РГС русумли ускуналари ёрдамида бир йўла 500 тонна мевани “шок” усулида музлатиш уларни истеъмолчига етиб боргунча сархил ҳолда сақлаш имконини беради. Бу Анзур Нормуродовнинг туркиялик шериклар кўмагида яратаётган янги боғининг дастлабки тавсифлари.

* * *

Давлатимиз раҳбари кам даромадли экинлар ўрнига кўп даромад берадиган, халқимиз фаровонлигига хизмат қиладиган боғлар яратиш ташаббусини илгари сурмоқда. Анзур Нормуродов бизга бунинг ҳисоб-китобини содда тилда изоҳлаб берди.

– Бир гектар майдонга пахта эксангиз – йил бўйи минг машаққат билан ҳосил етиштириб, ўртача 25-30 центнер, яъни 2,5-3 тонна ҳосил оласиз. Даромаднинг асосий қисми харажатга кетади. Бир гектар боғ яратсангиз камида 40 тонна мева оласиз. Боғ ҳосилга киргунга қадар ораларига карам, қалампир, ловия каби бошқа экинлар экиб олиш мумкин. Соф даромад тўрт-беш баробар кўп бўлади. Бунинг устига сарфланган меҳнат машаққатли эмас, завқли. Ишлаган одамнинг ҳам оғзи тегади, ҳам чўнтаги пул кўради. Албатта, савоби ҳам кўп.

Ҳа, шундай. Боғ яратишнинг минг битта ҳикмати бор. Шунинг учун яхши ниятли инсон фарзанди борки, боғ яратсам деб орзу қилади. Анзур янги боғлар яратиш билан шуғулланиб, фарзандлар тарбиясини ҳам унутмади. Ҳаракати бесамар кетмаяпти. Ўғиллари Миржалол ва Козимбек нуфузли илм масканларида сабоқ олиб, ўз йўлларини очишмоқда. Улар Анзур билан Гулсанамнинг қайрилмас қанотларидир.


Мурод АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист 

November 15, 2018
by Jasurbek TOJIBOYEV