June 1, 2023

ҒАРОЙИБ МАКТУБЛАР

Ориф ТЎХТАШ

БЎРИНИНГ ҚУЁНГА ЁЗГАНИ

– Қуён, келгин ёнимга,

Оро киргин жонимга.

Белим қилдай, қорним оч,

Ўтирибман ноилож.

Сени роса соғиндим,

Юрагим тўлиб борар.

Ёнимда халта-халта

Сабзилар сўлиб борар.

Вақт топиб, бир кеп кетгин,

Сабзиларни еб кетгин.

Манзилим пистирмада,

Лекин кўп куттирма-да!

ЎРГИМЧАКНИНГ ПАШШАГА ЁЗГАНИ

– Салом, пашша жаноблар,

Синган йўқми қанотлар?

Ҳамиша бўлинг бардам,

Ва келиб туринг ҳар дам.

Кўнглингизни тўқ қилиб,

Парвозингиз ўқ қилиб.

Ўнгу сўлга боқмасдан,

Дарвозамни қоқмасдан,

Келишингиз кутаман,

Йўлларга кўз тутаман.

Унутиб қўймасин деб,

Хат ёзишни кўрдим эп.

Дўстлик соғинчи билан,

Тўқидим қалин гилам.

Ипакдандир матоси,

Борми нуқсон, хатоси?

Билолмасдан ҳайронман,

Фикрингиз айтиб кетинг.

Гиламда би-и-ир чой ичиб,

Сўнг ... майли, қайтиб кетинг.

ШАМНИНГ ЛАМПОЧКАГА ЁЗГАНИ

– Порлаб тургин бахтимга,

Сен борсанки, омонман.

Ўчиб қолсанг мабодо,

Бир кечада тамомман!

ДОСКАНИНГ БЎРГА ЁЗГАНИ

– Оқ рангни эслар ҳамма,

Бўр номингни деганда.

Лекин хафа бўлма-ю,

Кўнглинг қора экан-да!

Асосларим анчадир,

Ҳар бир айтган сўзимга.

Ёзганинг ёзган, ахир,

Тоза турган юзимга.

Майли, дўстлик туфайли

Қўяқолай индамай.

Ҳеч бўлмаса ёз энди,

Инсоф билан, тирнамай.

ХЎРОЗНИНГ ЧУВАЛЧАНГГА ЁЗГАНИ

– Менинг арзимни эшит,

Гўнг титишга йўқ мазам.

Ер чопилган кезларда,

Чиқиб қоласан баъзан.

Бошқа вақтлар чиқмайсан,

Сира ернинг юзига.

Лой кечамиз кунма-кун,

Раҳминг келсин-да бизга.

Жўжалар нима ейди,

Кўклам ҳам келди совуқ?!

– Ота бўлсанг озиқ топ! –

Деб жанжал қилар товуқ.

Мен нима ҳам қилайин,

Ҳеч иш келмас қўлимдан.

Муҳими – асраш керак,

Жўжаларни ўлимдан!

Эгам қурғур фақирнинг

Тугаганмиш дони ҳам.

Ўзи касалхонада,

Эмишми-ей “Қони кам”?..

Хуллас, шунақа гаплар,

Кайфиятим йўқ бироз.

Сени соғиниб, хатни

Ерга кўмгувчи – хўроз.

БЎРИНИНГ ТУЛКИГА ЁЗГАНИ

– Қалай ука, зўрми иш?!

Яқин қолди совуқ қиш.

Ҳавасим келар сенга,

Чатоқ бўлди-да менга!

Нима қилайин, ахир,

Оёқ-қўлларим оғрир.

Қандай яшайман қишда?

Тишим ҳам икки-учта.

Қимирлаб қолган у ҳам,

Сузди қўчқор муттаҳам.

Тутган эдим қўзини,

Қара, унинг сўзини:

– Шиқиллат туёғингни,

Ҳеч босма оёғингни.

Яна тегсанг қўзимга,

Кўрсатаман кўзингга!

Дея менга дўқ қилди,

Тишларимни йўқ қилди.

Очман, раҳм қил бироз,

Юбориб тургин хўроз.

МИХНИНГ БОЛҒАГА ЁЗГАНИ

– Мен сени дўст деб юрсам,

Номард экансан болға!

Бошимга уравериб,

Келтирдинг қандай ҳолга?

Умидларим кўп эди,

Барини тўкиб кетдинг.

Мадор бўлиш ўрнига,

Белимни букиб кетдинг.

Ўйлаб кўрсам, вазифанг

Биргина “тўқ-тўқ“ экан.

Дўстман, деганинг билан,

Оқибатинг йўқ экан.

Энди менинг ҳаётим

Барбод бўлгани тайин.

Шу ҳолдан келиб чиқиб,

Сенга бир сўз айтайин.

Насиҳатмас, бу – ният,

Доим иши олға бўл!

Ҳар зарбда ҳам дўст бошин,

Ўпиб қайтган болға бўл.

Ориф ТЎХТАШ