ТАЛАНТНИНГ САЙҚАЛЛАНИШИ
Ғафур Ғулом “Абдураҳим Ғайратий деган ўртоғим тўғрисида” номли мақоласида киндик қони тўкилган маскан ҳақида маълумот бериб, шундай сўзларни ёзган: “Тошкентда Хадра деган жой бор. Ана шу ерни марказ деб билиб, оёқларга ярим километрли паргар қўйиб, бир доира чизсангиз, эски Қўрғонтеги, Кўғирмоч, Дегрез, Говкуш ва Девонбеги маҳаллаларини ўз ичига олган доира ҳосил бўлади. Шу маҳаллаларда Ойбек (Мусо), Зиё Саид, Ойдин опа, Ғайратий (Абдураҳим), фан доктори Асқаров, фан доктори Нажмиддинов, Аброр Ҳидоятов ва мен туғилганмиз”.
Шоирнинг жияни Ҳамидулла Ҳусанов таниқли журналист ва драматург Абдуқаҳҳор Иброҳимов билан қилган суҳбатида ҳозирги Ўзбекистон Миллий академик драма театри жойлашган бинони назарда тутиб, бундай деган:
“Илгариги “Ватан” кинотеатри, ҳозирги Ҳамза номидаги театр қаршисидаги сойлик (авваллари, то “Пахтакор” стадиони қурилгунига қадар бир неча тегирмон сув оқарди)нинг нариги томонида Қўрғонтеги маҳалласи жойлашган. Тошкент маҳаллаларидан ҳар бирининг бирор тарихий воқеа ёки шахс, аҳолининг касб-кори ва турмуш тарзи ёки бўлмаса, жуғрофий ўрни билан боғлиқ ажойиб номи ҳамда тарихи бор. Бу ҳақда Ғафур акам менга жуда кўп ҳикояларни айтиб берганди. Эгарчи, Ўқчи, Чувалачи, Чақар, Оқлон; Камолон, Қорёғди, Сақичмон, Лангар, Сариқ Хумдон, Қўштут, Ҳожи Малик, Ҳалимкўн, Мозорхон, Баланд Масжид, Қоратош, Қози кўча, Табиб кўча, Пичоқчилик, Бедабозор ва ҳоказо маҳаллалар қатори, Қўрғонтеги маҳалласининг ҳам ўз тарихи бор. Қадимда шу ерда бир қўрғон бўлган, атрофида уй-жойлар вужудга келган. Шу қўрғонга нисбат бериб, халқ бу ерни “Қўрғонтеги маҳалласи” деб юрита бошлаган; “Қаерда турасан?” деган саволга “Қўрғонтегида”, деб жавоб берган”.
Ғафур Ғуломнинг бояги мақоласида айтилишича, Қўрғонтеги маҳалласининг жануб томонида Ўрдани кесиб ўтадиган катта анҳор сувининг бир “қўл”и – ирмоғи оққан бўлиб, у ҳозирги Навоий кўчасига туташ чуқурликдан ўтган. “Биз шу ерда қип-яланғоч бўлиб олиб, то кўкариб кетгунча чўмилар эдик. Оталаримиз ёки оналаримиз толдан хипчин олиб, токи уйга ҳайдагунча чўмилар эдик”, деб эслаган шоир.
Ғафур Ғуломнинг “Сарҳисоб” (1962) деган мақоласида ҳам Қўрғонтеги маҳалласи ҳақида янги маълумот бор: “Мен яшаган маҳалланинг атрофидаги ўнлаб маҳаллаларда, – деб ёзади шоир, – иккита эр болалар мактаби, битта қизлар мактаби бор эди. Қўрғонтегидаги эрлар мактабининг муаллими Ҳасанбой домла менга алифбени ўргатган ҳурматли муаллим – анча тараққийпарвар одам эди. Иккинчиси, Шамши домла кўп баджаҳл, чаласавод одам бўлган. Қизлар мактабининг отинойиси Хайринисо деган кампир бўлиб, менинг туққан бибим (отамнинг онаси) бўлади. Кенг, хушфеъл, ўн саккиз ўғли, бир қизи вафот этганда ҳам “дод!” демаган, фақат биз каби етим набиралар ва ўқувчи қизлар билан юпаниб, қолган умрини шукр билан ўтказаётган бир ожиза эди. Ўн маҳалладан уч мактабда юз чоғлик бола ўқир эди...”.
