АКАДЕМИК ШОИРНИНГ тун билан тонги
Мамлакат раҳнамоси катта анжуманлардан бирида замонамиз ёшлари — азиз ўғил-қизларимизга мурожаат этаркан, академик шоиримиз Ғафур Ғуломнинг оташин сатрлари тимсолида шундай мулозамат қилган эди:
Не учун елкамни тутиб бермайин?
Давлат минбаридан янграган икки сатр шеърнинг таъсир кучи ва тарбиявий қамрови, шак-шубҳасиз, беқиёс бўлди. Иқтибос асносида “академик шоиримиз” иборасига алоҳида урғу бераркан, Президентимиз, авваламбор, ўзбек адабиётига, устоз адибларимиз номи ва ижоди олдида ўзининг юксак ҳурмат ва эҳтиромини билдирган эди. Иккинчи томондан, китоб ва китобхонликни олий мақомда тарғиб қилиш, Учинчи уйғониш даври ва келажак бунёдкори бўлмиш ёш авлоднинг тўкис билим олиши ва камолга етиши учун барча шарт-шароит ва имкониятларни яратишга тайёр эканини, ортга бошқа йўл йўқлигини билдируви дил баёноти, ишонч ва эътироф изҳори эди.
Биз янги Ўзбекистонимизнинг янги тонготар даврини, шиддатли уйғониш паллаларини бошдан кечирмоқдамиз. Мудроқ туйғулар, ялқовлик билан лоқайдлик бу даврга мутлақо ёт, олиб борилаётган очиқ-ойдин сиёсат, жаҳон саҳнида, манаман деган дунё давлатлари билан баб-баравар бўйлашиб, улар иштироки ва ҳамкорлигида кечаётган жўшқин ижтимоий-сиёсий ҳаёт она Ватанимизнинг янги тонготарлари ғоят файзли ва баракали бўлишидан мужда бераётир.
Ёшлик — ўз номи билан ёшлик, йигитлик — ўз азму шижоати билан йигитлик. Лекин устоз айтганидай, ёшлик экан деб бир умр лаллайиб, лайлак ҳайдаб ўтиб кетавериш ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам тинимсиз билим, таълим дейилаётгани бежиз эмас. Зеро, асовдарё умрнинг жиловини тўғри ўзанга солиш учун ҳам айнан билим ва юксак иқтидор керак бўлади. Ҳазрат бобомиз ҳам айтиб кетганлар-ку: “Йигитликда йиғ илмнинг махзани, Қарилиғ чоғида харж қилғил они”.
Модомики, гап “тонг билан шом”, “тун била тонг”, “тонг” ва “тонготарлар” хусусида кетар экан, барча шоирларимиз ижодида ушбу мавзунинг кенг рамзий кўлам ва қамров касб этганини, бу ибораларга салмоқли тимсолий маънолар юкланганининг гувоҳи бўламиз. Мавзуни ХХ аср ўзбек адабиётининг йирик ва забардаст намояндаси, донишманд шоиримиз Ғафур Ғулом ижодидан олинган тамсилларга кўчиришдан олдин мумтоз адабиётимиз, аниқроғи, Алишер Навоий бобомизнинг асарларига мурожаат қиладиган бўлсак, у беназир зотнинг бутун умри, бор ижодиёти тонг билан шом, тун билан кун, кеча ва кундузларнинг изтироб ва соғинчлари, ранж билан заҳматларидан иборат эканини кўрамиз. Шу боис, машҳур ғазалида келтирилган “Кўзларимга кеча тонг отгунча уйқу келмади” сатридаги “кеча” сўзи “бир умр” деган янглиғ таассурот қолдиради.
Дарҳақиқат, Навоий ҳазратлари яна бир ғазалида мавзуни чуқур олиб, аёвсиз ва бешафқат мисраларни битади:
Тунга етмас кунни ўткардим ўлиб ҳижронида,
Кунга етгайманму, ваҳ, бу субҳи йўқ шомим била.
