БЕДОР ЮРАК, УЙҒОҚ ТАФАККУР
Толеим кулиб, талаба бўлган йилим. Не-не орзу-ниятлар ила институтга кирган бир гуруҳ курсдошлар билан яқиндан танишиб, ундан-бундан суҳбатлашиб турибмиз. “Эшитдингларми, Тоир Исломов деган домла бор экан, “қилни қирқ ёрадиган” танқидчи, у киши бизга курс раҳбари бўларкан... ” Алқисса, ўша гаплар ҳақиқатга айланиб, қотмадан келган, ўрта бўй, доимо ним табассум билан юрадиган Тоир домла дарсга кириб келди. Аввало ҳамма билан бирма-бир танишиб, ким нимага қизиқиши, аввал қаерда ўқигани, нималар қоралаб туриши ва ҳоказолар ҳақида обдон сўради. Сўзининг якунида: “Билиб қўйинглар, бу олийгоҳга ҳеч ким адашиб кириб қолиши мумкин эмас. Театршунослик, санъатшуносликнинг юки оғир. Кимки дипломнинг эвини қилсам бўлди-да, деган ниятда бўлса, яхшиси бошқа касб танласин”, дея қатъий таъкидлади.
Кўп ўтмай билдикки, домла ҳақ экан. Бу соҳада ўрнини топмоқчи бўлган инсон, албатта, ўқиб-ўрганиши, ўз устида тинимсиз изланиши зарурлигини ҳис қилдик. Домла ҳам талабни кучайтирар, ҳар бир талабанинг имкониятларини кашф этишга астоидил интиларди. Энг муҳими, устоз ҳеч қачон назарий фикрлар билангина чекланиб қолмас, гоҳ фильм, гоҳ спектакль томошаларига ўзи бош бўлиб олиб борарди. Кейин дарсда қизғин мунозаралар авжига чиқар, бирор оҳорли гап айтиб, эҳтиросларни алангалатиб қўярди-да, сўнг ҳамманинг фикрини бир-бир эшитиб чиқарди. Э-э... ундай дарслар бир бўлди-да, аммо холисанилло айтганда, шу соҳага озми-кўпми ҳисса қўшаётган бўлсак, бу шаксиз ўша сабоқлар шарофатидан.
Тоир Исломов педагогикаси ҳеч кимникига ўхшамасди, устоз жонли, ҳароратли, баҳс-мунозарага бой дарсларнинг тарафдори эди. Шу боисданми, кўпинча дарсимизга кимнидир меҳмон сифатида таклиф этар, биз талабалар ҳам шунга яраша тадорик кўриб, турли саволлар билан меҳмонни “ҳайрат”да қолдиришга интилардик.
Иккинчи курсда ўқиётган чоғимиз домланинг тавсияси билан таниқли адиб Эркин Аъзамнинг “Жаннат ўзи қайдадир ёхуд Жийдалидан чиққан Жўрақул” номли драматик асари курс иши сифатида танланди. Ўшанда курсимизнинг барча талабалари Эркин Аъзам пьесасини ёппасига ўқидик, шу асар баҳона бўлиб адибнинг ижодий лабораториясига чуқурроқ кирдик. Ҳамманинг миясида ҳар хил ўй, кимдир Жўрақулнинг қисматидан ўкинса, кимдир Забаржад бўлиб “кўз ёш тўкади”, яна кимдир Болта Мардоннинг жўмардлигию ҳалоллигига тасаннолар айтади. Хўш, шу қаҳрамонларнинг яратгувчиси Эркин Аъзамнинг ўзи нима деркин?
Яна домла ташаббускор бўлиб, муаллиф билан ажойиб учрашув ташкил этди. Мана энди миянгда неки хаёл, фикру иддао бўлса, марҳамат айтавер, аслида тасаввурингдаги қаҳрамонлар қай тахлит яратилганини адибнинг ўзидан эшитасан... Эсимда, ўша гурунг ҳеч кимни бефарқ қолдирмади, ҳамма “ловиллаб” турган юрагини бўшатди, кетма-кет саволлар ёғилди, меҳмон ҳам “чертиб-чертиб” жавоблар айтди. Ҳаммасидан учрашув хотимаси зўр бўлди: ёзувчининг қўлидан дасхат битилган китоблар олиш, бирга суратга тушиш, кўнгилдаги гапларни айтиш имконияти... Мана бу ҳақиқий дарс, адабиёт, ҳаёт дарси эди!
Бошқа сафар ҳаммамизни тўплаб, кинооператор Абдураҳим Исмоиловнинг устахонасига олиб борди. Анча йиллар бурун суратга олинган кинорежиссёр Али Ҳамроевнинг “Еттинчи ўқ” фильмини томоша қилдик. Фильм узоқ муддат шахсига қора чизиқ тортилган босмачилар ҳаётига бағишланган эди. Бошқаларни билмадиму, камина диққинафас бўлдим: “Ҳозир шу фильм нега керак? Ахир, бугун бошқача замон-ку!..” Йўқ, керак экан, яқин ўтмишимиз ҳақидаги аччиқ ҳақиқатларни билиш, “ялло” қилиб юрган замонимизга осонликча эришилмаганини англаш учун ҳам керак экан! Буям домланинг билгичлиги, мушоҳадаси кенглигидан далолат эди.