Қўрғонтеги маҳалласи тўғрисидаги тасаввуримиз тўла бўлсин учун шоирнинг қуйидаги сатрлари билан ҳам танишсак:
Қўрғонтеги ажойиб, хўб чингилинг маҳалла,
Бири бирига қарши, худди тарози палла.
Тўрт қадамда самовар, ана унда кўп гап бор:
“Ҳорманг, Юнусмат энди!” – “Раҳмат, ҳе, баракалла!”
Уй бошида бедона, тақиб қўйдинг седона,
“Қўлингдагиқанақа?” – “Кичкина туллак малла”.
Янги масжид битибдир, жиловхона муборак!
Ўлмаса чолларимиз ғийбатни сотишалла.
Ойда-йилда бўлса тўй, қолмайди чиқмаган уй,
Катта-кичик бошида ўралган силлиқ салла.
Ўспиринлар ўтади, бай-бай, тўкилиб кетади,
Қилай деса иши йўқ, кеча-кундуз таралла.
Бу шеърда Қўрғонтеги маҳалласининг олис асрлардаги манзараси эмас, балки XX асрнинг 20-йилларидаги қиёфаси ўз тасвирини топган. Биз ушбу манзара орқали ҳам мустамлака шароитида яшаган халқнинг маиший ҳаёти ва онги ҳақида тасаввур ҳосил қилишимиз мумкин.
Ғафур Ғуломнинг юқорида келтирилган фикрлари ва шеърида, уни бошқа ўзбек шоирларидан кескин ажратувчи иккита фазилат бор. Биринчиси, Ғафур Ғуломнинг ёшлик йиллариданоқ тарихга қизиққани, хусусан “кичик ватани” тарихини мукаммал ўргангани ва билгани бўлса, иккинчиси, унинг нафақат ўзбек адабий тили, балки оддий халқнинг ўзига хос жонли ва ширали тилини ҳам пухта эгаллагани, шеър компонентларидан бири – қофиядан усталик билан фойдалангани, ҳатто узун-узун шеърларида ҳам оддий бир сўзга ўнлаб қофиядош сўзларни топиб, мавзудан узоқ сўзлардан ҳам қофия “ясаб”, уларни шеърнинг ғоявий-бадиий йўналишга усталик билан бўйсундира олганини кўрамиз. Юқорида келтирилган шеърда “ўроқда йўқ, шудгорда йўқ” “солишалла” сўзидан шундай қофия ясаганки, натижада шеърда тасвирланаётган кексалар образи янада ёрқинлик касб этган.
Бу ҳар икки фазилат Ғафур Ғуломнинг қайноқ халқ ҳаёти билан яқин алоқада бўлгани, халқ билан бирга нафас олгани натижасидир.
Яна Ҳамидулла Ҳусановнинг хотираларидан баҳраманд бўлсак:
“Ўтган асрнинг (яъни XIX асрнинг – Н.К.) иккинчи ярмида ана шу Қўрғонтеги маҳалласидаги бир ҳовлида икки ака-ука яшаган. Улар отасининг исми, яъни катта бобомизнинг оти Мирза Ориф бўлган экан. Ғафур акам бир куни йил ағдариб, мучал аниқлаб, қариндош-уруғ, хеш-ақрабойимизни белгилаб ўтирганида, бу ҳақда ҳикоя қилиб берганди. Умуман, Ғафур акам узоқ ва яқин ўтмиш тарихини, шажаралар, сулолаларни яхши билар ва мароқ билан сўзлар эди. Ота-боболаримиз ҳақида гапирар экан, хонтахта устидаги мис баркашга гўё ёзаётгандай бўлиб, бармоқлари билан чизар, кўргазмали равишда қандайдир жадваллар ясар эди. Ўша икки оға-инидан каттасининг оти Раҳматилла, кичигининг оти Ғулом Мирза бўлган. Бир ҳовлида яшашган. Бир қозондан овқат ичишган, бир дарвозадан кириб-чиқишган, яъни “сан-ман”га боришмаган, ҳовли девор билан бўлиб олинмаган.