Нима дейсиз, нима дея оласиз? Ҳеч нарса дея олмайсиз, “тунга етмас кун” қаршисида, “субҳи йўқ шом” олдида зору нотавон қолаверасиз.
Саъдий Шерозий “Насиҳатнома”сида шундай сатр бор: “Аз субҳ ҳамиша жониби шом равем” (“Биз ҳамиша тонгдан шом томонга қараб борамиз”). Бир пайтлар устоз Эркин Воҳидовдан “Тафаккур” журнали учун мўлжалланган суҳбатимизни шу сатр билан бошласак, қандай?” деб сўраганимизда, устоз лутф қилиб, “Келинг, шом ҳақида гаплашмай қўя қолайлик, тонг ҳақида суҳбатлашганимиз дуруст”, дея гурунгни ёруғликка қараб бурган эди.
Устоз Ғафур Ғулом шеърларида алоҳида меҳр билан тилга олиниб, энг кўп учрайдиган бир жуфт сўз борки, бу “тонг” ва тонготар”дир. “Сен етим эмассан”даги “Тонг яқин, тонг яқин, оппоқ тонг яқин” сатрларидан бошлаб, то умрининг серзилзила поёнигача — гарчанд ўз замонасидан кўп меҳру мурувватларга сазовор бўлган эса-да, дардчил ва беҳаловат шоир умрининг тийра шомига қадар қандайдир бошқа бир тонгдан умидвордай, бошқа бир тонг, қанақадир ўзга бир тонготарга илҳақ ва мунтазир ўтгандай.
“Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1948 йил 15 май сонида чоп этилган Навоий бобомизга бағишланган “Алишер” манзумасида ўқиймиз:
Дурахшон юлдузлар сари ўкирган,
Бўйнида занжиру қалби озод шер.
Инсоний муҳаббат меҳри-ла вафо,
Эрку бахт тимсоли улуғ Алишер.
Ҳирот тонготарин тасаввур қилиб,
Йигитлик умрингнинг камолин кўрдим:
Хуросон ўлкасин заволин кўрдим.
Ана энди тасаввур қилинг: шу жойда “Бўйнида занжиру қалби озод шер” – Ғафур муаллимнинг ўзи “дурахшон юлдузлар сари ўкирган”дай бўлиб туюлмаяптими? Қариликнинг қаро шомида Хуросон ўлкаси эмас, балки емирилиши муқаррар бошқа бир мустабид тузум, ўзга бир империянинг заволи кўринмаяптимикан?.. “Мен одам эдим-ку, инсон фарзанди!” “Бу – етим Ғафурнинг маломат банди” деб ёзаркан устоз Абдулла Орипов “Маломат тошлари” шеърида, улуғ шоирнинг фақатгина болалик – етим-есирликда кечган хору саргардон паллаларинигина назарда тутмагандир?..
Миллатнинг даҳо шоири сифатида Ғафур Ғулом учун ўзбек шеъриятида янги авлоднинг пайдо бўлиши ниҳоятда муҳим ва кутилган табиий ҳол эди. Бу пайтга келиб, (ХХ асрнинг 60-йиллари боши) Никита Хрушчёв сиёсатининг илимилиқ (оттепель) даври таназзулга юз тутган, Москвада мамлакат зиёлилари вакиллари, ёш ижодкорлар билан бўлган учрашувда Андрей Вознесенский, Евгений Евтушенко, Эрнест Неизвестний сингари шоиру рассомлар тоза “дўппосланиб”, сиёсат мутлақо тескарига қараб кетган нохуш ва таҳликали бир давр – гуриллаб чиқиб келаётган ижодкорларга таъқиб ва тазйиқ кундан-кун кучайганидан-кучайиб борар эди. Бу ҳолат, табиийки, мустабид шўро чангалидаги маҳаллий республикаларнинг ёш илғор ижодкорларини ҳам четлаб ўтмаган. Бизнинг адабиётда илк тазйиқ калтаклари Эркин ака билан Абдулла аканинг бошида айланар, бу дилгир манзаралар устоз адибларимизни хавотирга солмай иложи йўқ эди. Биринчи бўлиб домла Абдулла Қаҳҳор имдод қўлини чўзганини адабиёт муҳиблари яхши билади. Шеърларидан эпиграф олиш баҳонасида, буларга эга чиқиб, балогардонлик қилгани, шу йўсинда чиройли тарзда кенг жамоатчиликни ҳам ҳушёр торттиргани энди кулгили кўринади. Лекин ўша қаттол сиёсат исканжасида катта устозларнинг бу хатти-ҳаракати жасорат билан тенг бўлганини замондошлар ёзиб қолдирган. У кунларни эсларкан: “Бизнинг бошимизда синмаган, бизни калтакламаган фақатгина болалар боғчасининг таёғи қолди, холос”, дея Абдулла ака кейинчалик ўкинч ва заҳарханда билан гапириб берган эди.
