ТАРЖИМАИ ҲОЛ
Мен, жаноблар, фалон йили N шаҳарда таваллуд топганман. Лекин бу муҳиммас. Агар мен ҳозир машҳурликка эришиб дунёдан кўз юмганимда, таржимаи ҳолимнинг мазмуни бутунлай бошқача бўларди. Шундан маълумки, ниҳоятда машҳур бўлиб кетганимдан кейин таржимаи ҳолимни кўпчилик ёзарди-да... Шу сабаб туғилган жойим ва йилим ҳақида камида беш хил маълумот берилган бўларди.
Аслида мен бир марта туғилганимни фахр билан айтаман. Худди бошқалар каби ўқишни бошланғич мактабда бошлаганман. Лекин мен каби зотлар учун бу ҳодиса ниҳоятда ачинарли ҳолдир.
Биринчи маротаба адабий қобилиятимни онамнинг помадаси ёрдамида дадамнинг оқ кўйлакларида намойиш қилдим. Бу эса, оила миқёсидаги катта ғавғога сабаб бўлди. Очиғини айтганда, биринчи ижодий изланишим жуда қимматга тушди, лекин машҳурлик йўлида юз берган майда-чуйда ҳодисаларни ҳисобга олмаса ҳам бўлади.
Ижод соҳасидаги кейинги уринишим ягона сўз сифатида намоён бўлди. Лекин бу бошқа муваффақиятларим билан бирга таълим олишим батамом тугатилди. Қариқиз бўлган ўқитувчимизнинг қора фартугига бўр билан: “Сотилади!” деб ёзган сўзим бечоранинг аввал жаҳлини чиқарди, сўнг эса йиғлатди. Ўшанда мен ўқитувчи нега йиғлашининг асл сабабини тушуна олмаганман. Дарвоқе, уни ҳозир ҳам тушунмаяпман.
Шундай қилиб, мактабдан ҳайдалганимдан кейин бўр билан ёғочли ва тош билан оқланган деворларга ёзадиган бўлдим. “Балли, Галатасарой”, “Баракалла, Фенербағчи”, “Яшасин, Қорақартлар!” каби спорт шарҳларимдан сўнг деворий газетам саҳифаларини шаҳарчамиз янгиликларига бағишладим.
Мавзеимизнинг офати бўлган Нури Мелихани севиши ҳақида ёзган эдим, тўс-тўполон кўтарилди. Ундан калтак еганимдан сўнг газетанинг бош мақоласи қўйиладиган жойда: “Нури – ҳайвон” умумий рукни остида бир қанча мақолалар ёздим. Лекин шундан сўнг уйдан чиқолмай қолдим. Бу менинг матбуот сабабли айбланиш мумкинлиги ҳақидаги биринчи хулосам эди. Бу менинг тенгдошларим орасида “қўрқоқ” деб шармандаларча эълон қилинишимга сабаб бўлди. Бу лақаб шаҳарчамизда кейинчалик ҳам анча вақтгача унутилмади.
Йиллар ўтди, улғайдим. Энди бутун бошли Туркия миқёсида машҳур бўлишимнинг вақти келган эди. Шу сабабли Истанбулга кўчиб ўтдим.
Асарларимни қайсидир рўзномада чоп эттиришим керак эди. Шу мақсадда бир таҳририятга йўл олдим. Уларга иш ахтараётганимни айтдим.
Қўлингдан нима иш келади? – сўради бош муҳаррир.
Табиийки, ёзувчилик қўлимдан келишини, нима ишга қўл урмайин, ўша соҳада обрў топишимни айтдим. Жиддий гапимга қарамай, у синаш мақсадида бирор нарса ёзиб келишимни буюрди.
Ўшанда мен биринчи ҳикоямни ёзиб муҳаррирга топширгандим. Ундаги воқеалар қабристонда юз беради. Асарда икки нафар вафот этган киши тирилса, икки киши ўлади. Ҳикоя на фойда ва на зиён келтирмаганига қарамай, бош муҳаррир, агар ўлдирилган биринчи киши ўлдирилмаганида, унинг хотини эса, ўзи истагандай заҳарланиб ўлмаганида ва ҳодисалар қабристондан бошқа ерга кўчирилганида эди, ҳикоямни дарҳол чоп эттириши мумкин эканини айтди. Мен муҳаррирнинг айтганларини қилган эдим, ҳикоя тез орада “Ҳеч нима” номи билан чоп этилди. “Ҳеч нима”дан кейин ёзган ҳикоям билан боғлиқ қизиқ воқеа содир бўлди. Ҳатто бир киностудия директори асаримни сўраб, ундан сценарий ясашини айтди. Тўғри, у асаримга бир кичик ўзгартиш киритибди. Яъни ҳикоямдаги воқеа шаҳар қовоқхоналаридан бирида юз берган тарзда сценарийга айланган, қишлоқ масжидига кўчирилганди. Ўзим-ку режиссёрдан аранг қутилиб қолдим, лекин қаҳрамонларим унинг дастидан ҳалок бўлди. Бироқ шу орқали қаҳрамонларини ўлдира оладиган ёзувчигина эсон-омон ва бехавотир яшай олиши мумкинлиги ҳақидаги ҳақиқатни англадим. Мана, масалан, мен ҳам сценарий учун қалам ҳақини олсам, очдан ўлишдан қўрқмай яшашим мумкинлигини тушундим. Шу билан бирга, фақат одамларни тўлқинлантира оладиган, биринчи галда, севги-муҳаббатнинг энг ҳаяжонли дақиқаларини тасвирлайдиган асаргина одамларда қизиқиш уйғотиши мумкинлигини англадим. Шу сабабли тез орада “Адам ва Еванинг сирли кундаликлари” асарини ёзиб тугатдим.
Ушбу ҳикоямни топиб ўқиб оларсиз, деган умиддаман. Агар топа олмасангиз, унда жуда ачинарли ҳол бўлади, чунки у дунёдаги тенги йўқ дурдона асардир.
Сценарий ва ҳикоялардан сўнг роман ёзишга киришдим. Шунда миямга ватандош ёзувчиларни менсимайдиган ноширларни алдаш фикри келди. “Қундуз жонзотининг сўнгги муҳаббати” романим учун чет эл ёзувчиси исмини ўйлаб топдим. Ўзимни эса, унинг таржимони сифатида таништирдим. Ёмон бўлмади – 500 лира миқдоридаги қалам ҳақи олдим. Ношир ҳийламни сезмайди, деб ўйлагандим. Лекин у барибир бироз вақт ўтгач, ўша нусхага яна бир роман ёзишни буюришимни сўради.
Агар пул масаласида қийналиб қоладиган бўлсам, ҳозиргача ўша ғайридиндан асар ёзишини сўраб ва шу йўл билан топган пулим эвазига аранг тирикчилик қиляпман. “Бу яхши, албатта, лекин унда нафсониятингни қандай қондирасан?”, деб сўрашингиз мумкин. Бунинг учун мен бирорта ғайридиннинг романини турк тилига таржима қилиб, ўз номимдан чиқараман.