Раҳматилла деҳқончилик билан шуғулланган. Тошкентнинг шимол томонида, Келес ариғи томонларда, яъни Қоплонбек қишлоғида ер-сувлари бўлган. Ғулом Мирза, асосан, ҳунармандчилик билан шуғулланган, шоиртабиат, чечан, оғзи ботир, салобатли одам бўлган Раҳматилла бир неча фарзанд кўрган бўлса-да, Ҳусан исмли ўғли (бу киши менинг отам бўлади), Зебинисо, Нуринисо деган қизлари туриб қолган. Ғулом Мирзадан Савринисо, Ғафур (яъни Ғафур Ғулом), Раҳбарнисо, Баҳринисо туғилишган. Раҳматилла вафот этганидан кейин аслида икки оиладан иборат бўлган бу катта оилага Ғулом Мирза бошлиқ бўлиб қолган. Оилада ҳамма уни Ғулом дада, деб аташган. Ана шу Ғулом дадамиз менинг отам бўлмиш Ҳусан акага ҳам оталик қилиб, уни уйлантириб қўйган.
Буни қарангки, Ғулом даданинг умри қисқа экан. У вафот этгач, бутун оилага менинг отам — Ҳусан ака бошлиқ бўлиб қолган. Ҳусан ака бир неча фарзанд кўрган. Улардан Муҳаббат, Ҳамидулла (яъни мен), Назминисо, Ҳабибулла, Эркина исмли фарзандлари туриб қолишган. (У пайтларда тиббий хизмат яхши бўлмагани туфайли болалар гўдаклигида кўп нобуд бўлиб кетаверган.) Бир ҳовлида яшаб, бир қозондан овқат ичиб, бир кўрпа остида катта бўлганимиздан бўлса керак, биз ёши кичиклар, ҳаммамиз Ғафур Ғуломни “ака”, дердик. Ғафур акам ҳам ажратиш нималигини билмасди, бизларга туғишган акалардек меҳрибон эди. Ғафур Ғуломни туғишган акамиз, деб билгандик. Аслида, жиян бўлишимизни ҳатто хаёлимизгаям келтирмаганмиз. Чунки Ғафур акам ниҳоятда оқибатли, чин инсон эди.
Хуллас, Ғафур акам билан кўп йиллар ана шу Қўрғонтеги маҳалласидаги ҳовлимизда бирга яшадик”.
Камина юқорида Ғафур Ғулом тўғрисидаги ажойиб хотираси келтирилган Ҳамидулла Ҳусановни озми-кўпми билардим. У ўзбекнинг кўркам, танти, оқкўнгил йигитларидан бири бўлган. У урушни тиббий хизмат капитани лавозимида тугатиб, она юртига ғалаба билан қайтганида, Ғафур Ғуломга Германиядан олиб келган ўлжа соатни ҳадя қилган. Шоирнинг “Вақт” деган шоҳ асарининг яратилиши шу ажойиб инсон номи билан боғлиқ. Юқорида ҳурматли китобхон эътиборига ҳавола этилган хотира ҳам Ғафур Ғулом ҳаётининг фанга номаълум бўлган саҳифаларини ёритиши билан катта илмий қимматга моликки, уни тўла келтирмаслик одобсизлик бўлурди.
Шундай қилиб, Ғафур Ғулом 1903 йил 10 май, жума куни, эрталаб соат 6да чақалоқларга хос чинқириғи билан ўзининг ёруғ дунёга келганини маълум қилди.
Шоир ушбу тарихий дақиқа ҳақида “Она” шеърида бундай ёзган:
Туғилган дамимни эслай олмайман,
Ташаккур дейилса арзигулик тонг.
Танам йўргакланган, муштим тугилган,
Олтин рудасидай ишланмаган онг.
Ҳали бепардозман, олам жамолин
Кўра олмасликка кўзим ҳам ожиз.
Танглайим кўтарган бибим бечора
Ким эди, билмайман, ўлгандир, эсиз.