Устоз Эркин Воҳидов “Ғафур Ғулом билан учрашувлар” номли хотираларида келтиради:
“Ғафур Ғулом дард, изтироб туйғуларини ҳам ёзган шоирларнинг бошига тушган фалокатларни ўз кўзи билан кўрган адиб эди. Шунинг учун ёшларни ҳам бу хил шеърлар битишдан қайтаришга уринарди. Азбаройи уларни эҳтиёт қилиш, найзабозлардан сақлаш учун ҳам шундай қилар эди. Устоз 1963 йилда Гулчеҳрахон билан менинг никоҳ тўйимда қатнашиб табриклаган. Сўз орасида: “Мана, йиғлаб-сиқтаб хотинлик бўлиб ҳам олдинг, энди ўлдим-куйдим деган шеърларни ёзмассан”, деганди. Бу гап ўша кезлари менинг баъзи шеърларим кўп мажлисларда, матбуотда йиғлоқи, тушкун руҳда ёзилган деб танқид қилиниб турганига ишора эди”.
Абдулла ака ҳам Ғафур Ғулом ҳақида гап кетганда, оғзаки гурунглардан бирида қизиқ бир воқеани нақл қилгани ёдимда (Азбаски, мен шу икки устозимиз билан кўп мулоқотда бўлганим, уларнинг меҳри ва эътиборидан бир қадар баҳраманд бўлганим учун урғуни, асосан, шу икки қадрли номга қаратаётганимдан азиз ўқувчи ҳайрон бўлмас, деган умиддаман). Бу воқеани устоз бирон-бир жойда ёзма шаклда битиб қолдирганми-йўқми, билмайман, эсдаликларида ҳам тилга олганидан бехабарман.
“Бир куни мени Ғафур Ғулом ўз уйига чақириб қолди, – дея гурунг берган эди Абдулла ака. – Қимтиниб-тортиниб бордим. Ғафур Ғуломона услубда у ёқдан-бу ёқдан бир нарсаларни сўрагандай бўлди. Ўзи кўп гурунглашганиям йўқ. Битта-ярим шеърларимни мақтагандай бўлди. Кейин бир гап айтди: “Сен билан тарбиявий соат ўтказишимни айтишувди. Нимаики кўнглингдан чиқадиган бўлса, ёзиб қолдировур. Ҳар кимнинг ҳам гапига қулоқ солаверма. Фақат... мабодо, битта-яримта сўраб қоладиган бўлса, “Ғафур Ғулом мен билан тарбиявий соат ўтказди”, деб айтишни эсингдан чиқарма. Бўпти, боровур!..”.
Бу гаплардан олти-етти йиллар ўтгандан кейин Ёзувчилар уюшмасида “Мен кимга суянгайман, биринчи муҳаббатим” ва бошқа “тушкун, йиғлоқи руҳдаги” шеърлари учун муҳокама қилиниб, роса танқидга учрашини ҳали устоз ҳам, шогирд ҳам шу аснода билмас эди. “Партияга суянинг, партияга!..” деган “йўл-йўриқлар” энди ҳаддан ташқари бачкана ва кулгили туюлади.