Бундай учрашувлар жуда кўп бўларди. Ҳозир буларнинг бари гўзал хотира бўлиб кўз ўнгимдан ўтади.
Тоир Исломовнинг мунаққидлик фаолияти эса, алоҳида мавзу. Назаримда, домланинг фидойилигини яққол кўрсатадиган жиҳат ҳам бу – танқидчилик. Спектакль муҳокамаларида мана-ман деган режиссёру актёрлар ҳам Тоир Исломовнинг ўткир танқидларидан ҳайиқиб турар, дўст ачитиб гапирар деганларидек, домла ҳам бўямай-бежамай, бор гапни шартта айтарди-қўярди. Лекин танқидлари мутлақо беғараз, самимий, дўстона, энг муҳими, асосли бўларди. Тоир домла театрга чексиз муҳаббат қўйгани боис унинг манфаати учун ёниб-куяр, кимнидир ранжитиб бўлса-да, ҳақ гапни айтишни, виждон амри ила иш тутишни ҳаётий аъмоли деб биларди. Очиғи, шу феъли учун домлани хушламайдиган театрчилар ҳам кўп эди. Аммо домла бунга эътибор бермасди. Агар оғзаки танқид таъсир қилмаса ё ичидаги гапни айтолмаса, матбуотга мақола ёзар, шу йўл билан касбга бўлган садоқатини намоён этарди. Айниқса, кейинги йилларда эълон қилинган “Янги мавсум ўйлари”, “Бир асарнинг икки талқини” (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси), “Замонавий драматургия борми ўзи?”, “Ўтмаган “Ўтган кунлар” (“Ҳуррият” газетаси), “Биз соғинган анъаналар” (“Театр” журнали) каби мақолаларида замонавий театрда кечаётган жараёнлар рўй-рост таҳлил қилинди, холис ва ҳаққоний фикр билдирилди. Афсус, ушбу мақолаларга театр жамоатчилиги бирор-бир муносабат билдирмади, айтилган камчиликлар давом этаверди, домла ҳам шаштини сусайтирмай, Чўлпон бобо айтмоқчи, “Ҳақ йўли, албатта, бир ўтилгуси” дея пайдар-пай мақолалар ёзаверди, ўзбек театрида янги давр бошланиши, унутилаётган анъаналар қайта тикланишига умид қилиб яшади.
Тоир Исломов сохта мақтовни, ёлғон қарсакларни ёқтирмасди, биз шогирдларни ҳам рост гапни айтишга чақирарди. Миллий театрда қўйилган бир спектаклни ўзимча алқаб, тақриз ёзганимда, домланинг азбаройи жаҳли чиқди: “Э, хумпар... ўша сен мақтаган спектаклни авра-астарини чиқариб ташласа бўлади. Нимасига алдандинг ўша томошанинг? Агар шу йўлдан кетмоқчи бўлсанг, фақат ҳақиқатни ёз”. “Ҳа, энди, домла айтди-қўйди-да”, дея ичимдан ўтказдим. Вақт ўтавергач билдимки, виждонни алдаб бўлмас экан, борни бор, йўқни йўқ дейиш фидойиликнинг бош мезони экан.
Илмий ишимнинг мавзусини танлаб олишимда ҳам Тоир домланинг маслаҳати асқотди. “Хўш, нима мавзуда ёзмоқчисан ўзи?”, дея сўради бир куни. “Театрда инсценировка масалаларига қизиқаман”, сал каловланиб жавоб бердим. Домланинг юзида мамнуният сездим: “Илмда қизиқишнинг ўзи етарли эмас. Яхши мавзу, фақат жиддий ишлаш керак”. Орадан бир неча кун ўтиб, дарсдан кейин айтиб қолди: “Ўзбектеатр”да ишлайдиган архивчи опа билан гаплашиб қўйдим. Бориб материалларингни йиғ”. Дастлаб бакалавриат, сўнг магистрлик ишимни шу мавзуда ёқладим. Ҳаммасида у кишининг маслаҳатларига таяндим. Тақдирни қарангки, ўшанда устоз пойдеворни қўйиб берган экан, бугун докторантурада ҳам шу мавзуни давом эттиряпман.
Мен ва менга тенгдош авлод Тоир Исломов ҳаёти ва фаолиятининг сўнгги беш-олти йилига гувоҳ бўлдик, холос. Устознинг яна биз билмаган не-не фазилатлари бор. Бу ҳақида катта авлод вакиллари яхши билишади. Бироқ шу қисқа вақт ичида ҳам Тоир Исломов биз шогирдлар қалбида ўчмас из қолдирди. Ишончим комил, бир умр ҳақиқатни алқаб, виждонида собит қолган Тоир Исломовнинг порлоқ хотираси ҳеч қачон унутилмайди... Зеро, домланинг юраги бедор, тафаккури уйғоқ эди, бундай шахсларни унутиб бўлмайди.