Бўлажак шоир туғилган пайтда оила ҳаётининг номаълум саҳифалари билан таништиришга қанчалик ошиқмай, ичимда бу сатрларнинг бадиий гўзаллиги ва юксаклигига таҳсин ўқиганимни айтмай ўтолмайман. Шоир ўзининг туғилган дақиқаларини шундай реал деталлар билан тасвирлаганки, гўё у чинқирганини ҳам, йўргакланганини, муштумини тугиб олганини ҳам, кўзи ёруғ оламнинг гўзаллигини кўришга ҳали ожизлигини ҳам кўриб-тушуниб тургандек бўлади.
Шу ерда у қофия санъатининг султони эканлигини яна бир бор намойиш этади. Чақалоқ ҳақидаги шеърнинг иккинчи сатридаги “тонг”га “онг” сўзини қофия қилади. Чақалоқ қайда-ю, “онг” қайда”? Лекин шоир “онг”ни “тонг”га худди фокусчидек боғлаб-чирмаб ташлайдики, унинг “Олтин рудасидай ишланмаган онг” деган ибораси шоирнинг ижодий фантазияси, хаёлот олами ва билим доираси қанчалик чексиз-чегарасиз эканлигини кўриб, ҳайратга тушамиз. Офарин, офарин, Ғафур ака, деймиз!
Ғафур Ғуломнинг отаси хатли-саводли бўлиб, 1908 йилгача шаҳар думахонасининг маҳаллий бўлимида мирзалик қилган. Сўнг Келес атрофидаги Қоплонбек мавзесидаги тўққиз таноб ерида буғдой, жўхори, мош дегандай, дон-дунни экиш-йиғиш билан машғул бўлган. 1912 йилнинг кўкламида Ғулом Мирза касалликка чалиниб, бир неча кун йўталиб юрган ва арзимаган шамоллаш орқасида қирқ тўрт ёшида Қўрғонтеги маҳалласидаги 25 квадрат саженли захкаш, тутдай тўкилай деб турган ҳовлисида олтита “еярман-ичарман етимча”ни орқасида қолдириб, вафот этган.
Бўлажак шоирнинг онаси Тошбиби Шоюсуф қизи Ғулом Мирзага турмушга чиқишидан аввал ҳам оила кўрган эди. Унинг марҳум эридан туғилган фарзанди – Рихси шу олти нафар “еярман-ичарман”га мураббий бўлиб қолади. У шу вақтларда ўн саккиз ёшга кирган бўлиб, тошкентлик машҳур бойлардан бири – Муборак Сидиқмуҳамедовнинг универсал магазинида хизмат қилар эди. Рихси қорининг приказчиклик орқасида топган пули баракасиз бўлгани учун бўлажак шоирнинг она ва опаси ҳам дўппи ва қийиқ тикиб, унга ёрдамлаша бошлаганлар.
“Отам, – деб ёзган Ғафур Ғулом “Кечмиш ва кечирмишларим” сарлавҳали таржимаи ҳолида, – дурустгина саводли, ўзбекча, тожикчани яхши билар ва унча-мунча русча ҳам сўзлашар экан. Шаҳар ичида кишиларга ариза, справкалар ёзиб бериб юрар, шунинг учун ҳам исмига “Мирза” деган лақаб қўшимча бўлган экан.
Отам адабиёт билан жуда қизиқар экан. Уйимизга ўзбек шоирлари ва хаттотларидан Хислат, Шомурод котиб ва бошқалар келиб юрганини эс-эс биламан. Фарғона водийсидан келадиган шоирлар ҳам: Муқимий, Тошхўжа Асирий, Фурқат, Муҳйи ва бошқаларнинг бизникига кўп келганини айтадилар. Отам “Мирза” ва “Ғулом” тахаллуслари билан талай шеърлар ёзган. Лекин булар бир ерга тўпланиб ё бўлмаса босилиб чиққан эмас. Сўнгги йилларда амаким (отамнинг кичик укаси) Мирза Абдулла Мирза Ориф ўғли “Мирза” тахаллусини ўзиники қилиб олиб, шеърлар ёзар эди. Унинг “Баёзи Мирзо” деган китоби 1913 (1331 ҳижрий) йилда Тошкентда “Ғуломия” босмахонасида босилган”.