Гап шундаки, янги навқирон авлод адиблари тимсолида Ғафур Ғулом ҳам, Абдулла Қаҳҳор ҳам янги ўзбек адабиётининг янги тонгини – яқин келажагини кўрмоқда эди.
Шу маънода, қабоҳат замонларининг бор йўқотишларидан зада бўлиб келган, мустабид тузум эзиб, мажақлаб ташлаган кекса устозлар қалбида бу ёшлар янги ҳаётбахш тонготарлар тимсоли бўлиб, катта умид ва ишонч уйғотар, шу боис, уларни асраб-авайлаш улуғ адибларимиз учун бурч ва виждон иши, маълум маънода, виждон тасаллиси ҳам бўлган деб ўйлаш мумкин.
1966 йилнинг 25 апрелида (машъум зилзиладан бир кун аввал) Душанбе сафаридан қайтаётганда самолётда ёнма-ён ўтириб келган Эркин ака Ғафур бобога қимтинибгина бир савол беради. “Самолётда ўзингизни қандай ҳис қиласиз?” деганда жавоб ҳам шунга яраша бўлади. Яъни “Самолётнинг бирор михи ўзини қандай ҳис қилса, мен ҳам шундай”, деб жавоб беради Ғафур муаллим. Ҳазиломуз бўлса-да, академик бобонинг жавобида бир аччиқ ҳақиқат яширинганини илғаш қийин эмас. Бутун умри ерда, осмонда – узлуксиз сафарларда сарф бўлган, бир зум бўлса-да ором, ҳаловат нималигини билмаган заҳматкаш адибнинг ўз кечган умрига аччиқ заҳархандаси эди бу.
“Сен етим эмассан” шеърида: “Оталик ҳиссининг бебаҳо, лазиз тўлқинлари ичра ғарқ бўлиб кетиб, азиз бошинг узра термулмоқдаман”, дея лутф этилганидай, улуғ шоиримизнинг оилапарварлик, боласеварлик, меҳр ва муҳаббат туйғулари яхлит мужассамини топган ҳаёти ва ижоди неча бир авлодларга ибрат мактаби бўлгулик даражада сермазмун, мушфиқ ва фидойи бир отанинг меҳру муруввати, вафо ва садоқат тимсоли бўлиб ҳозир ҳам балқиб-нурланиб турибди. Беихтиёр устозга қўшилиб баралла изҳори дил қилгингиз келади:
Вафонинг оқ йўли шунча узунми,
Сочингда мунчалар оқ кўп, Муҳаррам?
Ишқингда кезганим тонготарларни
Ўраб олгандирсан, шу дурранг кўркам.
Тун билан тонг ҳақида гапирилар экан, Алишер Навоий бобомизнинг “Бадоеъ ул-васат” (“Ўрта ёш гўзалликлари”) девонига киритилган 363-рақамли “тун била тонг” радифли ғазалига тўхталиб ўтмоқ жоиз деб ўйлаймиз. Ғазал умрнинг ўрталарида ёзилиб, юқоридаги девонга киритилган, арузнинг қийин баҳрларидан бўлмиш мужтасс баҳрининг мужтасси мусаммани махбуни мақсур вазнида битилган.
Ҳазрат Навоийнинг уммондай чайқалиб тўлиб-тошиб ётган шунча асарлари орасида нима учун айнан шу ғазалгина Ғафур Ғуломнинг алоҳида диққатини тортганини энди-да англагандай бўляпмиз. Ғафур домланинг энг кўркам мухаммасларидан бири (яккаю ягонаси деса ҳам бўлади) шу ғазалга битилган. Тахмис ҳам, унинг сатрлари аро силқиб турган дарду ғам, ранжу изтироб, алам ва пушаймон алоҳида таҳлил ва тадқиқотни талаб қилади, албатта. Ҳозирча келтирилаётган икки парчадан ўзингиз ўқиб, хулоса чиқаришингиз мумкин:
Менинг қароғиму онинг жамоли тун била тонг,
Менинг заволиму онинг камоли тун била тонг,
Менинг куюк маҳим, онинг ҳилоли тун била тонг,
Менинг фироқиму онинг висоли тун била тонг,
Бу нав даҳрда йўқ эҳтимоли тун била тонг.
Нечук тушунтира олдим буни гумон элига,
Ҳамиша ишқини қилувчи имтиҳон элига,
Ки бирни икки дейиб бўлмағай замон элига,
Ғариб, зулфу юз эрмас букун жаҳон элига:
Кўринмамиш бу иккининг мисоли тун била тонг.
Ғафур Ғулом, шак-шубҳасиз, ўз даври, ўз замонасининг шоири эди. “Замон куйчиси” бўлса-да, ўша даврда ҳар қандай халқнинг ҳар қандай шоири ҳам ўз миллий шеъри ва овози билан Кремлнинг муҳташам қасрларини забт эта олиш мавқеи ва обрў-эътиборига эга бўлмаган. “Кремль саройида минбардаги ўзбекман!” сатрини эслар экан: “Биз учун ҳозирги кунда “ўзбек” ибораси азиздир! – дейди Абдулла ака сўзбоши-мақоласида. – Вақт кўрсатдики, ҳақиқий ижодкорнинг ўрнини, хотирасини турли минбарлардангина эмас, халқ қалбидан ахтармоқ керак экан”.
Ғафур Ғулом таваллудининг 120 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси кўп китоблар, сайланма ва тўпламлар қаторида пири комил шоиримизнинг “Қиз деган кўнгилнинг қонидан бўлур”, дея доим алқаб-эркалаган суюкли қизи Олмос опанинг бир жилдлик муҳташам “Танланган асарлар” тўпламини ҳам нашр этди. Бу китоб ўқилиши, катта авлод, ўрта ва ёш авлод томонидан астойдил мутолаа қилиниши, китобхонлик танловлари ва кўрикларида кенг тарғиб этилиши керак. “Уйғоқ хотиралар” туркумидаги салкам бир романнинг залвори юкланган “Зилзила” номли эсдаликларни шу халқ, шу адабиётга дахлдорман деган ҳар бир китобхон ўқиса – фойдадан холи бўлмайди. Улуғ шоиримиз, демакким, шу миллатнинг садоқатли фарзанди бўлмиш мавлоно Ғафур Ғулом ўз умрининг кунботарида қандай руҳий ва қалбий зилзилаларни бошдан кечирганини билмоқ, ўқиб-ўрганиб ибрат олмоқ ҳам ҳар биримизнинг устозлар номи-ёди олдидаги инсоний қарз ва бурчимиз саналади.
Зилзила муносабати билан ватандошларга оғир кунда далда ва мадад бўлсин деб 1966 йилнинг 22 июнь куни “Тошкент оқшоми” газетаси нашр этила бошланди. Газетанинг биринчи сонида, табиийки, қадим Шошнинг замонавий Бош шоири сифатида Ғафур Ғуломнинг табрик сўзи, албатта, берилиши керак эди. Устоднинг кўплаб катта-кичик мақолалари орасида, айтиш мумкинки, умри сўнгида битилган, икки-икки ярим бетгина шу изҳори дил – у зотнинг энг гўзал асарлари қаторидан муносиб жой олишга арзийдиган, меҳр ва садоқат уфуриб турган юксак мақомдаги чинакам ижод маҳсули саналади.
Сувга қалқиб борган қизил олмадай.
Тонг ўтди, кун ўтди, оқшом ҳам ўтди,
Шу фурсат мазмунин шимай ҳолвадай.
Ғафур бобонинг жўшқинлигию иштиёқини кўринг, завқу шавқига, тасвирнинг тозалигига эътибор беринг:
“Тунов оқшом Анҳор қирғоғида битта оби нонни увитиб, ботиб бораётган қуёшнинг сувдаги майда тўлқинларида жилваланган шуъласини кузатиб ўтирар эдим. Юз қадамча нарида, утта қирғоқда, мажнунтол тагида бир жуфт қумридай кукулашиб ўтирган бир жуфт ёшга кўзим тушиб қолди. Санни Худо, жуда ҳавасим келди... Агар манов шўх қиз ўз йигити қулоғига шивирлаган сўзидан чорак жумласини менгинага шивирласа, агар шу икки навжувон ўз кулгиларидан икки пардасини менга ҳадя қилсалар, 72 бандли шеърни шу оқшомда сайраб турган тўрғай тингунча ёзиб берардим. Ана шу катта шеърдан нақдгина бир ғазал шу бўлур эди...”.