Ғафур Ғуломнинг онаси Тошбиби ҳам ўзбек ва тожик тилларидаги ғазалларни ўқиб, англай оладиган зеҳнли аёллардан эди. У ўзбек халқ оғзаки ижодига ихлос қўйиб, халқ термалари вазнида унча-мунча шеърлар айтиб юргани учун эрининг вафотига бағишлаб марсия ҳам ёзган. (Бу марсия сўзлари узоқ вақтларгача шоирнинг қулоғидан кетмаган.) Бўлажак шоир шу пайтда тўққиз ёшда бўлганига қарамай, хат-саводи чиққан, Навоий, Ҳофиз ва Саъдийларни бемалол ўқир, чиройлигина хати ҳам бор эди.
Ғафур Ғулом Қўрғонтеги маҳалласидаги Ҳасанбой домланинг мактабида Бедилдан “Маслак”ка ўтиб, уни ҳам тугатган эди. Агар шу маҳаллалик Абдураҳмон пари деб аталган боланинг ўн олти йилда ҳам “Ҳафтияк”дан нарига ўтолмаганини эсласак, Ғафурнинг зийрак ва зукко бола бўлгани ойдинлашади. Унинг хатли-саводли бўлишига бошда отаси, кейин эса онаси сабабчи бўлганлар. Бинобарин, Ғафур Ғуломнинг Ғафур Ғулом бўлишида отаси Ғулом Мирза билан онаси Тошбибининг хизматлари каттадир.
Шу ўринда камина бир нарсани четлаб ўтишни ўзимга эп кўрмадим. Гап шундаки, Ғафур Ғулом Тошкентда, ўзбеклардан иборат аҳоли орасида туғилгани ва улғайганига қарамай, форс ва араб тилларидан хабардор бўлган, айниқса, форс-тожик тилини яхши билган. Буни фақат бир нарса билан изоҳлаш мумкин: у, менингча, маҳалласидаги Ҳасанбой домланинг мадрасасида ўқиган ва форс-тожик тилини шу ерда пухта ўрганиб чиққан. Аммо совет даврида шоир, олим ёки ўқитувчининг мадраса таълимини кўрганлиги ҳақида бирор сўзни айтишнинг иложи йўқ эди. Шунинг учун ҳам Ғафур Ғулом таржимаи ҳолида мадрасада эмас, балки эски мактабда ўқиганлигини айтган.
Шоирнинг Ойбекка бағишланган мақоласидаги қуйидаги сўзларни ҳам шу тарзда тушуниш, менингча, тўғри бўлади:
“Ойбек, – деган эди Ғафур Ғулом, — Дегрез мактабида, мен Қўрғонтеги мактабида бошланғич эски таҳсилни олдик. Кейин у “Намуна ” мактабига, мен “Ҳаёт” мактабига кирдим”.
Ғафур Ғулом “эски таҳсил” деганда мадраса таълимини назарда тутган десак, шояд хато бўлмайди.
Хуллас, Рихси қорининг йилига 20 сўм бериладиган приказчиклик маоши оила рўзғорига урвоқ ҳам бўлмай қолади. Бунинг устига, Биринчи жаҳон уруши бошланиши билан нарх-наво осмон баравар кўтарилиб, пулнинг қадри кетади.
“Энди биздай камбағал, афтодаҳол, қўл учи билан кун кўрадиганларнинг ҳоли қандай бўлади? Катта бойлар жуда ҳам бойиб, кичик бойлар синиб турган вақт, рус пролетариатининг подшога нисбатан ғазаби ошиб, қоши чимирилган замон... Мочаловларнинг обрўси қолмаган... ”
Ғафур Ғулом Биринчи жаҳон уруши бошланиши билан халқ турмуши, шу жумладан, ўз оиласининг турмушидан барака кетган кезларни шундай эслайди.
Бўлажак шоир замоннинг оқимида шундай ўзгаришлар рўй бераётган бир пайтда Мулла Муборакнинг болалари қатори Ўқчидаги “Ҳаёт” мактабига қатнаб, Тошкент жадидларидан сабоқ ола бошлайди. У мазкур мактабда бир йил ўқидими ё йўқми, большевиклар Туркистонда ҳокимиятни ўз қўлларига оладилар. Бошқа тошкентлик бойлар қатори, Мулла Муборакнинг давлати ҳам барбод бўлади. Рихси қорининг 20 сўм маошлик ишини ҳам Худо кўп кўради. Энди бутун оила яктан ва якжон бўлиб, “тириклик ўпқони”га ямоқ ахтара бошлайди.