Бу дилбар тилаклар газетада босилгач, орадан бор-йўғи йигирма кунча ўтар-ўтмай, “зўр карвон йўлида етим бўтадай, интизор кўзларда ҳалқа-ҳалқа ёш” қолдириб, Ғафур бобо тириклар дунёси билан мангу хайрлашди. “Халқ учун Ғафур Ғуломнинг вафоти катта балли зилзила бўлди”, деб ёзади кейинчалик Олмос опа ўша кунларни хотирлаб. Бир жайдари ҳақиқат шундан иборатки, шунча қизғин ижод, дунё-дунё назмий-насрий асарларни ёзган аллома шоиримиз ичидаги асосий гапларни айтолмагандай, Ғафур Ғулом билан бирга у кишининг ичида, юрагида бошқа бир Ғафур Ғулом – бундан ҳам зўр, бундан-да буюкроқ, бундан ҳам улуғворроқ Ғафур Ғулом ул улуғ зот билан бирга кетгандай туюлаверади...
“Тошкент оқшоми”га бағишланган порлоқ ғазалларига кўп йиллардан буён ҳавас қилиб юрардим, ҳавасим соғинчга айланиб, миннатдор шогирдлар номидан ушбу машқ-мухаммасни улуғ устоднинг хотирасига ният қилдим.
Бу Ватан номи биландир тинчу оромим менинг,
Тонги ҳам шоми менингдир, тонг била шомим менинг,
Дилбару дилкаш, дилорою дилоромим менинг,
Оташин ишқдан тўлиқдир доимо жомим менинг,
Соядек ёнимда ёндош дўстим — илҳомим менинг.
Ҳеч бир осмон юлдузи юлдузларидай зўр эмас,
Сойларининг мавжидай ҳеч сув дилимга жўр эмас,
Нон ушоғин кўзга суртай, ки элим нонкўр эмас,
Шом қуёшин шуъласидан бу тўқилган тўр эмас,
Зар балиқлардан умидвор ташлаган домим менинг.
Сўзни гул янглиғ севишни Ўзи бермиш менга Ҳақ,
Шул сабабдан ҳар сўзим гулрангу дил қонига ғарқ,
Бунда ҳар гул барги кўнглим дафтаридан бир варақ,
Бу ғазални ёдлаб олу гулни уз, чакканга тақ,
Мингта ошиқ, мингта маъшуқларга инъомим менинг.
Мен азиз инсонларимнинг доғини хўп куйладим,
Қилди даврон гоҳ маломат, гоҳ талотўп, куйладим,
Мен жуда кўп ўйладим ҳам мен жуда кўп куйладим,
Умрнинг тонгин, кун ўрта чоғини хўп куйладим,
Нурли мисраларни кутгай бахтли оқшомим менинг.
Бир кўнгилнинг меҳри етгай гоҳи минг кўнгилгача,
Бир умрлик сайру гашти асли бир соҳилгача,
Ким етиб-етмабди ким сен кўзлаган манзилгача,
Юзга кирмак мўлжал олсанг, сабр қил юз йилгача,
Қирқ ўғил қизга бибидир гул-гуландомим менинг.
Келгуси юз йилги авлодларга бу биздан салом,
Токи назмим бор экандир, бу салом бўлмас тамом,
Бу чароғистонда мен ҳам бир Сирожман, вассалом,
Тошкент оқшомин ёзиш ният эди, хуллас калом,
Шеър ёзмоққа фаранг Ғафур Ғулом номим менинг.
(“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2023 йил 22 ноябрь, 243-сонидан олинди).