“Мен мана шу кундан бошлаб чин ҳаёт кўчасига кираман. Акам билан Самарқанд дарвозадан ўрик, олма, бодринг кўтариб, Янги шаҳарнинг кўчаларини айланиб, сота бошлаймиз. Куз келиб, бу ҳам фойдасиз бўлади. Акам “Тамерлан” хусусий тамаки фабрикасига ишга кириб, мени ҳам ёнига олади. Мен гильзага тамаки тўлдиришни ўрганиб, ишлай бошлайман. Аста-аста бу ҳунар бизнинг уйга кириб, онам, опам, укаларим ҳам гильзага тамаки тўлдириб, акамга ёрдамлаша бошлаймиз. Очлик, қимматчилик йиллари бошланади. Онам ҳам ўлади. Акам касалланади. Бутун тирикликни рўзғор керак-яроқларини сотиб ўтказишга тўғри келади”, деб ёзади Ғафур Ғулом.
1918 йил шоир ҳаётига шундай воқеалар билан кириб келди. У маҳалласидаги уста Миразизга шогирд тушиб, косибчиликни ўрганди. Косибчилик билан ҳам тирикчилик ўтмай қолгач, акаси билан бирга тунукасозлик билан машғул бўлди. Кейин аравакашлик... Кейин эса ҳарф териш...
Кунларнинг бирида Ғафур Ғуломга ҳарф териш ҳунарини ўргатган босмахона ишчиси Абдураҳмон Сахибоев шогирдига бундай деб қолади: “Менга қара, йигитча, замон ўзгарди. Аввал экилган дарахтлар кесилиб кетди. Биламан, сен китоб ўқишни яхши кўрасан. Демак, шу йўлдан боришинг керак. Эшитишимча, ўқитувчиларни тайёрлаш курслари очилган. Ҳам саккиз ой текинга ўқийсан, ҳам стипендия оласан...”.
Орадан бир неча кун ўтгач, Ғафур Ғулом саккиз ойлик курслар очилган мактабга борди.
Хуллас, тақдир шамоли уни муаллимларни тайёрлаш курсига олиб келади. У қисқа муддатли курсни тугатиб, 1920 йил 3 мартда Бодак маҳалласидаги “Чўлпон” мактабига муаллим этиб тайинланади. 1924 йил августида “Ҳаёт” мактабига муаллим бўлиб ўтади. Ундан “Умид” мусиқа техникумига кўчади. 1920 йили эса 3-боқимсиз болалар уйига мудир этиб тайинланади. Айни пайтда етти йиллик “Урфон” мактабининг мудирлиги ҳам унинг зиммасига тушади.
1928 йил 15 сентябрдан бошлаб эса Ғафур Ғулом “Қизил Ўзбекистон” газетасига ишга ўтади ва “Камбағал деҳқон” газетасининг масъул котиби этиб тайинланади. Унинг турли газеталардаги чиқишлари эса 1924 йилдан эътиборан қизғин ва мунтазам тус олади.
Ғафур Ғулом шу кунларда ёзган мақолаларидан бирини “Муштум”га элтиб беради. Кўп ўтмай, мақола чиқиб, бўлажак шоирнинг ишлари ҳавас қиларли даражада юришиб кетади...
Ғафур Ғуломнинг машаққатли ҳаёт йўлига бу қадар кенг тўхталганимизнинг сабаби, биринчидан, хх аср бошларида туғилган оддий, камбағал, афтодаҳол кишилардан бирининг турмуш сўқмоқларида йиқилиб-йўқолиб қолмай, аксинча, шу жараёнда халқ иродаси, ақл-заковати ва юксак истеъдодининг тимсоли даражасига эришганини, иккинчидан, унинг халқчил ва фалсафий ижоди илдизларини, учинчидан, уни оддий халқ ҳаёти билан боғлаган узилмас ришталарни кўрсатишдир. “Олтин рудасидай ишланмаган” талант эса унинг қонида бор эди.